Қайднома

Қидирув

«Қоп-клуб»дан топ-клубга айланаётган «Манчестер Сити»!

«Қоп-клуб»дан топ-клубга айланаётган «Манчестер Сити»!

  05.02.2018 06:29
  0
  1196
«Қоп-клуб»дан топ-клубга айланаётган «Манчестер Сити»!

«Ман Сити»нинг жорий мавсумдаги ёрқин ўйинлари - шайх Мансур сармояларининг самараси!

Клуб расмий сайти орқали эълон қилинган йиллик ҳисоботга шунчаки кўз югуртирган киши айнан шундай хулосага келади. Хорижлик касбдошларимиз эса маълумотларни синчковлик билан ўрганиб чиқишди.

«Шаҳарликлар»ни танқид қилиш ҳозирда анъана тусини олган: узоқ вақт давомида «МЮ»нинг соясида юрган жамоа кутилмаганда улкан имкониятларга эга бўлди ва ички мусобақаларда етакчилар сафига чиқиб олди. Жамоанинг ҳозирда халқаро совринлардан четда қолаётгани унга тош отаётганлар учун асосий дастак вазифасини ўтамоқда. Шайх Мансурни исрофгарчиликда айблаётган «билимдон» экспертлар асосий жиҳатни эътибордан қочирганликларига шубҳа йўқ - жамоа ўз бюджетидан четга чиқмаган ҳолда фаолият юритмоқда.

Даромад. Чипталар тушуми пасайди - нима учун?

Инглиз футболидаги серхаражат трансфер сиёсатига қарамай, «шаҳарликлар» ижобий мутаносибликни қайд этдилар. Ҳисобот йилида жамоа даромади ўтган йилга нисбатан 21 фоизга ўсиб, 473 млн. фунтни ташкил этди. Унинг 155 млн.и ТВ ҳуқуқлари сотувига, 48 млн.и УЕФА ажратмаси, 218 млн.и трансфер келишувлари эвазига тўғри келади.

52 млн. фунт эса чипталар ва атрибутика сотувидан жамғарилди. Эътиборлиси, мазкур банд бўйича тушум 2015|2016 йиллар мавсумига қараганда, ярим миллионга (252,5) пасайди. Боиси, жамоа Гвардиоланинг самарали фаолияти эвазига чипталар баҳосини кўтаришдан воз кечиб, абонентлар нархлари ҳамёнбоп бўлишига эътибор қаратди.

Энг юқори баҳо 1014, энг арзони 252 фунт бўлган вазиятда «шаҳарликлар» 299 фунт қилиб белгиладилар. Премиум тоифасидаги чипталар нархи номдор жамоаларда 2013 фунт бўлса, уларда 900 фунт. Ваҳоланки, жамоа «МЮ» даражасига кўтарилиб улгурган эмас. «Арсенал» мухлислари эса анчадан буён чипталар қимматлигидан норозилар.

Харажатлар: Маошлар ошяпти - нима қилиш керак?

Ҳисобот йилида «Сити»нинг иш ҳақи харажатлари сезиларли даражада ошди - 174 млн. фунтдан 232 млн.га кўтарилди. Шундай шароитда ҳам клуб камтарона бўлсада (1088000 фунт) соф фойдага эришди.

Яқин келажакда янги техник ҳомий билан манфаатли келишувга имзо чекиш мўлжалланмоқда: мавсум якунида Nike билан тузилган шартнома муддати тугайди, клуб Puma билан ҳамкорликни бошлайди. Натижада жамоа ҳар йили немис компаниясидан 50 млн. фунт олади. Бу Nikeнинг ҳомийлик бадалидан 2,5 бараварга кўп.

Тўғри, ҳозирча шайх Мансурнинг клуби бу борада «МЮ»дан орқада: «қизил иблислар» ҳар йили Adidas ғазнасини нақ 75 млн.га енгиллатадилар. «Ман Сити» бир неча йилдан буён ўз соҳибига зиён етказмаган ҳолда юксак натижалар ва ижобий ўзгаришларга эришаётганидан кўпчилик оддий мухлислар хабардор эмаслар.

Гап шундаки, жамоа барча йўналишларда шиддатли тараққиётга эришмоқда. Биринчи навбатда, у тақдим этаётган ҳисоботларнинг бошқа жамоалардаги қуруқ ҳужжатлардан кескин фарқ қилишини таъкидлаш жоиз.

«Шаҳарликлар» барча иқтисодий кўрсаткичларни эълон қилиш билан биргаликда масъул мутахассисларнинг изоҳларини ҳам илова қилишади. Мукаммал кўринишдаги ҳисоботда клуб фаолиятининг барча жабҳалари - болалар, аёллар футболидан тортиб, хайрия тадбирларидаги иштироккача батафсил ёритилган.

Амирликлар овози

«Йиллик ҳисоботнинг асосий вазифаси -  мухлис ва ҳамкорларни клуб тизимининг ҳар бир секторидаги вазият билан таништириш», - дейди клуб директорлар кенгашининг раиси Холдун ал Муборак. Йил якунига бағишланган маърузани ўқиб эшиттириш «Сити»нинг ижрочи директори Ферран Сорианога топширилганди.

Муборак амалда «Сити» соҳибининг овози ҳисобланиб, файлда шайх Мансур жаноби олийлари, деб номланади. Мурожаатнинг дастлабки сатрларидаёқ Холдун клубнинг иккинчи даражали муваффақиятли натижаларини санаб ўтди: сўнгги беш йил ичида жамоа АПЛ вакиллари орасида ҳаммадан кўп ғалабаларга эришди, кўп гол урди, ҳисобот мавсумида аввалги мавсумдагидан 12 очко кўпроқ тўплади.

«Мавсумни совринларсиз якунлаганимиз мухлисларимизни ранжитгани аниқ. Лекин биз бу камчиликларни сермазмун ўйинлар билан ювишга ҳаракат қилдик», - дейди Муборак.

Шунингдек, у Гвардиола раҳбарлигидаги дастлабки мавсумда бир-бирини инкор этувчи ўйинлар ҳам кузатилганини очиқ-ойдин тан олди. Якунига етган йилда Пеп ва унинг шогирдлари айнан мутасаддилар орзу қилган услубда тўп суришаётганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Қолаверса, «Сити»нинг ЕЧЛдаги ишонарли иштироки ҳам раҳбарлар кайфиятини кўтарганига шубҳа йўқ. Жамоа шу зайлда ўйнашда давом этса, жорий мавсум нуфузли совринга даъвогарлик қилишга ҳақли. Ҳисоботда бу борада маълумот берилган бўлмасада, раҳбарият мураббийдан шундай натижани кутади.

Молиявий кўрсаткичлар билан таништиришни бошлашдан аввал нотиқ клубни тарк этган футболчилар - Кабальеро, Навас, Насри, Коларов, Клиши ва Сабалеталарни тилга олиб, улардан миннатдор эканлигини изҳор этди. Шунингдек, Муборак жамоанинг ўртача ёши сезиларли даражада (28,7дан 26,4гача) ёшартирилганини ҳам мамнуният билан қайд этди.

Аёллик бахти

«Сити» қизларининг муваффақиятлари ҳақида гапирмасликнинг иложи йўқ. Жамоа ўтган мавсум «требл»га эришди: аёллар Премьер-лигаси (мағлубиятсиз), Англия кубоги ва қитъа кубоги. Қолаверса, ЕЧЛнинг ярим финалигача етиб борди. Олимпиада ва жаҳон чемпионатида  олтин медалларни қўлга киритишди.

2016 йил энг яхши аёл футболчиси америкалик Карли Ллойднинг «Хьюстон»­дан ижарага олиниши «Сити» учун тарихий воқеа бўлди. Тажрибали футболчи қизлар жамоасининг зафарларига муносиб ҳисса қўшди, мамлакат кубоги финалида «Бирмингем» дарвозасига гол урди.

Академия самараси

«Ман Сити» академиясига атиги уч йил аввал 2014 йил декабрда асос солишди. 200 млн. фунт эвазига қад ростлаган иншоотнинг очилиш маросимида Британиянинг бош ғазначиси Жорж Осборн иштирок этди.

Шу уч йил ичида «шаҳарликлар» билим маскани 9та совринни қўлга киритди: U-9 тоифасидаги болакайлар 4та, U-15 жамоаси 2та, U-10, U14 ва U-18 гуруҳлари биттадан мусобақада ғолиб чиқишди.

Эътиборлиси, турнирлар Британия, Германия, Франция ва Италия майдонларида бўлиб ўтганди. Айниқса, 18 ёшгача бўлган футбочилар муваффақияти таҳсинга лойиқ - жамоа қаторасига 21та учрашувда мағлубиятсиз серия намойиш этди.

Бу кўрсаткич Гвардиола жамоаси учун ўзига хос мотивация вазифасини ўтамоқда. Шунингдек, ёш футболчилар Шимолий дивизион чемпионлиги билан чекланиб қолмай, Англия кубоги мусобақасида финалга давр етиб бориб, фақатгина «Челси»даги тенгдошларига имкониятни бой беришди.

Академия тарбияланувчиларидан 28 нафари турли терма жамоаларда тўп суришмоқда. Шулардан 18 нафари англиялик. Бундан ташқари, академиянинг 13 нафар аёллар терма жамоалари аъзоларининг 7 нафари Англия­дан.

УЕФАнинг ўсмирлар лигасида ўзини кўрсатаётган Иброҳим Диаз, Фил Фозен ва Тосин Адарабиойо каби ёш иқтидор соҳиблари яқин келажакда Европа трансфер бозорини қизитишларига шубҳа йўқ.

Ташқи сиёсат

Клуб бирлашган Қироллик ҳудудининг ташқарисида ҳам шиддат билан ривожланмоқда. Мисол учун, 2017 йил баҳорида «Сити»нинг Football City Group компанияси Жанубий Америкада бир йўла иккита шартнома имзолади: Уругвайнинг 2-дивизион вакили «Атлетико Торке»ни харид қилди, «Атлетико Венесуэла» билан ҳамкорлик келишувига эришди.

Бу жамоалар мураббийлари Манчес­терда малака ошириб, ноёб иқтидорлар борасида «шаҳарликлар»ни тегишли маълумотлар билан таъминлаб турадилар.

Шунингдек, «Сити»нинг офислари Манчестер, Лондон, Абу-Даби, Нью-Йорк, Мельбурн, Токио, Сингапур ва Шанхайда фаолият юритмоқда. Мақсад - дунёнинг турли бурчакларидаги ноёб иқтидор соҳибларига ўз ўринларини топиб олишда ёрдам бериш. Мисол учун, австралиялик Аарон Муй «Сити» шайх Мансур тасарруфига ўтганидан кейин «Мельбурн Сити»дан харид қилинганди.

Ҳозирда АПЛга кўтарилган «Хаддерсфилд» етакчиларидан бири. Яқин келажакда «Сити» таркибидан жой олмаган тақдирда, савияли жамоалардан бирида ўз савиясини ошириши мумкин. Жамоа хайрия тадбирларида ҳам фаол.

Олти ёшдан 19 ёшгача бўлган 350000дан ортиқ хитойлик болакайлар «Сити» томонидан ташкил этилган мастер-классларда қатнашдилар. Сан-Диегодаги анъанавий турнирда 6300 нафар ўғил-қизлардан тузилган 422та (!) жамоа иштирок этди. Эътиборлиси, беллашувлар 40000дан кўпроқ мухлислар гувоҳлигида ўтди.

Мухлислар мамнун

Хуллас, «Сити» мухлислари амалдаги соҳиб фаолиятидан жуда хурсандлар. Уларнинг 98 фоизи жамоа тўғри йўлдан бораётганига шубҳа қилишмаяпти, мутасаддилар узоқ йилларга мўлжалланган улкан лойиҳани амалга ошираётганларига ишонч билдиришмоқда.

120 йиллик тарихга эга «Ман Сити» шайх Мансур даврининг ўнинчи мавсумида ўз соҳибига чемпионлик унвонини совға қилиш йўлида дадил одимламоқда.

«МЮ» мухлислари қанчалик аччиқланишмасин, факт фактлигича қолаверади: энди Манчестерда Европанинг 2та гранди фаолият юритмоқда! «Сити»нинг «қоп-клуб» эмас, топ-клуб эканини рад этишнинг иложи йўқ.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.