Қайднома

Қидирув

Дани Алвес: «ПСЖ»га пул учун ўтмаганман»

Дани Алвес: «ПСЖ»га пул учун ўтмаганман»

  08.02.2018 03:41
  0
  1074
Дани Алвес: «ПСЖ»га пул учун ўтмаганман»

«ПСЖ» ва Бразилия терма жамоаси ҳимоячиси Дани Алвес FIFA.com сайтига интервью берди. Суҳбат чоғида «ПСЖ», Неймар, Месси ва ЖЧ-2018 ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

У номдор клублар сафида фаолият олиб бориб ўнлаб совринларни қўлга киритган. Бундан ташқари, деярли ўн йилдан буён Бразилия терма жамоа­сининг асосий таркиб ўйинчиларидан биридир.

- Дани, сиз «Севилья», «Барселона» ва «Ювентус» билан бир қатор совринларни қўлга киритгансиз. Совринларга бой бўлмаган «ПСЖ»ни танлашингизга нима сабаб бўлди?

- Айнан шу жиҳат қарор қабул қилишимда муҳим роль ўйнади. Характерим тинч яшашимга йўл қўймайди. Янги синовларни эшитганда қоним жунбушга келади.

Клуб тарихидаги янги саҳифани очишга ҳаракат қиламан. Мана, «ПСЖ»га ўтишимнинг асл сабаби. Бунинг устига, Париждек буюк шаҳарда яшаш имкониятига эга бўлдим.

Айримлар бу ўтишимни пулга боғлашлари мумкин. Лекин бундай эмас. Чунки, олдимда бунданда яхшироқ таклифлар ҳам бор эди. Умуман олганда, шундай тажрибага эгаман.

Мисол учун «Барселона»га ўтганимда каталонияликлар тикланиш жараёнида эдилар. Кетганимда эса тарихдаги энг яхши жамоага айланганди. Мақсадим шундай қувончга яна туйиш. Парижда ҳам ғалаба қозонишни истайман.

- Неймарнинг «ПСЖ»га ўтишида сизнинг ролингиз қанчалик бўлди?

- Бу трансфердан умуман иштирок этмадим. Лекин у «Барселона»га ўтганида нималарнидир қилганман. Унга маслаҳатлар берганман, клуб ва шаҳар ҳақида айтиб бергандим.

Бу сафар эса сиз ўйлагандек бўлмади. Шунчаки, Парижга ундан олдинроқ келдим. У бир қарорга келишда қийналаётган пайтда, «Қалбинг буюрганини қил, шундай афсусланмайсан» деб маслаҳат бердим, холос.

- Нима деб ўйлайсиз, Неймар жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлиш учун етилиб бўлдими?

- Менимча, Неймар Месси сингари жаҳоннинг энг иқтидорли футболчиларидан биридир. Лекин Леонинг соя­сида қолмаслик учун у кетиши керак эди. Месси сингари футболчи билан елкама елка тўп суриш ажойиб. Бироқ ҳамиша «Мен ҳақиқатдан ҳам зўр футболчиманми ёки бунга Лео сабабми» деган шубҳалар бўлади.

Шахсан мен Лео билан бир жамоада ўйнаб роҳатланганман. Лекин Месси аргентиналик. Немар ва мен бразилияликмиз. Биз қачондир унга қарши майдонга тушишга маҳкум эдик (кулади).

Ўйлайманки, агар Месси билан бирга ўйнамай, бирор бир жамоани ортидан эргаштирса, энг яхши бўлиш учун имконияти ошади. Неймарнинг ўз йўлидан кетиши унинг ўсишига ва Бразилия терма жамоасига фойда.

- Икковларинг ҳам «ПСЖ» билан Чемпионлар Лигасида зафар қучмоқчи эканликларинг ҳақида гапирдинглар. Бунинг имкони борми?

- Бу бизнинг асосий мақсадимиз. Неймар «Барса»ни, мен «Юве»ни тарк этаётганимда айнан шу ҳақда ўйладим. Бразилияда ҳаммасини нолдан бошладик ва бу ерга нимагадир эришиш учун келдик.

Чемпионлар Лигаси таркибга номдор футболчиларни қўшиб олиб ғалаба қозонадиган турнир эмас. Агар энг кучли футболчилар жамланган бўлса ҳам жамоа бўлмаса зафар қучиш осон эмас.

- Ёзда жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Гуруҳ босқичида Бразилияга кучли терма жамоалар рақиблик қилмайди. Бу чемпионлик учун қўйилган биринчи қадам деса бўладими?

- Мен учун қайси рақибга қарши ўйнашимиз муҳим эмас. Бўлажак турнирда ғолиб чиқиш учун барчани мағлуб этишимиз шарт. Агар Испания тўғри келганида нима қилишимиз керак эди? Қочиб кетармидик?

Ҳеч ким кучсиз рақиблар билан ўйнаб жаҳон чемпиони бўлмаган. Шунинг учун ҳам эртами кечми кучлиларга қарши ўйнашга мажбурмиз. Мақсадимиз уларни мағлуб этиб жаҳон чемпиони бўлиш.

А.Эшонхонов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz