Қайднома

Қидирув

«Рокировка самараси» ёки яна Еврофутбол ҳақида

«Рокировка самараси» ёки яна Еврофутбол ҳақида

  09.02.2018 00:21
  0
  553
«Рокировка самараси» ёки яна Еврофутбол ҳақида

Навбатдаги «уик-энд» беллашувларида ўзаро келишувга асосан жамоаларини алмаштирган Мхитарян ва Санчес муваффақиятга эришишди, АПЛ ва Ла-лига етакчилари қимматли очколарни бой беришди. Озчилик бўлиб қолган «Монако» ирода эвазига «Лион»дан уч очкони тортиб олди.

Англия. «Сити» ҳам «Бёрнли»ни енголмади

Камтарин «Бёрнли»нинг еврокубок йўлланмасига даъвогарлик қилишини кўпчилик кутмагани боис, унинг тез орада қуйи поғоналарга тушиб кетиши тахмин қилинаётганди. Бироқ Шон Дайч шогирдлари «Ман.Сити»дан очко тортиб олиб, пешқадамни «Челси», «Ливерпуль», «Тоттенхэм» ва «МЮ» каби жабрдийдалар қаторига қўшиб қўйишди. Тўғри, дастлабки дақиқалардан фаол ҳаракатланган меҳмонлар биринчи бўлим ўрталарида Данилонинг ажойиб зарбаси эвазига ҳисобни очишди. Кейинчалик ҳужумлар янада кучайиб, қулай вазиятлар кўкка совурилди. Жумладан, Стерлинг яқин масофадан бўш қолган дарвозани забт этолмади. «Бёрнли» эса бир маромда тўп сурган ҳолда аста-секин шиддатни оширди ва 82-дақиқада мувозанатни тиклади. Ўша лаҳзада «шаҳарликлар» Йохан Гудмундссонни эътибордан қочиришганди.

Иккинчи ўринда бораётган «МЮ» эса ўз майдонида «Хаддерсфилд»ни қийинчиликсиз маҳв этди. Шу куни «Арсенал»дан ўтган Алексис Санчес янги жамоасидаги дебют голини нишонлади. «Арсенал»да Санчес ўрнини тўлдирган Мхитарян эса «тўпчилар»нинг йирик ғалабасига салмоқли ҳисса қўшди - «Эвертон» дарвозасига урилган 5та голнинг 3тасига ассистентлик қилди. Жамоа­нинг яна бир янги аъзоси - Обамеянг ҳам «ирискалар» дарвозасига дебют голини йўллаб, АПЛдаги голлари ҳисобини очди.

Турнинг марказий қарама-қаршилиги сифатида баҳоланган «Ливерпуль»-«Тоттенхэм» учрашуви кутилганидек муросасиз тарзда ўтди. Йирик ҳисобдаги ғалаба «тақачилар»ни учинчи поғонага олиб чиқиши мумкин эди. Аммо «қизиллар» бўш келишмади. Боз устига, 3-дақиқада Муҳаммад Салоҳ ҳисобни очди. «Тақачилар» 80-дақиқада жавоб қайтаришди. Асосий воқеалар эса сўнгги дақиқаларда юз берди: аввалига Кейн 11 метрлик жарима зарбасини голга айлантира олмади, Салоҳ эса «қизиллар»ни олдинга олиб чиқди. Қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқасида белгиланган пенальтини Кейн аниқ амалга ошириб, «тақачилар»ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Айтганча, бу Гаррининг АПЛдаги 100-голи эди. Ҳужумчи маррани забт этиш учун 141 марта майдонга тушганди. Қизиғи шундаки, «Ливерпуль» ўз тарихидаги энг қиммат ҳимоячиси Виржил ва Дейкни бошланғич таркибга киритган ўйинларда қимматли очколардан жудо бўлмоқда.

Испания. Мағлубиятга тенг дуранг

Охирги икки турдаги ғалабадан сўнг ўзига келиб олган «Реал»дан мухлислар навбатдаги зафарни кутишганди. «Леванте»га қарши баҳсни фаол бошлаган меҳмонлар 11-дақиқада ҳисобни очдилар - стандарт вазият чоғида рақиб жарима майдончасига йўл олган Серхио Рамос ўзига хос услубда дарвозани забт этди. Мезбонлар бунга жавобан танаффусга чиқиш арафасида мувозанатни тиклашга улгурдилар.

Иккинчи бўлимда «Қироллик клуби» мезбонларнинг кучли қаршилигига дуч келди. Аутсайдерлар қўшниси бўлиб турган «Леванте» учун бир очконинг қадри ҳам жуда баланд эди. Табиийки, Зидан ҳам ўз жамоасининг ғалаба қозонишини истарди ва бунга эришиш учун барча чораларни кўрди. Ниҳоят, захирадан туширилган Иско иккинчи голни урганида «Реал» сафардан уч очко билан қайтадигандек туюлди. Лекин «Верона»дан ижарага олинган Жампаоло Паццини ўйин тугашига икки дақиқа қолганида ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.

Каталония дербисида «Эспаньол»ни таслим этиш «Барселона»га насиб қилмади. Аксинча, пешқадам мавсумдаги дастлабки мағлубиятни тан олишга яқин турганди. Ўта муросасиз кечган учрашувнинг 66-дақиқасида мезбонлар ҳисобни очдилар, Пикенинг аниқ зарбаси эса 82-дақиқада амалга оширилди. Шу тариқа, «Реал» ва «Барселона» икки очкодан маҳрум бўлишди.

Турнинг марказий баҳсида «Валенсия»ни ўз майдонида қабул қилган «Атлетико» Корреанинг ягона голи эвазига зафар қучди. Қимматли 3 очко эвазига «ҳиндулар» асосий таъқибчидан 9 очкога илгарилаб кетишди.

Италия. Етакчи дуэтнинг сиртқи дуэли

Бошқа таъқибчилардан сезиларли даражада олислаб кетган «Наполи» билан «Ювентус» учун ҳар бир тур финал мақомини олмоқда. Шу боис, ҳар икки жамоа барча беллашувларни юксак савияда ўтказишга интилмоқда. Неаполликлар сафарда «Беневенто»ни хотиржамлик билан маҳв этишди - ҳар бир бўлимда биттадан гол уриб, навбатдаги уч очкони қўл киритишди. «Ювентус» эса ўз уйида «Сассуоло»га меҳмоннавозлик кўрсатиб, 7та жавобсиз гол билан «сийлади». Гонсало Игуаиннинг «хет-трик»и алоҳида эътиборли - аргентиналик тўпурар ҳам «Наполи», ҳам «Ювентус» таркибида «хет-трик»ка эришган дастлабки футболчига айланди. Аммо у қанчалик тиришмасин, амалдаги жамоаси ҳамон иккинчи ўринда бормоқда. Учинчи поғонада бораётган «Лацио» кутилмаганда «Женоа»га имкониятни бой берди. Ана шу омадсизликдан «Интер» унумли фойдалана олмади. «Сан Сиро»да «Кротоне»ни қабул қилган «нерадзурри» дуранг (1:1) билан кифояланди. Таажжубки, декабрда карвонбоши бўлиб олган Спаллетти жамоаси қаторасига бешта учрашувда дуранг қайд этмоқда. «Сулҳ»­нинг охирги 4тасида айнан 1:1 ҳисоби қайд этилган.

Германия. Зафарли серия давом этмоқда

«Бавария» бундеслига доирасидаги ғалабалар серия­сини саккизтага етказиб олди. Барча турнирларни қўшиб ҳисоблаганда, жамоа 10та учрашувда 100 фоизлик натижага эришган. Етакчи охирги турда «Майнц»ни сафарда мағлуб этди - 2:0. Таажжубки, Обамеянгдек сермаҳсул ҳужумчидан жудо бўлган «Боруссия» Д. «Кёльн» дарвозасига учта гол урди. Қизиғи, сафардаги ғалабани Обамеянг ўрнини тўлдириш учун «Челси»дан ижарага олинган Миши Батшуайи таъминлади. Аввалига ўзи 2та гол урган ҳужумчи Шюррленинг голига ассистентлик ҳам қилди. Шу тариқа дортмундликлар тўртинчи поғонага кўтарилиб олишди.

Франция. «Монако»нинг иродали ғалабаси

Пешқадамлик мавқеига мустаҳкам ўрнашиб олган «ПСЖ» «Лилль» майдонида навбатдаги уч очкони ортиқча қийинчиликсиз қўлга киритди. Пойтахт жамоасини тўхтатишга қодир бўлган жамоа қолмади, ҳисоб. Иккинчи поғонани эгаллаб турган «Марсел»нинг шиддати ҳам чакки эмас. Жамоа бу турда «Мец»ни хоккейча ҳисоб - 6:3 кўринишида маҳв этди. Лекин «Монако»-«Лион» қарама-қаршилиги чинакам драматик тарзда кечди. Қизиғи, князлик жамоаси тезкор голни қабул қилгач, дарвозабонни алмаштирди. Бу ўзгариш ҳам натижа бермади - меҳмонлар яна битта гол уриб, 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олдилар. Фақат шундан сўнггина мезбонлар жонланишди. Тез орада Кейта ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди. Кейинчалик Фалькао пенальтини иккинчи уринишдан бўлсада голга айлантирди. Аммо қизғин тортишувларга асаблари дош бермаган Бальде Кейта танаффус арафасида майдондан четлатилди. Иккинчи бўлим асосан тенг курашлар остида кечган бўлсада, мезбонлар фаолроқ тўп суришди. Охир-оқибат, ўйин тугашига икки дақиқа қолганида Лопеш меҳмонлар дарвозаси томон ғалаба тўпини йўллади. Натижада, иродали ғалаба «Монако»ни ЕЧЛга йўлланма берувчи учинчи поғонага олиб чиқди.

Манба: сhampionat.com, С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz