Қайднома

Қидирув

Фотогалерея: 2018 йили катта саҳнага кўтарилиши кутилаётган 10 нафар ёш футболчи

Фотогалерея: 2018 йили катта саҳнага кўтарилиши кутилаётган 10 нафар ёш футболчи

  02.02.2018 00:18
  0
  3956
Фотогалерея: 2018 йили катта саҳнага кўтарилиши кутилаётган 10 нафар ёш футболчи

Қуйидаги фотожамланмага киритилган йигитларнинг айримлари еврофутболда маълум даражада ўзларини кўрсатишга улгуришди, қолганлари эса «кўҳна қитъа»га талпинишмоқда ёки ҳаммани ром қилиш жараёнига шайланишмоқда.

Демакки, улар жорий йил Килиан Мбаппе тарихини такрорлаб, ёрқин юлдуз мақомини олишлари ҳам ҳеч гап эмас.

10. Эсекиэль БАРКО («Индепендьенте»), 18 ёш, ярим ҳимоячи. Барко - жуссаси кичик классик ярим ҳимоячи.

Тезкор, шиддатли ва юқори дриблинг салоҳиятига эга Эсекиэль 17 ёшидаёқ «Индепендьенте» асосий таркибига қўшилиб, дарҳол мураббийлар штабини ҳайратлантирган.

Аргентиналиклар уни ёзда «Зенит»га сотишдан бош тортишди. Ижодкорликка мойил Барконинг ўзи ҳам бирданига йирикроқ клубга ўтишни мўлжалламоқда, шекилли.

9. Лаутаро МАРТИНЕС («Расинг»), 20 ёш, ярим ҳимоячи. Жанубий Америка футболида кўзга ташланган яна бир истиқболли хавбек.

Лаутаро айни пайт Авельянеданинг «Расинг» жамоаси етакчиларидан бири ва Криштиану Роналдуга кумир сифатида қарайди. Айтиш жоиз, у ҳам португалиялик юлдуз каби тезкор ва зарбаси чакки эмас. Шунингдек, ҳаводаги тўп учун курашда қойилмақом ҳаракатланади.

8. Микаэль КЮЙСАНС («Боруссия» М.), 18 ёш, ярим ҳимоячи. Менхенгладбах клуби Кюйсансни U-17 тоифасидаги Европа биринчилигидан сўнг «Нанси»дан сотиб олди.

Зеро, Микаэль ақлли ўйини ва заргарона узатмалари билан эътиборга тушганди. «Боруссия» бош мураббийи Диттер Хеккинг франциялик ёш иқтидорни тез-тез майдонга туширмоқда ва муҳими, у йўқолиб қолаётгани йўқ.

Умуман, Кюйсанс улкан салоҳиятга эгалигини исботлаб улгурди ва энди янги даражага чиқса, ажабмас.

7. Якуб ЯНКТО («Удинезе»), 21 ёш, ярим ҳимоячи. Италиянинг бу клуби Европа футбол бозорига иқтидорли ёш «товар»лар етказиб бериши билан танилган.

«Удинезе»нинг навбатдаги кашфиёти - Якуб Янкто айни пайт «Милан» ва «Ювентус» клублари эътиборида турибди. У майдон маркази ва қанотда бирдек эффектли тўп суради, ўринли дриблинг ва чиройли «пас» ҳисобига ўйинга ўзгача шиддат бағишлайди.

Мутахассисларнинг эътироф этишларича, Якуб ҳозирнинг ўзида топ-клублар асосий таркибидан жой олиш учун курашишга қодир.

6. Фрэнки де ЙОНГ («Аякс»), 20 ёш, ярим ҳимоячи. Фрэнкининг «Аякс»да бош роллардан бирини қўлга олиб, майдон марказидаги ўйинни назорат қила бошлаганига кўп бўлгани йўқ.

Ўтган мавсум Петер Бош ўзининг «болакай» шогирдлари билан ЕЛда шов-шув кўтаргач, Каспер Дольберг, Маттейс де Лигт ва бошқалар бой клублар мўлжалига тушишди. Қарангки, Амстердамда энди янги қаҳрамонлар бош кўтаришмоқда.

Фрэнки де Йонг - техник салоҳияти баланд ва ўта шиддаткор ярим ҳимоячи. Унда айниқса, ўйинни тушуниш ва тўп узатиш маданияти яхши ривожланган. Эътибор беринг, голландиялик йигитчани ҳозирнинг ўзида кимсан Андреа Пирло билан таққосламоқдалар.

5. Янн-Фите АРП («Гамбург»), 17 ёш, ҳужумчи. «Гамбург»нинг ишлари сира юришмаяпти ва «динозаврлар»да қувониш учун асос йўқ, ҳисоби.

Хуллас, маҳаллий мухлислар фақат битта ҳолатдан хурсандлар - ёш ҳужумчи Янн-Фите чиройли ўйинлари билан келажакка умид бағишламоқда. У ЖЧ-2017 (U-17)да бундестим етакчиси ролида кўзга ташланди ва ёзда «Челси»га ўтиши мумкин эди. Бироқ якунда ватанида қолишни маъқул кўриб, катталар футболида ҳам гол ура бошлади.

Дарвоқе, Германияда балоғат ёшига етмаганларнинг соат 20:00дан кейин ишлашлари қонун асосида тақиқланган. Аммо Арп учун бу борада алоҳида енгиллик берилган ва у кечқурун бўладиган ўйинларда бемалол иштирок этиши мумкин.

4. Райан СЕССЕНЬОН («Фулхэм»), 17 ёш, ҳимоячи. Бу йигитча 16 ёшидаёқ чемпионшипда ўзини кўрсата бошлади.

Яъни ажойиб тезлигию, ўйинни яхши тушуниши билан «Фулхэм» мураббийлари ва мухлислари ишончига кирди. Мисол учун, Райан жорий мавсум доирасидаги барча учрашувларда тўлиқ ўйнамоқда. Муҳими, у ҳимояда мустаҳкам туриш баробарида ҳужумга ҳам фаол қўшилади.

3. Деотшанкюль ЮПАМЕКАНО («РБ Лейпциг»), 19 ёш, ҳимоячи. Ҳозир «қизил буқалар» орқа чизиғини франциялик (асли негериялик) йигитсиз тасаввур қилиш қийин.

Дейо фантастик жисмоний кўрсаткичларидан усталик билан фойдаланиб, айниқса, ҳаводаги курашларда устунлик қилмоқда. «Милан» ва «МЮ» - Юпамеканога кўз тикаётган катта клублар. Тўғри, лейпцигликлар уни осонгина қўйиб юбормайдилар. Дейлик, шартномасида кўрсатилган товон пули 100 млн. еврога тенг.

2. Тэмми АБРАХАМ («Суонси»), 20 ёш, ҳужумчи. «Оққушлар» АПЛ турнир жадвалининг қуйи поғоналаридан сира юқорига чиқишолмаяпти.

Бироқ жамоа «қулаган» тақдирда ҳам, Абрахам элит дивизионда қолса керак. Ҳар ҳолда, узун бўйли ҳужумчи айни пайт Уэльс клубида ижобий таассурот уйғотаётган саноқли футболчилардан бири бўлиб турибди. 7 ёшидан «Челси» академиясида шуғулланган Тэмми барча босқичларни муваффақиятли босиб ўтгач, «Бристол»да ижара келишуви асосида ўйнаб, чакки кўринмади.

У ҳозир навбатдаги ижара муддатини ўтамоқда. Тахмин қилинишича, «Челси» кейинги мавсум Абрахамни ортга қайтаради, чунки Миши Батшуайи ишончни оқламаяпти, Альваро Моратага эса муносиб рақобатчи керак.

1. Федерико КЬЕЗА («Фиорентина»). 20 ёш, ярим ҳимоячи. Италия футбол бозорининг энг сара трансфер «пироги» сифатида таърифланаётган Федерико Флоренцияда чиндан ҳам, ҳайратланарли даражада ўйнамоқда.

Никола Калинич ва Федерико Бернардескидан сўнг юқорироқ даражага кўтарилиш учун асосий  номзод ҳам айнан шу йигит. Кьеза вазиятлар яратиш босқичида ижодкорликка мойил.

Айниқса, бўш ҳудудга чиқишни қойиллатади. «Наполи» президенти Аурелио де Лаурентис бу футболчини ўз жамоасида кўрмоқчи, аммо унинг ниятига етиши осон эмас. Чунки Кьезага жиддийроқ харидорлар ҳам бор.

Абдуллохон тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz