Қайднома

Қидирув

2017 йилнинг энг кўп даромад кўрган футболчилари рейтинги

2017 йилнинг энг кўп даромад кўрган футболчилари рейтинги

  29.01.2018 00:22
  0
  7727
2017 йилнинг энг кўп даромад кўрган футболчилари рейтинги

Якунланган йил давомида кимдир совринларга кўмилди, бошқа биров катта моддий манфаат кўрди.

Айримлар эса спорт ва даромад масаласида бирдек муваффақият қозонишди. Қуйидаги рейтингга 2017 йили Европада пул топиш бобида етакчилик қилган 9 нафар футболчи киритилган.

9. Хамес РОДРИГЕС («Реал»|«Ба-вария») — 22 млн. доллар

Колумбиялик ҳужумкор ярим ҳимоячи айни пайт «Бавария»да ижара келишуви асосида тўп сураётган бўлсада, ҳуқуқий жиҳатдан ҳамон «Реал»га тегишли. Хамеснинг Мадридда спорт нуқтаи назаридан ўзини тўлақонли кўрсатолмагани айни ҳақиқат.

Аммо молиявий томондан 2017 йил унинг учун жуда самарали бўлди.

8. Серхио АГУЭРО («Манчестер Сити») - 22,6 млн. доллар

Аргентиналик ҳужумчи жорий мавсум ўз жамоаси билан бутун АПЛни «вайрона»га айлантириш баробарида кўнгилсизликларга ҳам учрамоқда. Мисол учун, кузда таксидан фойдаланиб, автоҳалокатга учради. Шунингдек, унинг «шаҳарликлар» билан хайрлашиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар йўқ эмас.

Тўғри, бунинг эҳтимоли анча паст, барибир. Айтиш ўринли, Агуэро футбол майдонида ўз вазифасини яхши бажаришдан ташқари, Puma, Nissan ва Pepsi брендлари билан манфаатли шартлар асосида ҳамкорлик қилмоқда.

7. Луис СУАРЕС («Барселона») - 23,3 млн. доллар

Уругвайлик «қопағон» — Европада энг кўп маошга эга марказий ҳужумчи. У шунингдек, йирик шартномалар асосида Pepsi ва Adidas компаниялари маҳсулотларини тарғиб этишга вақт топяпти. Муҳими, Суарес энди майдонда ҳеч кимни тишламаяпти ва «Реал»ни енгишга муносиб ҳисса қўшганча «Барселона»да хизматига яраша катта маош оляпти.

6. Уэйн РУНИ («Эвертон»)  — 23,6 млн. доллар

Англия терма жамоаси афсонаси ва энг яхши тўпурари ўтган йили қадрдон клуби - «Эвертон»га қайтди. «Шрек» Ливерпулда можаро марказига тушишдан ташқари, бир неча муҳим голларга муаллифлик қилиш ва клуб етакчиси сифатида кўзга ташланишга ҳам улгурди. Ҳа, Уэйн ўтиш натижасида маош бобида бироз ютқазди, аммо бу ҳолат унинг энг сердаромадлар рўйхатидан жой олишига халақит бергани йўқ.

5. Златан ИБРАГИМОВИЧ («МЮ») — 32 млн. доллар

Бу ерда изоҳ ортиқча. Айтиш мумкинки, Златан пул ишлагани йўқ, аксинча, пулнинг ўзи унинг ортидан «қувди».

4. Гарет БЭЙЛ («Реал») — 34 млн. доллар

Бэйл бутун йил давомида даволанишдан зерикмади. Ҳар ҳолда, тикланиш жараёнига футболга нисбатан кўпроқ вақт сарфлади. Шунга қарамай, «Уэльс шаҳзодаси» ушбу рейтингда фахрли 4-ўринни банд этди. У кучли учликка киролмаганидан қаттиқ ранжимаган бўлса керак...

3. НЕЙМАР («ПСЖ») — 37 млн. доллар

Ҳа, ҳаммадан кўп пул топиш учун жаҳоннинг энг қимматбаҳо футболчиси бўлишнинг ўзи камлик қилади. Тўғри, бразилиялик юлдуз астрономик баҳосига яраша катта маошга эга. Бироқ даромад масаласида ҳам икки беназирдан ортда қолмоқда, барибир.

2. Лионель МЕССИ («Барселона») — 80 млн. доллар

Рейтингнинг 2 ва 3-ўрни ўртасида улкан жарлик бор. Аргентиналик бебаҳо ижрочи ноябрь ойида ниҳоят, янги шартнома остига муборак имзосини қўйди ва унга кўра, яна 3 йил «Барселона» мухлисларига шодлик улашишда давом этиши керак. Бироқ янги шартнома ва ҳисоби йўқ ҳомийлик келишувлари ҳам Мессига спорт|бизнес масаласидаги асосий рақибидан ўзиб кетиш имконини бермади.

1. Криштиану РОНАЛДУ («Реал») - 93 млн. доллар

Португалиялик юлдуз даромад рейтингида нафақат футболчилар, балки сайёранинг барча спортчилари орасида ҳам мутлақ пешқадам. Хуллас, Роналду ўтган йили 5-марта «Олтин тўп» соҳибига айланди ва бир қатор жамоавий ҳамда индивидуал совринларга эга чиқиш асносида энг бой спортчи мақомини олди.

А.ЭШОНХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz