Қайднома

Қидирув

Футбол шайдосига айланган машҳур инсонлар (фотогалерея)

Футбол шайдосига айланган машҳур инсонлар (фотогалерея)

  03.02.2018 06:24
  0
  2806
Футбол шайдосига айланган машҳур инсонлар (фотогалерея)

УЕФА расмий сайти Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумида нимчорак финалга йўл олган клубларга ишқибозлик қиладиган машҳур шахслар ҳақида мақола тайёрлади.

Ушбу рўйхатдан хонандалардан тортиб, актёрларгача, шунингдек, спортнинг бошқа турлари вакиллари ҳам ўрин олишган. Демак, улар билан танишамиз.

«ЮВЕНТУС»: Лучано Паваротти. 2007 йил вафот этган афсонавий тенор бутун умри давомида «Юве»га мухлислик қилган.

3

«Бу клубга 50-йилларда, болалик пайтимдаёқ меҳр қўйганман. Ўшанда туринликлар ўйин ўтказиш учун бизнинг Моденага ташриф буюришганди, - деганди Паваротти интервьюларининг бирида.

- Ҳамиша «Ювентус»нинг улуғвор ва латофатли ўйин услубини юксак қадрлаганман. Айнан шу сабабли жамоага «кекса синьора» номи берилган».

Шунингдек: Эмили Ратаковски (модель), Эрос Рамазотти (хонанда)

«ТОТТЕНХЭМ»: Руперт Гринт. Гарри Поттер ҳақидаги фильмда Рон Уизли ролини ўйнаган актёр мунтазам равишда «шпорлар» ўйинига ташриф буюради.

«Бир вақтлари бобомнинг стадионда алоҳида ўриндиғи бўларди, шу боис туғилганимдан буён «Тоттенхэм»га ишқибозлик қиламан», - дейди Гринт.

Шунингдек: Иан Торп (сузувчи), Фил Коллинз (хонанда), Шанайя Твейн (хонанда)

«БАЗЕЛЬ»: Рожер Федерер. Теннис афсонаси - қадрдон шаҳри жамоасининг фидойи мухлисларидан бири, бўш вақти топилса, бу клубнинг барча ўйинларини стадиондан кузатади

. Боз устига, Федерер тақвим тузиш чоғида «Базель» учрашувлари пайтини ҳам инобатга олади. «Бу жамоа стадионида ҳар доим қалбимни ўзгача ҳиссиётлар чулғайди.

2002 йили ушбу клубнинг узоқ йиллик танаффусдан сўнг чемпионликка эришганига гувоҳ бўлганман, - дейди теннисчи. - Бошқа мамлакатларга борганимда, «Базел»га ТВ орқали ишқибозлик қиламан».

«МАНЧЕСТЕР СИТИ»: ака-ука Галлахерлар. «Сити»нинг уй учрашувлари пайти кўпинча Oasis рок-гуруҳининг қўшиқлари янграйди.

Бу гуруҳ Манчестерда туғилган, «шаҳарликлар»нинг ашаддий мухлислари Лиам ва Ноэл Галлахерлардан ташкил топган. Улар ҳамиша «Манчестер Сити» учрашувларини стадиондан кузатишади. Аммо 2009 йили гуруҳ вакиллари можароли тарзда тарқалиб кетишгач, алоҳида трибуналардан жой оладиган бўлишган.

«1971 йили илк бор футбол кўргани боргандим. Отам мени «Сити» - «Ньюкасл» баҳсини кузатиш учун «Мейн Роуд» стадионига олиб борганди, - дейди Ноэл. - Ўшандан буён «шаҳарликлар»га мухлислик қиламан».

Шунингдек: Рикки Хаттон (бокс­чи)

«ПОРТУ»: Сара Сампайю. Португалиялик топ-модель жонажон шаҳри жамоаси ишқибози экани ҳақида интервьюларининг бирида айтиб ўтганди.

«Мен портуликман, шимолданман, бизнинг жамоа жаҳондаги энг яхшиси», - деганди Сампайю. Бир сафар Сара ижтимоий тармоқлар орқали «Менда «Порту» футболкаси йўқ», деб ёзганида, клубдан дарҳол жавоб олганди: «Либос тайёр ва сизни кутмоқда. Уни олиб кетгани қачон келасиз?».

Сампайю чақирилган жойга дарҳол етиб борди, «Порту» музейига ташриф буюриб, «аждарлар»га меҳри ўзгача эканини яна бир карра исботлади.

Шунингдек: Тьягу Монтейру (автопойгачи), Белмиру де Азеведу (бизнесмен)

«ЛИВЕРПУЛЬ»: Сэмюэл Л. Жексон. Голливуд юлдузи «Формула 51» фильмининг Ливерпулдаги съёмкаси даврида мерсисайдликлар мухлисига айланган.

«Ливерпулга боргунимга қадар тузукроқ футбол ўйинига гувоҳ бўлмагандим, - дейди 68 ёшли актёр. - Бу ерда эса стадионда кўп вақтимни ўтказиб, You~ll Never Walk Alone қўшиғига жўр бўлдим».

Шунингдек: Майк Майерс (актёр), Dr. Dre (рэпер), Дэниел Крэйг (актёр), Каролина Возняцки (теннисчи)

«СЕВИЛЬЯ»: Пас Вега.

Голливуд ва Испания фильмлари орқали шуҳрат қозонган актриса Севильяда ўсиб-улғайган ва ҳар гал қадрдон шаҳрига келганида, «Рамон Санчес-Писхуан» аренасидаги президентларга ажратилган ўриндиқда «Севилья» ўйинларини томоша қилади.

«МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД»: Усэйн Болт. Сайёрамизнинг энг тезкор кишиси «қизил иблислар» сафида Рууд ван Нистелройнинг ўйинини кўргач, ушбу клубга меҳр қўйган.

«Айнан голландиялик ҳужумчи туфайли «МЮ» учрашувларини кузатишни бошлаганман, - дейди ямайкалик спортчи. - Ўшандан буён бу жамоага мухлислик қилиб келаман. «Манчестер Юнайтед»да турли даврларда буюк ўйинчилар тўп суриб, ўз ишларини аъло даражада уддалашган».

Шунингдек: Рори Макилрой (гольфчи), Дрейк (рэпер), Рианна (хонанда)

«РЕАЛ»: Рафаэль Надаль. Гарчи Надалнинг тоғаси 90-йиллар ўрталарида «Барселона» сафида 200тадан ортиқ ўйин ўтказган бўлсада, теннис юлдузи «Реал» ихлосмандига айланган.

«Катта шлем» туркумидаги 14та соврин соҳиби турнирлар билан банд бўлмаса, мунтазам равишда «Сантьяго Бернабеу»га келади. Бир сафар Надалга ушбу клуб президенти бўлишни хоҳлаш-хоҳламаслигини сўрашганида у шундай жавоб берганди: «Келажакда воқеалар қандай ривож топишини ҳеч ким билмайди». Шундай экан, янгиликларни кузатамиз.

Шунингдек: Женнифер Лопес (хонанда), Серхио Гарсия (гольфчи), Пенелопа Крус (актриса)

«ПАРИ СЕН-ЖЕРМЕН»: Тедди Ринер. Дзюдо бўйича икки карра олимпия чемпиони ҳамда оғир вазнда саккиз карра жаҳон чемпиони «ПСЖ» клубининг дзюдо секцияси аъзоси ҳисобланади.

У мазкур жамоа иштирокидаги баҳсларнинг деярли барчасини бевосита стадиондан томоша қилади. «Роналдиньо тўп сурган даврни ёддан чиқармайман, - дейди Ринер. - У ҳамон менинг кумирим саналади. Бу футболчининг ўз ишига ёндашиши менга илҳом бағишлайди».

Шунингдек: Николя Саркози (Франция собиқ президенти)

«ШАХТЁР»: Сергей Бубка. Луганскда туғилган спортчи 15 ёшида машғулот ўтказиш учун Донецкка келганди.

Сеул Олимпиадаси чемпиони тарихда биринчи бўлиб 6 метр баландликка сакраганди. Унинг очиқ стадионда қайд этган рекордини (6,14 м) мана 20 йилдирки, ҳеч ким янгилай олмаяпти. «Болалигимда футболчи бўлишни хоҳлаганман.

Спортнинг бу турига ҳамон ишқибозлик қиламан, 1979 йилдан буён «Шахтёр» мухлисиман», - дейди Бубка. Бугунги кунда Халқаро олимпия қўмитаси ижроқўми аъзоси ва ИААФ биринчи вице-президенти лавозимида ишлаётган Бубканинг фикрича, донецкликларга бош мураббийлик қилганлар орасида Мирча Луческуга етадигани йўқ.

«РОМА»: Моника Белуччи. Рим грандига ишқибозлик қиладиган машҳурлар орасида Моника Белуччи ҳам бор.

«Мен «Рома мухлисасиман. Франческо Тоттини яхши биламан, аммо ростини айтсам, у мен танийдиган ягона футболчи», - дейди ўтмишнинг мафтункор актрисаларидан бири.

Шунингдек, композитор Эннио Морриконе ҳам «Рома» ихлосманди. «Римда туғилганлар фақат «Рома»га мухлислик қилади, - дейди «Оскар» мукофоти соҳиби.

- Акамга «Лацио»га ишқибозлик қилмоқчилигимни айтганимда, отамдан тузуккина дакки эшитгандим. У бир-иккита сўз билан «Рома»да эҳтирос ва куч мужассам эканини тушунтириб қўйганди».

«ЧЕЛСИ»: Уилл Феррелл. «Шунчаки, битта ўйинни кўргани келганимда, менга шарф совға қилишди, кейинчалик футболка жўнатишди, - дейди машҳур актёр.

- Уларни бир неча марта таққач, «Челси» ишқибозига айландим. Менга кўк ранг ёқади».

Шунингдек: Оуэн Уилсон (актёр), Деймон Албарн (Blur гуруҳи солисти), Мортен Харкет (A-Ha гуруҳи солисти)

«БАРСЕЛОНА»: Кобе Брайант. Собиқ МБА юлдузи ўзининг энг севимли футбол клуби сифатида «Барселона»ни қайд этган.

Ўз навбатида Брайант «Милан»ни ҳам ёқтиришини таъкидлаган. «Агар қўлимни беихтиёр кесиб олсам, сиз тўрт хил рангдаги қонга гувоҳ бўлишингиз мумкин: дастлаб кўк-анорранг, сўнгра қизил-қора», - дейди баскетболчи.

Шунингдек: Шакира (хонанда), Снуп Догг (рэпер)

«БАВАРИЯ»: Нико Росберг. «Формула-1» юлдузининг онаси анчадан буён Дортмунднинг «Боруссия»сига мухлислик қилади, аммо Никонинг ўзи Мюнхен гранди ишқибози саналади.

Росберг «Бавария»нинг кўплаб ўйинчилари билан шахсан таниш, улар ҳамроҳлигида реклама ролигида суратга тушишга ҳам улгурган. Болиди трасса бўйлаб ҳаракатланаётганда у «Бавария» мадҳиясини куйлаган, мусиқа эса хитойлик машҳур пианиночи Лан Лан томонидан ижро этилган.

Шунингдек: Борис Беккер (теннисчи), Магдалена Нойнер (биатлончи)

«БЕШИКТОШ»: Вигго Мортенсен. «Узуклар ҳукмдори фильмида Арагорн ролини қойилмақом тарзда ижро этган актёр илк бор «Иненю» стадионига 2012 йили ташриф буюрганди.

Жамоанинг ҳужумкор услуби ва ишқибозлари унда ёрқин таассурот қолдирганди. Мортенсен «Бешиктош» ўйинларини мунтазам кузатиб борадими? Буни ҳеч ким билмайди, лекин Вигго ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали турк клуби номини тез-тез ёдга олади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

Чемпионлар давраси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.