Қайднома

Қидирув

Футболнинг фидойи файласуфи, тўп афсунгари – Роналдиньо

Футболнинг фидойи файласуфи, тўп афсунгари – Роналдиньо

  05.02.2018 00:13
  0
  1783
Футболнинг фидойи файласуфи, тўп афсунгари – Роналдиньо

Афсус, минг афсуслар бўлсинким, инсоний фазилатлари билан тенги йўқ бўлган Роналдиньодек футбол файласуфига ўз фаолиятини фантастик тарзда якунлаш насиб этмади.

Аслида, бунданда кўпроғига муносиб футболчи эди. Моҳир ҳужумчи икки йил ишсиз қолиб, таклиф кутди. Ҳеч кимдан садо чиқмагач, суюкли касби билан расман хайрлашишга мажбур бўлди.

Хайриятки, футболни ҳаётининг асл мазмуни деб билган афсунгар стадионларга ташриф буюрган ва телеэкранлар қаршисида ўтирган миллионлаб томошабинларни футбол хасталигига мубтало қилди.

Мураббий ва жамоадошларининг ўринли ҳамда ўринсиз танбеҳларини ҳам, рақибларининг кўполликларию, ҳакамларнинг жазоларини ҳам самимий табассум билан, худди мукофотдек қабул қиладиган беозор ва ёқимтой футболчини унутиб бўладими, ахир?!

Моддий манфаатлардан холи бўлган футболда Роналдиньони нафақат фантастик финт­лари ва афсунгар зарбалари, балки ўз касбининг ҳокисор фидойиси эканлиги учун севишади.

Ҳужумчи ҳаётидан олинган бир қатор воқеалар билан танишиб чиққач, биз шунга амин бўлдик. Ўйлаймизки, мақола сизга ҳам бразилиялик футбол афсонасининг янги фазилатларини кашф этишингизда ёрдам беради.

1. Аканинг намунаси

Футболга муҳаббат қўйишида акасининг ибрат бўлганлигини Рони жуда кўп марта таъкидлаган. Роберто Гаушунинг юксак техникаси ва тезлиги укасининг мурғак қалбини ром этганди. Кўпинча у ҳовлига укасини олиб чиқар ва тўпни ерга туширмасдан неча марта зарба беришини санаб туришни илтимос қиларди.

Машғулот соатларга чўзилиб кетарди. Афсуски, тиззасидан жароҳатланган Роберто ёшлар терма жамоасидан нарига ўтолмади. Шу боис бутун оила учун бошпана вазифасини ўтаган «Гремио» совға қилган уй унинг фаолиятидаги энг катта соврин бўлиб қолди. Рони саккиз ёшга чиққанида отаси юрак хуружи туфайли оламдан ўтди.

Рони уни бир кун бўлсада, унутмади: «Отам ҳаёт бўлганида қандай футболчи бўлиб етишганимни кўришини истардим». У доимо ўз дўстларига шундай дерди: «Оиламиздаги энг зўр футболчи Роберто, деб ўйлайсизми? Йўқ, Роналдиньо! Вақти келиб, у жаҳон чемпиони бўлади!».

2. Бир ўйинда 23та гол!

13 ёшида Ронини илк марта телевизор орқали кўрсатишди. Футзал беллашуви бошланиши арафасида саф тортган жамоадошлари орасида қўнғирсоч болакай мафтункор табассуми билан яққол ажралиб турарди. Асосий томоша ҳакам ҳуштаги янграши билан бошланди.

Рони ўз рақибларини осонлик билан доғда қолдирар, гоҳ тўпни уларнинг оёқлари орасидан, гоҳ бошлари устидан ошириб дарвозага интиларди. Эртасига матбуотда қайсидир болалар жамоаси бошқа бир жамоани 23:0 ҳисоби билан мағлуб этгани ҳақида хабар пайдо бўлди.

Майдондаги ўйинчилар сонидан икки баравар кўп бўлган бу голларни бир футболчи - Роналдиньо амалга оширганди! «Мен бутун дунё танийдиган футболчи бўлишни орзу қилардим. Доимо сон-саноқсиз мухлисларимга дастхат улашаётганим, фотокамераларнинг шиқирлаши кўз олдимда гавдаланарди.

Бир ўйинда 23та гол уришнинг энг гаштли жиҳати нима эканини биласизми? Мен битта ўйин билан машҳурликка эришдим», - деганди Рони кейинчалик.

3. Оғир дамларда дўстларга ёрдам бериш

Болакай футболга шунчалик берилиб кетдики, мактабда таҳсил олишга вақт тополмай қолди. Бунинг ўрнига пляж футболи ва футзал мусобақаларида мактаб шарафини ҳимоя қилди.

Учрашувлардан кейин тўппа-тўғри уйга йўл олар ва ҳовлида кучуги билан машқ қиларди: «Тўғри, кучугим техника бобида мақтана олмасди. Лекин чарчамаслик бобида мендан устун эди», - дея хотирлайди ҳужумчи.

Рони қисқа вақт ичида «Гремио»нинг етакчи ўйинчисига айланган бўлсада, маоши жамоадошлариникидан анча кам эди. Шунга қарамай, дўстлари учун ҳеч нарсасини аямасди.

Бир куни жамоадошининг қарзга ботиб қолганидан хабар топган Рони йиғиб юрган маблағини унга сарфлаганди. «ПСЖ» сафидан жой олиш, терма жамоа билан ЖЧ-2002да шоҳсупага кўтарилиш ва Париж грандининг энг яхши ўйинчиси унвонига сазовор бўлиш орқали Роналдиньо келажаги порлоқ иқтидор соҳиби мақомидан чинакам профессионал даражасига кўтарилди.

4. «МЮ»га ўтиши мумкин эди

Ронининг сахий қалб соҳиби эканлиги у юлдуз мақомига эга бўлганидан кейин маълум бўлди. «ПСЖ» таркибидаги сўнгги беллашув якунига етгач, ҳужумчи трибунада ногиронлар аравачасида ўтирган мухлис олдига келди ва футболкасини унга совға қилди.

Ҳеч кимни бефарқ қолдирмайдиган бу видеолавҳа ҳамон YouTube хазинасини безаб турибди. Қизиғи шундаки, бир пайтлари Рони Париждан Каталонияга эмас, Манчестерга йўл олиши ҳам мумкин эди. Фергюсон вакиллари музокара учун Франция пойтахтига етиб келишганди.

Бироқ сўнгги лаҳзаларда «Барселона»дан келган таклиф масалага узи-кесил нуқта қўйди: «Ўшанда «МЮ» ўз сафига қўшиб олишга яқин турганди. Менга Сандро Росель қўнғироққилгач, шубҳага ўрин қолмади. Мен «Барса»даги буюк «Р»лар сулоласини давом эттиришга аҳд қилдим, тушуняпсизми? Роналдо, Ривалдо ва Ромариодан кейин Роналдиньо!».

6. Муҳими - ўйин

Роналдиньо яшил майдонда бошқалардан ажралиб турарди. Гап унинг тасаввурга сиғиши қийин бўлган фантастик финтлари ёки мафтункор табассумида эмас.

У футболга шунчалик ошиқи-беқарор эдики, тўп билан ўзидан бўлак бошқа нарсани тамоман ўйламасди. Атрофида юз бераётган воқеаларнинг унга дахли йўқ эди, гўё. Ҳатто ҳакам футболчилар ўртасидаги қоида бузишларни муҳокама қилаётган ва уларни карточкалар билан жазолаётган лаҳзаларда ҳам Рони тўп билан турли трюкларни намойиш этиб, мухлисларни хушнуд этарди.

Мана, бир мисол, майдон четидаги болакайлардан бири майдонга икки тўпни улоқтирди. Кўпчилик футболчилар бундай пайтда тўпни аутга тепиб юборадилар. Рони эса аксинча, тўп йўллаган болакайга самимий табассум совға қилди. Тўпни чап оёғи билан ердан кўтарди, ўнг оёғи билан илиб олиб, бир-иккита финт намойиш этди.

Кейин товонининг орқа томони билан болакай томон йўллади. Бир неча сониялик ана шу томошада унинг футболга ва мухлисларга бўлган чексиз муҳаббати тўла-тўкис намоён бўлганди. Ҳатто ўйиндан четлатишдек олий жазони ҳам Рони табассум билан қабул қиларди.

АҚШдаги тижорат турнири доирасида бўлиб ўтган «Интер»-«Милан» қарама-қаршилигида америкалик рефери унга қизил карточка кўрсатди. Ҳакамнинг ноҳақлиги яққол кўриниб турган бўлсада, ҳужумчи чурқ этмаганди.

«Агарда 4-5 соат давомида тўп сурсангиз, ҳадеб гол уравериш жонингизга тегади. Мен тўпни шундоққина дарвозага йўллаш мумкин бўлган вазиятларда ҳам аввал рақибни алдаб, кейин гол урардим», - дейди ҳужумчи.

7. Месси билан дўстлиги

Ронининг таъкидлашича, «Барселона» асосий таркиб ўйинчиларининг қатъий талаби билан Франк Райкаард Мессини ўринбосарлар таркибидан чақиришга мажбур бўлган.

Леонинг ўзи воқеани шундай хотирлайди: «Ечиниш хонасида «Барселона-В»нинг аъзолари алоҳида ўтиришарди. Бир куни Роналдиньо ёнимга келиб, унинг ёнидаги шкафни эгаллашимни айтди. Бу мен учун катта шараф эди». Шундан кейин Рони аргентиналик касбдошини қўллай бошлади.

Майдонда доимо тўпни узатиш учун Мессини қидирар, голни биргаликда нишонларди. «Барса» либосидаги илк голини Лео айнан Ронининг самарали узатмаси эвазига амалга оширганди. «Милан»га отланган бразилиялик афсунгар ўзининг «10» рақамини Мессига қолдирди.

8. «Бернабеу»даги олқишлар

Ўша тарихий оқшом воқеаларини тўлиқ тасвирлашга сўз бойлиги камлик қилади. Роналдиньо «Реал» ҳимоя­чиларини ўз «уя»ларида қандай ночор аҳволга солиб қўйганини ижтимоий тармоқдан томоша қилсангиз, сўзларимиз лоф эмаслигига амин бўласиз.

Бошқа бир факт - Андрес Иньестанинг автобиографик асаридаги мазкур «классико»га оид эътироф эса Рони ўз жамоадошларини ажойиб усулда даъват этгани ва ўзи беллашувда намуна бўлганига гувоҳлик беради: «Навбатдаги дербидан бир неча кун аввал Роналдиньо менга қўнғироққилиб, шундай деди: «Андрес, биламан, тунги соат 3да қўнғироққилиб, безовта қилдим.

Июнда «Барса»дан кетаман, акам «Реал»га ваъда берибди. Мадридликлар катта пул ваъда қилишгани учун таклифни рад эта олмадик. Мени тўғри тушунасан, деб умид қиламан. Фақат бу гапни ҳеч кимга айтма, мени сотма, илтимос. Сенга ишонганим учун сиримни очдим. Мен сенга ишонаман, Андрес! Хайрли тун».

Рони гапиришимга имкон бермади. Шундан кейин ҳамма уни ўзгача қарши оладиган бўлиб қолди. Жамоадошларим ҳам камгап бўлиб қолишганди. Рони ҳам ҳазил-мутойибани йиғиштириб қўйганди.

Ниҳоят, «Сантьяго Бернабеу»нинг ечиниш хонасида Рони «ёрилди»: «Йигитлар, бизни жуда муҳим беллашув кутмоқда. Кучли эканимизга ҳеч қачон шубҳа қилган эмасман. Лекин якдил эканимизга, худди бир оиладек аҳил жамоа эканимизга энди ишондим - мен ҳаммангизга қўнғироққилиб, жамоадан кетишимни айтгандим.

Аммо бу сирни ҳеч ким ошкор этмади! Шундан кейин жамоамиздан ҳеч қачон хоин чиқмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Сизлар билан узоқ вақт ёнма-ён тўп сураман. Энди эса «Реал»нинг додини бериш учун олға!».

9. Кўнгилхушликлар

Футбол майдонида ҳам, унинг ташқарисида ҳам лаззатланиш Роналдиньонинг ҳаёт фалсафаси эди. Спорт формаси тобида бўлган кезлари стадионда рақибларнинг додини берар, кейин тун бўйи маишат қиларди. Табиийки, бу кўнгилхушликлар футболчининг жисмоний ҳолатига салбий таъсирини кўрсатди.

Аста-секин унинг вазни оғирлашиб, шиддати ва тезлиги пасая бошлади. Тўғри, шундай пайтларда ҳам у ҳар бир ҳаракатига бор маҳоратини сарфларди. Лекин юксак савияда тўп суриш учун иқтидор билан биргаликда тинмай тер тўкиш талаб этилишини барвақт унутиб қўйди.

«Жисмоний машқлар - ўта зерикарли юмуш. Уларни ҳеч қачон суйган эмасман. Доимо майдонда тўп билан бўлишим керак. Чидамлилик муҳим хусусият. Шу сабабли зарур пайтларда кераклигича тер тўкардим», - дея тан олганди ҳужумчи.

Жисмоний ҳолати талабга жавоб бермай қолгач, Рони «Барса»ни тарк этди. Бундан ташқари, Гвардиоланинг «тики-така» услубига тўпни ушлаб турадиган, турли финт­ларни намойиш этадиган «санъаткор» ҳужумчи мос келмасди.

10. Илк иш кунидаги «прогул»

Шу тариқа Роналдиньо фаолиятида пасайиш юзага келди. «Милан»даги бир нечта рисоладагидек мавсумлардан кейин Бразилия ва Мексикада тўп сурди.

Бироқ уммон ортидаги фаолияти кўпроқ хайрия турнирларини эслатарди. Аммо шунда ҳам мафтункор табассумни йўқотмаган афсунгар ўз рақибларини осонликча алдаб ўтар, олисдан йўлланган тўпларни енгил қабул қилиб олар, жарима зарбаларини қойиллатар, қисқаси, юксак маҳоратни намойиш этарди.

Уни унута олмаган «Барселона» яқинда собиқ ҳужумчисини клуб элчиси лавозимига таклиф этди. Учрашувлар ва расмий тадбирларда у клуб номидан қатнашиши лозим эди. Хуллас, Ронининг янги лавозимдаги илк иш куни «Камп-Ноу»га йиғилган журналистлар уни кутиб туришибди... Аммо жамоа рамзидан ҳамон дарак йўқ.

Орадан икки соат ўтгач, Роналдиньонинг Бразилия пляжларидан бирида дам олаётгани ижтимоий тармоқлардан маълум бўлди. Эҳ, Рони, Рони... «Ҳа, хушрўй йигит эмаслигимни ўзим ҳам яхши биламан. Лекин майдондаги ҳаракатларим ҳаммани ром этади. Ҳар куни мен тўпни ўпиб, менга футболни совға қилган Роббимга ҳамд айтаман!».

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.