Қайднома

Қидирув

Лоран Блан: «Франция термаси ЖЧ фаворити эмас»

Лоран Блан: «Франция термаси ЖЧ фаворити эмас»

  03.02.2018 03:38
  0
  99
Лоран Блан: «Франция термаси ЖЧ фаворити эмас»

1998 йилги жаҳон чемпионатида Франция терма жамоаси билан зафар қучган Лоран Блан Москвага ташриф буюрди. Championat.com сайти меҳмони бўлган Франция термаси ва «ПСЖ»нинг собиқ устози ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Бундан 20 йил муқаддам жаҳон чемпионатига Франция мезбонлик қилганди...

— Ўшанда бир ой мобайнида мамлакатимиз жаҳон пойтахтига айланганди. Келаётган ёзда Россияда ҳам шундай ҳолат кузатилади.

— Ўшанда Франциянинг жаҳон чемпиони бўлишини тасаввур қилганмидингиз?

— Ҳеч ким бундай бўлади, деб ўйламаганди. Бу ерга келишдан олдин бир қатор россияликлар билан суҳбатлашдим. Уларнинг айтишича, Россия термаси кўнгилдагидек ўйин кўрсатолмаётган, жамоадан катта ютуқларни кутмаётган эканлар. Лекин барчаси мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши эвазига келишини унутмаслик лозим.

Россия шарафини ҳимоя қилаётган йигитлар ишқибозларнинг қўллашини ҳис қилишлари керак. Биз билан нималар юз берганини ҳамон эслайман. Франция термасига финалгача ҳеч ким ишонмаганди.

Турнирдан олдин мухлислар нималар дейишгани ёдимда. Лекин ғалаба қозонганимиздан сўнг бутун мамлакат кўчага чиқиб байрам қилганди. Буни унутиб бўлмайди, ўша пайтда қалбимизни ўзгача ҳиссиётлар қамраб олган.

— Айтишларича, жамоанинг ғалабасига Фабьен Бартезнинг тақир бошидан ўпишингиз сабаб бўлган экан.

— Ҳар сафар қаерга борсам, Бартезнинг кал боши ҳақида сўрашади.

— Бу одат қачон пайдо бўлганини эслай оласизми?

— Ёдимда йўқ, лекин Францияда бу одатимни севишарди. Чунки ҳар сафар унинг бошидан ўпганимда ғалаба қозонганмиз.

— Бу йил Франция термаси 20 йил олдинги муваффақиятини такрорлай оладими?

— Тўртта термани ЖЧ-2018 фаворити дейишим мумкин. Биринчиси - Бразилия. Бу жамоа ажойиб усулга эга, ишонмасангиз, таркибига бир қаранг.

Ўйинини томоша қилиб, фақат роҳатланасиз. Аргентинанинг ҳам муваффақият қозониши учун имкониятлари етарли. Агар таркибда Мессидек жаҳоннинг энг яхши футболчиси ўйнаса, ҳамиша имконият юқори бўлади.

Европадан эса Германия ва Испания термаларини алоҳида кўрсатган бўлардим. Франция эса сюрприз тақдим этиши мумкин бўлган жамоалар қаторига киради. Бельгия ҳам шундайлар сирасидан.

— Демак, ҳамюртларингизни асосий фаворитлар қаторига киритмайсиз?

— Тўғри, Франция ажойиб футболчилардан ташкил топган кучли таркибга эга. Лекин жамоа ҳали ёш.

— Франция терма жамоасининг ҳозирги устози Дидье Дешам билан кўп йиллар бирга тўп сургансиз. Унга шахсий тилакларингиз борми?

— Дидьега нима тилашим мумкин? Албатта, мундиалда ғалабалар ёр бўлсин!

— Россия чемпионатини кузатиб борасизми?

— Унчалик эмас. Лекин Францияда кўплаб клубларингизни яхши танишади. Жумладан, «Спартак» ва «Динамо»ни.

— Матьё Вальбуэна «Динамо»да ўйнаганди.

— Ҳа, Матьё ўша жамоада тўп сурган! Шунингдек, «Рубин»дан «Сент-Этьен»га ўтган йигитни танийман (Янн М`Вила). Бундан ташқари, Европага довруғи кетган клубларингиз ҳам бор. Масалан, «Зенит». Бу жамоа ҳар йили еврокубокларда ўйнайди.

— Россиялик футболчилардан кимларни танийсиз?

— Кўпчилигини айтишим мумкин. Дарвозабонингиз Игорь Акинфеевни биламан. Асосан хорижда ўйнаган россиялик футболчиларни кузатиб борганман.

Валерий Карпин, Андрей Аршавин, Сергей Ребров (менимча, у украиналик бўлса керак), Роман Павлюченколарни яхши танийман. Қолаверса, «Тулуза»да бир нечта мавсумни ўтказган Вагиз Хидиятуллинни ҳам эслайман.

— «ПСЖ»ни бошқарганингизда парижликлар сафида «Динамо»нинг собиқҳимоячиси Тьяго Силва ўйнаган. У Россиядаги муаммолари ҳақида гапирганмиди?

— Унинг бирор-бир муаммоси бўлганми?

Ҳа соғлиғи билан боғлиқ: сил билан касалланган.

— Ҳа, бир неча ой госпиталда ётгани ҳақида айтганди.

— Париж жамоаси яқинда ЕЧЛ доирасида «Реал»га қарши баҳс олиб боради. Бу тўқнашувда ким фаворит?

— Бугунги кунда «Реал» жаҳоннинг энг кучли клуби.

— Мадридликлар инқироздалар. «ПСЖ» эса янги ўйинчилар учун катта пуллар сарфлашдан тўхтамаяпти.

— Футболни пул ўйнамайди. Буни яхши эслаб қолинг.

— Зидан ҳақидаги фикрингиз қандай? У кучли мураббийми?

— Албатта. Кучсиз мутахассис ЕЧЛ­да қаторасига икки марта ғалаба қозониши мумкинми?

— 2003 йили «Манчестер Юнайтед»да ўйнагансиз. Ўшанда Алекс Фергюсон Дэвид Бекхэмга бутса улоқтирганида кийиниш хонасида бўлганмисиз?

— Ҳа. Ҳаммасини жуда яхши кўрганман.

— Дэвидга оғриқли бўлганми?

— Нима деб ўйлайсиз? Ўшанда Фергюсонга Дэвиднинг ҳаракатлари ёқмаган. Бутса тўғри қошига бориб текканди.

ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.