Қайднома

Қидирув

Англияни лол қолдиришда давом этаётган бу йигитчани эслаб қолинг!

Англияни лол қолдиришда давом этаётган бу йигитчани эслаб қолинг!

  27.01.2018 00:14
  0
  1601
Англияни лол қолдиришда давом этаётган бу йигитчани эслаб қолинг!

Bombardir.ru сайти 2018 йилга ўзгача жозиба бахш этиши мумкин бўлган футболчилар ҳақидаги туркум мақолаларини бошлади.

Илк қаҳрамон - Ришарлисон. 14 яшарлигида жино­ят­­чилар қўлида ҳалок бўлишига бир баҳя қолган йигитча 20 ёшида камтарона «Уотфорд» юлдузига айланиб, бутун Англияни лол қолдирмоқда.

Бразилиянинг жануби-шарқида жойлашган Нова-Венеция шаҳри соҳилларининг гўзаллиги билан кўзни қувонтиради, кенг тарқалган жиноятчилик ва қашшоқлик эса ушбу ҳудуд обрўсига путур етказади.

Мабодо у ерга бориб қолсангиз, ё қурол товушини эшитасиз ёки наркосавдогарларга дуч келасиз. Ришарлисонни эса бундай ёввойи муҳит асло ташвишга солмасди.

«Орқа томонида ҳовлиси бор мўъжазгина уйда яшардик. Кўпчилик гиёҳванд моддаларини бизникида яширишар, улар дўстларим бўлгани сабаб ҳеч нарса деёлмасдим.

Ўзим эса ушбу зарарли иллатга аралашмасдим. Ўша пайтлардаги танишларимдан аксарияти ҳозир қамоқда ўтиришибди», - дея эслайди 20 ёшли бразилиялик.

Ришарлисон наркосавдога аралашиб қолиши мумкинлигини тан олади: жиноят оламидан четда юришига мураббийлари сабабчи бўлишди, улар параллель равишда полицияда ишлаб, ёш футболчига ҳаётий сабоқ беришарди. Ришарлисоннинг оиласида ундан ташқари икки укаси ва синглиси бор эди.

Гиёҳванд моддалар савдоси яқинларини қашшоқликдан қутқариши мумкинлигини таъкидлашсада, болакай ноқонуний бизнесга аралашишни хоҳламади. Уйида ҳаттоки егулик учун пул қолмаганда қаҳрамонимиз кўчада муз­қаймоқ ва шоколад сотиш билан шуғулланди.

14 ёшида рўй берган воқеа унинг ҳаётига нуқта қўйиши ҳам ҳеч гап эмасди: «Иттифоқо, бир йигит пешонамга тўппонча тиради, чунки мени наркосавдогар деб ўйлаб, жо­йини эгаллаб олишимдан чўчиган экан». Унга ҳаёт қийинчиликларини енгишда футбол ёрдам берди.

Ришарлисоннинг отаси ҳаваскорлар жамоасида тўп суриб, ҳамиша профессионалликка интилган, аммо ниятига етолмаганди. Шунга қарамай, орзусини тўнғич ўғли орқали рўёбга чиқарди.

«Етти ёшга тўлганимда отам менга 10та тўп совға қилди. У яхши футболчи бўлишимни хоҳлаганди. Амаким билан телевизор орқали АПЛ ўйинларини кузатарканман, экрандаги жозибадан завқ олардим.

Шунда яқинларимга «Тез орада мени у ерда кўрасизлар», дедим», - хотиралари билан ўртоқлашди «Уотфорд» аъзоси.

16 ёшга тўлганида Ришарлисонга бир йўла икки клуб - «Аваи» ва «Фигейренсе» рад жавобини беришди. Ўсмир уйга қайтаркан, бесамар кўрикдан унга фақат оёғидаги яра-чақалар қолди, холос.

Ёш футболчининг кўзидан ёшлар тўкилди, тушкунликка тушиб қолди. Мазкур ҳолатда унга фақат яқинларининг қўллаб-қувватлаши ёрдам берди.

Ҳаммаси агент Ренато Веласко билан учрашгандан сўнг ўзгариб кетди. «Илк ҳафтадаёқ у менга бир жуфт бутса берди. Бунга қадар ўнг келган пойабзалда тўп сурардим», - ҳужумчи ҳамон агентидан миннатдор.

Веласко йигитчага ишонди: шу тариқа Ришарлисон дастлаб «Реал Нороэсте» клуби билан дастлабки профессионал шартномасини имзолади, сўнгра «Америка Минейро» сафига қўшилди.

У ерда ҳам агенти унга кўмаклашишда давом этди: «17 ёшимда «Америка Минейро»га ўтганимда, Веласконинг рафиқаси Бела-Оризонтига бориб, мени парваришлади, қорнимни тўйғазди».

«Америка Минейро» академияси бўлажак юлдузнинг уйидан 350 миль узоқликда жойлашганди. 12 соатли йўл учун автобус кирасига дўсти пул берарди. «Оч эдим, қайтиш учун мўлжалланган чипта пулини егуликка сарф­лагандим. Чўнтагим бўш эди, бошқа иложим йўқ эди. Акс ҳолда, уйга яёв қайтишга тўғри келарди», - дея кулиб эслайди Ришарлисон.

Бразилиялик имкониятдан унумли фойдаланиб, тез орада футбол орқали пул топа бошлади: «Америка Минейро»даги маоши нафақат қашшоқликдан қутулиш, балки отасига уй сотиб олиб беришда ҳам асқотди.

Ўтган йилнинг ёзида Ришарлисон Англияга бориб, туманли ўлкага шунчалик тез мослашдики, тез орада АПЛ кашфиётларидан бирига айланди. Ҳафтада уч марта инглиз тили курсига қатнайди, қадрдон юртини унчалик соғинмаяпти.

Бўш вақтини Давид Луис ҳамда Виллиан ҳамроҳлигида ўтказади: PlayStation ўйнайди, барбекю пиширади, самба рақсини қойиллатади.

Унинг трансферига сарфланган 11,5 миллион фунт стерлинг аста-секин қопланмоқда: Ришарлисон «Уотфорд» таркибидаги ярим мавсум давомида 12 очко тўплади (5та гол, 7та самарали узатма).

Кутилганидек, ушбу футболчини буюк бразилияликларга қиёслаш бошланди. «Йўқ, мен «янги Роналдо» ёки «янги Ромарио» бўлмоқчимасман. Мени улар эмас, ҳаваскорлар жамоасида ўйнайдиган амаким кўпроқ илҳомлантиради. Ришарлисон сифатида ўз тарихимни яратмоқчиман», - де­й­ди ҳужумчи.

Қаҳрамонимизнинг энг катта ютуғи - унинг универсаллиги. Жорий мавсум бразилиялик футболчи ҳужумнинг барча позицияларида ўйнади, аммо асосан чап қанотда кўпроқ фойда келтирди.

Тўртта гол ва иккита самарали узатма айнан шу чизиқдаги ҳаракатлари маҳсулидир. «Уотфорд»нинг жорий мавсум АПЛдаги голларининг учдан бир қисми Ришарлисон ҳиссасига тўғри келмоқда. Жамоасининг турнир жадвалида қуйи поғоналарга тушиб кетмаётганлигида бразилиялик ҳужумчининг ҳиссаси катта.

Қаҳрамонимизнинг тезкорлигини статистика ҳам исботлаши мумкин: кўп ҳолларда рақиб ҳимоячилари унга нисбатан қўполлик ишлатишади.

Бразилиялик футболчи рақиб жарима майдончасида тўп билан энг кўп муомала қиладиганлар, жарима майдончаси ташқарисидан зарба берадиганлар ва голли вазиятлар яратадиганлар рўйхатида юқори ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Статис­тик маълумотларга қараганда, бразилиялик вингер бу борада Салоҳ, Агуэро ҳамда Кейн билан тенг даражада.

«Уотфорд» фанатлари Ришарлисонни шунчалик яхши кўриб қолишганки, ҳатто у ҳақда қўшиқ тайёрлашган. «Мен билан бунақаси биринчи марта кузатилмоқда.

Ўша қўшиқни ёдлаб, ишқибозлар жўрлигида куйламоқчиман. Уларнинг муҳаббати мени яхшироқ ўйнаб, тезроқ югуришга ундамоқда», - дейди Ришарлисон.

Бразилиялик мухлислар эса мутлақо бошқача, «Уотфорд» футболчисига салбий таъсир ўтказишади: «Менинг юртимда мағлубиятдан сўнг яхшиси, ишқибозларга рўбарў келмаслик керак.

Кўпинча улар чегара билишмайди. «Флуминенсе»да ўйнаётганимда, фанатлар бизга норозиликларини билдириш учун бир неча марта аэропортга келишган».

Ришарлисоннинг айтишича, Англиядаги мухлислар футболчиларни шахс сифатида ҳурмат қилишади ва бу омил ўйинчига майдонда эҳтиросларини яққол кўрсатиш имконини беради:

«АПЛдаги илк голимни урганимда («Борнмут»га) йиғлаб юборишимга бир баҳя қолди. Бу жуда ҳаяжонли лаҳза эди. Иккинчи тўпимни киритганимда эса («Вест Бром­вич»­га), беихтиёр либосимни ечиб ташладим. Кийиниш хонасида бу ҳаракатим учун жазоланишим мумкинлигини айтишди. Аммо бу шунга арзирди».

Ришарлисоннинг фаолиятида кузатилаётган шиддатли ўсиш Англия топ-клублари эътиборидан четда қолмаяпти. «Челси» ва «Тоттенхэм» вакиллари уни Лондонда кутишмоқда.

Аммо футболчи «Уотфорд»дан кетишга шошилмаяпти: «Худо мени бекаму-кўст қилиб яратди, шундай экан, кўплаб голлар уриб, ҳозирги клубим тарихидан жой олмоқчиман».

ИБРОҲИМЖОН тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz