Қайднома

Қидирув

Битта гол учун 9,5 миллион евро ёхуд Тевеснинг Чин юртидаги сафари ҳақида

Битта гол учун 9,5 миллион евро ёхуд Тевеснинг Чин юртидаги сафари ҳақида

  29.01.2018 06:31
  0
  1428
Битта гол учун 9,5 миллион евро ёхуд Тевеснинг Чин юртидаги сафари ҳақида

Аргентиналик фахрий ҳужумчи Карлос Тевес Хитойдаги фаолиятига хотима ясаб, «Бока Хуниорс»га қайтди.

Осиёда унинг футбол масаласидаги ишлари унча ўхшамагандир, аммо моддий томондан катта манфаат кўргани аниқ. Демак, Карлитоснинг Чин юрти футболи томон юришию, унга боғлиқ фактларга бирров назар соламиз.

Карлос Тевес Хитойнинг «Шанхай Шенхуа» клубида роса бир йил ўйнади. Аргентиналик фахрий ортга қайтгани ҳамоно «Бока Хуниорс» машғулотида кўриниш берди ва энди футболчилик фаолиятига айнан жонажон клубида нуқта қўйса керак. Айтганча, Карлитос Осиёга йўл олишига қадар ҳам шу клубда тўп сурганди.

 Аслида Тевесни Хитойга 2016 йилнинг бошида чорлашганди. Аниқроғи, кейинроқ Халк, Оскар, Одил Аҳмедов ва Андре Виллаш-Боаш билан шартнома тузган «Шанхай СИПГ» уни ўз сафида кўришни хоҳлаганди. Бироқ Карлос ўшанда деярли 25 миллион еврони ўз ичига олган 10 ойлик келишувдан бош тортганди.

 «Шанхай Шенхуа» қатъийроқ ва сахийроқ бўлиб чиқди: айнан 2016 йилнинг охирида Тевесга 2 йиллик шартнома таклиф қилди. Унга кўра, аргентиналик футболчи ҳафтасига 730 минг евро миқдорида маош олди (жами 38 миллион евро).

 Хитой клуби трансфер суммасини расман ошкор этмади ва матбуотда бу борада турли тахминлар илгари сурилди - 11 миллиондан тортиб, 84 миллион еврогача. Хусусан, The Guardian трансфер 84 «лимон»га баҳолангани ҳақида хабар берди.

Тўғри, хитойликлар ҳар эҳтимолга қарши шартномага алоҳида банд киритишганди. Унга кўра, Тевес келишув охирига қадар клубда қолмагани учун «Бока» трансфер суммасидан 60 фоизини қайтариб бериши керак.

 Тушунарлики, Тевеснинг ўзи йил давомида маоши хусусида аниқ гапиришни истамади: «Бу кенг доирада муҳокама қилинадиган мавзу эмас. Зеро, барча клубдошларимга ҳурматни сақлашим керак. Фақат айтишим мумкинки, матбуотда ёзилаётган даражада катта маош олмайман».

Қолаверса, Хитой  медиаси Тевеснинг маоши Европа матбуотида кўрсатилганидан деярли икки баравар кам эканлиги ҳақида хабар берди. Яъни маҳаллий журналистларнинг аниқлашларича, Карлитос ҳафтасига 730 минг эмас, 350 минг евро олган эмиш.

 Карлос клуб ва жамоадошларига ҳурмат назари билан қараши зарурлигини айтган бўлсада, бир неча интервьюларида салбий оҳангда гапирди. Кўринишидан, Хитойда аргентиналикка ҳеч нарса маъқул келмаган: на турмуш тарзи ва таомлар, на миллий чемпионатдаги ўйин услуби ва клубдошлари савияси.

Бунинг оқибатида мухлислар Тевесни ёқтирмай қўйишди ҳамда ижтимоий тармоқлар ва трибуналарда унга очиқ-ошкора эътироз билдиришди.

 Тевес енгил жароҳатлар туфайли тез-тез сафдан чиқиб турди. Боз устига, ҳар сафар даволаниш баҳонасида юртига ошиқдики, бундай ёндашуви клубга сира ёқмади. Хуллас, қимматбаҳо футболчи 30 турдан иборат чемпионат давомида 20 марта майдонга тушди, холос.

 Аргентиналик юлдуз маҳаллий Супер-лигада айтарли каромат кўрсатгани йўқ - атиги 4та гол урди. Демак, шартномада белгиланган маошига нисбатан айтсак, 1та самарали зарбаси 9,5 миллион еврога тушган.

«Шанхай Шенхуа» эса турнир жадвали ўрталарида юрди, оқибатда клуб раҳбарияти кузда бош мураббий Густаво Пойет билан хайрлашди. Унинг ўрнини эгаллаган хитойлик мутахассис Тевес ортиқча вазн орттирганини айтиб, уни дарҳол таркибдан четга чиқарди.

 Ўтган йилнинг ноябрида Лионель Месси «Барселона» билан янги шартнома тузгач, Тевес жаҳоннинг энг кўп маош олувчи футболчиси мақомини йўқотди. Шундан кўп вақт ўтмай, Карлитос ва «Шанхай Шенхуа» хўжайинлари амалдаги келишувни муддатидан аввал бузишга келишиб олишди.

 Тевес энди «Бока»да 2та мақсадни кўзламоқда - Либертадорес кубогини ютиш ва миллий жамоага қайтиб, ЖЧ-2018да ўйнашни: «Футболда яна нимагадир эришиш учун ихтиёримда озгина вақт қолди. Агар Россия мундиалига боришни уддаласам, бу гўзал якун бўларди».

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz