Қайднома

Қидирув

Фотогалерея: Ўзбек футболидаги 10 иқтидор

Фотогалерея: Ўзбек футболидаги 10 иқтидор

  03.02.2018 00:13
  0
  7856
Фотогалерея: Ўзбек футболидаги 10 иқтидор

Ўзбекистон футболи ривожланган мамлакатлар қаторига кирмасада, ҳамиша иқтидорларга бой бўлган. Декабрь ойида терма жамоанинг етакчи ўйинчиларидан бири Темур Кападзе фаолиятини якунлади.

Эртами-кечми Аҳмедов ва Денисов каби футболчилар ҳам бутсаларини михга илишади. Шундай экан, уларнинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлганлар рўйхатига назар ташлашга қарор қилдик.

Қуйида 1993 йилнинг 31 декабридан сўнг туғилган иқтидорлар билан танишишингиз мумкин.

10. Игорь Чикризов

Позицияси: ҳужумчи

Прототипи: Александр Гейнрих, Педро Паулета

Туғилган санаси: 2002 йил 11 январь

Клуби: «Пахтакор» академияси.

Ўзбекистон футбол федерациясининг энг яхшиларни тақдирлаш маросимида «Йилнинг энг яхши ёш футболчиси» соврини Игорь Чикризовга насиб қилди.

Албатта, бу қарор кўплаб ўзбекистонлик мухлисларнинг ажабланишларига сабаб бўлди. Жумладан, ижтимоий тармоқларда бунга нисбатан эътирозлар кўп бўлди. Лекин ушбу совринни Жавоҳир Сиддиқовга эмас, балки Чикризовга беришларининг ўзига хос сабаблари бор.

Ўтган мавсумда 15 ёшли футболчи «Пахтакор»нинг ўсмирлар жамоаси сафида ўйнади ва кўплаб турнирларнинг энг яхшиси бўлди. Анъанавий тарзда ўтказиладиган Kaluga Junior Cup мусобақасида тўпурарга айланди. Ўсмирлар терма жамоасига эса бир қадам қолди.

9. Акром Комилов

Позицияси: чап қанот ҳимоячиси

Прототипи: Виталий Денисов, Марсело

Туғилган санаси: 1996 йил 14 март

Клуби: «Бунёдкор»

«Бунёдкор»нинг ёш ҳимоячиси Виталий Денисовнинг ўрнига биринчи номзоддир. Комилов «Бунёдкор» мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади.

Уни Денисовга тенглаштиришда сал қизишдик. Тўғри, улар бир хил позицияда тўп суришади. Лекин барибир, турлича футболчилардир.

Комилов жисмонан бироз заифроқ, шунингдек, узоққа тўп узатиш ва бош билан ўйнаш борасида Виталийдан ортда қолади. Бошқа тарафдан эса, прессингда яхши ишлайди ва ҳимояланишда кучли. Бир сўз билан айтганда, 4-3-3 ёки 4-2-3-1 схемасига жуда мос тушади.

8. Ҳусниддин Ғофуров

Позицияси: ўнг қанот вингери

Прототипи: Санжар Турсунов, Раҳим Стерлинг

Туғилган санаси: 1994 йил 29 июль

Клуби: «Локомотив»

Бу футболчининг тарихи жуда қизиқ. Биринчи лига вакили «NBU-Осиё»да ўйнаб юрган ёш футболчини Сербиянинг «Явор» (Иваница) клуби скаутлари пайқаб қолишди.

Бу камтарона клуб 3000 кишига мўлжалланган стадионда тўп суради. Хуллас, ўзгаришлар Ғофуровга ижобий таъсир қилди: у жамоа сафида яхши мавсумларни ўтказди, «Явор» билан Сербия кубоги финалига қадар етиб борди. Шундан сўнг «Младость» аъзосига айланди.

Бир неча кун олдин Ҳусниддин Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан битим тузди. «Темирйўлчилар» унинг трансферини 120 миллион евро эвазига сотиб олишди. Келажакда «Локомотив» бу футболчини хориж клубига фойда эвазига сотиб юбориши мумкин.

7. Жавоҳир Сиддиқов

Позицияси: марказий ярим ҳимоячи

Прототипи: Леонид Кошелев, Поль Погба

Туғилган санаси: 1996 йил 8 декабрь

Клуби: «Қўқон-1912»

«Кучли тўртлик»да ўйнамайдиган футболчилардан бири. Жавоҳир футбол сабоқларини «Пахтакор» академиясида ўрганган. Лекин асосий таркибга кириш қийин бўлгани учун ёш футболчи «Қўқон-1912»га йўл олди.

Нўъмон Ҳасанов қўл остида Сиддиқов ўсишда давом этди. Аста-секин захира вакилидан асосий таркиб ўйинчисига айланди. Декабрь ойида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Таиланддаги турнирда иштирок этиб, мусобақанинг энг яхши футболчиси бўлди.

6. Забиҳилло Ўринбоев

Позицияси: марказий ҳужумчи

Прототипи: Зайниддин Тожиев, Эдинсон Кавани

Туғилган санаси: 1995 йил 30 март

Клуби: «Пахтакор»

Темур Ҳакимов ва Аббос Махсталиевлардан фарқли ўлароқ, Ўринбоев руҳан бақувват. Бу футболчи ўз вақтида Италияга йўл олиши мумкин эди.

Жумладан, «Наполи» кўригида бўлиб қайтган. Унга қадар Ўринбоев «Бунёдкор» академиясида ўқиган. Ўтган мавсумда эса «Олмалиқ» ва «Пахтакор»да тўп сурди.

Шу ўринда айтиш жоизки, Забиҳилло иккита ёшлар терма жамоаси билан жаҳон чемпионати чорак финалига чиққан. Хитойда бўлиб ўтаётган U-23 Осиё чемпионатида эса Ўзбекистон терма жамоасини сардор сифатида майдонга олиб тушмоқда.

5. Азиз Ғаниев

3

Позицияси: марказий ярим ҳимоячи

Прототипи: Миржалол Қосимов, Марко Верратти

Туғилган санаси: 1998 йил 22 февраль

Клуби: «Насаф»

«Насаф» етакчиларидан бири. Ваҳоланки, Қарши жамоасида рақобат жуда кучли. Йилдан-йилга унинг ўйин­лари сони ошиб бормоқда.

Мисол учун, 2017 йилги мавсумда атиги учта учрашувда майдонга тушмади, холос. Эндигина 19 ёшга кирган футболчининг «Насаф»да етакчилардан бири экан ҳам кўп нарсани англатади.

Бир-икки йил олдин матбуотда унга «Зенит» қизиқаётгани тўғрисида хабарлар тарқаганди. Айтганча, ёш бўлишига қарамай, бугунги кунда унинг трансфери 700 минг еврога баҳоланмоқда.

4. Отабек Шукуров

Позицияси: ярим ҳимоячи

Прототипи: Азиз Ҳайдаров, Тони Кроос

Туғилган санаси: 1996 йил 22 июнь

Клуби: «Ал-Шаржа», БАА

Ёш футболчи фаолиятини «Машъал» жамоасида бошлаган. Муборакда бир мавсум тўп сурганидан сўнг «Бунёдкор» аъзосига айланди. Тошкентга келганидан кейин ҳам Отабек «қалдирғочлар» сафида йўқолиб қолмади.

Уни турли ёшдаги терма жамоаларга чорлай бошлашди. Ўзбекистон ўсмирлар термаси ЖЧда чорак финалга чиққанидан сўнг Шукуровнинг «Хоффенхайм»га ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Лекин Отабек Тошкентда қолишга қарор қилди. Яқинда футболчи озод агент сифатида БААнинг «Ал-Шаржа» клуби билан шартнома имзолади.

3. Элдор Шомуродов

Позицияси: чап қанот вингери

Прототипи: Вагиз Галиулин, ­Димитри Пайет

Туғилган санаси: 1995 йил 29 июнь

Клуби: «Ростов» (Россия)

2015 йили Элдор Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси номига даъвогарлик қилган, ўшанда соврин Достон Ҳамдамовга насиб этганди. Шомуродов эса ўз устида ишлашда давом этаверди.

Ўтган ёзда у «Ростов» аъзосига айланди. Ҳозирча рос­товликлар таркибида муваффақият қозона олмади. Бироқ бу борада футболчига эмас, балки клубга эътироз билдириш керак. Чунки бутун жамоа ёмон ўйнади.

Айни пайтда жамоани Валерий Карпин бош­қармоқда. Агар у ўзини кўрсата олса, «Ростов»нинг асосий ўйинчиларидан бирига айланишига шубҳа йўқ.

2. Икром Алибоев

Позицияси: таянч ва ўнг қанот ярим ҳимоячиси

Прототипи: Темур Кападзе, Н`Голо Канте

Туғилган санаси: 1994 йил 9 январь

Клуби: «Локомотив»

Тез ўсаётган «темирйўлчи». У «Локомотив» нима эканини болалигидан билади. Ёш ярим ҳимоячи ўз иқтидори билан ажралиб туради.

Бироқ уни ёшлар термасига унчалик кўп чақиришмаган. Миллий жамоа ҳақида ҳам шундай деса бўлади. Кападзе кетганидан сўнг унинг ўрнини айнан Алибоев эгалласа керак. Ўзбек футболи эса бундан фақат ютади.

1. Достонбек Ҳамдамов

Позицияси: қанот ярим ҳимоячиси

Прототипи: Марат Бикмаев, Марко Ройс

Туғилган санаси: 1996 йил 24 июль

Клуби: «Бунёдкор»

2015 йили ҳам Ҳамдамовнинг келажаги порлоқ экани ҳақида гаплашгандик.

Осиё Чемпионлар Лигаси бошланишидан олдин ОФК расмий сайтида Достон турнирда ўзини кўрсатиши мумкин бўлган футболчилар қаторига киритилганди. Ўзбекистон чемпионатида эса у 14та гол уриб, тўпурарлар баҳсида учинчи бўлди.

Евдоким РАИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz