Қайднома

Қидирув

Хамес Родригес: «Зидан - ёшликдаги кумирим»

Хамес Родригес: «Зидан - ёшликдаги кумирим»

  28.01.2018 03:33
  0
  1473
Хамес Родригес: «Зидан - ёшликдаги кумирим»

Айни пайт ижара келишуви асосида «Бавария» шарафини ҳимоя қилаётган колумбиялик ярим ҳимоячи Хамес Родригес жорий мавсум ЧЛ финалида айнан асл жамоаси - «Реал»га қарши тўп суриш иштиёқида ёнмоқда.

Ҳарқалай, у хорижлик касбдошларимиз билан суҳбат чоғи воқеалар шундай тус олишига умид билдирди, шунингдек, фаолияти, мадридлик мухлислар ва жамоадошларига муносабати хусусида гапириб берди.

«Қироллик клуби» кийиниш хонаси ҳақида

- «Сантьяго Бернабеу»даги кийиниш хонасига доимо табассум билан йўл олардим. Зеро, барча жамоадошларимга муносабатим яхши эди. Ўйлашимча, улар ҳам мени ёқтирардилар. Бинобарин, ҳамиша ҳурмат билан ёндашардилар.

«Мадрид» мухлислари ҳақида

- Мухлислар билан ҳам самимий муносабат ўрнатгандим. Дейлик, уларнинг меҳрларини теран ҳис этардим. Шундай экан, «Қироллик клуби» ишқибозларига ҳурматим жуда баланд.

Ҳа, улар жамоадан фақат ва фақат ғалаба талаб қиладилар. Бу айни муддао, чунки мен ҳам ҳамиша катта муваффақиятларни кўзлайман. Мадридликлар мени соғинишяптими ёки йўқ - билмадим...

Фақат шуни айтишим мумкинки, жамоада зиммамдаги вазифаларни аъло даражада бажаришга интилганман, бу борада куч-маҳоратимни сира аямаганман. Менимча, майдонда фидойилик кўрсатишим мухлисларга аён - улар бунга кўп бора гувоҳ бўлишган.

«Реал» билан хайрлашуви ҳақида

- Очиғи, кетишим олдинроқ аниқ бўлган ва «Севилья»га қарши кечган учрашув мухлислар билан хайрлашиш учун сўнгги имконият эди. Уйга қайтгач, бошқа шаҳарга кўчиб кетишимизни 4 ёшли қизимга тушунтиришда роса қийналдим.

Ахир у ўзи ўрганиб қолган муҳитдан айрилишни истамасди. Эсимда, қизалоғим кўп йиғлаган ва кўз ёшларига қараш жуда оғир бўлганди. Муҳими, ўша мураккаб давр ортда қолди - вақт барчасини даволайди.

Яқинларининг далдалари ҳақида

- Яхшиямки, оилам доимо ёнимда бўлиб, алоҳида далда бериб турди. Албатта, онам ва собиқ рафиқамдан бағоят миннатдорман. Агарда улар самимий қўллаб-қувватлашмаганида, ўзимни ўнглашим анча қийин кечарди.

Мадридга қайтиши ҳақида

- Айни пайт «Бавария»да мутлақо бахтиёрман. Лекин келажакда нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Бугунги ҳаётим - «Бавария». Кейинги тақдирим эса ёлғиз ўзимга боғлиқ эмас.

«Реал»нинг умумий муносабати ҳақида

- Йўқ, «Мадрид»да менга нисбатан ёмон муносабатда бўлишганини айтолмайман. Машғулотларда астойдил тер тўкиб, ҳар гал қандайдир қизиқарли элементни намойиш этардим. Бироқ ҳозир уринишларим ҳақида батафсил гапириш бефойда.

Аслида натижаларим ҳам чакки эмасди. Аммо ҳар бир мураббий шахсий фалсафаси ва ўзи ёқтирган футболчиларга таянишни маъқул кўради. Буни шунчаки, тўғри қабул қилиш керак, менимча.

Зайниддин Зидан ҳақида

- Зидан - ёшликдаги кумирим. У ўта ноёб иқтидор соҳиби эканлигини тўла исботлаган. Умуман, мен ҳамиша юксак савияда тўп сурадиган футболчиларни ҳайрат билан кузатганман.

Тўғри, Зизу мени шогирд сифатида қанчалик қадрлашини билмайман. Қайтараман, қайси футболчиларни таркибга лойиқ топиш - мураббийнинг ваколати.

Матбуотда янграган танқидлар ҳақида

- Бу масалада виждоним пок - ҳар бир машғулотда бор куч-қувватимни сарфлаганман, тер тўкишдан қочмаганман. Шу сабаблими, баъзи танқидлар оғир ботди, уларни қабул қилиш жуда оғир.

Ахир тиришқоқлик билан тер тўкишимга жавобан имконият беришганида, ўзимни кўрсатишга уринардим. Хуллас, фаолиятимни бошқача талқин қилганлар адолатсизликка йўл қўйишди.

«Реал»нинг айни ҳолати ҳақида

- Имкониятга қараб, «Реал» иштирокидаги ўйинларни кузатиб боряпман, албатта. Сир эмас, ҳар қандай жамоа баъзан муваффақиятли, баъзан омадсиз даврга юз тутади. Менимча, «Қироллик клуби» ҳозир айнан ёқимсиз даврлардан бирини бошдан кечирмоқда.

ЕЧЛ ҳақида

- Рости, нуфузли турнирнинг ҳал қилувчи баҳсида «Бавария» ва «Реал» ўзаро тўқнаш келишини истардим. Тўғри, мадридликлар нимчорак финалдаёқ ўта жиддий рақиб - «ПСЖ» билан дуч келишади.

Тушунарлики, унинг қаршилигини синдириш осон эмас. Лекин унутмаслик керак, катта клублар нуфузли халқаро мусобақада ички аренадаги ҳар қандай омадсизликни бутунлай унутади.

Ўйлайманки, «Реал» ҳам ўз ўйинини ўзгартиради. Умуман, жамоа ҳозирги ҳолатида ҳам, ЧЛда анча узоққа боришга қодир. Шахсан мен унинг кейинги босқичга чиқишига ишонаман.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz