Қайднома

Қидирув

Марат Бикмаевдан Мессигача - 2017 йил мерганлари

Марат Бикмаевдан Мессигача - 2017 йил мерганлари

  26.01.2018 00:18
  0
  1882
Марат Бикмаевдан Мессигача - 2017 йил мерганлари

Гарри Кейн тўпурарлик бобида Месси ва Роналдуни ортда қолдириб, 2017 йилнинг энг яхши голеадори унвонига сазовор бўлди.

Шунингдек, у АПЛнинг икки рекордини янгилашга улгурди. Эътиборингизга миллий чемпионатларда сермаҳсуллик бўйича юқори кўрсаткичга эришган моҳир мерганларни ҳавола этамиз.

Эмилиано Таде, 19та гол

Қуйида зикр этилажак футболчиларнинг кўпчилиги, жумладан, Янги Зеландия вакили сизу-бизга таниш эмас. Чунки миллий чемпионатда «Окленд» шарафини ҳимоя қилмоқда. 29 ёшли аргентиналик ҳужумчи мусобақанинг 15та учрашувида 19та гол урди.

Айтганча, «Окленд» сўнгги етти мавсумда Океания ЧЛда ғолибликни қўлдан бой бермаяпти. Таде эса жамоанинг асосий ҳужумчиси сифатида ҳар йили клублар ўртасидаги ЖЧда майдонга тушмоқда.

Муҳаммад Гаддар, 23та гол

Ливан терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурарни унутмаган бўлсангиз керак. «Гамбург», «Фрайбург» ва «Кьёлн»нинг собиқ аъзоси Рода Антенн терма жамоага 20та гол тақдим этганди. 33 ёшли Гаддар эса миллий жамоа сафида 19та гол урган. У Европада ўйнаган эмас, лекин Олимпия терма жамоаси сафида Ливан учун Бразилия дарвозасини ишғол этган.

Мазкур ўртоқлик учрашуви (2:2) жанговар дуранг билан якун топганди. 2017 йилни Малайзияда ўтказган фахрий ҳужумчи «Келантан» ва «Жохор» жамоалари шарафини ҳимоя қилиб, 20та учрашувда 23та гол муаллифига айланди.

Али Мабҳут, 23та гол

Бу ҳужумчи август ойида ўзининг аниқ зарбаси билан ЖЧ-2018 саралашида БАА терма жамоасининг Сау­дия устидан ғалаба (2:1) қозонишига ҳисса қўшганди. Умуман, Али миллий жамоа тарихидаги учинчи тўпурар.

Унинг ҳисобида 42та гол бор. 2016|2017 йиллар мавсумида Мабҳут «Ал-Жазира» клуби билан ички чемпионат ғолибига айланди. Шунингдек, жамоанинг энг яхши тўпурари бўлди. 2017 йил у БАА биринчилигида 21 марта майдонга тушиб, 23та гол урган.

Сандро, 24та гол

30 ёшли бразилиялик ҳужумчи бундан 10 йил аввал ватанини тарк этиб, Гонконгга йўл олганди. Шу давр ичида Гонконг терма жамоаси ҳужумчисига айланди.

2016|2017 йиллар мавсумида «Китчи» клуби билан шоҳсупага кўтарилган Сандро ҳозирда тўпурарлар баҳсида пешқадамлик қилмоқда. Тўғри, Гонконгда муҳожирлар жуда кўп. Лекин 18та ўйинда 24та гол уриш ҳамманинг қўлидан келавермайди.

Стипе Плазибат, 25та гол

«Хайдук» тарбияланувчисининг энг ёрқин дамлари Македониянинг «Работнички» клубида ўтган бўлсада, маҳсулдорлик жуда паст бўлди. Хуллас, Европада ўз ўрнини тополмаган ҳужумчи Сингапурга йўл олди. 2017 йилни «Хоум Юнайтед» таркибида ўтказиб, 22 учрашувда 25 марта рақиблар дарвозасини забт этди. Навбатдаги бекат - Таиланд.

Марат Бикмаев, 26та гол

Фахрийлик даврида тобора «очилиб» бораётган тажрибали ҳужумчи ўз вақтида «Крилья Советов», «Рубин», «Спартак» Нл. ва «Алания»даги мазмунли ўйинлари билан россиялик мухлисларда яхши таассурот қолдиришга эришганди. Юртимизга қайтгач, Марат янада сермаҳсул ўйинлар кўрсатмоқда.

2017 йили у миллий чемпионатнинг 25та учрашувида иштирок этиб, 26та гол билан мусобақанинг энг яхши тўпурари бўлди. «Темирйўлчилар» эса чемпионликни нишонлашди.

«Локо»нинг «олтин дубл»га эришишида ҳам Маратнинг улуши салмоқли бўлди - кубок финалида «Бунёдкор»ни таслим этган ягона голни амалга оширганди. Қолаверса, Бикмаев ОЧЛ доирасида ҳам 5та гол урди.

Александр Карапетян, 26та гол

Арманлар оиласида дунёга келган Александр 11 ёшигача Грузияда яшади. Кейин Германияга кўчиб ўтиб, ўша ерда футбол билан шуғуллана бошлади. Германия қуйи дивизионларида тўп сургач, 2014 йил азалий орзусини рўёбга чиқариб, Арманистон терма жамоаси сафида майдонга тушди.

Ҳозирда Люксембургнинг «Прогресс» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Ички чемпионатдаги 22та беллашувда 26 марта рақиб дарвозабонини доғда қолдирди.

Сильвано Комвалиус, 30та гол

Индонезиянинг Бали оролида ҳордиқ чиқарганлар чемпионатнинг кумуш медалларини қўлга киритган «Бали Юнайтед» ўйинларини томоша қилган бўлишса керак. 30 ёшли голландиялик ҳужумчи шу жамоада тўп суради.

Ўз вақтида «Сталь», «Атирау», Трирнинг «Айнтрахт», Дрезденнинг «Динамо» жамоаларида ўйнаган, ички чемпионатда Сильвано 34та учрашув ўтказиб, ўз ҳисобига 37та гол ёзиб қўйди.

Шу тариқа энг яқин таъқибчисидан 1,5 баравар юқори натижани қайд этди! Таққослайдиган бўлсак, кўпчиликка яхши таниш бўлган Питер Одемвинжи ҳам 2017 йилда Индонезияда тўп сурган бўлсада, ҳар учрашувда биттадан гол уришни уддалай олмади.

Драган Бошкович, 38та гол

Ҳисобот йилида Бошковичдан юқорироқ маҳсулдорликни намойиш этиш Кейн ва Мессига насиб этди. 32 ёшли черногориялик футболчи тўп сураётган «Бангкок Юнайтед» чемпионликка эриша олмаган бўлсада, Бошкович 33 учрашувда 38та гол урди. Эътиборлиси, Таиландда Жажа Коэльодек машҳур ҳужумчи ҳам Бошковичдан ортда қолди.

Бас Дост, 38та гол

Чинакам моҳир ҳужумчилар ҳатто топ чемпионатларда ҳам бирдан юқорироқ самарадорликка эришиш мумкинлигини исботлашмоқда.

Яқин ўтмишда «Вольфсбург» рақибларини ранжитиб юрган Дост 2017 йилни Лиссабоннинг «Спортинг»ида ўтказиб, 34та ўйинда 38та гол муаллифига айланди. 28 ёшли ҳужумчи шунингдек, ЕЧЛда ҳам 3 марта рақиблар дарвозаларига йўл топа олди.

Гарри Кейн, 39та гол

26 декабрь оқшоми англиялик ҳужумчи «Саутгемптон» дарвозасини 3 марта ишғол этиб, 2017 йилдаги натижалар бўйича Мессидан ўзиб кетди - клуб ва терма жамоадаги голлар йиғиндиси Кейнда 56га, Мессида 54га тенг.

Шунингдек, 24 ёшли Гарри АПЛдаги 36та учрашувда 39та гол уриб, машҳур ватандоши - Алан Ширер рекордини қулатди. Бундан ташқари, чемпионат доирасида  бир йил ичида олти марта «хет-трик» қайд этган дастлабки футболчига айланди.

Лионель Месси, 40та гол

Аргентиналик даҳо 2017 йилда миллий чемпионатдаги самарадорлик бобида энг яхши тўпурар бўлди. У «Барселона» сафида Ла-лиганинг 38 беллашувида рақиблар дарвозасини 40 марта забт этди.

Унинг азалий рақобатчиси - Криштиану Роналду эса 30 учрашувда 19та гол билан кифояланди. Йилнинг охирги кунларида Лео ўз фаолиятидаги тўртинчи «Олтин бутса»ни ташкилотчилардан қабул қилиб олди. Умид қиламизки, бу моҳир мерганнинг сўнгги соврини эмас!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz