Қайднома

Қидирув

Наманган ифтихори Одил Ҳамробеков ҳақида...

Наманган ифтихори Одил Ҳамробеков ҳақида...

  03.02.2018 08:07
  0
  2908
Наманган ифтихори Одил Ҳамробеков ҳақида...

Оқтўбедаги фожиа Наманган вилоятига қайғу олиб келганди. Зеро, ҳалок бўлган ўғлонларини тупроққа қўйиш осон эмасди. Ҳа, наманганликлар катта йўқотишдан жуда эзилиб кетдилар. Айрилиқ кўз ёшлари...

2018 йилнинг 27 январь санаси. Хитойда ёшлар ўртасида Осиё чемпиони аниқланди. Ўзбекистонлик умидли футболчилар хушхабар олиб келишди. Севинч кўз ёшлари...

Гарчи бу муваффақият ҳалок бўлган азаматларнинг ўрнини босолмаса-да, ёш футболчиларимизнинг зафари ҳаммамизга юпанч вазифасини ўтади. Бахтсиз ҳодисадан қаттиқ изтиробга тушган Наманган эса қаддини кўтарди. Бутун дунё нигоҳи Ўзбекистонга қаратилди. Бизнинг ёшларни миллиардлаб томошабинлар олқишлади. Ғоят оғир вазият ва ноқулай об-ҳаво шароитига қарамай, матонат ва жасорат кўрсатган вакилларимиз мислсиз ютуқ - мамлакатимиз тарихида илк маротаба 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати ғолиблигини қўлга киритдилар. Шу тариқа улар юртимизга, айниқса, Наманганга хурсандчилик улашдилар.

Термамиз аъзоси - Наманган фарзанди Одилжон Ҳамробеков мусобақа якунида «Энг фойдали футболчи», деб топилди. Одилжон Ўзбекистоннинг, Наманган вилоятининг, Наманган туманининг,  қўйингки, Шўрқўрғон қишлоғининг чинакам фахрига айланди. Шўрқўрғон - шоирлар қишлоғи сифатида донғи кетган. Ўктам Мирзо, Санобар Бобоназарова, Тўхтахон Раҳимова, Ўктамой Холдорова, Дилором Сотиболдиева, Носиржон Жўраев каби ижодкорлар сўз ихлосмандларига яхши таниш. Шоирлари билан мақтанадиган шўрқўрғонликлар энди Одилжондек дунёга машҳур футболчиси билан ҳам ифтихорга тўладиган бўлишди.

Шўрқўрғонга баҳор келди! «Ие, ҳали қишнинг тугашига бир ой бор-ку?!», деяётгандирсиз? Атрофда изғирин ҳукм сураётган бўлсада, қишлоқдаги манзара кўкламни эслатмоқда. Кунлар исиши ҳамоно чумолилар ер юзига ўрмалаб чиқишади. Бизда ҳам шундай бўлди. Одамлар уйидан чиқиб, кўчани тўлдирганча Ҳамробековларнинг уйи томон шошарди. Каттаю кичик ўртасидаги суҳбат мавзуси - тарихий ғалаба муҳокамаси, Одилжоннинг муваффақияти. Уч ярим ёшли ўғлимнинг ҳам «Ўзбекистон ютди! Одил ака чемпион бўлди!» дея суюнчилагани мени янада илҳомлантирди.

Уларнинг хурсандчилигига шерик бўлиб, дилдан суҳбатлашиш мақсадида файзли хонадонга чиқдим. Камтаргина ҳовли дарвозаси ланг очилган. Қаҳрамонимиз Одилжоннинг ўзи сафарда бўлса-да, уни вояга етказган, камол топишига ҳисса қўшган ота-онаси ва устозлари, ўртоқларини қишлоқ аҳли ва узоқ-яқиндан меҳмонлар қутлагани келишмоқда. Одилжоннинг дипломлари, шода медаллари, кубоклари, эсдалик совғаларини кўздан кечиришяпти. Чемпионнинг ҳамюрти бўлиш завқли ва шарафли. Фурсатдан фойдаланиб, футболчимизнинг бобоси Ҳамробек ота, отаси Соҳибжон ва онаси Раънохонларни суҳбатга тортдик.

Ҳамробек ота Юсуфжонов (чемпионнинг бобоси): - Исмим дунё бўйлаб янграганидан қувончимнинг чеки йўқ. Маҳалламиздаги меҳмонхонада (қиш фаслида ҳар куни палов ейиладиган, ёшлар ва кексалар тўпланадиган жой бизда шундай аталади) футболни бошқача қизиқиш ва дуо билан кўрдик. Ўйин тугаши ҳамоно қўшнилар, ҳамқишлоқлар, таниш-билишлар термамиз ғалабаси ва набирамнинг ютуғи сабаб хурчандликдан йиғлашганини билдиришди. Уйимизга келиб табриклашди, ҳаяжонларини яширишмади.Шўрқўрғонимизда катта байрам нишонланяпти. Насиб этса, набирамнинг келишига қўчқор сўямиз, нишонлаймиз! Яна бир гап. Одилжоннинг дадаси, яъни ўғлим Соҳибжон ҳам ёшлигида футболга хўб қизиққан. Оилавий ҳолатимиз, дала ишлари туфайли етарли шароит яратиб беролмаганмиз. Хуллас, отасининг орзусини фарзанди рўёбга чиқарди. Ўзбекистон ёшларига мухлислик қилган ҳамма футбол ишқибозларига мингдан-минг раҳмат! Вьетнамликларнинг «Ўзбеклар кучли экан!», деган сўзлари қулоғимга ўрнашиб қолди. Ичимга сиғмай кетяпман. Раҳматли Раҳимахон бувиси шу кунларни кўрмади-да. У ҳаётлигида «Кўрасиз, Одилжондан умидим бор, у машҳур футболчи бўлади!», дерди ва тинмай дуо қиларди. Набирам ажойибда, ҳар гал сафар ёки ўйиндан олдин телефон қилади, оқ йўл тилаймиз.

Соҳибжон Юсуфжонов (чемпионнинг отаси): - Ўзбекистон U-23 терма жамоаси аъзолари ишончни оқлашди. Айниқса, ўғлим Одилжондан кўнглим тўлди. 13 февралда у 22 ёшга тўлади. Аминманки, у миллий термамиз таркибидаги асосий ўйинчилар қаторида. Икки ўғил ва бир қизни тарбияладик. Фарзандим Ўзбекистон ифтихори бўлганидан бағоят хурсандман. Одилжон болалигидан спортга қаттиқ меҳр қўйганди. 2011 йили Намангандаги мусобақада «Насаф» футбол академияси мураббийлари эътиборига тушди. Шу тариқа Қаршидаги тайёрлов мактабига қабул қилинди. Тез орада жамоа кашфиёти сифатида тақдирланди. Мана, бугун терманинг фойдали ўйинчиларидан бири. Унга футболдаги илк сабоқларни ўргатган Маҳмуджон Раҳимов, «Насаф»даги устози Рўзиқул Бердиев, ёшлар термасидаги мураббийи Равшан Ҳайдаровга алоҳида раҳмат айтмоқчиман.

Раънохон Юсуфжонова (чемпионнинг онаси): - Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг фарзандларимизга йўллаган самимий табригидан бошимиз осмонга етди. Табрикномани эшитиб, тўлқинланиб кетдим. «Азиз фарзандларим!» дея бошлангани айниқса, эътиборли. Одилжон нафақат менинг, балки Ўзбекистоннинг, халқимизнинг ҳам севимли фарзанди эканлигини ҳис қилдим. Шундай ўғлим борлигидан ғурурланяпман. Уни халқимнинг дуоси асрасин, илоҳим, омадини берсин! Бошқа оналарнинг ҳам шодлигига шерикман. Ичимдан ўтаётганларни ўзим биламан. Қор ёғиб турган пайтда кечган ўйинни кузата туриб, Одилжоннинг болалиги ёдимга тушди. Қор кечиб, тўп ўйнаганларини, футболни деб болалик завқини ҳам унутгани, оромини йўқотгани, бир вақт­лари касалликка чалингани туфайли майдонга тушиши тақиқлаб қўйилгани - ҳамма-ҳаммасини, бошидан ўтган қийинчиликларни эсладим. У жамики ютуқларига машаққатли меҳнати, одоби билан эришди. У забт этган чўққи шуниси билан янада қадрлидир! Ҳа, энг бахтли оналардан бириман. Эртаю кеч қўнғироқлар бўляпти, йўқлашяпти, муборакбод этишяпти. Худди еттинчи осмонда учиб юргандекмиз. Ишонасизми, ўша куни ухлолмай чиқдик, қувонч ҳам кишини бедор қиларкан. Одилжоннинг яна бир бобоси Садриддин ота ва бувиси Раҳимахон аялар ҳамиша эзгу ният қилишдан чарчашмайди. Тўғриси, опа-сингилларимизнинг футболга қизиқмасликлари барчамизга аён. Лекин ўғлимнинг ҳурматидан қишлоғимиз, маҳалламиз аёлларининг ҳам миллионлар ўйинини томоша қилишгани мени ҳайратга солди. Кўпчилик «қор жанги» деди, менинг хотирамда эса аёлларни футбол кўришга ундаган қизиқ воқеа сифатида муҳрланиб қолди.

Шундан сўнг, Осиё чемпиони, Хитойда ўтказилган турнирнинг энг фойдали футболчиси сифатида эътироф этилган Одилжон билан телефон орқали боғланиб, унинг фикрларини сўрадик.

Одилжон Ҳамробеков (Ўзбекистон (U-23) терма жамоаси ва «Насаф» клуби ярим ҳимоячиси):

- Мазкур ғалаба жамоамиз делегацияси, ходимлар ва бизни қўллаб-қувватлаганларга аталади. Биринчи учрашувда ютқазганимиздан кейин чемпион бўлишимизга деярли ҳеч ким ишонмай қўйганди. Аммо буни уддаладик. Қорли об-ҳавода ҳам мухлисларнинг содиқлиги, халқимизнинг дуоси бизни янада руҳлантирди, ғайрат-шижоатимиз ортди. «Тойота» компанияси томонидан энг фойдали футболчига ажратилган соврин - 20000 АҚШ доллари фақат ўзимга тегишли эмас. Футбол жамоавий спорт тури, унда 11 нафар ўйинчи бирдек ҳаракат қилади. Ўйлашимча, барча шерикларим турнирнинг энг яхши футболчиси бўлишга лойиқ эдилар...

Ота-онаси, устоз-мураббийларининг таъкидлашларича, Ҳамробеков жуда яхши тарбия топган, оғир-босиқ ва мулоҳазали. Ҳар қандай вазиятни чидам билан енгади, катталарнинг танбеҳларидан ўринли хулоса чиқаради. Энг муҳими, майдонни яхши кўради, ақл билан иш тутади. Муомаласи, тинмай изланиши, устозларининг кўрсатмаларини сўзсиз бажариши - буларнинг бари унинг муваффақиятлари асосини белгилаб бермоқда, десак муболаға бўлмаса керак.

 Орифжон Жўраев

Суратда: (ўнгдан чапга) Одилбекнинг отаси Соҳибжон Юсуфжонов, бобоси Ҳамробек ота Юсуфжонов  ва волидаси Раънохон Юсуфжонова. 

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz