Қайднома

Қидирув

Килиан Мбаппе: «Ҳаётим худди эртакдагидек...»

Килиан Мбаппе: «Ҳаётим худди эртакдагидек...»

  04.02.2018 03:39
  0
  1119
Килиан Мбаппе: «Ҳаётим худди эртакдагидек...»

Қарангки, ҳаётда анча эринчоқ ва дангаса эканлигини очиқ тан оладиган франциялик ёш ҳужумчи Килиан Мбаппе бир йил ичида феноменал тараққиётга эришиб, чин юлдуз даражасига кўтарилди.

Аммо у ўзини ҳамон қалбан беғубор болакайдек тутади. «ПСЖ» сафидаги «футбол марвариди» France Football мухбирлари билан суҳбат чоғи ҳам буни билинтириб қўйди...

«Ўзимни рок-юлдуздек ҳис эта бошладим, аммо...»

- Килиан, мана, 100 кундан ошдики, «ПСЖ» сафидасан. Хўш, қайси воқеани алоҳида ажратиб кўрсатасан?

- Тақдимот маросимини. Гўёки, қандайдир дарёдан сузиб ўтиб, нотаниш ўлкага тушиб қолгандек эдим. Минглаб мухлислар қаршисида ўзимни рок-юлдуздек ҳис қилдим. Матбуот анжуманига бутун олам кўчиб келгандек туюлди.

- Балки бироз қўрққандирсан...

- Йўқ. Фақат кучли ҳаяжон босди. Босим анча баланд эди ва бу ерда ўта кучли ўйин намойиш этишим шартлигини дарҳол тушундим. Мана, шундан буён тинимсиз шуғулланяпман.

- Аввалги сокин ҳаёт соғинчи борми - ошна-оғайнилар, қариндошлар...?

- Ҳа, соғинч ҳисси йўқ эмас. Дарҳақиқат, ҳозир аввалгидек хоҳлаган ишга қўл уролмайман.

- Масалан...

- Энди дўстлар билан сайрга чиқиш, қаҳвахонада бемалол чақчақлашиш имконияти йўқ. Начора, танлаган йўлим шуни тақозо этмоқда.

- Умуман, ҳозир сенга айнан нима кўпроқ етишмаяпти?

- Оддийлик, икир-чикирлар... Эрта кунда профессионаллар қаторидан жой олдимми, тенгдошларимга хос шўхликлардан воз кечишимга тўғри келади. Чунки бўш вақтнинг ўзи йўқ.

- Барвақт улғайганингдан хафа эмасмисан?

- Гарчи машғулотларда завқ-шавқ билан ишлаётган бўлсамда, катта футбол оламига эрта кирганимдан бироз афсусдаман. Кечагина 16 ёшли ғўр йигитча эдим. Илк шартнома остига имзо чекдиму, болалик дунёсидан айрилдим. Энди катталардек ўйлаш ва ишлашга мажбурман. Табиийки, бундай кескин ўзгаришга мослашиш қийин. Қайтараман, чинакам профессионаллик йўлида болаликни четга суришим шарт. Акс ҳолда, ҳеч нарсага эришолмайман.

- Янги муҳитга мослашишда нечоғли қийналяпсан?

- Осон эмас, албатта. Дейлик, ёшимга мос келмайдиган бир қатор талабларни бажаришим лозим. Масалан, шифокор кўригидан ўтиш ёки интервью бериш... Аслида дўстлар даврасида бўлиш, шаҳар бўйлаб ташвишсиз сайр қилишни исташим аниқ. Аммо футболни қаттиқ севганим учун барчасидан воз кечдим. Ҳаёт йўлини тўғри танлаш муҳим. 12 ёшга тўлгач, ота-онам олдидан кетгандим. Тўғри, баъзан иккиланганман: «Бу саргардонликларга нуқта қўйсаммикан...?» Муҳими, чидадим ва мустақил ҳаётни ўзлаштирдим. Яна бир томони, ҳозир ҳам қалбан болакайман...

«Профессионал даражага ўтгач, бирор марта йиғлаганим йўқ»

- Дам олиш кунларидан кейин ота-онанг ҳузуридан интернатга қайтишинг оғир бўлгани ҳақида ўқиганмиз.

- Ҳа, айниқса, дастлабки йилнинг ноябрь - февраль ойлари жуда қийналгандим. Қандайдир байрам муносабати билан уйга йўл олганимда, академиядан қўнғироқ қилиб, яна бир кун қолишимга рухсат беришларини кутардим. Чунки интернатда хоналар совуқ эди, шу сабаб, якшанба оқшоми уйдан чиқиб кетишда йиғлагим келарди. Муҳими, шундай шароитда табиатим шаклланди.

- Таҳсил даврида қанчалик қийналган бўлсанг, муваффақиятга шунчалик осон эришдинг, тўғрими?

- Биламан, кўпчилик шундай ўйлайди. Тўсатдан майдонга тушдиму, чемпионатда ҳам, ЧЛда ҳам голлар ура бошладим. Аслида бошқача. Футболда нимагадир эришиш йўлида қанчадан-қанча тўсиқларни енгиб ўтиш талаб этилади. Нафақат майдон, балки унинг ташқарисида ҳам муаммоларни вақтида бир ёқли қилиш керак. Айниқса, ғалабадан бошқасини тан олмайдиган Парижда ўйнаш осон эмас. Тўғри, Монакода ҳеч қачон катта қийинчиликка дуч келмаганман.

- Машҳурлик яхши, лекин салбий жиҳатлари ҳам бор - ҳаётда кўплаб тузоқларга йўлиқтиради.

- Тўғри, бир қарашда, хоҳлаган ишингни қилишинг мумкиндай, аммо амалда бошқача. Нуфузингни сақлашинг, сен ҳақингда нималар ёзишаётганини назорат остига олишинг лозим. Ҳа, пул етарли, аммо хотиржам ҳордиқ чиқаришнинг иложи йўқ. Нима дердим, кўнгилхушликларни ёзги таътилга олиб қўйганман.

- Айтишларича, авваллари арзимас сабаб туфайли аразлашиб, кўз ёши тўккан экансан....

- Тўғри, кўпинча асабларимни жиловлай олмасдим. Жиззаки табиатим туфайли муаммоларни мустақил ҳал қилолмасам, беихтиёр кўзларимга ёш келарди. Ҳозир бу масалада анча ўзгарганман.

- Қизиқ, охирги марта қачон йиғладинг?

- Йиғи-сиғини бутунлай унутганман. Ҳарқалай, профессионалга айлангач, бирор марта кўз ёши тўкмадим. Қолаверса, ҳозир муваффақиятлар қуршовидаман.

«Ҳаётим худди эртакдагидек...»

- Трансферинг 180 млн. еврога баҳолангач, ақлингни йўқотишинг ҳеч гап эмас.

- Очиғини айтайми? «ПСЖ»да ўзимни «Монако»дагидан ҳам эркинроқ ҳис этяпман. Яъни пойтахтда худди князлик клубидаги каби завқ билан тўп суряпман. «ПСЖ» айнан мен ёқтирадиган ҳужумкор ўйин услубига мойил. Бордию, лаззатланиш ҳисси йўқолса, футбол мен учун оддий меҳнатга айланади. Шунда чин исъдедодим, ҳунарларимни намойиш этолмай қоламан. Умуман, оддий ҳаётда анча дангасаман. Футболчилик йўлидаги қийинчиликлар, чекловлар ҳақида эшитишга тобим йўқ. Менимча, эрта тонгда ишга отланадиган оддий кишилар бизга нисбатан кўпроқ қийналишади. Шахсан мен бу дангасалик билан улардек ишлай олмасдим.

- 1-2 кун футболдан айро юриш фойдалими ёки...?

- Бунинг иложи йўқ. Чунки футболни хотирадан ўчириб ташлаш имконсиз. Мисол учун, ота-онам билан Диснейлендга боришим мумкин. Лекин кечқурун ТВда футбол намойиш этилади. Бу ўйин - ҳаётим мазмуни!

- Уйқудан қандай хаёллар билан уйғонасан?

- Кўзимни очишим билан миямга битта фикр келади: «Бугун яна футбол ўйнайман - қандай ажойиб!» Бунда ёзишга ҳам, ҳисоб-китобга ҳам ҳожат йўқ. Ҳаётим худди эртакдагидек.

- Майдонда доимо табассум билан тўп сурасан. Ваҳоланки, футболчиларга ғазаб, тажовузкорлик кўпроқ мосдай.

- Ўйлашимча, кўплаб футболчилар ўйинлардаги кучли босим туфайли кулишни унутиб қўйишади. Ҳа, баъзи касбдошларим табиатан жиддий қиёфага эгалар. Масалан, Каванининг юзига фақат гол урганидан кейин озгина табассум югуради. Мен эса барчасига бошқача ёндашаман: 19 ёшли йигитман, чемпион бўлдим, мана, «ПСЖ» таркибида тўп суриб, голлар уряпман. Демак, кулишга ҳақлиман!

«Ахборот бомбаси»гаайландим»

- Октябрь ойида «Олтин тўп»га даъвогар 30 нафар футболчи рўйхати эълон қилинди. Бунгача номзодлар сафидан жой олишингга ишонмаслигингни айтгандинг. Бу камтарликмиди ёки ортиқча гап-сўзлардан ҳимояланиш?

- Йўқ, чиндан ҳам, рўйхатдан жой олишга кўзим етмаганди. Машҳур касбдошларимга таъзим бажо келтираман. Балки уларга ҳурматим бундан-да баландроқдир... Ҳа, 2017 йил мен учун ўта муваффақиятли ўтди, аммо бунчалик юксак баҳо (рўйхатда 7-ўрин)га лойиқ кўрилишимни сира кутмагандим, барибир. Ахир атиги 2 йилча олдин ҳам ТВ орқали таниқли футболчилар ўйинларига ҳавас билан боқардим. Энди эса улар қаторидаман. Ҳа, футболда янги поғонага кўтарилгандекман.

- Бу ҳиссиёт қай тариқа юзага келди?

- Ҳозир муҳим беллашувлар арафасида ҳамманинг эътиборидаман. Ўзимни қандай ҳис этяпман, ўйинга тайёрманми? Мураббий, унинг ёрдамчилари, жамоадошларимни шу каби саволлар қизиқтиради. Демак, етакчилардан бирига айланиб улгурдим. Ҳаттоки, машғулотлар сифати хусусида ҳам мен билан маслаҳатлашмоқдалар. Захирада ўтирган пайт буларни орзу қилишим ҳам кулгули эди. Ўша вақт «Зўрлигингни исботла» қабилидаги танбеҳдан бошқасини эшитмасдим.

- Футболда алоҳида мақомга эришганингни қачон пайқадинг?

- Март ойида «Монако» сафида майдонга тушганимдан кейин. «Манчестер Сити» дарвозасини 2 марта ишғол этгач, кейинги учрашувларда яна 4-5та голга муаллифлик қилдим. Шундан сўнг менга муносабат кескин ўзгарди. Хусусан, матбуотда «Ахборот бомбаси» сифатида эътироф этилдим.

«рекордчи бўлиш яхши»

- «Олтин тўп»га даъвогарлар сафидан жой олгач, нуфузли совринни ким энг қисқа вақтда қўлга киритгани билан қизиқдингми?

- Ҳа, бу - бразилиялик Роналдо.

- У бу ишни катта футболдаги 2 йил ичида уддалаганди.

- Қизиқ, Роналдо совринни қўлга киритган пайт неча ёшда эди?

- 21да. Сен эса энди 19 ёшни қарши олдинг. Рекордни янгилаш - ажойиб мотивация, шундайми?

- Албатта. Демак, юксак мақсадни кўзлаб, янада жиддий ишлашим керак.

- Футболчи бўлмаганингда, нима билан шуғулланардинг?

- Мураббийлик қилардим! Фаолиятимни якунлагач, шу соҳага ўтаман. Севимли ўйиндан бирданига айрилишни сира истамайман. Яна бир режа: мураббийликни «Монако» ёки «ПСЖ»да бошлаш ниятим йўқ эмас.

Маълумот учун

Килиан МБАППЕ

Туғилган санаси ва манзили: 1998 йил 20 декабрь, Бонди шаҳри (Франция)

Амплуа бўйича: ҳужумчи

«Бонди», «Клерфонтен» ва «Монако» клублари тарбияланувчиси

Профессионал фаолияти: «Монако» - 2015-2017; «ПСЖ» - 2017-...

Ютуқлари: Франция чемпиони (2016|2017); U-19 тоифасида Европа чемпиони (2016)

Франция миллий жамоасидаги статистикаси: 10та ўйин, 1та гол

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz