Қайднома

Қидирув

«Бенфика»нинг супер академиясида иқтидорлар қандай етиштирилади?

«Бенфика»нинг супер академиясида иқтидорлар қандай етиштирилади?

  26.01.2018 06:27
  0
  1034
«Бенфика»нинг супер академиясида иқтидорлар қандай етиштирилади?

«Бенфика» академиясининг кўплаб тарбияланувчилари Европа клубларида ўз ўринларига эгалар. Мисол учун, Бернарду Силва, Ренату Санчеш, Виктор Линделёф ва Эдерсон ҳозирда Англия премь­ер-лигасида ўйнашмоқда.

Sports.ru кўплаб иқтидорларни катта футболга тайёрлаётган таълим маскани ҳақида сўз юритади.

«Бенфика»нинг 15 ёшгача бўлган футболчиларига устозлик қилаётган Луис Насименто биринчи навбатда Эдерсон билан фахрланишини таъкидлайди. Ушбу кипер Бразилияда бирорта ўйин ўтказмаган. 15 ёшида «Сан-Паулу» ёшлар жамоасига ўтиб, бир йилдан сўнг «Бенфика» сафига қўшилган.

Ёш дарвозабоннинг ўсишида айнан Луиснинг ҳиссаси катта бўлган. «Эдерсоннинг «Манчестер Сити»даги ўйинини кўринг. У менинг ҳузуримга келганида, жарима майдончасида курашишдан чўчийдиган оддий болакай эди. Ҳозир эса Премьер-лиганинг энг яхши дарвозабонларидан бири. Бернарду Силва ҳам ёмон эмас.

Уни «Монако»га сотдик, бир неча ҳафтадан кейин эса у телевидениеда француз тилида чиқиш қилди. Силва барча учун намуна. «Бенфика» барча иқтидорларга ҳаётий кўникмалар беради».

15 ёшлилар жамоаси Луис Насименто қўл остида ўз ёш тоифасида Португалия чемпионатининг сўнгги олти мавсумида тўрт марта ғолиб чиқди. Агар рақиблар «Порту» ва «Спортинг» академияси вакиллари экани инобатга олинса, бу чин маънода эътирофга лойиқ натижа, албатта.

Академия мафкураси

«Бенфика»нинг ўйини агрессивлиги ва ғалабага йўналтирилгани билан довруғ қозонган. Ҳар бир учрашувда айнан шу ғоя илгари сурилади, футболчилар олдига асосий вазифа сифатида қўйилади. Машғулотлар пайти болалар миясига ушбу принцип сингдирилади, «Бенфика»да қандай тўп суриш кераклиги уқтирилади.

Академия руҳиятига мос тушадиган ўйинчи - тўп билан тўғри муомала қиладиган, майдонни яхши кўра оладиган, кучли рақибларга қарши баҳсларда ҳам ғалабани жамоаси томонига оғдириш йўлларини топадиган ҳақиқий етакчи бўлиши лозим.

«Бенфика» академияси тарбияланувчилари ота-оналари билан кўришиб туришади. Машғулотлар уларнинг оила аъзолари учун очиқ тарзда ўтказилиши сабабли ёш футболчиларнинг яқинлари эркин равишда турли тадбирларда қатнашишлари, фарзандлари, укалари ёки набираларининг ўйинидан баҳра олишлари мумкин.

Биргина чеклов бор: ота-оналарга мураббий билан суҳбатлашиш тақиқланади. Умуман, бунга асос бор - ўз ишининг профессионали бўлган, ўйин техникасини ўргатиш бўйича уқувга эга мутахассис билан нимани ҳам гаплашишарди?

Спорт мажмуаси

2006 йилнинг 22 сентябрида Португалия термасининг афсонавий собиқ футболчиси Эйсебио томонидан «Бенфика»нинг Caixa Futebol Campus деб номланувчи йирик спорт мажмуаси барпо этилди. Сейшалда, Тахо дарёси қирғоғида қад ростлади. Аренани Лиссабондан 20 дақиқалик йўл ажратиб туради. Унинг нархи 15 миллион еврога баҳоланган.

«Бенфика» академияси 15 гектар майдонни эгаллаган. Шундай йирик ҳудудда 9та стадион, учта спорт зали, тиббий марказ, скаутлар ва мураббийлар идораси, 16та кийиниш хонаси, шинам тамаддихона, ўқув хоналари, шаҳар четидан келадиган 65 нафар болага мўлжалланган ётоқхона жойлашган.

Скаутлар ва мураббийларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда ходимларнинг умумий сони 120 кишига етади. Уч тарбиячи уззу-кун болалар билан бирга: уларни кузатишади, зарур пайтда кўмаклашишади.

Шунингдек, «Бенфика» 360S симулятори билан ҳам мақтана олади. Унинг ёрдамида ўйинчилар техникаларини маромига етказишади, клуб мутахассиси эса видеотаҳлиллар ва зарур тестларни ўтказади. Ушбу симулятор Footbonaut билан ўхшаш, ундан Дортмунднинг «Боруссия»си фойдаланади.

Аммо «Бенфика»дагиси нисбатан мукаммалроқ, ўйинчилар бутун деворлар бўйлаб ҳаракатланишлари лозим бўлади. Ёшлар бир неча параметрлар бўйича текширилади: реакция тезлиги, майдонни кўра билиши, тўп назорати ҳамда ижро техникаси.

Насиментонинг таъкидлашича, ёшлар футболи - бу «Бенфика»нинг фундаментал тармоғи. У клубга ижтимоий, молиявий ва спорт томонлама фойда келтиради. «Биз футболчиларни шунчаки шуғуллантирмаймиз, балки ўқитамиз, ўргатамиз. Академия барча жабҳаларда фаол, бу эса самарали.

Мақсадимиз катталар жамоасига ортиқча қийинчиликсиз мослашадиган савияли ўйинчи тарбиялашдан иборат. Турли даражадаги жамоаларимизнинг айнан шу схема бўйича ўйнашлари академиянинг кейинги босқичларига ўтишда асқотади. Биз футболчиларда ҳурмат, масъулият ҳамда адолатпарварлик каби инсонийлик сифатларини уй­ғунлаштириш бўйича ишлаймиз».

Академия ҳаётидан бир кун

«Шеффилд Юнайтед» мураббийи Алекс Клэпхэм Guardian ҳамда These Football Times портали учун «Бенфика» академиясига махсус ташриф уюштириб, 15 ёшли болаларнинг куни қандай ўтишини кузатди.

- Португалия клуби тизими фақат маҳаллий ўйинчилар билан чекланмайди, - дея таассуротлари билан ўртоқлашди Клэпхэм. - Бунга далил сифатида 19 ёшли англиялик иқтидор эгаси, «Бенфика» иккинчи жамоасида тўп сураётган ярим ҳимоячи Крис Уиллокни кўрсатиш мумкин. 15 ёшлилар жамоасидаги йигитлар тонг­да машғулотлар базасига келгач, ҳар бир футболчи мен билан сўрашиш учун бинонинг марказий кириш қисмидан ўтишди.

Уларнинг ҳаммаси мени илиқ қаршилашди. Болалар томонидан кўрсатилган ҳурматдан бошим кўкка етди. Клубда эҳтиром ҳукм­рон. Ўйинчилар ва ходимлар тенг шароитга эгалар, ҳаммага бирдек хушмуомалалик билан муносабатда бўлинади: у мураббийми, ошхона ходимими ёки қоровулми, фарқи йўқ. Фаррошлар кираётганда болалар эшикни очиб туришга интилишди. Буни кузатиш мароқли эди.

«Бенфика» ўз тарбияланувчиларини бошқа клубларга сотишни яхши йўлга қўйган, футболчилар эса профессионаллардан сабоқ олишаётганини яхши тушунишади. Ўтган мавсум якунида клуб академиясининг 21 ёшгача бўлган 54 нафар ўйинчисига профессионал шартнома таклиф қилинди.

Ёзги трансферлардан тушган пул билим юрти учун сарфланди. Клуб академия структураси орқали ўйинчилар мартабасини ошириш бўйича аниқ режага эга. Юқорида таъкидланганидек, уларнинг фалсафаси фақат ғалабага йўналтирилган. Айни пайт ёшлар жамоасининг 16 нафар аъзоси Португалиянинг иккинчи лига клубларига ижарага берилган.

Шу тариқа улар катталар футболида тажриба орттиришади, жисмоний мукаммалликка эришишади. Академия очилган 2006 йилдан буён «Бенфика»нинг чемпионлик совринлари сони сезиларли равишда ошди, азалий рақобатчилар - «Порту» ва «Спортинг» ортда қолдирилди.

«Бенфика»нинг ҳар бир жамоаси 4-3-3 схемасига амал қилади. Бу услуб 13 ёшлилар жамоасидан бошлаб синг­дирилади. Шу даврдан эътиборан болалар 90дан 120 дақиқагача таҳлилдан ўтадилар, назарий машғулот ўтказадилар.

Ушбу босқичда 360S симуляторидан фойдаланилади, мутахассислар ёшларнинг руҳий ва физиологик жиҳатлари бўйича ишлашади, тарбияланувчилар диетолог ва физиотерапевтлар хизматидан фойдаланишади.

- Кечки машғулотлардан аввал ўйинчилар майдонга тушиш олдидан яна бир бор мен билан кўришишди, - дейди Алекс Клэпхэм ҳикоясини давом эттираркан. - Дастлаб болалар майдон четида сафланишди, ҳар ким ўз ўрнини эгаллади.

Мураббийлар штаби, физиолог ва физиотерапевт­дан ташқари, ҳар бир жамоа ўзининг шахсий видеотаҳлилчисига эга. Улар машғулотлар ва ўйинларни тасмага муҳр­лашади, дарвоза томон йўлланаётган ҳеч бир зарба назардан четда қолмайди.

13 ёшгача бўлган футболчилардан иборат жамоадан бошлаб, клубнинг ҳар бир ёш тоифасида учтадан таркиби мавжуд. Бу «Бенфика»га мамлакатнинг турли ҳудудларидан энг яхши ўйинчиларни жалб этиш имконини беради, шу тариқа соғлом рақобат таъминланади.

Мазкур тизим ҳам ўзига яраша фалсафа. Дўстинг билан бир позиция учун курашасан. Балки бу оддий болалардир, аммо келажакда ашаддий рақобатчига айланишади.

- 34 нафар ўйинчи барча машқларни бажариб, физиолог топшириқларидан ўтгач, Насименто уларни ёнига чақириб, ҳар бирига шахсий йўл-йўриқ берди. Ҳозирги мураббийлардан ҳеч бири академиядан 10 йилдан кам ишламаган, ҳаммаси ишонч ҳисобига барпо этилган. Бу йигитлар кубок баҳсида қатнашиб, ютқазишди.

Ўша ўйин ўтказилганидан сўнг икки кун ўтди. Ёшларга ортиқча юклама бермаслик учун мураббий дастлаб енгил машқлар билан чекланди. Ҳорғинликдан тезроқ қутулишлари учун қизиқарли ўйинлар уюштирди. Бу эса болаларни анча руҳлантирди. Мутахассис шу тариқа негативликни йўқотишни мақсад қилганди, - дейди Алекс Клэпхэм.

Ёш авлод вакиллари тушкунлик ҳолатидан тезроқ чиқиб кетишларида асқотадиган бундай машқларни ҳар бир мамлакат футболи вакиллари амалда қўллашса, зарар қилмасди.

- Дастлабки 12 дақиқа мобайнида кузатилган манзара мураббийнинг жаҳлини чиқарди, - дея академияда кўрганларини сўзлашда давом этди Алекс Клэпхэм. - Насименто ҳар битта детал, навбатдаги ҳар бир қадамни олдиндан режалаштиради. Шу боис футболчиларни майдон марказидаги айланага йиғиб, 7 дақиқалик муҳокама ўтказгач, ҳамма яна ўз позициясини эгаллади.

Кейинги дақиқаларда кузатилган воқеалар кишини лол қолдиради. Ўйинчилар айнан мураббий кўрсатмасига биноан ҳаракатлана бошлашди. Қарши ҳужумлар бўйича ишлашди, ҳужумчилар олдинги чизиқда ҳақиқий профессионаллардек тўп суришди. Бу каби иштиёқ ҳамда ғояни тушуниш ҳолати ҳар қандай мураббийни руҳлантириши табиий.

Кун охирида Насименто менга шундай деди: «Ўйинчиларнинг энг яхши сифатларини очишни хоҳласангиз, биринчи нав-батда, уларнинг ишончини қозонишингиз, нима сабабдан айнан сиз берган кўрсатмаларни бажаришлари лозимлигини англашларини таъминлашингиз лозим». Ҳақиқатан ҳам, «Бенфика» фалсафаси ишонч эвазига қурилган ва бу ўз маҳсулини бермоқда.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz