Қайднома

Қидирув

ОЧЛ – 2018: бугунги рақиблар ҳақида тўлиқ маълумот

ОЧЛ – 2018: бугунги рақиблар ҳақида тўлиқ маълумот

  30.01.2018 12:58
  0
  527
ОЧЛ – 2018: бугунги рақиблар ҳақида тўлиқ маълумот

Бугун ОЧЛнинг 2018 йилги мавсуми старт олади.

Унда мамлакатимиз клубларидан «Насаф» ўз майдонида Иорданиянинг «Ал-Файсали» жамоасини қабул қилса, «Пахтакор» сафарда Қатарнинг «Ал-Гарафа» клубига қарши майдонга тушади.

Қуйида жамоаларимизнинг ушбу рақиблари хусусида батафсил маълумот берамиз.

«Ал-Гарафа» «Пахтакор» учун қанчалик мос?

«Ал-Гарафа» (Доха)

1979 йил 6 июнда «Ал-Иттиҳод» номи билан ташкил топган мазкур жамоа илк кунларданоқ, раҳбарият хоҳиши билан Бразилия терма жамоаси формасига монанд келувчи либосларда ўйнай бошлаган.

Иттифоқ номини англатувчи мазкур клубнинг чемпионлик онлари 1990 йиллар бошига тўғри келади. Янги асрда ҳам бу жамоа 5 марта чемпион бўлди. 2004 йилги мавсум аввалига келиб, клуб ўзи шарафини ҳимоя қиладиган «Ал-Гарафа» тумани номига «Ал-Гарафа» деб атала бошланди.

Туркиялик 46 ёшли мутахассис Бюлент Уйғун бошқараётган «Ал-Гарафа» ОЧЛ саралашида Қатарнинг 4-жамоаси сифатида қатнашади. Дохаликлар ўтган 2016|2017 йиллар мавсумида Юлдузлар лигасида қуйидаги натижаларга эришишди: 26та ўйин, 12та ғалаба, 4та дуранг, 10та мағлубият, тўплар нисбати: 42-43.

Ўтган мавсумда жамоа аъзоси Владимир Вайсс жамоадошлари орасида ҳаммадан кўп -10та гол урган бўлса, дарвозабони Юссуф Ҳассан 6та ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.

Клубга ўтган мавсумда португалиялик мутахассис Педру Кайшинья устозлик қилди (айни пайтда ушбу мураббий Мексиканинг «Круз Асул» жамоасида фаолият юритмоқда).

Аренаси. «Ал-Гарафа» ўз уй учрашувларини Дохадаги «Тани бин Жассим Стэдиум» стадионида ўтказади. Ушбу арена ўз бағрига 21175 томошабинни сиғдира олади. Мазкур стадион 2003 йилда барпо этилган.

Бош мураббийи. Бюлент Уйғун 1971 йил 1 августда Туркиянинг Сакаря шаҳрида туғилган. «Фенербахче» сафида 4 мавсум самарали ўйин кўрсатган.

2006-2013 йилларда Туркия чемпионатида ишлаганидан сўнг уни Қатарнинг «Умм Салал» клубига таклиф этишди. Мазкур жамоада 3 мавсум  ишлаганидан сўнг, Уйғун Қатарнинг бошқа жамоаси - «Ал-Гарафа»дан таклиф олиб, уни қабул қилди.

Легионерлари. Руберт Хосе Куихада (Венесуэла). Мазкур клубда 12та ўйин ўтказиб, 4та сариқ карточка олган.

Луис Антонио Хименес Гарсес (Чили). 11та ўйин ўтказиб, 3та гол урган ва 2та сариқ карточка билан «сийланган». Ўтган мавсумда «Ал-Араби» сафида 10та гол урган.

Диого Карлос Корреа Амадо (Португалия). 14 та ўйин ўтказиб, 1та гол урган ва 2та сариқ карточка олган. Сўнгги 6 мавсумда «Эшторил» сафида ўйнаган.

Уэсли Снейдер (Голландия). 3та ўйин ўтказиб, 1та гол урган. «Ал-Гарафа»га ўтгунича «Ницца»да ўйнаган.

Тамер Жамол Муҳаммад Усмон эл Зибер (Судан). 24та ўйин ўтказиб, 3та гол урган ва 5та сариқ карточка олган. Сўнгги икки мавсумда ушбу ҳужумчи «Ал-Гарафа» таркибида гол ура олмади.

Меҳди Тареми (Эрон). Унинг дебюти анча омадсиз чиқди. «Ал-Садд» жамоасига қарши баҳсда (0:4) захирадан майдонга тушди.

Жорий мавсумда...

Айни дамда «Ал-Гарафа» Қатар Юлдузлар лигасида 6-поғонада бормоқда. Клуб 14та ўйинда 4та ғалабага эришиб, 5 тадан дуранг ва мағлубият қайд этган. 22та  гол урган жамоа 24 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиққан.

Ўзаро ҳисоб-китоблар. Мазкур клуб ОЧЛда кўп марта иштирок этган бўлса ҳам, юртимиз жамоаларидан фақатгина «Пахтакор» билан тўқнаш келган.

ОЧЛ илк марта старт олган кезлари, 2002|2003 йиллар мавсуми саралаш босқичининг 3-раундида Дохада «Ал- Иттиҳод»дан (бу жамоанинг олдинги номи) 3:4 ҳисобида мағлуб бўлган «шерлар» Тошкентда рақибни 3:0 ҳисобида доғда қолдиришганди. Гуруҳ босқичидаги ўзаро ўйинлар:

2008 йил, 19 март. Доха.

Ал-Гарафа - Пахтакор - 2:2.

Голлар: Юнис Маҳмуд (57), Араухо (65) - Асрор Алиқулов (68), Фарҳод Тожиев (78).

2008 йил, 21 май. Тошкент.

Пахтакор - Ал-Гарафа - 2:0.

Голлар: Зайниддин Тожиев (19), Одил Аҳмедов (88-пен.).

2010 йил 11 май. Доха.

Ал-Гарафа - Пахтакор - 1:0.

Гол: Араухо (86-пен.).

Биласизми? «Ал-Гарафа»нинг ОЧЛ гуруҳ босқичидаги илк голи муаллифи Аъло Ҳубайл бўлганди. Жамоа Суриянинг «Ал-Карама» клубини 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратганида баҳрайнлик мазкур таниқли футболчи 59-дақиқада пенальтидан ҳисобни очганди.

«Ал-Гарафа»нинг ОЧЛдаги иштироки:

2006 йил: Гуруҳ босқичи (2та ғалаба, 4та мағлубият)

2008 йил: Гуруҳ босқичи (2та дуранг, 4та мағлубият)

2009 йил: Гуруҳ босқичи (1та ғалаба, 3та мағлубият)

2010 йил: 1|4 финал (6та ғалаба, 1та дуранг, 2та мағлубият)

2011 йил: Гуруҳ босқичи (2та ғалаба, 1та дуранг, 3та мағлубият)

2012 йил: Гуруҳ босқичи (1та ғалаба, 3та дуранг, 2та мағлубият)

2013 йил: 1|8 финал (3та ғалаба, 1та дуранг, 4та мағлубият).

Бизнинг «Пахтакор»

Осиё Чемпионлар Лигасининг янги мавсумидаги иштироки билан «Пахтакор» турнирда қатнашиш бўйича рекордчилардан бирига айланади. Мусобақада «Пахтакор» ва «Ал-Ҳилол» 14-мартадан иштирок этади. «Ал-Айн» ва «Ал-Садд» бу борада 13 тадан иштирок билан мақтана олади. Кейинги ўринлардаги «Чонбук Моторс» ва «Сепахон» ОЧЛда 11 мартадан қатнашган.

ОЧЛда «Пахтакор» жами 87та учрашувда майдонга тушган ва бу борада Осиёда 4-натижа соҳиби ҳисобланади. «Шерлар» 39та ўйинда ғалаба қозонишган ва 133 очко тўплашган. Ҳар икки кўрсаткич Осиёда 5-энг яхши натижа саналади. Тўплар нисбати: 123-14.

«Халқ жамоаси» 2003 ва 2004 йилларда Чемпионлар Лигаси ярим финалида иштирок этган. «Пахтакор» Қатар жамоаларига қарши жами 13та ўйинда майдонга тушган. Уларда 5та ғалаба, 4та дуранг ва 4та мағлубият қайд этилган. Тўплар нисбати: 20-16.

Маълумоти

Ташкил топган вақти: 1979 йил, 6 июнь (2004 йилгача «Ал-Иттиҳод»)

Клубнинг тўлиқ номи: «Ал-Гарафа спортс клуб»

Лақаби: «Гепардлар»

Клуб хўжайини: Ҳамад бин Тамер

Стадиони: «Тани бин Жассим Стэдиум» (21175 томошабин)

Бош мураббийи: Бюлент Уйғун

Совринлари:

Қатар Юлдузлар лигаси ғолиби: (7 марта) 1992, 1998, 2002, 2005, 2008, 2009, 2010 йиллар.

Қатар Амири кубоги соҳиби: (7 марта) 1995, 1996, 1997, 1998, 2002, 2009, 2012 йиллар.

Қатар Валиаҳд шаҳзодаси кубоги соҳиби: (3 марта) 2000, 2010, 2011.

Қатар Юлдузлар кубоги соҳиби: (2 марта) 2009, 2018.

Экипировкаси: сариқ футболка, кўк труси, оқ гетра.

Электрон манзили: http:www.al-gharafa.com.

****************************************************************

«Ал-Файсали» янги мусобақага кўника олармикан?

«Ал-Файсали» (Амман)

Ушбу клуб 2002|2003 йиллар мавсумида Теҳроннинг «Истиқлол» жамоаси тўсиғидан ўта олмай, анча пайтгача ОЧЛга яқинлаша олмади. 2005, 2006 йилларда клуб ОФК кубоги турнирида зафар қучди.

Жамоа Иордания футболи тарихида 77та соврини билан яққол рекордчи. Аммандаги Фаластиндан кўчиб келганлар даҳасида жойлашганлиги ва бошқа сабабларга кўра, «Ал-Виҳдат» клуби билан ўзаро қарама-қаршилиги араб дунёсида тилларга тушган.

Лукаш Гикиевич (Польша). 30 ёшли бу футболчи ўз фаолияти давомида 16та клуб сафида майдонга тушган. 2014 йил ярим мавсум ҳатто Кустанайнинг «Тобол» клуби сафида ҳам ўйнаганди.

Албан Меха (Косово). 2005-2015 йиллар давомида Германия қуйи дивизионида тўп сурган. 2017 йил 24 декабрда «Ал-Файсали» сафига қўшилди.

Маълумоти

Ташкил топган вақти: 1932 йил, 10 август

Клубнинг тўлиқ номи: «Ал-Файсали спортс клуб»

Лақаби: «Мовий бургутлар»

Клуб хўжайини: ал Шайх Султон ал-Одван

Стадиони: «Амман халқаро ўйингоҳи» (17619 томошабин)

Бош мураббийи: Небожа Йовович.

Совринлари:

Иордания чемпиони: (33 марта - рекорд) 1944, 1945, 1959, 1960, 1961, 1962, 1963, 1964, 1965, 1966, 1971, 1972, 1973, 1974, 1975, 1977, 1978, 1984, 1986, 1987, 1989, 1990, 1991, 1993, 1994, 2000, 2001, 2002, 2003, 2004, 2010, 2012, 2017.

Иордания ФА кубоги соҳиби: (19 марта - рекорд) 1980, 1981, 1983, 1988, 1990, 1992, 1993, 1994, 1995, 1998, 1999, 2001, 2003, 2004, 2005, 2008, 2012, 2015, 2017.

Иордания Суперкубоги соҳиби: (16 марта - рекорд) 1981, 1982, 1984, 1986, 1987, 1991, 1993, 1994, 1995, 1996, 2002, 2004, 2006, 2012, 2015, 2017.

Электрон манзили: http:www.alfaisalyscjo.com.

Легионерлари: Доминик Менди (Сенегал). 1994 йил 10 январда таваллуд топган. Ўтган мавсумда Байрутнинг «Ал-Саъфа» клуби сафида ўйнаган - 24та ўйин, 6та гол.

ФИКРАТ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz