Қайднома

Қидирув

«Ҳайдалиш куйини чалинг...» Футболдан бир умрга четлатилганлар ҳақида

«Ҳайдалиш куйини чалинг...» Футболдан бир умрга четлатилганлар ҳақида

  08.02.2018 16:16
  0
  360
«Ҳайдалиш куйини чалинг...» Футболдан бир умрга четлатилганлар ҳақида

Яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян футболга боғлиқ ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан бир умрга четлатилди. Бу хабар маҳаллий ва хорижий ОАВ томонидан турлича кутиб олинди. «Хабар.уз» ахборот-таҳлилий порталида ҳам бу ҳақда етарлича маълумот берилди.

«Хабар.уз» дунё футболидаги бир умрлик четлатишлар ҳақида ҳикоя қилади.

Биринчи ва охирги марта

2011 йил июн ойида жанубий кореялик ўн футболчи келишилган ўйинларда иштирок этгани учун футболдан бир умрга четлатилди.  Уларнинг 8 нафари «Дежон Ситизен» клубида фаолият юритар эди. Корея лигаси интизом қўмитасининг раҳбари Квак Юн-Чол ОАВга берган интервюсида келишилган ўйинлар билан боғлиқ ушбу ҳолат мамлакат футболидаги биринчи ва охиргиси бўлишига умид қилаётганини билдирди.

 Бор йўғи 20 доллар учун-а...

Малавилик тўрт ҳакам 20 доллардан пора эвазига «Нчало Юнайтед» ва «Читипа Юнайтед» учрашувида биринчи жамоага ён босиб, баҳс натижасига таъсир кўрсатишлари керак эди. Лекин ҳакамлар ўзларига юклатилган вазифани уддалай олишмади: «Нчало Юнайтед» пеналтилар сериясида мағлуб бўлди. Клуб ҳакамлардан пулни қайтаришни талаб қилди. Улар эса 15 долларни қайтара олишди, клуб раҳбарияти ғазабланиб, ҳукуматга мурожаат қилди...

Жаноб Бинга ўхшаса ёмонми?

2013 йилнинг охирларида Руминия футбол федерацияси терма жамоа аъзоси Адриан Мутуни миллий терма жамоа либосида майдонга тушишдан бир умрга маҳрум қилди.

Ўшанда ҳужумчи ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига кулгу устаси жаноб Бин қиёфасида тасвирлаган миллий терма жамоа бош мураббийи Виктор Пицуренинг коллажини жойлаштириб, унинг устидан кулган эди.

 Суриялик бўлиш осонмас

Бу воқеа ўтган йили содир бўлган эди. Асли Бразилияда туғилган 29 ёшли Сержино сохта паспортдан фойдалангани аниқланди. Текширув натижасида унинг Сурия фуқароси сифатида олган паспорти сохта бўлиб чиқди. Бразилиялик ярим ҳимоячи ушбу қилмиши учун 30 млн. вон (22 минг евро) жарима тўлаб, Жанубий Корея футболидан бир умрга четлатилди.

Муштумзўр ҳакам

2013 йили футбол лайнсмени Мусо Қодиров Пермнинг «Амкар» клуби ёшлар жамоасининг ҳимоячиси Иля Кичмарни ургани учун Жанубий ва Шимолий Кавказ футбол федерациялари уюшмаси томонидан бутун умрга ҳакамлик фаолиятидан четлатилди.

Маълум бўлишича, «Амкар» ҳимоячиси ўйин давомида ён ҳакамни бир неча бор сўккан, лайнсмен эса бу ҳақда бош ҳакамга хабар бермаган. Имконият бўлганида эса ўзи орани очиқ қилишга уринган. Авваллари фақатгина республика миқёсидаги ўйинларни бошқариш ҳуқуқи берилган лайнсмен энди ўзини бошқа касбда синаб кўришга мажбур.

 Хавфсизлик хизматининг аралашуви билан

Тўрт йилча олдин Украина футбол федерацияси Донецк халқ республикаси чемпионатида тўп тепган 18 футболчини соҳага боғлиқ ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлатди.

Уларнинг бундай қарорга келишига Украина хавфсизлик хизматининг мурожаати сабаб бўлган. Маълумот учун: ўша пайтда Донецк халқ республикасида 8 клубни бирлаштирган, мамлакат чемпионати ва кубогини ўтказадиган футбол уюшмаси мавжуд эди.

 «Кўтарма»ни кўтаролмади

Тожикистон футбол федерацияси тартиб-интизом қўмитасининг 2016 йил 13 июлдаги йиғилишида «Хўжанд» клуби ижрочи директори Акбар Иброҳимов бир умрга футболдан четлатилди. Бунга сабаб шуки, Иброҳимов «Хўжанд» футболчиларига кўтарма пули берган, бу эса регламентга кўра тақиқланади.

Аввалига ўз юртида, кейин Осиёда

2015 йилнинг май ойида Осиё футбол конфедерацияси келишилган ўйинларда иштирок этгани учун 9 нафар ветнамлик футболчини бир умрга футболга боғлиқ фаолиятдан четлатди. Бу футболчилар «Вассаи Нинбин» жамоаси аъзолари бўлиб, улар 2014 йилнинг декабр ойида Ветнам футбол федерацияси томонидан бир умрга футболдан четлатилган эди.

«Нацист футболчи»

АЕК ярим ҳимоячиси Гиоргос Катидис 2013 йилда Греция футбол федерацияси томонидан барча ёш тоифасидаги терма жамоаларда ўйнашдан бутун умрга четлатилди. У «Верия» жамоасига қарши ўйинда голни нишонлаш учун нацистларнинг саломлашишига ўхшаш ҳаракат билан ўнг қўлини тепага кўтарганди. Томошабинлар билан бундай саломлашиш федерация вакиллари томонидан халққа нисбатан ўта жиддий ҳақорат сифатида қабул қилинди. Футболчининг ўзи эса бундай ҳаракат нацистларга хослигидан бехабарлигини билдирган.

Блаттер ва Платини-чи?

2016 йилнинг январида ФИФА тартиб-интизом қўмитасининг тергов палатаси ташкилот президенти Ёзеф Блаттер ва УЕФА раҳбари Мишел Платинига қўлланган санксияларни қайта кўриб чиқишни илгари сурган.

Бироз олдинроқ, яъни 2015 йилнинг 21 декабр куни ФИФАнинг тартиб-интизом қўмитаси арбитраж палатаси Блаттер ва Платинини саккиз йилга (кейинчалик бу муддат икки йилга қисқартирилган) футболдан четлатган эди. Қўмитанинг тергов палатаси раҳбарлар учун саккиз йил жуда кам муддат эканини таъкидлаган.

«Бобомуродов иши»

Ўтган йилнинг 16 сентябрида олий лига доирасидаги «Бухоро» –«Динамо» ўйинини бошқарган Рустам Бобомуродовнинг ҳаракатларини назоратчилар қониқарсиз (4 балл) баҳолашди. Футбол мухлисларининг эътирозига сабаб бўлган ҳакамлик федерация миқёсида кўриб чиқилди ва Бобомуродовнинг хизмат ҳақи юз фоиз камайтирилиб, ҳакамликдан бутунлай четлатилди.

 Ўзи Али – исми Вали!

Йил бошида Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан 5 нафар ёш футболчи бутунлай футболдан четлатилди. Улар орасида турли ёш тоифасида Осиё ва жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида ўйнаган футболчилар бор.

Текширув давомида Абдумутал Абдуллаев, Муҳаммаджон Абдуллаев, Улуғбек Давлатов, Зокир Аҳмадалиев ва Бурҳон Ҳасановларнинг асл исм-фамилияси бошқача эканлиги аниқланди.

Қайдномадан ўтмаганлар

2017 йил 23 — 29 ноябр кунлари Бухоро шаҳрида 2000 йилда туғилган ўсмирлар ўртасида республика чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада ёши кичрайтирилган ва қайдномадан ўтмаган футболчилар иштирок этгани учун Сирдарё вилояти терма жамоасининг барча натижалари бекор қилиниб, мусобақадан четлаштирилган эди.

Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон футбол федерациясининг буйруғи чиқиб, унда масъул шахслар Жаҳонгир Муродқосимов ва Аҳрор Миразимовни футболдан бутунлай четлаштириш ва уларга футбол билан шуғулланиш учун берилган лицензия, сертификатларни бир умрга бекор қилиш юзасидан Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига тақдимнома киритилиши айтиб ўтилган.


Манба: www.xabar.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz