Қайднома

Қидирув

Андрей Канчельскис: «Россия ЖЧда гуруҳдан чиқолмайди»

Андрей Канчельскис: «Россия ЖЧда гуруҳдан чиқолмайди»

  25.01.2018 03:33
  0
  885
Андрей Канчельскис: «Россия ЖЧда гуруҳдан чиқолмайди»

Россиялик таниқли футболчи, Англия, Италия, Шотландия клубларида, шунингдек, мамлакат терма жамоасида муваффақиятли тўп сурган Андрей Канчельскис бутсаларини михга илгач, узоқ вақт ишсиз қолмади.

Ҳозирда у НСФЛ (Талабалар миллий футбол лигаси) билан ҳамкорлик қилиш баробарида, махсус академия ҳам очди. Яқинда «ССФ» мухбири собиқ ярим ҳимоячини суҳбатга тортиб, турли мавзудаги саволларга жавоб олди.

«САН-СИРО»ДАН«ДИНАМО»ГАЧА

- Андрей, сиз Англия, Италия, Шотландияда фаолият олиб бордингиз. Қаерда шароитлар етарли бўлган ва кўнгилдагидек тўп сурдим, деб ўйлайсиз?

- Қайси лигада ўйнамай, барчасида қулай шарт-шароит муҳайё эди. Шу боис, айнан бир мамлакатни алоҳида қайд этолмайман. Аслида, кўп нарса жамоадаги ички муҳитга боғлиқ. Бу борада ҳаммаси жойида бўлса, ўзингни енгил ҳис қиласан ва кўнгилдагидай тўп сурасан.

- Англия ва Италия чемпионатларини солиштира оласизми?

- «А» серияда ёпиқ футбол ўйналиши боис, у ерда тўп суриш қийинроқ. Боз устига, икки марта оғир жароҳат олишим сабабли Италияда юқори даражада ўйнаш ва рақобатга дош беришим мураккаб кечган.

- Жароҳатларни Италиядалигингизда олганмидингиз?

- Ҳа, биринчи жароҳатни «Сан-Сиро»да олганман, ўша кезлари «Фио­рентина» шарафини ҳимоя қилардим: сафарда кечган ўйинда «Интер» ярим ҳимоячиси Тарибо Уэст қўполлик ишлатганди. Иккинчисини эса, Москвада - миллий термамизнинг Италияга қарши ўйинида орттирдим.

- «Динамо» стадионида ёмғир аралаш қор ёққан, Буффон термадаги дебютини нишонлаган ўйинни назарда тутяпсизми?

- Айнан шу баҳсда. Мен бир бўлим тўп сургандим, танаффус пайтида эса жароҳат сабаб майдонга қайтмадим. Ўшанда Буффоннинг дебют қилаётгани хаёлимга ҳам келмаганди.

МАНЧЕСТЕР ВА РАМЕНСКДА БИР ХИЛ ҲАЗИЛЛАШИШАДИ

- «Манчестер Юнайтед»даги фаолиятингизга оид қандай қувноқ хотиралар ёдингизда қолган?

- Клубга эндигина келганимда жамоадошларим ҳазиллашишган. Қизиғи, «МЮ» аъзосига айланган янги футболчиларнинг аксарияти шундай ҳолатга дуч келишган экан.

- Демак, сиз ҳам улар сафига қўшилибсизда?

- Албатта! Шерикларим кийим алмаштириш хонасига Алекс Фергюсон кирганда менга «Хау а ю?» деган савол билан мурожаат қилишини айтиб, унга «Раҳмат, ҳаммаси яхши» қабилида жавоб қайтаришим кераклигини уқтиришди.

Ҳаттоки, ишлатишим лозим бўлган сўзларни ҳам ўргатишди ва уни дарҳол ёдда сақлаб қолдим. Аммо кейинчалик маълум бўлишича, шотландиялик мураббийни беихтиёр боплаб сўккан эканман.

Хайриятки, Фергюсон мазкур жамоадаги узоқ йиллик фаолияти давомида бундай ҳазилларга кўникиб кетган экан, сўзларимга эътибор қилмади. Россияда ҳам шунга ўхшаш воқеа тез-тез учраб туради.

Жамоага хорижлик футболчи келиши ҳамоно маҳаллий ўйинчилар биринчи навбатда унга «салом» ва «кўришгунча» каби сўзлар ўрнига «аччиққина» ибораларни ўргатиб қўйишади.

«Сатурн»да тўп сурганимда, бразилияликлар билан шундай ҳазиллашардик. Милиционер ёки бошқа бировнинг олдига юборардик-да, улардан ҳол-аҳвол сўраш лозимлигини айтардик. Оқибатда... Аммо барибир, бу ҳазилимиз жуда кулгили чиқарди!

- Аксарият футболчилар фаолиятларини тамомлагач, мураббийлик билан шуғулланишади. Бу борада сизда ҳам таклифлар борми?

- Қизиқиш йўқ эмас. Аммо шунинг ўзи камлик қилиши турган гап. Аниқ таклифлар тўғрисида ҳозирча бирор нарса дея олмайман, бу борада иш олиб боряпман.

НСФЛ 2017 йилнинг ўзида икки марта Евпатория ва Сочидаги мусобақаларда ҳамкорлик қилиш юзасидан таклиф билан чиқди. Аммо бу профессионал клубларда фаолият юритишга қизиқишим йўқлигини билдирмайди.

- РФПЛда ишламоқчимисиз ёки Европада?

- Россия, Европа ва Осиёда, десам нотўғри бўлмаса керак.

- НСФЛда ҳозир қишки таътил давом этмоқда. Мавсумнинг иккинчи қисмида ҳам мазкур лига билан ҳамкорликни давом эттирасизми?

- Ҳозирча бирга ишлаяпмиз, аммо бирор клубда шартнома тузишга эришадиган бўлсам, НСФЛдаги фаолия­тимни якунлаш борасида лига раҳбарлари билан келишиб олганмиз.

«ШАХМАТ ЎЙНАМАЙДИГАНЛАРГА МАЙДОНДА ЖОЙ ЙЎҚ»

- Ўз футбол академиянгизни тузиш фикри қачон пайдо бўлди?

- Буни анчадан бери режалаштираётгандим, аммо фақатгина 2017 йилнинг сентябрига келибгина амалий ишга киришдик. Ҳозирча Европадаги каби марказлашган база ва майдонларга эга эмасмиз. Академиянинг иши асосан қизиқиш билдирган мактаблар билан келишув тузган ҳолда, уларнинг майдонларида шуғулланишдан иборат.

Ахир келгуси ҳаётларини футбол билан боғлашни ихтиёр этган бошланғич синф ўқувчиларига илк сабоқларни беришнинг ўзи ҳам катта масъулият. Бу ўзига хос бошланғич машғулотлардир. Яна бир муҳим жиҳати, эндиликда фарзандларини футбол секцияларига бериш ниятидаги ота-оналар узоққа бориб сарсон бўлишмайди.

Бир масканнинг ўзида ҳам ўқиб, ҳам миллионлар ўйини билан шуғулланиш имкони туғилади. Бу жуда қулай. Албатта, ўз базамиз ва стадионларимиз бўлишини истаймиз, лекин бунинг учун жуда кўп маблағ керак.

- Академияга танлов йил бўйи давом этадими? Бу борада чекловлар ўрнатилмаганми?

- Ҳеч қандай чеклов йўқ. Академия­га хоҳлаган пайтда аъзо бўлиш мумкин. Ҳаттоки, бошқа футбол секцияларидаги болалар ҳам сафимизга қўшилишмоқда. Қолаверса, Мос­квадаги бир нечта мактаблар маъмуриятлари биз билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдиришяпти.

- Сизнингча, маш-ғулотларни неча ёшдан бошлаган маъқул?

- Ёш борасида маълум бир чекловларнинг бўлмагани дуруст. Агар бола 3 ёшиданоқ тўп билан муомала қилишни ёқтирса, нега унга кўмак бермаслигимиз керак?

7 ва ундан катта ёшдагиларни шуғуллантириш эса бу ишга профессионалларча ёндашувдир. Муҳими, ҳар бир тарбияланувчи машғулотларда ундан нима талаб қилинаётганини билсин.

- Андрей Канчельскиснинг академияси ўз олдига қандай вазифалар қўйган?

- Болаларни соғлом ҳаёт тарзига жалб этиш. Очиқ ҳавода кўпроқ шуғулланиш ва машғулотлар ўтказиш гаджет, интернет кабиларга камроқ вақт қолдиришини ҳам унутмаслик лозим.

Асосий вазифамиз айнан шунга бориб тақалади. Академияда ўз қобилиятини кўрсата билганларга иқтидорини ривожлантиришда кўмаклашамиз.

- Ўзингиз болаликдаги машғулотларингизни эслай оласизми?

- У пайтлари ҳаммаси бутунлай бошқача эди. Кўчада тўп тепардик, ёзда футбол, қишда хоккей ўйнардик. Бугунги авлодга эса телевидение ва интернет анчагина маъқулдай.

Болаларнинг бу борадаги дунёқарашини ўзгартиришимиз, уларни тоза ҳавода кўпроқ машғулотлар олиб боришга ундашимиз шарт.

- Академиянгизда қандай услублар қўлланилади?

- Муаллифлик.

- Чиройли эшитиларкан. Унинг замирида нима яширинган?

- Бу техника, тўп билан шуғулланиш, жисмоний тайёргарлик, футбол интеллектини ривожлантиришга хизмат қилувчи машғулотларнинг махсус жамланмасидир. Шунингдек, ушбу жараёнга шашка ва шахмат бўйича дарсларни ҳам киритмоқчимиз.

- Буни қаранг-а! Демак, шахмат-шашканинг ҳам нафи тегарканда?

- Бўлмасам-чи. Ахир мияни чархлаш ҳар доим керак-ку. Ҳафтасига маълум бир кунни спортнинг айнан юқорида қайд этилган турлари бўйича ўтказиладиган мусобақаларга ажратмоқчимиз.

Ҳар бир футболчи шахмат ва шашкани шунчаки эмас, балки жуда яхши ўйнаши шарт. Ўйлашни ўрганиши лозим. Шахматни билмайдиганларга футбол майдонида жой йўқ. Бу гапларим асло ҳазил эмас.

- Футбол, шахмат, шашка... Яна нима?

- Доим биргина футбол ҳақида ўйланса, ақлдан озиш ҳеч гап эмас. Шахмат борасида гапирдим. Қўшимчасига, чанғи учиш бўйича мусобақалар ўтказишни ҳам режалаштиряпмиз.

- Маълум бир гуруҳдагиларни шуғуллантиришда давом этиш, қолганлари билан хайрлашиш пайти келганда-чи?

- Ҳозирча бу ҳақда ўйламаяпмиз. Қайси бола нисбатан иқтидорлироқ эканлигини кўряпмиз ва машғулотларни профессионал даражага етказяпмиз. Ота-оналар ҳам Марадона, Роналдо ва Мессиларни етказиб берувчилар эмаслигимизни тушунишлари лозим.

Ҳар бир ота-она ўз фарзанди бошқалардан қобилиятлироқ эканлиги тўғрисида ўйлаши, менимча, нормал ҳолат. Аммо рақобат, норматив ва танловлар борлигини ҳам унутмаслик муҳим.

- Табиийки, болалар ҳар хил бўлишади. Шундай экан, академиядаги машғулотлар сифати тарбияланувчиларнинг ўз иқтидорини тўлиқ намоён этишига мослашганми?

- Албатта, боланинг жисмоний ва ақлий салоҳиятини чамалаб, шунга кўра машғулотлар режаси тузганмиз.

- Кутилмаган савол: академияда ёш дарвозабонлар тайёрланадими?

- Албатта, ахир киперлар - бу алоҳида мавзу. Биз шу мақсадда ҳафтанинг маълум кунларида етук мутахассисларни таклиф қилишни режалаштирганмиз. Олдин қандай эди?

Ким энг новча бўлса, албатта, у дарвозадан ўрин оларди. Ҳозир ҳам 1-рақамни олишни истайдиганлар кўп учрамайди. Ахир гол ўтказиб юборишдан кўра, тўп киритиш ёқимлироқ-да. Шунга қарамай, дарвозабонликни ёқтирадиганлар ҳам йўқ эмас.

- Академиянинг яқин келажакдаги режалари қандай?

- 2018 йилнинг мартида Сочидаги турнирда қатнашмоқчимиз. Иштирокчилар таркиби ҳозирча тасдиқланмаган, аммо Коноплёп (Тольятти) номидаги академия, Понедельник (Ростов-Дон), «Спартак», «Спартак-2» ва Миланнинг «Интер» клуби тарбияланувчилари билан келишувга эгамиз, ҳисоб. Ке­йинроқ болаларни Англия­га - «Эвертон» академиясига амалиёт ўташга олиб боришни режалаштир­япмиз.

- ЖЧ-2018дан нима кутяпсиз? Россияликлар гуруҳдан чиқа олишармикан?

- 3-ўринни эгаллашади. Янада юқорироқ натижа қайд этишларини истардим-у, аммо бу имконсиз.

- «Локомотив» - чемпионми?

- Ўйлашимча, ҳаммаси «Спартак»ка қарши кечадиган ўйиндан сўнг маълум бўлади - айнан шу баҳс оралиқ танаффусдан кейин биринчи ўтказилишини унутмаслик керак. Демак, кўп нарса жамоаларнинг қишки таътилни қандай ўтказишларига боғлиқ.

- Россия клубларининг Европа Лигасидаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Бу ерда ҳам худди юқоридагидай ҳолат кузатилса керак. Ҳаммаси қишки тараддудга бориб тақалади.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz