Қайднома

Қидирув

Зинедин Зидан: «Жорий мавсум кўпроқ қулашга юз тутяпмиз»

Зинедин Зидан: «Жорий мавсум кўпроқ қулашга юз тутяпмиз»

  06.02.2018 03:37
  0
  1592
Зинедин Зидан: «Жорий мавсум кўпроқ қулашга юз тутяпмиз»

«Реал» Испания кубоги чорак финалида камтарин «Леганес» олдида ожиз қолгач, Зайниддин Зидан устида суза бошлаган қора булутлар янада қуюқлашди.

Франциялик мутахассис айнан «Қирол кубоги»даги муваффақиятсизликка тўхталиб, чиндан ҳам, «Мадрид»га ярашмайдиган натижа қайд этилганини тан олди.

«Реал» устози шунинг баробарида доимгидек, ишонч билан гапирди: «Жамоам ҳозирги ҳолатни яхши томонга ўзгартира олади. Хусусан, ЧЛда яна ғалаба қозониш учун яхши имкониятга эгамиз».

- Сизнингча, футболчилар сизга панд беришмаяптими?

- Йўқ, бундай фикрлаш ноўрин. Албатта, натижа биринчи ўринда туради ва ҳозирги ҳолатимиз ишларимиз яхши кетмаётганидан далолат. Аслида футболчилар ҳаракат қилишяпти, майдонда бор кучларини сарфлашяпти, бироқ баъзан ҳаммаси сен ўйлагандек тус олмайди.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, курашишдан тўхтамаймиз. Ҳа, жорий мавсум парвоз эмас, қулашга кўпроқ юз тутяпмиз.

Муҳими, ҳозирги ҳолатдан сабоқ олсак, бас. Зеро, олдимизда ўйинлар ҳали кўп, жумладан, муҳимлари ҳам.

- Танқидларга муносабатингиз қандай? Улар ҳаққонийми?

- Танқиднинг адолатли ёки адолатсиз эканлиги хусусида савол қўйиш нотўғри, менимча.

Ҳарқалай, ҳар ким ўз фикрини баён этиш ҳуқуқига эга. Мен эса мураббий сифатида имкон қадар юқорилаш орзуси йўлида изланавераман. Бугунги футбол талаби шу.

Табиийки, «Қирол кубоги»дан тушиб кетганимиз ўзимга ҳам жуда оғир ботди. Бинобарин, ҳаммаси шундай омадсиз тус олишини сира кутмагандим. Лекин унутмаслик керак, оғриқли мағлубиятлар - футболнинг ажралмас қисми.

Демак, муваффақиятсизликни тўғри қабул қилишдан ўзга чора йўқ. Таскин берадиган томони, охирги кунгача ғалаба орзусида ишлашимни ҳеч ким тақиқлаб қўёлмайди.

Қайтараман, ҳозир барчамиз хафамиз. Хусусан, футболчилар тушкун ҳолатда, ахир уларнинг бундай мағлубиятларни ҳазм қилишлари мушкул...

- Хўш, айни пайт «Мадрид»ни қандай муаммолар қийнамоқда?

- Жамоа ғалаба қозонолмаяпти - бош муаммо шу. Албатта, бу аввало, менга тааллуқли масала: эҳтимолки, футболчиларни талаб даражасида шайлантиролмаётган, уларга ўйиннинг муҳимлигини англатолмаётгандирман. Аслида юзага келган ҳолат ҳақида ўйлайвериш ҳам яхши эмас.

Муҳими, бу жамоа билан барчасини изга сола олишимизга ишонаман. Балки «Реал»нинг ижобий жиҳатларини кўраётган ягона инсондирман, аммо бу гапларни ўзимни руҳлантириш учунгина айтаётганим йўқ.

Шунчаки, ўйинга боғлиқ ижобий ҳолатларни яққол сезяпман. Фақат уларни янада яхшилаш ва қайта-қайта такрорлаш ҳақида бош қотириш керак.

- Умуман, ҳозирги муаммоларни бартараф этиб, клубни яна ёруғ йўлга олиб чиқишингизга ишонасизми?

- Айнан шу мақсадда ишлаяпмиз: ҳар бир ўйинда ижобий натижа қайд этиш учун жиддий тайёргарлик кўряпмиз.

Ишонаманки, эртага ғалаба келади, ўз ҳолатимизни тўғрилаймиз. Умуман, бу имконсиз иш эмаслигини барчамиз яхши биламиз.

- Дейлик, «Леганес» билан ўйинда жамоага нима етишмади?

- Рақиб иккинчи голни ургач, қандайдир бўшлиқни ҳис қилдик ва ҳисобни ўзгартиролмадик. Демакки, «Леганес» бизни кучли иштиёқи эвазига доғда қолдирди.

- Кўринишидан, сиздаги иштиёқ футболчиларга таъсир ўтказмаяпти?

- Йўқ, бундай эмас. Агар шундай ўйлаганимда, эртагаёқ истеъфога чиқардим.

Шунчаки, ҳар кимнинг ҳаётида оғир давр ҳам кузатилади. Қайтараман, менда вазиятни ўзгартириш иштиёқи кучли ва бу иш қўлимдан келишига шубҳаланмайман.

- Жамоангиз шу ҳолатида ЧЛда ғалаба қозониши мумкинми?

- Мумкин ва буни амалда исботлаш учун бор имкониятларни ишга соламиз.

- Агар вақтни ортга қайтариш имкони бўлганида, ўтган ёзда таркиб бўйича қабул қилган баъзи қарорларингизни ўзгартирармидингиз?

 - Асло, ҳеч нарсадан афсусланмайман.

Ҳа, ҳозирги ҳолат оғирлигини тушуниб турибман, аммо бу вақтинча... Мавсум бошида йиғилган таркибдан тўла қониқиш ҳосил қилгандим.

Таркибимиз ёш ва унинг келажаги порлоқ. Фақат ўйинчилар ўрганишдан қочишмаса, бас.

- «Реал» кубок турниридан чиқиб кетгач, клубдаги тақдирингиз «ПСЖ»га қарши ўйинлар натижасига боғлиқ эканлигини айтдингиз. Бу масалада Флорентино Перес билан гаплашдингизми?

- Қўйинг, мавзуни салбий томонга бураверманг.... Президент билан гаплашаман ва умид қилишдан тўхтамайман. Яшаб турсак, кўрамиз.

Икки йўл бор - барчасини тўғрилаймиз ёки нималарнидир ўзгартиришга тўғри келади. Ҳозирча Перес мутлақ қўллаб-қувватламоқда ва буни ҳис қиляпман. Айни пайт мен ва жамоа учун энг муҳими шу.

- Танқидлар кўлами сизни хавотирга солмаяптими?

- Очиғи, тинмай танқид қилишаётганидан норозиман, шунинг баробарида уларга тўғри ёндашаман. Зеро, ишлар юришмаётган паллада танқид бўй кўрсатиши табиий ҳол.

- Рамоснинг айтишича, жамоа энди бор эътиборини ЧЛга қаратиши зарур экан. «ПСЖ»га қарши кечадиган бўлажак ўйинлар ичингизга қўрқув солмаяптими?

- Шахсан мен биттагина турнирда имкониятимиз борлиги ҳақидаги фикрларга қўшилмайман. Ҳар ҳолда, ҳали яхши кунлар келишига ишонаман.

Ҳамон шу ердамиз ва вазиятни ўзгартириш имкониятига эгамиз. Ҳар 3 кунда майдонга тушамиз, айнан шу ҳақда ўйлаш маъқулроқ...

А. АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz