Қайднома

Қидирув

Футбол оламидаги 2017 йилнинг энг ибратли воқеалари

Футбол оламидаги 2017 йилнинг энг ибратли воқеалари

  25.01.2018 06:26
  0
  1771
Футбол оламидаги 2017 йилнинг энг ибратли воқеалари

Чинакам инсонга хос бўлган олижаноблик фазилати, доимо эъзозда бўлган виждон амри билан амалга ошириладиган ҳаракатлар мафтункор футболга ўзгача кўрк беришига асло шубҳа йўқ.

2017 йили қайд этилган энг сара ибратли ишлар билан танишинг.

1. Тотти 28 йиллик жамоасини тарк этди

Ортда қолган йилда Кака, Лам, Лэмпард, Хави, Хаби Алонсо ва Пирло каби афсоналар ўз фаолиятларини якунлашди. Улар шарафига ҳайкал ўрнатилса озлик қилади. Аммо Тоттининг футболдан кетиши ана шу даҳоларнинг хайрлашув маросимларидан яққол ажралиб турди.

Бутун куч-маҳоратини фақат битта жамоа - «Рома»га бахшида этган «император» билан хайрлашишга келганлар учун улкан стадион торлик қилиб қолди. Яшил майдон, трибуналар кўз ёшлар билан ювилди...

2. Роналдунинг Россиядаги хайрли иши

2017 йил Конфедерациялар кубоги турнири фақат янги ареналарни синовдан ўтказиш билан чекланиб қолмади. Криштиану Роналду майдонга ногирон мухлиса - Полинани етаклаган ҳолда тушди. Табиийки, ўша лаҳзада Полинадан кўра бахтлироқ инсон йўқ эди, гўё.

3. «Атлетик» футболчиларининг ҳамдардлиги

Поёнига етган йил шифокорлар «Атлетик» (Бильбао) ҳимоячиси Йерай Альвареснинг саратон хасталигига чалинганини аниқлашди. 22 ёшли футболчи кимётерапия муолажасини қабул қилиши керак бўлди. Кўплаб футболчилар Альваресга ҳамдардлик билдириб, тезда соғайиб кетишини тиладилар.

«Атлетик» футболчилари эса ўз жамоадошлари билан доимо ҳамнафас эканликларини намойиш этиш, унга руҳан мадад бериш учун ажойиб тадбирни амалга оширишди. Яъни, биринчи навбатда, футболчилар соч-соқолларини тақир қилиб олдириб, кейинчалик Йерай ҳузурига ташриф буюрдилар.

4. Тома-тома кўл бўлур

Россия терма жамоасининг шифокори Эдуард Безугловнинг хабарига кўра, «Локомотив» клубининг ташаббуси билан «РЖД Арена»да қон қуйиш шохобчаси очилди. Қисқа вақт ичида у ерга 50 киши ташриф буюриб, 20 литр қон топширди.

РПФЛнинг ҳар бир жамоаси шу каби хайрия тадбирини ўтказиши мумкин. Бунинг натижасида йилига 800 литр бебаҳо қон тўплаш имконияти юзага келади.

Натижада футболчилар тиббиёт ходимларининг кишилар ҳаётини сақлаб қолишдек олижаноб ишларига муносиб ҳисса қўшган бўлишарди.

5. Жониворлар эътибордан четда эмас

Чилининг «Коло-Коло» клуби футболчилари яқинда майдонга қаровсиз қолган кучукларни етаклаган ҳолда тушдилар. Улар мухлислар эътиборини аянчли аҳволга тушиб қолган эгасиз жониворларга жалб этишни мақсад қилишганди. Шу тариқа футбол беллашуви баҳонасида бир нечта жонивор ўз соҳибига эга бўлди.

6. Футболчилар жасорати

Туладаги учрашувдан кейин Москвага қайтаётган «Локомотив» ўйинчилари - Ари ва Фарфан йўлда инсоний мардлик намунасини кўрсатишди. Йўл-транспорт ҳодисасига дуч келиб, ўша заҳоти автоуловларини тўхтатиб, жабр кўрганларга ёрдамга ошиқишди. Қисқа вақт ичида бир гуруҳ йўловчилар тутаб ётган автомобиль ичидан хавфсиз жойга олиб чиқилди.

Улар орасида ҳомиладор аёл ҳам бор эди. Таассуфки, Ари билан Фарфан жон ҳолатда фалокатга учраганларни қутқариш билан шуғулланаётган пайтда айрим кишилар шунчаки томошабин сифатида лоқайдлик билан воқеани кузатишдан нарига ўтмадилар.

«Биз портлаш хавфи остида қолган машиналардан одамларни чиқариш билан овора бўлган пайт шунча томошабин тўпланганидан бехабар эдик. Уларни кейин кўриб қолдик. Қизиқ, наҳотки одамлар шунчалик бефарқ бўлиб кетган бўлишса? Фалокат уларнинг бошига тушса нима бўларди?», - деди Ари.

7. Ҳимоячининг ҳалоллиги

Бевосита футбол майдонида намойиш этилган оли- жанобликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, футболчи гол уради-ю, кейин ҳакамдан уни инобатга олмасликни илтимос қилади. Тўғри, бундай ҳоллар одатда йирик ҳисобда ғалаба қозонаётган жамоа вакили томонидан амалга оширилади.

Шу боис, «Дармштадт»-«Бохум» баҳсидаги воқеа алоҳида аҳамиятли. Меҳмонлар 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраётган паллада ҳимоячи Феликс Бастианс ҳам ҳужумчиларга кўмаклашишга отланди ва пенальти ишлади. Аммо аслида рақиби ўйин қоидасини бузмагани учун ҳакамдан жарима зарбасини бекор қилишни сўради.

Ваҳоланки, «Бохум» мувозанатни тиклаш учун юз фоизлик имкониятга эга бўлганди. Кейин нима бўлди, дейсизми? 11 метрли жарима зарбасидан воз кечган жамоа учрашувни ғалаба билан якунлади! Ҳа, ҳалолликда ҳикмат кўп!

8. Ибратга лойиқ фидойилик

«Атлетик»ка қарши баҳс бошланиши арафасида «Лас-Пальмас» ярим ҳимоячиси Хонатан Виеранинг тана ҳарорати кутилмаганда 40 даражага кўтарилиб кетди. Лекин шунга қарамай, футболчи майдонга тушишга қарор қилди.

«Ўша куни ўзимни жонсиздек сезаётгандим. Чойшабга ўраб ташлашганига қарамасдан, баданим тинмай қалтирарди. Шифокорлар турли дори-дармонлар билан ёрдам беришга уринишди. Барибир майдонга юқори ҳарорат билан тушдим», - деди футболчи ўйиндан кейин.

9. Ёш мухлиснинг ҳотамтойлиги

АПЛнинг 9-туридан ўрин олган «Хаддерсфилд»-«МЮ» учрашуви дебютантнинг ғалабаси билан ниҳоясига етганди. Ўйин тугагач, Адам исмли болакай стадиондан беш фунт пул топиб олди.

«Хаддерсфилд»нинг ёш мухлиси узоқ ўйлаб ўтирмай топилмани клуб ғазнасига топширди ва уни ғалаба тўпини «МЮ» дарвозасига йўллаган футболчига беришни илтимос қилди. «У майдонда ишончли ҳаракат қилди, қўшимчасига гол ҳам урди», - деди болакай.

10. «Қайта туғилган» посбоннинг голи

2016 йил ноябрда Бразилия чемпионатида иштирок этадиган «Шапекоэнсе» клуби футболчилари авиаҳалокатга йўлиққанлари ёдингизда бўлса керак. Даҳшатли фожиа оқибатида 23 нафар футболчидан фақат уч нафари тирик қолганди.

Дарвозабон Жаксон Фолман - улардан бири. У ўнг оёғидан жудо бўлганига қарамай, севимли касбидан кўнгил узмади - протезда тўп суришга одатланди. Ўтган йилнинг сўнгги кунларида бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувида у ана шу ясама оёғи билан рақиб дарвозасини ишғол этди.

Айтганча, бу ноёб голни юзага келтирган самарали узатма «Шапекоэнсе»нинг бошқа бир аъзоси - Алан Рушал томонидан амалга оширилганди.

А.ЭШОНХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz