Муҳаммад Вали (Муҳаммад Маматвалиев) – адабий танқидий мақолалари, таълим ва футбол журналистикасидаги фаолияти билан кўпчиликка таниш. Ёшлар ўртасида Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатидан сўнг таниқли футбол журналистининг таассуротлари, ўй-мулоаҳазалари билан қизиқдик. Умид қиламизки, суҳбат мавзуси футбол мухлисларини бефарқ қолдирмайди.
-Муҳаммад Вали ака, ўзбек адабиётидаги нодир асарлар ҳақида «Репетитор» газетасида чот этилган янгича талқинларингизни ўқиб кўп ҳайратлаганмиз. Ардоқли шоиримиз Абдулла Орипов «Ўзбекистон» қасидаси хусусида билдирган мулоҳазаларингизни катта хурсандчилик билан асарлари еттинчи жилдига киритганда Сиз билан бирга севинганмиз. Шу кунларда муаммоли мавзулардаги мақолаларингиз ижтимоий тармоқларда тез-тез чоп этилмоқда. Айни чоғда «Интерфутбол» газетаси саҳифаларидаги мулоҳазаларингиз ҳам футбол мухлисларининг эътиборини қозонмоқда.
Келинг бошқа мавзуларни четга суриб, бугун футбол хусусида суҳбатлашайлик. Зеро, йил бошида ёзган мақолангиз бежиз «Ислоҳатлар мавсумга ҳозирланмоқда», деб номланмаганди. Нималарнидир сезганмидингиз? Ёш футболчиларимизнинг Осиё чемпионатида ғолиб чиқишлари кутилган ҳодисамиди ёки кутилмаган?
-Аслида футболчиларимизни сабр-косаси аллақачон тўлиб бўлганди. Миллий терма жамоамиз ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритиши шарт эди. Гап зўрма-зўраки уриниш хусусида бормаяпти. Одил Аҳмедов бош бўлган авлод бунга ҳар жиҳатдан лойиқ ҳисобланарди. Жаҳон чемпионати йўлланмаси сохибига айланиш учун том маънода вазият етилганди. Афсуски, футболимизнинг ўша пайтдаги мутасаддилари, мураббийлар штабининг бутун бошли футбол муҳитига қарши бориб, ўз билганидан қолмагани боис шу улуғ воқеа амалга ошмади. Энг қулай имконият бой берилаётганини футбол муҳити кўриб, билиб турди, вазиятни ўзгартиришга интилди. Аммо барча ҳаракатлар бесамар кетди. Вазият ўзгармаса, натижа хунук бўлишини футбол жамоатчилиги ўтган йил июнь ойидан бошлаб бонг урди. Футболимиз мутасаддилари эса миллион-миллион мухлисларнинг истакларини инобатга олмай, охирги учрашув натижасини, яъни сентябрни кутишди. Улар бош жамоамиз бирдан ўзгариб, ғалаба қозонишга умид боғлашди. Бошқача айтганда, икки карра икки беш бўлиши мумкин, деб ўйлашди.
Холбуки, вазият издан чиқиб улгурганди...
Хуллас, мантиқсиз илинж сабаб футболга чексиз муҳаббатли халқимизнинг олий орзуларидан бири аламли тарзда яна ортга сурилди. Ана, ўшанда футболимизнинг сабр-косаси тўлиб, тоша бошлаганди.
- Демоқчисизки, 27 январда рўй берган буюк воқеанинг асл сабаблари ўша маҳзун лаҳзалар билан изоҳланади. Худди шундай. Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик жараёнида вакилларимиз Таиланддаги халқаро турнирда қатнашишди. Футболимиздаги қотиб қолган анъанага кўра мураббийлар штаби турнирга ўйин услубини шакллантириш нуқтаи назаридан ёндашишган. Айни шундай муносабат таъсирида футболчиларимиз дастлабки баҳс 1-бўлимидан сўнг кучсиз Бирма терма жамоасига икки тўп фарқи билан ютқазишди. Вазиятни диққат билан кузатиб турган футболимизнинг янги мутасаддилари ўз вақтида бунга тегишли чора кўришди. Натижада мураббийлар штабининг турнирга муносабати бирдан ўзгарди. Ҳақиқатдан ҳам, потенциал жиҳатдан турнир ғолиблигига муносиб футболчиларнинг бемаврид тажрибалар деб кучсиз терма жамоага мағлуб бўлиб, руҳан эзилишлари ҳеч бир мантиққа сиғмасди. Қолаверса, юқорида айтганимиздек, футболимизнинг тўлиб-тошган сабр косаси Бирма термасидан енгилиш азобига бардош беролмасди. Мураббийлар штабиниинг «турли ўйин услубларини синовдан ўтказдик» қабилидаги изоҳлари ҳеч кимнинг қулоғига кирмасди. Чунки мамлакатимиз футбол мухлислари бу каби изоҳларни эшитиб чарчаганди. Энди бундай ёлғон юпанчларнинг даври ўтди. Хайриятки, футболимизнинг янги раҳбарияти масалага шундай позициядан ёндашди ва мураббийлар штаби олдига ўзгача мақсадлар қўйди, футболчиларимиз зиммасига фақат ва фақат ғолиблик миссиясини юклади. Таъбир жоиз бўлса, футболимиздаги ислоҳотларнинг бош талаби ҳам шу эди. Қарангки, моҳиятан ғолибликни соғинган, олқишларга интизор футбол дунёси учун юксак талаблар қувват ва қудрат вазифасини ўтади. Шу маънода халқимиз ғалабани кутганди ва унга ишонганди.
-Осиё чемпионатининг дастлабки баҳсида ҳам йигитлар қатарлик тенгдошларига ютқазиб қўйишди. Нима бўлди ўзи ўша учрашувда?
-Айтарли жиддий воқеа юз бергани йўқ. Мураббийлар штабини шунчаки Осиё чемпионатининг «юк»и босди. Футболимизни узоқ вақтдан буён қийнаётган ортиқча эҳтиёткорлик, таркиб ва тактика танлашда шу эҳтиёткорлик мезонидан келиб чиқиб жамоамизнинг эндигина ёрқинлашган ўйинига соя ташлади. Очиғи, қотиб қолган қолипларни синдириш осон кечмайди.
Футболдаги эски анъаналар ҳам бирдан ўчиб кетмайди. Бунинг учун зарур туртки ва вақт талаб этилади. Хитой термасига қарши учрашувдан аввал мураббийлар ва футболчиларимизга яна Таиландда уйғонган уйғотилган ғолиблик кайфияти қайтди.
-Бир мақолангизни «Уйғониш ва уйғотиш азоби» деб номлаб тараққиётнинг икки жиҳатига эътибор қаратгандингиз...
-Ҳозир биз тараққиётнинг шундай арафасида яшаяпмизки, бу жараёнда мутасаддилар уйғоқ бўлиши баробарида уйғотувчилик миссиясини ҳам бажаришади. Футболимизда ҳам шундай ҳолат кузатилмоқда.
-Узоқ кутилган ғалаба кунидан қандай таассуротлар қолди?
-Ишончим комилки, ҳар биримизда таассуротлар олам-олам. Мен бу ўринда қадрдонимиз Маъмуржон Муродовнинг таъсирчан сўзларини айтиш билан чекланаман. У кула-кула сўзладики, онаси Мавлуда опа қор қўйнида жавлон ураётган азаматларни кўргач: «Шу болаларим ютсин. Мушкуллари осон бўлсин дея дуода бўлдим» дебди кўзида ёш билан. Бу – футболга, футболчиларга алоқаси бўлмаган бир ўзбек онасининг аҳди. Алоқаси борлар қандай аҳволда бўлишганини шу биргина мисол орқали осонгина пайқайсиз.
-«Насаф» ва «Пахтакор»нинг 30 январда ўтказган учрашувлари юқоридаги мулоҳазаларингиз кўзгусида қандай кўринади?
-Ёрқин ва хира. Футболга оид бошқа адабиётлар қатори мен Маҳмаюсуф Бердиевнинг «Орзу» номли китобини ҳам тез-тез варақлаб тураман. Мавриди келганда айтай: бир қур қайта таҳрирдан ўтказилгач, шу китобни барча ёш футболчилар ва уларнинг мураббийлари мутолаа қилишлари лозим. Муаллиф – Рўзиқул Бердиевнинг акаси. Ака -уканинг футболга ёндашувида янгича мулоҳазалар яққол кўзга ташланади. Ака ҳам, ука ҳам шаклланиш жараёнида ҳозир биз «Қолип» деб таърифлаётган эскирган қонун-қоидалардан четда туришган. «Насаф»нинг ютуғи шунда. Жамоа янги шаклланаётган футбол анъанаси – ғолиблик ва яшариш руҳида ўйнади «Ал-Файсалий»га қарши. «Пахтакор» уйини ва таркибида бундай кайфият сезилмади. Баҳс якунида Осиё чемпиони Жасур Яхшибоев юзага келтирган қулай вазиятни жамоа сардори Симич кўкка совурганининг ўзиёқ кўп нарсадан далолат. Йўқ, ўша вазиятда шунчаки бир қулай вазият кўкка совурилмади, аксинча, янгиланиш йўлидан бораётган «Пахтакор» яраланган шердек наъра тортди. Ўйлаймизки, бу наъра жамоа мутасаддиларининг ҳам қалбларини титратди. Биз мухлислар ҳақида сўзламаймиз. Мағлубиятдан сўнг улар ҳамон ўзларига келишолмаяпти.
-Сўнгги уч-тўрт ой ичида футболимиздаги ислоҳотлар, чемпионат формати, мусобақаларни ўтказиш регламенти борасида амалий таклифлар билан чиқдингиз. Таклифларингизга мутасаддиларнинг муносабати қандай бўлди?
-Мутасаддиларга раҳмат. Матбуотнинг сўзига улар каби эътиборли бўлинса, жамиятимиз тараққиёти бундан-да тезлашади. Оддий футбол журналистининг чемпионат формати ва регламенти билан боғлиқ таклифининг асосий қисми мутасаддилар томонидан маъқулланиши – чинакам янгиланишдан дарак.
-Футболимиздаги қайси жиҳатлар ҳозир Сизни қониқтирмаяпти?
-Фикримизча, қониқиш ёки қониқмаслик хусусида сўз юритиш ҳозирча ноўрин. Лекин айрим мулоҳазаларни айтмасам ҳам бўлмайди. Маълумки, баъзи футболчилар ёшларини кичрайтиришгани учун футболдан четлатилишди. Ёшни кичрайтириш – 30-40 йил мобайнида илдиз отган ва бирдан йўқотиб бўлмайдиган оғриқли муаммо, яъни беш-олти футболчини фаолиятидан маҳрум қилиш бу муаммонинг ечими эмас, назаримда. Дейлик, «Бунёдкор»да туппа-тузук тўп сураётган Дилшодбек (Зокир) Аҳмадалиевнинг фаолияти чекланишидан футболимиз нима ютади. Бу футболчининг ҳаёти энди қандай кечади? Мазкур саволга аниқ жавоб излаш даркор. Гап инсон тақдири ҳақида бормоқда. Айбсиз айбдорларни жазолашдан мантиқ йўқ. Кўзбўямачилар – мурғак истеъдодларни адаштириб шу йўлга бошлаганлар. Ўтган ишга салавот. Шундай четлатиш йўлидан борилса, яна анча-мунча футболчи жавбр тортиши аниқ. Бугун шундай муаммо сабаб не-не таниқли футболчилар асл юбилейларини нишонлашдан чўчишади. Уларни тушиниш керак. Асосийси – бу хатони такрорламаслик. Қотиб қолган анъаналар футболимизнинг жонига тегди.
Демак, футболимиз тарихи биз учун сабоқ ва тараққиёт мезони бўлиб хизмат қилади.
Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20