Қайднома

Қидирув

«Ўлгунимча ўйнайвераман» ёхуд 50 ёшли футболчи ҳамон яшил майдонда

«Ўлгунимча ўйнайвераман» ёхуд 50 ёшли футболчи ҳамон яшил майдонда

  28.01.2018 06:26
  0
  1203
«Ўлгунимча ўйнайвераман» ёхуд 50 ёшли футболчи ҳамон яшил майдонда

Казу Миура - ҳақиқий япон афсонаси. Февраль ойи охирида у 51 ёшни қаршилайди. Унинг фаолияти Бразилияда бошланган - 15 ёшида мактабни тамомлаб улгурмай, Сан-Паулуга борганди. Японияда тўп суриш учун шароит йўқ эди - 80-йиллар охирида «кунчиқар юрт»да футбол ҳозиргидек ривожланмаганди. Табиийки, Бразилиядаги маҳаллий тил Миурага нотаниш эди, шу боис португалчани ўргана бошлади. Ўз навбатида, «Жувентусе» клубида ўйнаб, пул топди.

«А» Серияда биринчи

1990 йили «Сантос»дан уйига қайтган Миура икки йилдан сўнг Япония термаси сафида Осиё кубогида ғолиб чиқди - гарчи ушбу турнирда қаҳрамонимиз битта гол урган бўлсада, энг яхши ўйинчи деб топилганди. Бундан ташқари, у «Верди» билан тўрт карра Япония чемпионлигига эришди.

Сўнгра ижара асосида «Женоа» сафига қўшилиб, «А» серияда тўп сурган илк япониялик футболчига айланди. Эътиборлиси, италияликлар на маош, на ижара пулини тўлашган. Италиядаги фаолияти эсда қоларли бўлди, дейиш қийин - илк учрашувдаги мия чайқалиши, атиги битта гол («Сампдория»га қарши дербида), элитани тарк этиш ва уйга қайтиш.

Кейинчалик Миура асосан Японияда тўп сурди. Маълум муддат Загребнинг «Динамо» ва Австралиянинг «Сидней» жамоалари шарафини ҳимоя қилди. Англияда ўйнаши ҳам мумкин эди, аммо «Борн­мут» кўригидан ўтолмади. Ўшанда бу жамоа туманли ўлканинг учинчи дивизионида қатнашарди.

Термасини ЖЧга олиб чиқди, аммо...

Япония термасида 89та ўйин ўтказиб, 55та гол урган Миурага жаҳон чемпионатида қатнашиш насиб қилмади - 1994 йилги мундиалга жамоа чиқолмади, 1998 йилги ЖЧда эса футболчи ва раҳбарият ўртасида келишмовчилик юзага келди. Ваҳоланки, Казу саралашда 14та тўп киритганди.

Шунга қарамай, у мини-футбол бўйича жаҳон чемпионатига борди, фақат бу пайтга келиб 45 ёшга тўлганди. Мазкур турнирда японлар мақтовга лойиқ натижага эришолмадилар: «плей-офф»нинг илк баҳсидаёқ мусобақани тарк этишди, бироқ Миура иштирокдан қониқди. Албатта, шундай ўйинчининг ЖЧдан четда қолиши ачинарли.

Ўтган йили рекорд ўрнатди

Казу 50 ёшдан ўтганига қарамай, ҳамон тўп сураётган футболчилар орасида рекорд қайд этди. Ўтган йилнинг мартида УЕФА расмий сайти 50 ёшида фаолиятини якунлаган афсонавий Стэнли Мэтьюзнинг (1956 йилги «Олтин тўп» соҳиби) натижаси янгилангани ҳақида хабар берди.

2006 йилдан буён «Йокогама» сафида ўйнаётган япониялик ҳужумчи даст­лаб жаҳондаги энг «кекса» профессионал футболчи деб топилди, сўнгра энг «кекса» гол муаллифига айланди (бу борада ҳам Мэтьюзни ортда қолдирди).

Операция столига ётмаган

Миурадан «Фаолиятингиз шу қадар узоқ чўзилиши мумкинлигини ўйлаганмисиз?» деб сўрашганида, у жилмайганча жавоб берганди: «20га тўлганимда, 50 ёш хаёлимга келмаган. Ҳаттоки, 40 ёшгача боришимни ҳам ўйламагандим.

Ўша паллада бу ўзгача туюларди. Аммо ҳамон яшил майдондаман, чунки бу ўйинни яхши кўраман. Жароҳатлар борасида ҳам омадим чопган, аниқроғи, уларга дуч келмаганман - ҳаттоки, бирор марта операция столига ётмаганман».

Мақсади

Миура «Йокогама»ни яна Жей-лигага қайтариш истагида, чунки бу жамоа 2007 йилдан буён элитада қатнашмаяпти. Умуман, ҳозирча бунга умид кам - J2даги сўнгги ўнта мавсумдан бери бу клуб атиги икки марта кучлик олтиликдан ўрин олди (3дан 6гача бўлган ўринлар Жей-лигага чиқиш учун ўтказиладиган «плей-офф»­да қатнашиш имконини беради), сўнгги мавсумда эса 10-поғона билан чекланди.

«J1 - топ-лига, у ерда ўйнаш ҳақиқатан завқли, - дейди умидини узмаган Миура. - Элитага қайтсак, биздан бахтли одам бўлмасди».

Яна қанча ўйнамоқчи?

Япониялик «қария» «Йокогама» билан шартномани яна бир йилга узайтирди. «Ўлгунимча ўйнайвераман, - дея ҳазиллашади Миура. - Аслида, менинг мақсадим - кейинги ўйинда қатнашиш, холос.

Мураббий бўлиш режаларимга кирмайди. Рекордга тўхталадиган бўлсам, у реалликка хосмикан, деган шубҳа уйғонади. Чунки бошқа мамлакатларнинг 3-4-дивизионларида 50 ёшдан ошган футболчилар тўп суришади».

Kazu Dance нима?

90-йилларда Миура япон футболи имижи учун яхшигина ишни бажарди. Ўша кезлари «кунчиқар юрт»­га машҳур футболчилар ташрифи кузатилди, аммо Казу ҳамон Жей-лиганинг топ ўйинчиси бўлиб қолаверди.

Юқори сермаҳсулликдан таш­қари, Миуранинг гол ургандан сўнг уни қандай нишонлаши қизиқтирарди. Ҳаттоки, ушбу рақсларни футбол симуляторларида ҳам қўллашган.

ИБРОҲИМЖОН тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz