Қайднома

Қидирув

XXI аср садоси ёхуд Европанинг «интрига»га бой миллий чемпионатлари ҳақида

XXI аср садоси ёхуд Европанинг «интрига»га бой миллий чемпионатлари ҳақида

  31.01.2018 00:19
  0
  1104
XXI аср садоси ёхуд Европанинг «интрига»га бой миллий чемпионатлари ҳақида

Янги аср натижалари бўйича айтсак, «кўҳна қитъа»нинг қайси элит лигаси энг кўп чемпион клубга эга?

Яъни бу даврда қайси юртда олтин медаль соҳиби тез-тез алмашиб турган - Россиядами, Испаниядами ёки Англияда? Soccer.ru сайти 9та миллий чемпионатнинг ғолиб жамоаларини санаб чиқиш асносида «интрига» даражасини аниқлашга уринди.

Айтиш жоиз, ҳисоб-китоб учун олинган даврда аксарият лигаларда 17 мавсум (баъзиларида 16 мавсум) ўйналган.

*** АПЛ янги асрда 5та чемпион жамоа билан танишди. Боз устига, мавсум-2000|2001дан кейин 17та олтин медалдан 12таси 2та клубга насиб этди: «МЮ» 7 марта чемпионликни тантана қилган бўлса, «Челси» 5 бора тахтга кўтарилди. Оддий айтганда, атиги 5 мавсум якунида бошқа клублар мухлислари байрам қилишди.

Хуллас, «Арсенал» ва «Манчестер Сити» жамоалари 2 мартадан ғолиб чиқишди ва бир сафар чинакам «сенсация» кузатилди (АПЛ тарихида иккинчи марта): «Лестер» янги «Блэкберн» қиёфасида намоён бўлди. Ҳа, Англияда чемпион жамоалар сони жуда кам. Аммо шунинг баробарида алоҳида айтиш керак, 17 мавсумдан атиги 4тасида амалдаги ғолиб ўз мақомини сақлаб қолди.

АПЛ айнан шуниси билан зўр! Янги асрда бу ишни биринчи бўлиб «Челси» уддалади (2006 йили), кейин эса «МЮ» кетма-кет 3 бора «олтин»га бурканди. Шундан сўнг қаторасига 8 йил чемпион алмашди, жорий мавсум якунида ҳам шундай бўлиши ҳозирдан маълум, ҳисоб. Ҳар ҳолда, амалдаги чемпион - «Челси»нинг 1-ўринга кўтарилиш имконияти ҳаминқадар. Хулоса шуки, АПЛ «қирол»ларни алмаштириб туришни хуш кўради.

*** Ла-лига янги асрда 4та чемпион жамоа билан танишди. Бироқ Испания элит дивизиони ва АПЛ ўртасида сезиларли фарқ бор. Ҳисоб-китоб учун олинган давр рекордчиси - «Барселона» 8та «олтин»га эга, «Реал» эса 6 бора ғолиб чиқди. Демак, 17 мавсумнинг нақ 14таси икки етакчига аталган.

Қолган 3 мавсумда «Валенсия» (2 марта) ва «Атлетико» «гегемон»лар сериясини узиб қўйишга эришган. Янги аср ҳисобидан 5-чемпион қачон бўй кўрсатишини айтиш эса жуда мушкул, жуда... Примерода ҳам чемпионлик мақомини ҳимоя қилиш осон эмас. Янги асрда амалдаги ғолиб атиги 5 марта кейинги мавсумда ҳам тахтда қолган.

Табиийки, олтин медални кетма-кет равишда қўлга киритиш «Реал» ва «Барселона»га насиб этган, холос. Чўққида узоқ туриш бўйича эса Каталония клуби олдинда - «блауграна» Хосеп Гвардиола бошқарувида кетма-кет 3 йил тахтдан тушмаганди. Дарвоқе, «Реал» чемпионлик сериясини сўнгги марта ўтган асрнинг 80-йиллари охирида қайд этган.

*** «А» серияси янги асрда 4та чемпион жамоа билан танишди. Италияда ҳам охирги 17 мавсумнинг чемпионлик медали асосан 2та клуб мулкига айланди: «Ювентус» - 8 карра, «Интер» - 5 карра ғолиб. Шунингдек, «Милан» 2 марта зафар қучган бўлса, «Рома» 1та «олтин» билан чекланиб қолди.

Қолаверса, яна бир мавсум «кекса синьора»нинг дисквалификацияси ва можаролар туфайли скудетто эгасиз қолди, ҳисоб. Эътиборлиси, «А» сериясида амалдаги чемпион нақ 10 марта ўз унвонини ҳимоя қилган.

Шуларни ҳисобга олсак, Италия элит дивизионини кутилмаган воқеаларга бой биринчилик сифатида кўрсатиш қийин. Чемпионатнинг янги даврида «Интер» ва «Ювентус» ажойиб серия қайд этди. Хусусан, туринликлар қаторасига 6 марта чемпион бўлишди - Италия рекорди. Энди ҳамма умид «Наполи»данми?

*** Бундеслига янги асрда 5та чемпион жамоа билан танишди. Германия чемпионатидаги ҳолат Италиядагига ўхшаш. 17та унвондан 11таси «Бавария»гатегишли, 3таси «Боруссия» Д. ҳисобида. Қолган 3тагина мавсумда ғалаба «Вердер», «Штутгарт» ва «Вольфсбург» жамоаларига насиб этди.

Серия бўйича табиийки, Мюнхен клуби олдинда. Бунгача қаторасига 5 марта «Кумуш лаган»ни қўлга киритган «Голливуд» ФК айни пайт навбатдаги чемпионлик сари дадил одимламоқда. «Боруссия» эса орада кетма-кет 2 йил тахтга кўтарилди, аммо энди бундай юришни такрорлаши жуда-жуда қийин, албатта.

*** Лига 1 янги асрда 8та чемпион жамоа билан танишди. Ҳа, Франция элит дивизиони бу борада рекордчи. Шунинг баробарида «ПСЖ» ҳисобидаги 4та «олтин» ва «Лион»нинг 7 йиллик серияси Лига 1 маълум даражада Италия ёки Германия чемпионатига ўхшаш эканлигидан далолат беради.

Фарқи шуки, Францияда «ноодатий» ва бир йиллик чемпионлар кўп: «Монпелье» ва «Монако», «Нант» ва «Бордо», «Марсель» ва «Лилль». Тўғри, «Лион» эски фаворит, «ПСЖ» эса янги даврга қадам ташламоқда. Умуман, Францияда ҳам энди янги чемпион қачон чиқишини тахмин қилиш деярли имконсиздир.

*** Примеро янги асрда 4та чемпион жамоа билан танишди. Португалияда ҳам саноқли клублар «олтин марра»га етиш уддасидан чиққан, холос. Қолаверса, улардан иккиси - «Боа­вишта» ва «Спортинг» ўз ғалабасини аср бошида нишонлаган.

Шу-шу 14 мавсумдан буён «Порту» ёки «Бенфика» зафар қучмоқда. Улар нақ 8 марта амалдаги чемпион мақомини муносиб ҳимоя қилишганини ҳам айтиш ўринли.

*** Премьер-лига янги асрда 2та чемпион жамоа билан танишди. Украина УЕФА таркибидаги ассоциациялар рейтингида 8-ўринни эгаллаб турибди. Аммо маҳаллий премьер-лига чемпионлар бобида жуда камбағал.

Эътибор беринг, 17 мавсум давомида «олтин» 2та гранд - «Динамо» ва «Шахтёр» ўртасида тақсимланди. Хуллас, киевликлар 7 марта, донецкликлар 10 марта ғолиб чиқишди. Шунингдек, 7 мавсумда амалдаги чемпион ўзгармади. Умуман, Украинада «интрига» даражаси жуда паст. Ҳарқалай, охирги 10 йилни олсак, «кончилар» 7 марта «шоҳ» бўлишди.

*** Эредивизион янги асрда 5та чемпион жамоа билан танишди. Голландияда охирги 17 мавсумда 1-ўринни эгаллаган клублар - АЗ, «Твенте», ПСВ, «Аякс» ва «Фейеноорд».

Бироқ 13та олтин медаль ПСВ (8та) ва «Аякс» (5та)га тегишли эканлиги «лолалар юрти»да ҳам мутлақ етакчилар борлигидан далолат бермоқда.

*** РФПЛ янги асрда 5та чемпион жамоа билан танишди. Рус лигаси бу борада Европадаги етакчи биринчиликлар олдида чакки эмас. Дейлик, 16 мавсумда ЦСКА 6 марта чемпион бўлди (барча лигаларнинг одатий етакчилари натижалари билан таққослаганда, энг паст кўрсаткич).

«Спартак», «Локомотив» ва «Рубин»да 2тадан «олтин» бор. «Зенит» эса 4 марта чемпионлик шаробидан баҳра олди. 2001 йилдан кейин атиги 4 марта тахт эгаси ўзгармади.

ЦСКА бу ишни 2 бора уддалаган бўлса, қолган 2та серия Бердиев бошқарувидаги «Рубин» ва Спаллетти қўл остида ўйнаган «Зенит» томонидан қайд этилди. Агар «Ростов» худди «Лестер» каби тахтга чиққанидами, Россия премьер-лигаси бу масалада АПЛдан ҳам олдинда турарди...

Умумий олганда, таҳлил учун олинган 9та биринчиликда янги асрнинг ортда қолган даврида жами 151та чемпионлик медали ўйналган ва шундан 119таси 16та клубга насиб этган.

Хулоса ўрнида айтиш керак, ҳар бир лигада 2тадан яққол етакчи бор. Демакки, янги асрда ҳамма жойда янги тенденция юзага келган - 2та кучли бренд ва қолганлар.

Ахир умумий ҳисоблаганда, 78,8 фоиз ҳолатда чемпионлик кубоги муайян жуфтликлар мулкига айланган.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz