Қайднома

Қидирув

Ови юриб, дови ўчадиган агент - Жорже Мендеш

Ови юриб, дови ўчадиган агент - Жорже Мендеш

  04.02.2018 00:21
  0
  954
Ови юриб, дови ўчадиган агент - Жорже Мендеш

2017 йил сарҳисобига кўра, Жорже Мендеш энг яхши футбол агенти унвонига лойиқ топилди. Ажабланарли жиҳати шундаки, ўз ишининг устаси бўлган мутахассислар буюртмачиларининг олқишларига сазовор бўлишди.

Португалиялик агент эса ўз фаолияти давомида «МЮ», «Реал», «Барселона», «Манчестер Сити», «Бавария», «ПСЖ» каби грандлардан ташқари яна бир қатор жамоаларни чув туширди.

Футбол оламига қандай кириб келган?

Агар у рэпер бўлганида, ихтисоси номига Pimp ибораси қўшилган бўларди. Йўқ, бир неча йиллардан бери клубларга турли савиядаги футболчиларни рўпара қилгани учун эмас, балки ёшлигида тунги клублардаги ди-жейлик фаолияти эвазига қисқа вақт ичида унинг соҳибига айлана олгани учун. Майли, тунги клуб эмас, оддий дискотека бўлганида ҳам Мендешнинг бевосита раҳбарлиги остида фаолият юритган бўларди.

Жорженинг футболга кириб келиши ҳам тунги клубдан бошланди - у ерда дарвозабон Нуну билан танишиб, танишлари орқали «Витория»дан «Валенсия»га ўтишини таъминлади.

Ла-Коруньяда ўз ўрнини тополмаган посбон кейинчалик Россияга йўл олди. Москванинг «Динамо»сига тиқиштирилган португалиялик футболчилар ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади.

Бу трансферларга Жорже воситачилик қилганди. Қизиғи шундаки, ўнлаб футболчиларни Москвага «экспорт» қилишни уддалаган агент негадир Роналдуни Россияга жўнатмаганди.

Айтишларича, Мендеш бу борада ҳам анча ҳаракат қилган. Португалиялик ёш иқтидор соҳиби Фергюсоннинг аралашуви боис оммавий трансфердан четда қолди.

Кейинчалик сэр Алекс жамоаси бошпанасиз футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ёрқин тўп сурган ҳужумчи Бебени 8,8 млн. евро эвазига сафига қўшиб олди. Маблағнинг асосий қисми Мендешнинг киссасидан жой олди.

Бразилиялик Тьяго Сильвага эса омад кулиб боқмади - Жорженинг маслаҳати билан Москвага келган футболчи кутилмаганда сил касалига чалинди. Шифокорлар унинг ҳаёти учун тўрт ой кураш олиб боришди. Нима деб ўйлайсиз, Жорже ҳеч бўлмаганда бир марта бўлсада мижозига қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрадими? Йўқ, албатта.

Мунтазам равишда қонун бузадими?

Мендеш ва қонун-қоидалар алоҳида мавзу. Бироқ бу Португалия, Испания ва Англиядаги прокурорлар юмуши. 2017 йили Роналду Испания судида кўрсатма бериб, узун киприкларини пирпиратганча ўзини оқлади:

«Мен бир содда футболчиман, молия масаласида ҳеч нарсага ақлим етмайди, ҳатто мактабни ҳам охиригача ўқимаганман». Футболчининг гаплари тасмага ёзилиб, кенг оммага намойиш этилди.

Криштиану овозида қиролликка хос такаббурликдан асар ҳам қолмаганди. Ахир қамоқ жазоси, ҳатто шартли жазо чоралари хусусидаги дағдағалар кимга ҳам ёқарди?

Моуриньо эса шармандали югур-югурдан кўра кўпмиллионли жарималарни афзал билди. Ди Мария ҳам бу каби ташвишлардан четда қолмади. Аслида Мендеш билан ҳамкорлик қилаётган футболчи ва мураббийларнинг ўз даромадларини тегишли маҳкамалардан яширишлари янгилик эмас.

Бундан бир неча йил аввал Жорже футболчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлиш мақсадида шубҳали фирмаларга 100 млн. еврони жамғарма сифатида сарфлаганди. Унинг қонунга зид бу қилмиши ФИФА томонидан жазоландими? Албатта, йўқ!

Хамес, Коста, Ди Мария, Семеду, Отаменди ва Эдерсон каби футболчиларнинг агенти хотиржамлик билан фаолиятини давом эттирмоқда.

«Де Хеа факси» иши қалбакими?

Футбол оламидаги энг бемаъни трансферлардан бирига Роналдунинг агенти таъсир эта олармиди? Жавоб фақат назарий бўлиши мумкин. Келишувнинг амалга ошмай қолиши Мендешни мўмайгина даромаддан жудо қиларди. Лекин сезиларли ҳукмронликка эга бўларди.

Одатда, Де Хеанинг ишлари билан қариндошлари шуғулланишади. Аммо унинг «Атлетико»дан «МЮ»га ўтишида, кейинчалик «Реал» билан музокарага киришганида Мендеш раҳнамолик қилди. У Манчестерни ёқтириб қолди. «МЮ» бир нечта мижозларидан жудо бўлсада, «Сити»га 4 нафар футболчисини жойлаштирди.

Де Хеа «Реал»га отланаётган, Навас эса «МЮ» билан музокарага киришган паллада Жорже Флорентино Пересга айрим масалаларда сабоқ беришни ўринли деб топди. Оқибатда испаниялик посбоннинг Мадридга йўл олиши тўхтаб қолди. Кейинчалик Мендеш Роналду билан биргаликда Давидни кўндиришга уриниб кўрди.

Бироқ дарвозабон «МЮ»да бахтиёр эканини таъкидлаб, сўнгги умидларини пучга чиқарди. Лекин якунда Де Хеа, Перес ва «Қироллик клуби» зарар кўрди. Жорже эса ҳар қандай фокусни амалга ошира олишини Флорентинога исботлай олганидан мамнун эди.

Футболчилар нега ундан воз кечмайдилар?

Очкўзликлари, мақтов ва ваъдалар эшитишни ёқтирганликлари учун. Улар катта пул топишни ўйлашади, солиқлардан қутулиб қолиш пайида бўладилар. Лекин шу билан бирга софдил бўлиб кўринишга уринадилар. Гўёки, молиявий масалаларни ҳал қилиш - агентнинг вазифаси.

Бундан ташқари, аксарият футболчилар чиндан ҳам молиявий ва ҳуқуқий масалаларда керакли билимга эга эмаслар. Масалан, бир пайтлари «Арсенал»да тўп сурган, ҳатто Туркияда ҳам миллионлаб иш ҳақи олган Эбуэ якунда ҳеч вақосиз қолди. У барча даромадларини рафиқаси ҳисоб рақамига ўтказарди.

Энди улар ажрашиб кетишди... Хуллас, ўзини доно ҳисоблайдиганлар Мендеш каби мутахассислар учун айни муддао. Ваҳоланки, Жорже футболдаги фаолияти қонунийлигини тасдиқлайдиган бирорта ҳужжатга эга эмас. У ер юзидаги барча олғир «ишбилармонлар» каби ўзини катта тутишни, соддадил кишилар ишончига киришни ўрнига қўяди.

Мақсадга эришиш йўлида қабиҳлик қилиш, тақиқланган усуллардан фойдаланиш унга чўт эмас. Лекин Перес уддабурон агентнинг «дум»ини босиб, иккита нақд келишувни йўққа чиқарди. Акс ҳолда, Андре Гомеш «Валенсия»дан «Реал»га ўтган ва «Қироллик клуби» Пепени сотиб юборган бўларди. Шунингдек, «МЮ» ҳам Жорженинг мижозларидан воз кечди.

ФИФА агент муаммоси билан қачон шуғулланади?

ФИФА ва УЕФАда Мендешга ўхшаган мутахассислар фаолиятидан манфаатдор бўлган хизматчилар бор экан, бу каби цирк томошалари давом этаверади. «Воситачи хизматидан фойдаланиш» - шартномаларда расман қайд этилган ана шу банд шахсан Мендешга миллион-миллион даромад келтиради.

Хўш, у шунга арзийдиган қандай ишларни амалга оширмоқда? Клубларни алдамоқда. Унинг фаолиятини қисқача шундай изоҳлаш мумкин. Тан олайлик, Маруан Феллайни Бельгия билан ЖЧда тўп сурмоқчи. Шу боис, кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш учун «МЮ»дан кетишга уриняпти.

Жамоа эса Андре Гомешга муҳтож эмас. Бироқ Моуриньо Мендешнинг мижози, дўстлар эса бир-бирларига кўмаклашишлари керак. Шундай экан, «қизил иблислар» тез орада Гомешни харид қилсалар, ажабланмаймиз. «МЮ» билан алоқани тиклашга уринаётган агент асосий «кўзир»и - Моуриньодан фойдаланишга уринмоқда.

Ренату Саншешни роса мақтаб, «Бавария»га ўтказганди. Энди маълум бўлишича, футболчи «Суонси» талабларини қондиришга ҳам қодир эмас. Тўғри, у юксак иқтидор соҳиби. Лекин бир жамоада ўз ўрнини топишига имкон беришмаяпти.

Агент ўз мижозларинингқадрига етадими?

Айтганча, Мендешни «2017 йил агенти» унвонига лойиқ топишди. Ушбу юксак мақомни сақлаб қолиш учун энди Гомешни «Барса»дан «МЮ»га ўтказиши керак. Португалиялик воситачининг касбдошларидан фарқи шундаки, у айрим мижозларига «илоҳий ҳўкиз» сифатида қараса, бошқаларини «гўшт», ўта қимматбаҳо футбол гўшти ўрнида кўради.

Фалькао, Ди Мария тирик гувоҳ бўлишлари мумкин. «Барселона» ёки «МЮ»нинг услуби Гомешга мос келиш-келмаслиги уни заррача қизиқтирмайди. «Вален-  сия»га ўтказишдаги жонбозлиги ҳам футболчининг тараққиёти эмас, балки унга бўлган қизиқишни кучайтириш учун амалга оширилганди.

«Манчестер Сити»нинг ҳужум чизиғига Бернарду Силванинг етишмаётгани агентни қизиқтирмайди, Диего Коста қанча муддат бекор юрса, Жорженинг жони оғримайди. Жамоа билан ҳужумчи ўртасида можаро юзага келганида ёрдам беришни ҳатто хаёлига ҳам келтирмади.

Мендешнинг вазифаси - Роналду трансферими?

Кимдир ОАВни Роналду ва Перес ўртасидаги келишмовчиликлардан огоҳ этдимикан? Криштиануга «Реал» мухлислари танқид қиладиган бемаъни интервьюлар беришни ман этаётган ким?

Мессига янги шартнома таклиф қилинган пайтда мадридликлар Роналдунинг қадрига етмаётганликларини шипшиган-чи? Эҳтимол, бу Мендешнинг ишидир? «МЮ» ва «ПСЖ» ҳушёрлик билан Роналдуни кузатаётган паллада Жорже жим турмаслиги аниқ.

Айниқса, Неймар чиндан ҳам Мадридни орзу қилаётган бўлса. Қисқаси, номдор жамоалар ва уларнинг вакилларини масхарабозларга айлантириш эвазига мўмай даромадга эга бўлаётган агентни ҳеч ким ва ҳеч нарса қизиқтирмайди. Таажжубки, шундай мутахассис дунёдаги энг яхши агент сифатида эътироф этилди.

МАЪЛУМОТ УЧУН

ЖОРЖЕ ПАУЛУ АГОШТИНЬЮ МЕНДЕШ

Туғилган санаси: 1966 йил 7 январь (52 ёш)

Туғилган манзили: Лиссабон, Португалия

Фаолият тури: футбол агенти

1996 йили Gestao de Carreiras de Profissionais Desportivos SA ёки бошқача айтганда GestiFute International компаниясига асос солиб, бугунги кунда ушбу муассасага раҳбарлик қилиб келмоқда.

Унинг хизматидан юзлаб футболчилар фойдаланишади. Улар орасида Криштиану Роналду, Радамель Фалькао, Анхель ди Мария, Диего Коста, Хамес Родригес, Андре Гомеш сингари юлдузлар бор.

Шунингдек, Жозе Моуриньо ҳамда Луис Фелипе Сколари сингари мураббийлар ҳам Мендешнинг мижозлари ҳисобланишади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.