Қайднома

Қидирув

Ўйин – бизнес – режа ёхуд қачон кучли терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил этамиз?

Ўйин – бизнес – режа ёхуд қачон кучли терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил этамиз?

  27.01.2018 06:26
  0
  1357
Ўйин – бизнес – режа ёхуд қачон кучли терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил этамиз?

Анча вақтлар олдин ўртоқлик ўйинлари ҳақида мақола ёзгандим. Ўшанда Ўзбекистон миллий жамоаси иштирокида Тошкентда бирор жиддийроқ рақибга қарши назорат учрашуви ўтказилишини хоҳлардик.

Ҳозир ҳам ўша орзу ушалмаган. Шу боис яна айни мавзуга қўл урдик. Аниқроғи, мақола ёзилишига сабаб бўлган бошқа нарсалар ҳам бор.

Яқинда футболнинг ашаддий ишқибози бўлган қадрдонимиз билан гаплашиб қолдик. Мақола ғояси айнан шу кишига тегишли. Мақсад эса шундан иборат - модомики, Ўзбекистон футбол федерацияси токайгача кучлироқ жамоа билан ўртоқлик ўйини ташкиллай олмаган экан, нима учун шу ишни бошқа бирор киши амалга оширмаслиги лозим? Қандай қилиб? Ҳозир шу ҳақида.

Тошкентга Аргентина, Бразилия ёки Чили термасини олиб келиш ҳозир фантастикага қиёсланади. Аммо бу жамоаларни кўндириш учун энг муҳими нима?

Пул, албатта. Кўп пул. Агар яхши маблағ тўласангиз, Месси бўлмасада, Дибала ё Икарди албатта, Тошкентга келади. «Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади», деган гап айнан бизнинг халқимизга тегишли. Шундай экан, нима учун ўша қаловни топмаслик лозим?

Интернетдаги маълумотларга қараганда, Жанубий Америкадан рақиб таклиф этиш 500 минг доллардан 2 миллион долларга қадар бориши мумкин. Африка жамоаларининг нархи эса бироз пастроқ. Масалан, Кот-д~-Ивуар термасининг 400 минг доллар эвазига Тошкентга келиши мумкинлиги айтилганди.

Аммо ўша вақтларда Дидье Дрогба ҳали футбол ўйнарди. Ҳозир анча арзонлаб қолган бўлиши керак. Майли, нархлар айнан қанча бўлишини аниқ айтиш шарт эмас. Муҳими, ўша пулни қаердан топишда. Хўш, қандай топса бўлади?

Ғоя муаллифининг айтишича, бу унчалик мураккаб иш эмас. Тадбиркор одам ҳаммасини ташкиллаштира олади. Аввало, барча масъулиятни ЎФФга юклаб, ўртоқлик ўйини ўз-ўзидан ўтказилишини пойлаб ўтириш шартмас.

Масалан, ташкилотчилик билан шуғулланадиган компаниялардан бири бу вазифани ўз зиммасига олса бўлади. Бунинг учун аввало, ЎФФ билан келишиб олиш лозим. Агар ўзимизникилар ўртоқлик ўйини ўтказишга рози бўлишмаса, Аргентина тугул Бангладеш термасини ҳам олиб келолмайсиз.

Ўзимизникиларни бир амаллаб кўндирсангиз, кейин назорат учрашуви ўтказадиган халқаро компанияларга мурожаат қилиш мумкин бўлади. Уларга керакли рақиблар борасида сўровнома берилади.

Ҳар қандай жамоанинг нархи бор - Аргентинада ҳам, Бразилияда ҳам. Шунчаки, ўша суммани тўлашга рози бўлсангиз, Тошкентга кучли рақиб келади. Албатта, эрта ёки индинга эмас, дунё даражасидаги термаларнинг ўртоқлик ўйинлари жадвали бир неча йил олдин тузилган бўлади.

Демак, эҳтимолий Ўзбекистон - Аргентина ўйини ҳам фақат бир йилдан сўнг ўтказилиши мумкин. Собиқ ТЖМнинг хатоларини такрорламаслик учун ўша муддатни ҳозирдан белгилаб, шартнома имзолаб қўйиш лозим. Дастлабки тўловни ҳам амалга ошириб қўйсангиз бўлгани, бир йилми, икки йилми, ишқилиб, қачондир кутилган учрашув ўтказилади.

Ана шундан сўнг асосий иш бошланади. Ўртоқлик баҳсини ташкил этувчи компания кенг қамровли тарғибот ишларини йўлга қўйиши лозим. Чипталар савдоси ҳам дарҳол бошланиши шарт. Бир йил ўтишини кутиб ўтирмаслик лозим.

Халқимиз футболни яхши кўради. Акс ҳолда, Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ саралашидаги ўйинларига 500-600 минг сўмга чипта сотиб олмасди.

Олиб-cотарларнинг ошиғи олчи бўлганди ўшанда. Харидорбоп секторлар чиптаси кассага қадар ҳам етиб бормаганини эшитганмиз. Тўппа-тўғри «қўлга» чиқиб кетган.

Ўшанда 15-20 баробар қиммат нархда чипта сотиб олган халқимиз нега энди Месси, Ди Мария ёки Дибаланинг ўйинини кўриш учун 300 мингга чипта олмасин? Олади.

Энди бир ўйлаб кўринг, 35 минг мухлис 300 минг сўмдан чипта олса, қанча пул йиғилади? 10 миллиард сўмдан ошиқ, яъни 1 200 000 АҚШ долларидан ошади. Агар ЎФФ ҳам ўз улушини талаб қилиб қолмаса, шу пул битта ўртоқлик ўйини ўтказишга етиши керак.

Энг қизиғи шундаки, бир йилдан сўнг бўладиган ўйин чиптаси шунчаки чипта эмас, балки қимматбаҳо қоғоз вазифасини бажариб бериши мумкин. Яъни, чиптани ҳимояловчи белгилар билан тайёрлаб, қалбакилаштиришдан ҳимояланса, уни қиймати ошиб борувчи вексель сифатида ишлатиш мумкин.

Айтайлик, ўйин бошланишига яқин қолгани сари чипта нархи ҳам ошиб бораверади. Ўртоқлик учрашувига ҳозирдан сармоя киритиб, кўпроқ чипта олиб қўйганлар ўша вақтга бориб бемалол сотишлари мумкин бўлади.

Хуллас, қисқача «бизнес режа» шундан иборат. Менимча, синаб кўришга арзийдиган ғоя. Балки биринчисига Аргентина каби қиммат рақиб эмас, масалан, Африкадаги бирор арзонроқ жамоадан бошлаш маъқулдир.

Хорижда бу аллақачон тажрибадан ўтган иш. У ерда ўртоқлик ўйинлари билан шуғулланувчи махсус компаниялар бор. Нима учун бизда ҳам шундай муассасалар ишламаслиги керак?

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz