Қайднома

Қидирув

Тахтни осонликча «ПСЖ»га беришмайди ёхуд Раньери ва Балотелли Париж миллионларига қарши

Тахтни осонликча «ПСЖ»га беришмайди ёхуд Раньери ва Балотелли Париж миллионларига қарши

  23.01.2018 00:17
  0
  916
Тахтни осонликча «ПСЖ»га беришмайди ёхуд Раньери ва Балотелли Париж миллионларига қарши

Францияда молиявий имкониятлар бўйича «ПСЖ»га ҳеч қайси клуб тенглашолмаяпти, шунга қарамай, рақобатчилар тушкунликка тушишмаяпти.

Биринчидан, тор фикрлайдиганлар кўз ўнгида аксарият жамоалар араблар ўлкаси ва Африкадан келган иқтидорлар ҳисобига тузилган оддий коллективдек кўринади. Либосларини алмаштиришса, фарқ сезилмайди.

Иккинчидан, «ПСЖ»ни ЕЧЛда ғолибликка ундаш мақсадида Яқин Шарқдан оқиб келаётган пуллар пойтахт клубини бошқалар олдида яққол фаворитга айлантирди. Неймар, Мбаппе, Дани Алвес... Трансферлар суммаси ва харидорнинг қатъийлиги билан ҳайрон қолдирди. Аммо ишонинг, вазият биз тахмин қилганчалик ёмон эмас! Лига 1да осонликча таслим бўлмайдиганлар ҳам топилади.

«ТИРИЛГАН» БАЛОТЕЛЛИ

Балки, кимларгадир Марио қаригандек туюлар, ахир у кўплаб жамоаларда тўп суришга улгурди... «Интер», «Манчестер Сити», «Милан», Италия термаси. У ҳамма ерда эътибор марказида бўлди. Муҳим, чиройли голларни урди.

«Нерадзурри» билан «А» серия ҳамда ЕЧЛда ғолиб чиқди. «Шаҳарликлар» либосида Англия чемпионига айланди. Германияликларга қарши баҳсда «дубль» қайд этиб, «Скуадра адзурра»ни Евро-2012 ярим финали сари етаклади...

Унинг Нойер дарвозасини иккинчи марта ишғол қилгач, муваффақиятни қандай нишонлагани футбол тарихига муҳрланди. Аммо буларнинг бари ўтмишда қолди.

Кейинчалик Марио «Ливерпул»да қийналди, яна бир бор «Милан» либосини кийди. Можаролар эса унинг обрўсига путур етказди, оғир феъл-атвори иқтидорини тўлиқ намоён этишига тўсқинлик қилди.

Ушбу форвард ҳақидаги янгиликлар кўпинча негатив кўринишга эга бўларди. Шу боис Балотеллининг даври ўтгандек тасаввур уйғонаверади.

2016 йил ёзида у «Ницца» ўйинчисига айланди. Супер Марионинг Францияга кўчиб ўтишига кўпчилик томонидан бир хил таъриф берилди: гўёки, юлдузлик касалига чалинган форвард ушбу мамлакатга чорасизлик туфайли келган.

Фаолиятининг қолган қисмини шу ерда тўп суриш ор­қали ўтказади. Аммо улар адашишганди! Ҳа, Балотелли баъзан эҳтиросларини жиловлай олмайди. Францияда ўтказган дастлабки йиллари уч марта қизил карточка олди, жорий мавсумда яна бир марта четлатилди. Ҳакамни ҳақоратлади.

Учрашув бошланиши ҳақидаги ҳуштак чалингач, захира ўриндиғига яқинлашиб, бутсаларидаги иплар ўта таранг боғланганидан шикоят қилди. Унга ёрдам кўрсатилаётган паллада жамоаси бир киши кам бўлиб ўйнади.

Бироқ буларнинг бари италиялик ҳужумчининг «Ницца»га келтираётган фойдаси олдида ҳеч нарса эмас. Жорий мавсум Марио рақиблар дарвозасини бирин-кетин ишғол этмоқда.

Сермаҳсуллик самараси ўлароқ, жамоаси турнир жадвалининг юқори поғоналарида бормоқда. Ҳозирги ҳолатидан мамнун Балотелли жилмайган ҳолда ҳозирги клубидаги аъло муҳитни бош­қа ҳеч қаерда кўрмаганини таъкидлади.

РАНЬЕРИНИНГ ЯНГИ «ЭРТАГИ»

«Нант» қачонлардир қудратли жамоа бўлган. Франциянинг саккиз карра чемпиони, уч карра мамлакат кубоги соҳиби. Ҳозирги авлод ишқибозлари бу клубнинг буюклигига ишонмасликлари турган гап. Бошқача бўлиши мумкин эмас.

Мисол учун, Россияда сўнгги 15 йил мобайнида «канарейкалар»ни «Спартак»нинг 90-йиллар ўрталаридаги рекордини келтириш чоғида тилга олинди: ўшанда «қизил-оқлар» ЕЧЛнинг гуруҳ босқичидаги олтита ўйиннинг барчасида ғалаба қозонишган, аммо таркибдагиларнинг аксарияти Европа бўйлаб тарқалиб кетгач, москваликлар айнан Франция жамоасига ютқазишганди.

Мана энди «Нант»да ўзини эслатиб қўйиш учун имкон туғилгандек. Бош мураббийликка «Лестер»ни Англияда тарихий чемпионлик сари етаклаган Клаудио Раньери тайинлангач, бу клубнинг номи яна нуфузли нашрлар сарлавҳасида зикр этилди. Эътиборлиси, «канарейкалар» камтарона шароитларда ҳам яхши натижалар қайд этишмоқда.

Италиялик мутахассис ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаб, асосий урғуни кичик ҳисобдаги ғалабаларга берди. Натижа эса маълум - бешинчи ўринда бораётган «Нант» еврокубокларга чиқиш имкониятини сақлаб турибди.

Мақсади сари дадил илдамлаётган Раньери эса «Лестер»дан кетганини эсни йўқотишга сабаб бўладиган автоҳалокатга қиёсламоқда. Шунингдек, «ПСЖ» манзилига танқид ёғдиришдан чарчамаяпти. Италиялик мураббийнинг фикрича, парижликлар шундай сиёсат юритишда давом этишса, Франция чемпионатига қизиқиш тобора сусайиб бораверади.

ЖАРДИМ ТАСЛИМ БЎЛМАЯПТИ

Раньерининг гапида жон бор. «Монако», «Лион» ва «Марсель» фаворитга имкон қадар муносиб кураш тақдим этишга интилишмоқда. Умуман, монегаскаларнинг навбатдаги ренессанси ҳам таҳсинга сазовор. Леонардо Жардим Мбаппе бошчилигидаги етакчиларидан айрилганига қарамай, рақобатбардош жамоа шакллантира олди.

Гарчи ЕЧЛда «Монако»нинг омади юришмаган бўлсада (ўз гуруҳида атиги 2 очко тўплади), ички чемпионатда ҳолат чаккимас. Хуллас, Лига1нинг қолган баҳсларида бу клуб «ПСЖ»нинг енгил тин олишига йўл қўймаслигига умид қилиб қоламиз.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz