Қайднома

Қидирув

Салоҳиятли, аммо жанжалкаш Набиль Фекир

Салоҳиятли, аммо жанжалкаш Набиль Фекир

  04.02.2018 06:21
  0
  1199
Салоҳиятли, аммо жанжалкаш Набиль Фекир

Минглаб мухлислар кўнглига ғулғула солиш, ўзини Лионель Мессидек намоён қилиш ва бирданига «Реал» ҳамда «Барселона»да қизиқиш уйғотиш.

Гап «Лион»нингжанжалкашваистиқболливакилиНобилФақирҳақидакетяпти. Мана, у Франция чемпионати 22-турида «ПСЖ» дарвозасига чиройли гол уриб, парижликлик суперюлдузларни сояда қолдирди.

Эслатма, ўйинда «тўқувчилар» 2:1 ҳисобидағалабақозонишди, Фақирэсабошқаҳрамонбўлди.

*** Кучли эътибор

Франция футболининг яқин келажагида Неймар ва «ПСЖ»дан бошқа «пичоққа илинадиган» мавзу юзага чиқмайдигандек кўринганди. Аммо бразилиялик юлдузнинг кўз ёшларию, инжиқликлари ва Унаи Эмерининг норозилиги - булар ўта қизиққон французлар учун камлик қилади, албатта.

«Лион» тарбияланувчиси Нобил Фақир эса шу бўшлиқни тўлдиришга уринмоқда. Жамоатчилик Нобилни катта маблағ эвазига «Барселона», «Реал» ёки бошқа гранд сафига қўшилиши кутилаётган нав-батдаги футболчи сифатида таърифламоқда. Аслида Фақирни ёрқин келажак кутаётгани ҳақида бир неча йил аввал гапира бошлагандилар.

Ўшанда ярим ҳимоячи - ярим ҳужумчи «Лион»да эндигина намоён бўлганди. Эътиборлиси, «Арсенал» скаутлари одатдагидек, ҳаммадан олдин ҳаракатга тушишди. Яъни улар дарҳол иқтидорли универсал йигитни ўз рўйхатларига киритишди.

Бироқ Арсен Венгер ўз услубига содиқ қолиб, ишни анча пайсалга солди ва бу билан истиқболли футболчини «канонир»га айлантириш фурсатини бой берди. Тушунарлики, энди Фақирни сотиб олиш анчайин қийин масала.

Ҳар ҳолда, футболчи «Реал» ва «Барселона»дек мегаклублар эътиборига тушишга улгурди. Бундай ҳолатда Фақирнинг ҳаттоки, французларни ўта эъзозловчи клуб ва мураббий чақирувига ҳам «Лаббай» жавобини бериши гумон. 

Хўш, Фақир қайси фазилатлари ҳисобига топ-клублар оромини бузди? Жавоб жуда оддий - у ҳужумкорлик бобида беназир, шунингдек, ҳар қандай позицияда бирдек тўп суриш лаёқатига эга. Табиийки, катта клублар учун бу каби хусусиятлар ўта муҳим.

Айниқса, Испания грандлари универсал футболчиларни ўзгача қадрлайди. Умуман, Фақирнинг ўзи ҳам шамол қайси томонга эсаётганию, ўйинига қизиқиш билан қараётган скаутлар қаерда ўтиришганидан хабардор ва қуёшли Испания футболига нисбатан муҳаббатини бир неча бор изҳор қилишга улгурди.

Айтиш ўринли, «Барселона» орада, яъни Филиппе Коутиньо трансфери ўхшамай турган паллада айнан Фақир номзодини жиддий кўриб чиққанди. Аммо бразилиялик футболчи охир-оқибат, «кўк-анорранг» формани кийди.

Демакки, «Лион» хўжайинлари Каталония клуби хуружидан бироз қутулишди, аммо муносиб таклиф тушган тақдирда футболчининг хизматидан осонгина воз кечишлари ҳеч гап эмас. Таназзул ёқасидаги «Реал» ҳам ҳужум ҳаракатлари учун худди шундай фаол футболчига эҳтиёж сезяпти.

Қолаверса, «Қироллик клуби» президенти Флорентино Переснинг қўллари анчадан буён қичияпти - Гарет Бэйлни сотиш пайти аллақачон келди. «ПСЖ» вакиллари - Неймар ва Килиан Мбаппени «Мадрид» томон оғдириш катта муаммо эканлигини назарда тутсак, клуб балки айнан Нобилни мўлжалга олар ҳали...

*** Жанжалкаш

Фақирнинг ўзига келсак, унинг грандлар қизиқиши хусусидаги тортишувларга нисбатан муносабатини тутаётган гулханга бензин сепишга ўхшатиш мумкин. Мисол учун, Франция чемпионати  доирасида бўлиб ўтган «Сент-Этьен» - «Лион» ўйинидаги хатти-ҳаракатини олайлик.

«Тўқувчилар» азалий рақиб майдонида чиройли ғалабага эришдилар - 5:0. Яъни мезбон жамоага заррача имконият бермадилар. Шундай ажойиб ғалабага энг катта улушни айнан Фақир қўшди - «дубль». Бироқ у 5-голни ургач, қуюшқондан бироз чиқди.

Хуллас, ўта юқори кайфиятда трибуна томон югуриб бориб, «Сент-Этьен»нинг аламзада мухлисларига либосини кўз-кўз қилди. Биласиз, Месси одатда ўз голларини шундай нишонлайди. Лекин у рақиб мухлисларига нисбатан ножўя ҳаракатни амалга оширмайди сира.

Умуман, ҳар қандай футболчи голни нишонлашда футболкасига ишора қилиши мумкин, аммо рақиб мухлислари олдида эмас. Воқеаларнинг кейинги ривожига келсак, Фақирнинг хатти-ҳаракати шундоқ ҳам азалий рақибдан шармандали мағлубият қабул қилиб олинаётганидан жиғибийрон ҳолда ўтирган «Сент-Этьен» фанатларини жунбушга келтирди ва улар дарҳол майдонга югуриб тушишди.

Натижада мағрур футболчи барчасини тезда унутиб, қочишдан ўзга чора тополмади. Шу можаро ортидан ўйин нақ ярим соат тўхтаб қолди. Табиийки, Франция матбуоти вакиллари, шунингдек, таҳлилчилар ва мухлислар нохуш воқеани кенг муҳокама қилишди, айбдор кескин жазоланиши шартлигини таъкидлашди.

Қизиқ, асосий айбдор ким? Фақирнинг голни нишонлаш ҳаракати фанатлар ғашига тегдими ёки барчасига талаб даражасида хавфсизлик чораларини кўрмаган «Сент-Этьен» раҳбарияти жавоб бериши керак? Бу борада аниқ хулоса берилмади.

Лекин факт шуки, Фақир иштирокидаги бу можаро сабаб, франциялик мухлислар Неймар атрофидаги тушунмовчилик ва гап-сўзларни бироз унутишди. Оддий айтганда, Нобил шу тариқа бразилияликни сояга сурди. Ахир ҳамма айнан уни муҳокама қила бошлади, топ-клублар қизиқиши эса умумий вазиятни янада қизитиб юборди.

*** Инқироз

Умуман олганда, Фақир шахсига нисбатан ўта катта қизиқиш иккинчи марта кузатилмоқда. Биринчиси бир неча йил олдин бўлган. Ўшанда «Арсенал» қизиқиш билан чекланиб қолганди. Ҳа, Венгернинг охирги паллада иккилангани трансферга тўсқинлик қилгани айтилди.

Аммо иккинчи томондан, Нобил оғир жароҳат туфайли сафдан чиққанди. Оқибатда «Лион» ҳужум чизиғида Александр Лаказетт ҳар жиҳатдан ёрқин ўйин кўрсатди ва Фақир ўз-ўзидан иккинчи ролга кўнди. Энди савол: ўша вақт футболчига «Арсенал»дан бошқа клублар томонидан нега қизиқиш бўлмади?

Жароҳат кичиккина сабаб, холос. Энг катта сабаб эса бошқа - франциялик футболчининг характери оғир. Айни шу масала даъвогар жамоаларни аниқ таклиф билан чиқишдан қайтаргани аниқ. Қолаверса, Нобил баъзи томонлари билан Карим Бенземани эслатарди - майдонда ўта эринчоқлик билан ҳаракатланар, ўта қулай вазиятларни ҳам тез-тез йўққа чиқарарди.

Хуллас, гоҳида  вазиятни охирига етказишни истамаётган, югуришдан эринаётган, бор кучини сарфлашга интилмаётгандек таассурот қолдирарди. Бу айниқса, ўйинига боғлиқ инқироз юзага келган пайт яққол кўзга ташланди. Лаказетт барча оғирликни ўз зиммасига олиб, клубни ортидан эргаштира бошлаган пайт Фақир аксинча, орқага кетди.

Оқибати шуки, «Лион» мухлислари унга нафрат билан қарайдиган бўлишди. Хуллас, қаҳрамонимиз орада икки мавсум кутилган даражада ўйин намойиш этолмади ва клубда фақат аввалги шуҳрати ҳисобига кун кўрди.

Муҳими, у вақтида «уйғонди», яъни жароҳатдан кейинги даврда ўзига нисбатан билдирилган салбий фикрлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, профессионал ишига муносабатини қайта кўриб чиқди.

Хусусан, юриш-туриши ҳақида ҳам алоҳида ўйлади. Оддий айтганда, ўз олдига жиддий савол қўйди: «Келажакда ким бўламан?

Фаолиятимни ўжар Хатем Бен Арфадек гоҳ ёниб, гоҳ сўниб ўтказаманми ёки тиришқоқ Бензема каби ҳар бир вазиятдан унумли фойдаланишга интилиш орқали топ-клуб ҳужумчисига айланаман...?» Кейинги воқеаларни инобатга олсак, у иккинчи йўлни танлаган кўринади.

*** Фойдали «маҳсулот»

Мана, Фақир жорий мавсум тўғри йўлни танлаганини тўла-тўкис исботламоқда. У ҳозирда «Лион»нинг бош голеадори, таянчи, юлдузи. Муҳими, тўпурарлар пойгасида Эдинсон Кавани ва Радамель Фалькао каби моҳир ижрочиларга рақобат тақдим этиш баробарида голга ассистентлик қилишни ҳам қойиллатмоқда.

Айни пайт Лига 1 турнир жадвали юқорисида «интрига» унча баланд эмас - «ПСЖ» анча илгарилаб кетишга улгурди. Аммо 22-турда «Лион» айнан Фақирнинг фаоллиги эвазига пешқадамдан 3 очко тортиб олиб, умумий рақобатни бироз кучайтиргандек бўлди.

Дарвоқе, Фақир жорий мавсум ўз фаолиятидаги энг яхши натижани қайд этаётганини ҳам айтиш ўринли. У шу кетишда чемпионат охирига қадар 25та гол маррасини бемалол забт этиш имкониятига эга. Эслатиш ўринли, Нобил 2014|2015 йиллар мавсумида 13та гол урган ва бу унинг учун шахсий рекорд бўлиб турганди.

Яна бир диққатга сазовор факт шуки, Фақир «Гол}пас» тизими бўйича кучли 5та лига вакиллари орасида 4-ўринни эгаллаб турибди. Ундан олдинда Эдинсон Кавани, Лионель Месси ва Чиро Иммобиле бор, холос. У шунинг баробарида омадли дриблинг (рақибни алдаб ўтиш)лар сони бўйича Европада 3-ўринда (Месси ва Неймардан кейин).

Ушбу статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, франциялик йигит универсал футболчи эканлигини исботлаб улгурди. Яна бир томони, Нобил нафақат самарадор, балки чиройли услубда ўйнашни ҳам ўрнига қўяди. Ҳужумда фаол ҳаракатланишдан ташқари, бир неча позицияда бемалол тўп суриш қобилиятига эга ўйинчидан нима кутиш мумкин?

Албатта, портлаш эффектини! Энг муҳими, Фақир манманлик иллатини четга суриш уддасидан чиқди. «Реал» ва «Барселона»нинг қизиқиши тўғрисидаги миш-мишлар ҳам уни янада кўпроқ ишлашга чорлаётган бўлса, ажабмас. Қаранг, айтишларича, шахсан Месси «Барселона» раҳбариятига мурожаат қилиб,

Фақирга алоҳида эътибор қаратишни сўрабди. Тўғри, Лионелнинг скаутлик бобидаги иқтидорига баҳо бериш, умуман, бу юмушларга қандай вақт топаётганини айтиш қийин. Аммо футболда «пишган» даҳоча истеъдодлар ва бўлғуси юлдузларни алоҳида кузатиб бориши тайин.

Тўғри, «Лион» ҳар қандай ҳолатда ҳам, Фақирни сотиш масаласида шошилмайди. Клуб шунинг баробарида вақтида якуний қарор қабул қилиш ҳадисини олганини унутмаслик керак. Айни пайт Нобилнинг бозордаги трансфер баҳоси 20 млн. еврога тенг. Аммо лионликлар бунга асло кўнмайдилар.

Улар харидор жамоадан камида 2 баравар кўпроқ ундиришга интилишлари ҳам аён. Футболчининг ҳозирги ўйинларидан келиб чиқиб айтсак, «Лион» трансфер нархини камида 40 «лимон»га кўтаришга ҳақли, албатта. Ахир топ-клубларнинг эътиборию, улар орасидаги рақобат трансфер баҳосига бевосита таъсир қилади.

Айтганча, Нобил ва «Лион» ўртасидаги шартнома 2020 йилгача мўлжалланган. Шундай экан, Франция клуби раҳбарияти Фақир масаласидаги таклифларга жиддий ёндашса керак. Хулоса шуки, франциялик тўпурарнинг яқин орада қайсидир гранд жамоа сафида кўрсак, ажабмас.

Албатта, у бунинг учун ўз устида ишлашдан тўхтамаслиги керак. Шундай тақдирдагина футболчига нисбатан қизиқиш даражаси пасаймайди ва у олдин кузатилган ин-қирозли даврга юз тутмайди.

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz