Қайднома

Қидирув

«Покер» эвазига ҳуштак ёхуд парижлик мухлислар нима учун Неймардан норози?

«Покер» эвазига ҳуштак ёхуд парижлик мухлислар нима учун Неймардан норози?

  30.01.2018 06:41
  0
  2182
«Покер» эвазига ҳуштак ёхуд парижлик мухлислар нима учун Неймардан норози?

Бразилиялик Неймар «ПСЖ»да мухлислар муҳаббатини ҳис қилмаяпти. Дейлик, у Лига 1нинг 21-туридан ўрин олган «Дижон»га қарши учрашув (8:0)да 4та гол урди ва ҳақли равишда энг яхши футболчи сифатида эътироф этилди.

Шунга қарамай, фанатлар бразилияликка нисбатан ҳуштакбозлик қилишди. Оқибатда «покер» муаллифи ўйин тугаши ҳамоно кийиниш хонасига йўл олди, яъни ғалабани мухлислар билан баҳам кўришни истамади.

«ССФ» нашри айни шу воқеа тафсилотларига алоҳида қизиқиб кўрди.

Ҳуштакбозлик маъноси нима?

4та гол, 2та самарали узатма, дарвоза томон 11та зарба, чиройли финтлар ва финал ҳуштагидан кейинги ғазабли нигоҳ - булар Неймарнинг «Дижон»га қарши учрашувда кўрсатган кароматлари. Хуллас, ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган бразилиялик на матбуот вакиллари билан гаплашишни истади, на мухлислар қаршисига боришни.

Нега? Чунки Неймар ўйин охирида пенальти тепишга шайланганида, трибуналарда унга қаратилган нохуш ҳуштакбозлик бошланди. Аслида парижликлар Эдинсон Кавани ҳаракатлари ортидан пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишганди, бироқ Неймар уругвайлик клубдошига ҳаттоки, назар ташламай, тўпни ўз қўлига олди.

Бу ҳолатда Каванининг ўзи сукут сақлади, аммо мухлислар қаттиқ ранжишди, чоғи. Улар аввалига баралла ҳайқиришди: «Кавани! Кавани!» Бироқ бундан натижа чиқмагач, бразилияликни ҳуштакбозлик билан «сийлашди». Неймарга нисбатан хунук муносабатнинг моҳияти нима?

Гап шундаки, Каванининг «ПСЖ» учун гол уриш бобида Златан Ибрагимович рекордини янгилашига бир қадам қолганди. Уругвайлик тўпурар шу ўйинда 156-голини нишонлаб, швед маэстроси билан тенглашиб олди.

Хуллас, Неймар пенальти тепиш ҳуқуқини бермай, уни зўр имкониятдан маҳрум қилди, бироқ ўзи гол уриб ҳам, айтарли қувонмади... Боз устига, ўйин тугагач, барча футболчилар мухлисларга миннатдорчилик билдириш учун трибуналарга яқинлашган пайт қимматбаҳо Неймар тўғри кийиниш хонасига равона бўлди.

«Неймар тўпни Каванига берса бўларди...»

Ўйиндан сўнг «ПСЖ» ҳимоячиси Томас Менье юзага келган ҳолатга тўхталиб, бразилиялик пенальти тепиш ҳуқуқини Каванига бермай, хато қилганини таъкидлаш баробарида уни ҳимоя қилди. «Трибуналарда кўтарилган ҳуштакбозлик бироз адолатсиздек. Ахир Неймар 4та гол уришдан ташқари, яна 2тасига ассистент бўлди, ғалабага катта ҳисса қўшди.

Тушунарлики, мухлислар Каванини алоҳида қадрлашади. Зеро, у анчадан буён клубда ва доимо ўз ишига жиддий ёндашади. Муҳими, Эдинсон ажо-йиб футболчи ва «ПСЖ» ҳамда фанатлар билан муносабати яхши. Хуллас, Парижда уни жуда яхши кўришади. Неймар шуларни ҳисобга олиб, тўпни Каванига бериши керак эди.

Бундай ўзига хос «Фэйр-плей» натижасида фанатларда бразилияликка нисбатан ҳурмат ҳисси ошарди. Ўз ўрнида айтиш керак, бизда кўрсатма бўйича пенальти тепиш мажбурияти Неймар зиммасида. Шундай экан, ортиқча можаро чиқариш ўринсиз, Ўйиндан кейин Неймар хушчақчақ кўринди, гарчи ичида алами бўлсада.

Уни ҳам тушуниш керак: жамоа учун етарлича наф келтиришга улгурди ва хизматлари эвазига мухлислардан «дакки» эшитяпти. Ҳа, Неймар бундай муносабатга жавобан фанатлар олдига боришни истамади. Ўйлайманки, бундай ҳолатда кўплаб футболчилар худди унингдек йўл тутишади», - деди Менье L~Equipe нашри мухбирлари билан суҳбатда.

«ПСЖ» бош мураббийи Унаи Эмери ҳам бразилиялик шогирдини қўллаб-қувватламоқда: «Неймар - майдондаги етакчимиз. У сафда бўлса, жамоамиз яхшироқ ўйнайди. Кавани? Эдинсон айнан Парижда янги даражага кўтарилди ва ҳозир энг яхши голеадорларимиздан бири бўлиб турибди.

Жамоа ҳам Каванининг индивидуал статистикаси учун ишламоқда. Пенальтига келсак, Неймар тепишни истади, чунки ўйин унинг учун ажо-йиб тус олди. Бундан барчамиз хурсандмиз. Кавани эса «ПСЖ»да ҳали кўп гол уради, шубҳасиз».

Ҳ. МАСАИДОВ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz