Қайднома

Қидирув

Гари Линекер: «ЖЧдаги гол – мислсиз эҳтирос»

Гари Линекер: «ЖЧдаги гол – мислсиз эҳтирос»

  05.02.2018 03:37
  0
  682
Гари Линекер: «ЖЧдаги гол – мислсиз эҳтирос»

Хабарингиз бордир, Англия футболи тарихидаги афсонавий ҳужумчилардан бири Гари Линекер ЖЧ-2018 финал босқичига қуръа ташлаш жараёнида бошловчилик ролини муносиб бажарди.

Яқинда FIFA.com сайти мухбирлари 1986 йилги мундиал «Олтин бутса»си лауреати билан алоҳида учрашиб, унинг айнан жаҳон чемпионатларига боғлиқ хотираларию, бўлажак футбол форуми хусусидаги фикрларига қизиқишди. Линекернинг айтишича, ЖЧ-2018да Англия терма жамоасидан муносиб натижа кутиш мумкин.

Айниқса, жорий мавсум голеадорлик қобилиятини тўла-тўкис намойиш этаётган Гарри Кейндан умид катта. Ўз ўрнида айтиш керак, Гари Линекер футболчилик фаолиятида ўзига хос нозик услуби билан ажралиб турарди. У шунинг баробарида рақиб жарима майдонидаги вазиятни тўғри баҳолаши эвазига кўп гол урарди.

Англия футболи фахри айни пайт Британия спорт матбуотида таниқли кишилардан бири ҳисобланади. Муҳими, «Лестер», «Тоттенхэм» ва «Барселона» клублари собиқ ҳужумчиси ҳамон омма эътиборида.

- Ўз интервьюларингизда болалигингиздан жаҳон чемпионатига катта қизиқиш билан қараганингизни кўп бора таъкидлагансиз. Шу маънода айтсак, Мексика-86 мундиалидаги иштирок фаолиятингиздаги энг ёрқин хотираларни тақдим этган бўлса керак...

- Албатта. Таркибдан жой олганимни эшитгач, қандай ҳолатга тушганим ҳамон ёдимда, аммо буни сўз билан ифодалаб беролмайман.

Тушунарлики, футбол оламининг асосий турнирида қатнашиш ҳар қандай ўйинчи учун орзу саналади. Мексика хотираларига келсак, биз жуда ноқулай об-ҳаво шароитида ўйнагандик.

Дейлик, Монтеррей шаҳрида ҳаво ҳарорати 43 даража иссиқ эди. Шунчаки, даҳшат - мислсиз жазирама. Афсонавий «Ацтека» майдонига тушганимизда эса, ўзимизни йўқотиб қўйишимизга сал қолганди. Ажиб муҳит, бетакрор манзара.

- Ўша жаҳон чемпионатида 6та гол ургансиз, улардан қай бири хотирангизда алоҳида муҳрланган? Яъни энг муҳимини ажратиб кўрсата оласизми?

- Эҳтимолки, энг муҳими, Польша терма жамоасига қарши баҳсда урган биринчи голимдир. Ахир дебоча гол бўлмаганида, балки бошқалари ҳам юзага келмасми-ди...?

Боз устига, Мексикага йўл олишдан олдин Англия термаси сафида бир неча ўйин давомида рақиблар дарвозасига йўл тополмагандим. Шунинг учунми, босим бор эди, ҳаттоки, таркибдаги жойим хавф остида қолганди. Камига ёмон старт (инглизлар дастлабки 2та ўйинда 1 очко олишганди) қўшимча мушкулотлар туғдирганди.

Демакки, ўзимни ўнглаб олиш учун битта аниқ зарбага сув ва ҳаводек эҳтиёж сезганман. Табиийки, голдан сўнг елкамдан тоғ ағдарилганини ҳис қилганман, ўз салоҳиятимга ишонч ортган.

Қисқаси, биринчи гол мундиалдаги йўлимга ёруғлик бағишлаганди. Шу тариқа яна бир неча дақиқалардан кейин польшаликлар дарвозасини иккинчи марта ишғол қилгандим. Якунда «хет-трик»ка эришганман.

Очиғи, ўша дамда худдики, ўзга дунёга тушиб қолгандек енгил тортгандим. Хуллас, биринчи гол бўлмаганида, мундиал мен учун мутлақо бошқача давом этарди...

- Орадан 4 йил ўтиб, жамоангиз Италия-90 мундиали ярим финалида бўлажак чемпион - Германия термаси билан тўқнаш келган ва унда чин қаҳрамон бўлишингиз ҳеч гап эмасди (Линекер ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳисобни тенглаштирган, шунингдек, пенальтилар сериясида ҳам гол урган, аммо инглизлар якунда ютқазишган - 3:4). Ўша учрашувдаги голингизни қандай таърифлайсиз?

- Аслида Италияда бизни иккинчи даражали фаворитлар қаторида қабул қилишган. Бундестим эса ғолибликка яққол даъвогарлардан бири эди. Қолаверса, немислар ярим финал ўйинига қадар бизга нисбатан бир кун кўп дам олиш имкониятига эга бўлишганди.

Эсимда, нимчорак ва чорак финал ўйинларида роса қийналгандик. Яъни тегишлича Бельгия ва Камерун термаларига қарши учрашувларда 120 дақиқадан тўп суришимизга тўғри келган. Хуллас, ярим финалгача обдон чарчагандик, шунга қарамай, кучли рақибга муносиб қаршилик кўрсатиш учун куч топганмиз.

Ростини айтсам, ҳисобни тенглаштирувчи голни қандай урганимни тушунмаганман. Аммо кейинчалик телевизор орқали ҳаммаси қандай рўй берганини кўп бора томоша қилганман. Пол Паркер тўпни узоқ масофадан кучли зарба билан олдинга йўналтирганидан кейин у менга қулай тарзда етиб келгач, шунчаки, чап оёғим сонини ишга солганман.

Тан оламан, одатда асосан ўнг оёқда зарба берардим ва иккинчиси билан айтарли ҳеч нарса қилолмасдим. Лекин ўша лаҳзада қандайдир ички нидо менга куч бағишлади: «Бўл, тепмайсан-ми?» Ваҳоланки, дарвозагача масофа анча узоқ эди. Қайтараман, ўша лаҳзада нима бўлганини тушунмагандим.

Фақат зарбамдан сўнг тўп кимнингдир оёқлари орасидан ўтиб кетганини кўрганман, холос. Кейин трибуналарда бирдан кучли ҳайқириқ кўтарилгач, тўп дарвозага кирганини англадим.

Қиёси йўқ ҳиссиёт... Афсуски, якунда биз пенальтилар серияси бўйича ютқаздик ва ажойиб ҳиссиётлар алам билан қоришиб кетди. Аммо ўша сеҳрли вазиятни ҳамон зўр энтикиш билан эсга оламан.

- Ҳа, тўп дарвозага тушганини билганингиздан кейин нечоғли эҳтиросга берилганингизни тасаввур қилиш қийин эмас...

- Менимча, ўша эҳтиросларни умрим охирига қадар унутмасам керак. Ахир ЖЧдек турнирнинг ярим финалида, энг муҳим паллада чиройли гол уриш ҳар куни ҳам насиб этавермайди. Умуман, чиндан ҳам, муҳим голлар ортидан келадиган эҳтиросни сўз билан ифодалаш мумкин эмас.

Бундай вақтда гўёки, портлаб кетасиз. Бу оддий хурсандчилик ёки эҳтирос эмас, балки енгил тортиш, осмон қадар юқорилашдир. Айниқса, жамоангиз 0:1 ҳисобида ютқазаётган бўлса ва голингиз туфайли ўйинга қайтсангиз...

Мухлислар жаҳон чемпионатидаги ҳар бир гол қадрини жуда яхши билишади. Менимча, ўша ярим финалда урган голимнинг қадри икки ҳисса баланд бўлса керак.

- Россия мундиали-2018дан нималар кутяпсиз, Англия термаси имкониятларини қандай баҳолайсиз? Гарри Кейн умидларни оқлай олармикан?

- Гаррининг ажойиб тўпурар сифатида гавдаланаётгани айни муддао. Ишонаманки, у миллий жамоада катта роль бажаради. Гап чинакам иқтидор ва серқирра ҳужумчи ҳақида кет-япти. Гаррининг айниқса, майдоннинг турли нуқталаридан гол ураётгани қувонтирмоқда.

Дейлик, жарима майдончаси ташқарисидан ҳам яхшигина зарба йўллай олади, ҳаводаги курашларда чаққон. Муҳими, вазиятни тўғри баҳолайди ва муносиб позиция танлайди.

Бир сўз билан айтганда, яққол заиф томонлари йўқ. Менимча, Англия термаси бундай идеал ҳужумчи билан кўп нарсаларга даъво қилиши мумкин. Хуллас, Кейн мундиалга ҳозирги яхши спорт формасида кириб борса, бас.

- Кейнни Англия терма жамоасининг қайси собиқ ҳужумчиси билан таққослаш мумкин, сизнингча?

- Англия футболи узоқ йиллар давомида муносиб голеадорлари билан алоҳида мақталган. Шахсий фикримча, Кейн ўйин услуби бўйича кўпроқ Алан Ширерни эсга солмоқда.

Тезлиги, бош билан гол уриш ва узоқдан зарба йўллаш  қобилияти - ҳаммаси Ширерникидек. Асосий ўхшашлик - серқирра ҳаракат...

Гари Линекер ЖЧ-86да 6та гол уриб, бош тўпурарга аталган «Олтин бутса» соврини соҳибига айланган. У чемпионат доирасидаги 3та ўйинда ўзини кўрсатганди.

Яъни гуруҳ босқичида Польша термаси билан баҳсда «хет-трик»ка эришган футболчи 1|8 финалда парагвайликлар дарвозасини икки бора нишонга олган.

Шунингдек, чорак финалда Аргентина термасига қарши ўйинда 1та гол урган. Ўша мундиал қаҳрамони - Диего Марадона 5та голга муаллифлик қилганди. ЖЧ-90да эса Линекер ўз ҳисобига 4та гол ёзиб қўйган.

Линекернинг твиттердаги шахсий саҳифасига назар

57 ёшли собиқ ҳужумчи телеэксперт сифатида «ўткир» тили билан эътиборга тушди. Унинг энг «ёрқин» изоҳларидан тузилган «гулдаста»га қараб, ўзингиз баҳо беришингиз мумкин.

Коррупцияга қарши кураш учун йўналтирилган воситалар ҳақида

- Жаҳон чемпионатида қўлланилган тезда йўқолиб кетувчи спрей жуда ёқди. Қизиқ, уни Зепп Блаттернинг ўзига нисбатан ишлатсак, нима бўларкин? Иш берармикин?

ЧЛ-2013|2014 1|8 финали доирасидаги «Барселона» - «Манчестер Сити» ўйини (2:1)дан сўнг

- Мессига қараб, нақадар ношуд бўлганимни англаяпман!

«Тоттенхэм» ҳужумчиси Роберто Сольдадо

5 метрдан гол уролмаганидан сўнг

- Раҳмат, Сольдадо, сен туфайли унча ношуд бўлмаганимни англадим.

Уэйн Руни Англия терма жамоаси учун 46-голини урганидан сўнг (Линекер ҳисобида 48та гол бор).

- ТЕЗКОР ХАБАР: Уэйн Руни ҳозиргина халқаро фаолиятини якунлади (Руни кейинчалик терма жамоа тўп-урарлари рўйхатида Линекердан ўзиб кетди, барибир)...

 Ўз қулоқлари ҳақида (Линекер 3 йил олдин ЧЛ ярим финали - «Реал» ва «Бавария» ўртасидаги ўйин давомида агар мадридликлар 1:0 ҳисобини сақлаб қолишса, жарроҳлик амалиёти воситасида қулоқларини бошига «ёпиштириб» олишини айтган ва якунда натижа ўзгармаганди)

- Жаноб журналистлар! Илтимос, Гарет Бэйлдан шахсий лори телефон рақамини олиб берсанглар. Жуда зарур!

Ақлга сиғмас воқеа ҳақида

- Агар «Лестер» чемпионатда ғолиб чиқса, кейинги мавсумда биринчи Match of the day кўрсатувига битта трусанинг ўзида чиқаман (худди шундай қилди).

Ақлга сиғмас воқеа-2 ҳақида

- Агар «Лестер» чемпионлик мақомини ҳимоя қилса, кейинги мавсумда биринчи Match of the day кўрсатувини қип яланғоч ҳолда олиб бораман, Алан Ширер ва Иан Райт эса қамчи билан чиқишса ҳам майли...

Англия терма жамоасининг Евро-2016даги омадсизлиги ҳақида

- Англия термаси тарихида бундан оғриқли мағлубият йўқ. Биз футболчилардан кўра, вулқонлари кўп мамлакат жамоасига ютқазиб ўтирибмиз.. Исландлар зўр ўйнашди.

Англия терма жамоасининг ЖЧ-2018 саралашидаги иштироки ҳақида

- Доимий ғалабаларга ғарқ бўлишга тайёрмисиз? Биз - янги Германия...

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz