Қайднома

Қидирув

Ўтган ҳафта воқеалари:Рекорд, тарихий сана ва бошқача қилиқлар

Ўтган ҳафта воқеалари:Рекорд, тарихий сана ва бошқача қилиқлар

  03.02.2018 07:45
  0
  432
Ўтган ҳафта воқеалари:Рекорд, тарихий сана ва бошқача қилиқлар

Навбатдаги дам олиш кунларида европалик мухлислар янги рекорд, ёш ва натижаларга оид яхлит саналар, айрим ёввойи қилиқларга гувоҳ бўлишди.

Англия. Нуфузли соврин талвасаси

Футбол ватанида мамлакат кубоги турнирининг мақоми шунчалик юқорики, баъзан АПЛдан уик-эндни тортиб олишга ҳам қодир. Ортда қолган шанба-якшанба кунларида энг кучли тўртта дивизион вакиллари 1|16 финали доирасида майдонга тушдилар. «Ливерпул»нинг шу босқичдаёқ мусобақадан чиқиб кетиши кутилмаган шов-шувли натижа бўлди. Эътиборлиси, «қизиллар» қаторасига учинчи марта айнан шу босқичда курашни тўхтатишмоқда. Бу гал уларни «Вест Бромвич» томошабинлар сафига қўшиб қўйди. Боз устига, Юрген Клопп шогирдлари сўнгги тўрт йил ичида илк марта биринчи бўлимнинг ўзидаёқ уч марта ўйинни майдон марказидан бошлашга мажбур бўлишди. Бундан аввал «Энфилд» мезбонларини 3та гол билан «сийлаш» «Реал»га насиб этганди. Ўйинга қайтадиган бўлсак, Фирмино 5-дақиқадаёқ мезбонларни олдинга олиб чиқди. Бироқ «Вест Бромвич» тез орада иккита гол уриб, «Энфилд»да йиғилган мухлисларни карахт аҳволга солиб қўйди. 27-дақиқада Фирмино мувозанатни тиклаши мумкин эди. У пенальтини голга айлантира ололмади. Бу ҳам камлик қилганидек, танаффусга чиқиш арафасида Матип автогол соҳибига айланиб, жамоасини мушкул вазиятга солиб қўйди.

Иккинчи бўлимда Муҳаммад Салоҳ меҳмонлар дарвозасини забт этган бўлсада, мағлубиятдан қутулиб қолишнинг иложи бўлмади. Энди жамоа бор эътиборини ЕЧЛ ва АПЛга қаратиши аниқ. Шунингдек, «Вест Хэм» ҳам 3-дивизион вакили «Уиган»га имкониятни бой бериб, нуфузли турнирдан чиқиб кетди. «Тоттенхэм» камтарин «Ньюпорт Каунти» билан, «Суонси» эса «Нотте Каунти» билан дуранг қайд этиб, нимчорак финал масаласини такрорий ўйинда ҳал қиладиган бўлишди.

Манчестер грандлари эса кичикларга мурувват кўрсатишни лозим топишмади: «Йовил Таун»-«МЮ»-0:4, «Кардифф»-«Ман.Сити»-0:2.

 

Испания. «Барса»нинг навбатдаги

рекорди

2009|2010 йиллар мавсумида Хосеп Гвардиоланинг «Барселона»си дастлабки 20та учрашувни мағлубиятсиз якунлаганди. Эрнесто Вальверде машҳур касбдошидан ортда қолмасликка интилмоқда. Жорий мавсум унинг шогирдлари 21та учрашувни мағлубиятсиз ўтказишди. Ҳа, «Алавес»ни таслим этиш осон бўлмади. 23-дақиқадаги меҳмонлар голига 50-дақиқадан кейин Суарес жавоб қайтарди. Иродали ғалабани таъминлаган гол эса ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганида Месси томонидан амалга оширилди.

21-турнинг марказий беллашувида «Валенсия» «Реал»­дан йирик ҳисобда (1:4) енгилди. Натижада, «Қироллик клуби» бой берилган очколар бўйича 3-ўринга кўтарилиб олди. Беллашув аҳамиятини яхши ҳис этган меҳмонлар илк дақиқаларданоқ ташаббусни ўз қўлларига олиб, иккита пенальти ишлашга эришдилар. Роналду «нуқта»дан зарба беришда хатога йўл қўймади. Шу тариқа, португалиялик ҳужумчининг пенальтидан амалга оширган голлари 100тага етди. Танаффусдан кейин Сантьяго Лоренсо жавоб тўпини киритиб, ўйинга бўлган қизиқишни оширди. Лекин «Реал» Марсело ҳамда Тони Кросс зарбалари эвазига ғалабани мустаҳкамлаб олди. Эътиборлиси, Мадрид гранди октябрь ойидан буён илк марта сафарда зафар кучди.

Италия. ҚизиҚиш кучаймоҚда

«А» серияда Шимол билан Жануб ўртасидаги ғолиблик учун кураш тобора кескин тус олмоқда - қувлашмачоқни давом эттираётган «Ювентус» ва «Наполи» яна навбатдаги ғалабаларни қайд этишди. Шу боис, Италия чемпионати Европанинг энг қизиқарли мусобақаси бўлиб турибди. Неаполликлар биринчи дақиқадаёқ «Болонья»дан гол қабул қилган бўлишсада, ўзларини йўқотиб қўйишмади. Тўғри, Мбайенинг автоголи уларга кўмак вазифасини ўтади. Боз устига, меҳмонларнинг етакчи ўйинчиси Симоне Вардининг жароҳат олгани ҳам қўл келди. Охир-оқибат, Дрис Мартенснинг «дубл»и «Наполи»га муҳим 3 очкони келтирди.

Турин гранди эса Веронадан ишонарли ғалаба билан қайтди. Аслида «Кьево»ни енгиш осон бўлмади - чемпион рақибнинг икки футболчиси майдондан четлатилганидан кейингина дарвозага йўл топа олди. Сами Хедира ҳамда Гонсало Игуаин биттадан гол уришди. Шу тариқа аргентиналик тўпурар 706 дақиқалик «қуруқ» серияга барҳам берди. Жанлуижи Буффон эса ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлаш билан 40 ёшга тўлишига муносиб совға тайёрлади.

Учинчи поғонага кўтарилиб олган «Лацио» «Сан Сиро»да «Милан»дан мағуб бўлди. Қизиғи, римликлар анчадан бери мағлубиятсиз келишаётганди, Женнаро Гаттузо шогирдлари эса аввалги икки учрашувни ғалаба билан якунлашганди. Ниҳоят, «россонери» етакчилардан бирини енгишга муваффақ бўлди.

«Лацио» очко йўқотишидан «Интер» унумли фойдалана олмади - «нерадзурри» элитада жон сақлаб қолиш учун курашаётган СПАЛ билан дурангга имзо чекди.

 

Германия. «Бавария»дан яхлит

раҚамлар

Бундеслиганинг 20та учрашувида Мюнхен топ клуби 50 очко тўплади ва мусобақани ишонч билан бошқариб бормоқда. Шунингдек, «Хоффенхайм» устидан қозонилган ғалаба Юпп Хайнкес учун Бундеслигадаги 150-муваффақият сифатида қадрлидир. Эътиборлиси, «Альянс Арена»дагилар аввалига ҳаяжонли дақиқаларни бошдан кечиришди -  Ут ҳамда Гнабрининг аниқ зарбалари эвазига меҳмонлар 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишганди. 20-дақиқадан кейин устунлик тўлалигича майдон эгаларига қайтди ва рақиб дарвозасини 5 марта ишғол этилга эришдилар. «Бавария» ўзининг энг яқин таъқибчисини нақ 16 очкога ортда қолдирмоқда. Фарқ шуки, таъқибчи «РБ Лейпциг» эмас, «Байер»дир. «РБ Лейпциг» ўз уйида «Гамбург» билан дуранг ўйнади. «Доришунослар» эса Леверкузенда «Майнц»ни енгишди - 2:0. Штутгартдан зафар билан (2:0) қайтган «Шальке» 3-ўринга чиқиб олди.

Бундеслиганинг етакчи жамоаларидан бири бўлган «Боруссия» Д. бу турда ҳам муроса йўлини танлаш билан кифояланди. «Фрайбург»ни енголмаган жамоа ҳамон 6-поғонада бормоқда. «Боруссия» Д.нинг энг яхши тўпурари - Обамеянг бу турда майдонда тўп сурган бўлсада, ғалабани таъминлай олмади.

 

Франция. «БоҚибеҒам» «ПСЖ» ва

бошҚалар

Лиондаги мағлубиятдан ўзини йўқотмаган «ПСЖ» ҳисобот турида «Монпелье»га «мурувват» кўрсатиб, жавобсиз 4та гол билан меҳмон қилди. Эдинсон Кавани эса 11-дақиқада ҳисобни очиб, пойтахт жамоасидаги голлари сонини 157тага етказган ҳолда Ибрагимовичдан ўзиб кетди.

«Лион»нинг етти учрашувдан иборат мағлубиятсиз серияси «Бордо» вакили - Малкомнинг «қабиҳ»лиги туфайли ниҳоясига етди. Жамоаси 1:0 ҳисобида олдинга бораётганига қарамай, бразилиялик ҳужумчи рақиб жарма майдончаси ичида симуляция ишлатди. Ҳакам эса маккорлигига алданиб, «Лион» дарвозаси томон пенальти белигилади. Танаффусга қадар Марсело жавоб тўпини киритиб, фарқни қисқартирди. Бироқ меҳмонлар яна битта 11-метрли жарима зарбаси билан жазоланишди. Ёнма-ён поғоналарда бораётган «Марсел» ҳамда «Монако» ўртасидаги қарама-қаршилик турнинг марказий учрашуви ҳисобланарди. Ашаддий рақибини енга олганида, «Марсель» иккинчи ўринга кўтариларди. Бироқ князлик клуби бунга йўл қўймади. Мазкур дуранг фақатгина «Лион» манфаати учун хизмат қилди. Мазкур учлик ўртасидаги муросасиз кескинлик фақат ЕЧЛ йўлланмалари кимга насиб этишига ойдинлик киритиши мумкин. Чунки, «ПСЖ» анча илгарилаб кетган ва бу борада улар ўта хотиржам.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz