Қайднома

Қидирув

Профессионалмисиз? Исботланг!

Профессионалмисиз? Исботланг!

  04.02.2018 01:34
  0
  623
Профессионалмисиз? Исботланг!

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатида Японияни мағлубиятга учратиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритгандаёқ бир нарса аниқ бўлиб улгурганди - энди футболчилар камида 27 январга қадар клубига қайтиб кела олмайди. Ярим финалгача етиб келган жамоалар мусобақада охиригача қолишлари аниқ, чунки учинчи ўрин учун ҳам ўйин ўтказилиши кўзда тутилган. Биз эса ҳозир фақат финал ҳақида ўйлаймиз. Чунки Жанубий кореялик тенгдошларига қарши кечган баҳсда ҳамюртларимиз ғалаба қозонишди. Мазкур учрашув шарҳига ке­йинги саҳифаларда тўхталамиз. Ҳозирги мулоҳазамизда эса мутлақо бошқа мавзу бўйича фикр билдирмоқчимиз.

Демак, футболчиларнинг Хитойда «ушланиб қолишгани», айниқса, «Насаф» учун муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Чунки қаршиликлар 30 январда Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига ўтиш учун Иордания­нинг «Ал-Файсали» клубига қарши майдонга тушишлари лозим. Жамоа­мизнинг асосий футболчилари - Азиз ­Ғаниев, Дониёр Нарзуллаев, Одил Ҳамробеков ҳамда Бобур Абдухолиқовлар эса Ўзбекистон ёшлар термаси билан Осиё чемпионатида қатнашишмоқда. «Насаф»нинг сўнгги икки йилда ўтказган ўйинларини мунтазам кузатиб борганлар эса бу футболчилар ўз жамоаси учун қандай аҳамият касб этишидан хабардорлар.

Шунингдек, «Пахтакор» ҳам Ҳожиакбар Алижонов ва Жасур Яхшибоевлар ўз сафида бўлишини маъ­қул кўради. Аслида, бу муаммо ҳали қитъа биринчилиги бошланмай туриб  журналистлар томонидан кўтарилганди. Осиё чемпионатига йўл олиш арафасида ўтказилган матбуот анжуманида Равшан Ҳайдаровга берилган асосий саволлардан бири ҳам шу бўлди. Мураббий журналист­лар билан учрашув чоғида: «Ушбу Осиё чемпионатида на жаҳон чемпионатига йўлланма берилади, на Олимпиадага.  Боз устига, мусобақа 27 январга қадар чўзилади. «Насаф» ва «Пахтакор» эса 30 январда ОЧЛ саралашида муҳим учрашувларда майдонга тушиши лозим. Шундай экан, асосий таркиб футболчиларини Хитойга олиб кетиб, клубларимизни оғир аҳволга солиш шартмиди?», деган саволга жавоб беришига тўғри келди. «Бир нарсани тушунмайман, - деганди Ҳайдаров ўшанда. - Нима учун журналистлар Осиё чемпионатидек муҳим мусобақанинг аҳамиятини туширишни исташяпти? Ахир бутун бошли мамлакат шарафи ҳимоя қилинадиган мусобақа аҳамиятсиз бўлиши мумкинми? Биз «Насаф» ва «Пахтакор» мураббийлар штаби билан гаплашдик. Улар Осиё чемпионати қандай турнир эканини жуда яхши билишади ва футболчиларни терма ихтиёрига олишимизга асло қаршилик билдиришмади».

Мураббийнинг жавоби худди шундай бўлди. Барибир, тан олиш лозим, ўша вақтда бу масалага кўпчилик жиддий қарамаганди. Чунки Ўзбекистон U-23 Осиё чемпионатида оғир гуруҳдан ўрин олган ва 27 январдаги финал тугул, чорак финал йўлланмасини қўлга киритиши ҳам шубҳа остига олинганди. Бироқ Равшан Ҳайдаров шогирдлари бу хавотирга терс ўлароқ, вазифани аъло даражада уддалашди. Бу эса энди «Пахтакор» ҳам, «Насаф» ҳам ОЧЛ саралашида ўз футболчиларига умид қилиши анча қийин бўлишини англатади.

Аслида, клублар учун муаммо ҳозирдан бошланиб улгурган. Айтайлик, «Пахтакор» ҳимоячиси Ҳожиакбар Алижонов жароҳат олиб, Япония ва Жанубий Корея термаларига қарши кечган баҳсларда майдонга тушолмади. Демак, «Ал-Гарафа» билан ўйнай олмаслиги эҳтимоли ҳам анча юқори. Жасур Яхшибоев ҳам клуби ихтиёрига қандай ҳолатда етиб келиши аниқ эмас. Аммо «Насаф»нинг муаммолари олдида «Пахтакор»ники ҳеч нарса бўлмай қолади. Юқорида таъкидланганидек, бир қатор футболчилар ёшлар термаси ихтиёрида бўлиб турибди. Бундай вақтда мураббийлар штабининг бош оғриғи ҳам ортиши турган гап. Хўш, бу яхшими?

Албатта, ҳозир бу саволга салбий жавоб қайтарадиганлар кўп топилади. Айниқса, қаршилик мухлислар орасида. Аммо шу ўринда бир мулоҳазани ўртага ташлашга изн берсангиз - Осиё чемпионатининг ўтказилиш муддати деярли бир йил олдин маълум бўлиб улгурганди. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги жамоа йўлланмани қўлга киритганидан кейин ҳам анча вақт ўтди. Табиийки, клублар буни инобатга олган ҳолда ўз режасини тузган. Шундай экан, Рўзиқул Бердиев ҳам, Шота Арвеладзе ҳам аввалдан тараддуд кўришгани, шубҳасиз. Агар «Насаф» 30 январда Азиз Ғаниев, Одил Ҳамробеков, Бобур Абдухолиқов ва Дониёр Нарзуллаевсиз қолиб кетса ҳам, уларнинг ўрнини босадиган футболчилар тайёр. Бунга асло шубҳа йўқ.

Умуман, мазкур ҳолат клуб учун фойдали бўлиши ҳам мумкин. Чунки Ғаниев, Ҳамробеков, Абдухолиқов ва Нарзуллаевлар ўз вақтида шундай кашф этилган - мажбурликдан майдонга туширилган ва ўйнаб кетган. «Насаф» - иқтидорларни кашф этадиган макон. Шундай экан, 30 январда янги номларни майдонда кўрсак, асло ажабланмаймиз. Аммо футболчиларнинг ўзи-чи? Улар терма билан андармон бўлиб, клубдаги ўрнини йўқотиб қўймасмикан? Мана буниси энди алоҳида масала...

Ўзбек футболида бундай муаммо аввал ҳам кўзга ташланган. Мисол учун, Аббос Махсталиев, Темур Ҳакимов ва Жамшид Искандеровларни эслаб ўтиш мумкин. Аммо муаммо фақат терма жамоадами? Футболчилар яхши бўлса, нега ўз ўйини билан рақобатбардош эканини исботлай олмаяпти? Менимча, урғуни айнан мана шунга бериш лозим.

Азиз Ғаниев, Одил Ҳамробеков, Дониёр Нарзуллаев, Бобур Абдухолиқов, Жасур Яхшибоев, Ҳожиакбар Алижонов - бу футболчилар қитъа биринчилигида ўзини кўрсатмоқда. Аммо росмана профессионал эканликларини клубларида исботлашлари лозим. Осиё чемпионатидан сўнг Бердиев ҳам, Арвеладзе ҳам уларга айнан шундай имконият беришлари турган гап. Муҳими, улар бундан фойдалана олишлари лозим.

Умар БЕК


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz