Қайднома

Қидирув

«Роналдо, Месси ва Марадонадан ҳам зўрман» ёхуд «миттивой»нинг даъволари

«Роналдо, Месси ва Марадонадан ҳам зўрман» ёхуд «миттивой»нинг даъволари

  09.02.2018 06:29
  0
  3188
«Роналдо, Месси ва Марадонадан ҳам зўрман» ёхуд «миттивой»нинг даъволари

Буюк Ромарио январнинг 29-санасида 52 ёшга тўлди. Футболчилик фаолиятидан кейин боши билан сиёсат оламига шўнғиган моҳир тўпурар энди Бразилия футбол конфедерациясини бошқармоқчи.

Нима дердик, янги соҳада ҳам иши ўнгидан келсин, сайловларда омадини берсин. Бироқ нима бўлишидан қатъий назар, кўпчилик Ромариони ҳали-ҳамон ўзига хос футболчи сифатида билади, яъни уни функционер ролида тасаввур қилолмайди.

Зеро, «Миттивой» лақаби билан танилган бразилиялик собиқ ҳужумчи футболда ёрқин из қолдирган. Жаҳон чемпиони мақомининг ўзи уни буюклар қаторига қўшиш учун кифоя қилади.

Мухлислар шунингдек, Ромарионинг ПСВдаги қойилмақом ўйинлари, «Барселона»даги қисқа, аммо ўта самарали фаолияти ва юзлаб голларини эслаб қолишган. Собиқ форварднинг ўзи ҳам шахсий ютуқларию, натижалари билан бот-бот мақтанишни хуш кўради.

Хўш, кимсиз, жаноб Ромарио? Soccer.ru сайти афсонавий «Миттивой»нинг туғилган куни шарафига унинг турли вақтларда айтган ўткир фикрларидан совға мисоли «гулдаста» тузди.

Мураббийлар роли ҳақида: «Ким яхши устоз? Шогирдларига халақит бермайдигани, албатта. Доимо битта фикрга содиқман - ғалаба мураббийлар эмас, футболчилар томонидан қўлга киритилади. Мисол учун, мураббий мени захирада қолдириши мумкин.

Чунки ҳаммасини у ҳал қилади, шундай ҳуқуқи бор, албатта. Бироқ бундай ёндашув оқибатида ўйинни ютиши эмас, ютқазаши эҳтимолини оширади. Нимани назарда тутаётганимни ўзингиз ўйланг...»

Ўз вазни ҳақида: «Оғирлигим - 72 килограмм (бўйи атиги 169 сантиметр). Нима, бақалоқманми? Энди кўз олдингизга филни келтиринг - бутун вужудини ёғ босган баҳайбат ҳайвон. Аммо ўрмонга ёнғин тушса, уни ҳеч ким тўхтатолмайди».

Қийинчиликлар ҳақида: «Камбағаллар ўлкасида улғайганман. Шундай экан, менга қашшоқлик, очарчилик ёки ниманидир қурбон қилиш йўли хусусида ваъз ўқиманг зинҳор».

Ўз мажбуриятлари ва майдондаги худбинлиги ҳақида: «Гол уришим шарт. Агар дарвозани ишғол қилиш учун менда 1 фоиз, қайсидир жамоадошимда 99 фоиз имконият бўлса ҳам, ўзим тепишга уринаман, барибир. Ҳужумчилар - ғирт худбинлар. Лекин бу мажбурият ҳам».

Роналдиньо ҳақида: «Бу йигит футболдаги охирги романтик».

Жаҳон кубоги ҳақида: «Жаҳон кубогини қўлга олгач, нимани ҳис қилганимга қизиқяпсизларми? Ўшанда совуқни сезганман, совуқни. Сов-рин жуда совуқ эди, худдики, уни музлаткичда сақлашгандек».

Пулга муносабати ҳақида: «О, пул жону дилим. Ўйлайманки, ҳамма пулни яхши кўради. Аммо кимлардир бошқача гапиради - қўлнинг кири. Шундай бўлса, нега ҳеч ким пулни ташлаб юбормайди?»

Футболчилик фаолиятининг охирида келажаги ҳақида: «Ҳеч қачон мураббийликка қўл урмайман. Асло! Негаки, худди ўзимдек телба футболчиларга сира тоқат қилолмайман».

«Барселона» ҳақида: «Барселона»да ўйнашимдан бахтиёрман, аммо клуб ҳам таркибида мен тўп сураётганимдан бахтиёрликни туйиши керак. Акс ҳолда, бу бахтсиз иттифоқ ҳисобланади».

Ўзининг футбол йўли ҳақида: «Фаолиятим менга қувонч, кўнгилхушлик ва роҳат бағишлади».

Ўзига хос футболчи эканлиги ҳақида: «Кимдир бунга шубҳа қилмаган бўлса керак, аммо ҳар эҳтимолга қарши ким қироллар қонига эгалигини яна бир марта исботлаб қўйдим» (Ромарио 39 ёшида Бразилия чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлган).

Ҳаётда нимани футболдан устун кўриши ҳақида: «Бу ҳаётда мен учун футболдан яхшироқ нарсанинг ўзи йўқ. Фақат кўнгилхушликни ҳисобга олмаганда».

Ўз миссияси ҳақида: «Худо мени голлар билан одамларга қувонч улашишим учун яратди. Демак, футбол бобида элчиман».

Қатъий тақиқлар ҳақида: «Икки тақиқ жорий этилса, Бразилия жамоатчилиги анча бахтиёр бўларди. Биринчиси - болалар орасида гиёҳвандлик тарқалиб кетиши олдини олиш керак, иккинчиси - «Флуминенсе»ни ҳеч қачон қўллаб-қувватламаслик зарур».

Ворислари ҳақида: «Футболда менга муносиб ворис бўлишга қодир ўйинчини кўрмаяпман. Пеле ягона, Марадона ҳам. Хусусан, Ромарио ҳам бетакрор. Жарима майдони ичидаги ўйин нуқтаи назаридан қараганда эса, тарихдаги энг кучли футболчиман».

Бразилия халқининг ҳаммадан фарқли хусусияти ҳақида: «Ҳар жиҳатдан оддий бразилияликка ўхшайман: дангаса, эринчоқ, кўнгилхушлик ва ялло-таралло шайдоси».

Йохан Кройфф ҳақида: «Тарихдаги 15 нафар энг кучли футболчи орасидан чиққан ягона муносиб мураббий. Мен учун шундай».

Кўп гол уриши нима билан боғлиқлиги ҳақида: «Очиғи, ҳаддан кўп ухласам, рақиб дарвозасига йўл топишда қийналаман. Бордию, қайсидир байрамона кечани ўтказиб юборсам, унда умуман гол уролмайман».

Бразилия терма жамоасининг ЖЧ-2002даги таркибига киролмагани ҳақида: «Агар матбуотда ёзишганидек, мени чиндан ҳам, Уругвай термасига қарши ўйин арафасида стюардесса билан кўнгилхушлик қилганим учун таркибга киритмаган бўлишса, ранжиш учун 2та жиддий асосим бор. Биринчидан, жаҳон чемпионатидан четда қолдим. Иккинчидан, кўнгилхушлик ҳам қилганим йўқ».

Энг катта хафагарчик ҳақида: «Афсуски, ўз ижромдаги дабдабали ўйинни жонли тарзда томоша қилишим имкони йўқ. Айнан шундан хафаман».

Пеле ҳақида: «Худо Пелени кучли оёқлар билан сийлагану, аммо бошқасини бермаган. Айниқса, оғзи чатоқ. Пеле қачонки, оғзини очса, ундан бўлмағур гаплар чиқади» (Пеленинг Бразилия терма жамоаси ислоҳотларга муҳтожлиги хусусидаги гапларига муносабат).

Дўстлари ва уйи ҳақида: «Дўстларимни ҳам, қаерда улғайганимни ҳам ҳеч қачон унутмайман».

Лионель Месси ҳақида: «Беназир олимлар - Ньютон ва Эйнштейн даҳоликнинг муайян даражасига чиқишган. Месси худди улар каби кундан-кунга ўз чегарасидан ўтиб, бизни гўзал футбол билан қувонтирмоқда».

Танқидларга муносабати ҳақида: «Мени танқид қилишга жазм этган киши аввало, жавоб зарбасига тайёр туриши лозим».

Бутсаларини михга илгани ҳақида: «Ҳаммаси тугагач, бахтиёрликни ҳис этдим. Энди машғулотларда терга ботиш, беҳуда саёҳатлар ва меҳмонхоналарда яшашга ҳожат йўқ. Чинакам роҳат!»

Урган голлари ҳақида: «Ҳар қандай мамлакатнинг дуч келган жамоаси, ҳар қандай дарвозабон ёки ҳимояларга қарши ўйинда гол урганман. Ҳеч ким майдонда Ромарио билан тўқнашув ўзи учун байрамга айланганини айтолмайди».

Шахсий ҳаёт тарзи ҳақида: «Тан оламан, умрим давомида жуда кўп кўнгилхушлик қилганман, бироқ ҳозирги авлод билан таққослаганда, шунчаки, фариштаман».

Йозеф Блаттер ҳақида: «ФИФА президенти - ўғри, коррупционер ва аҳмоқ».

Гапларига қулоқ тутишлари ҳақида: «Ҳамиша самимий гапираман ва одамлар менга ишонадилар».

Жаҳон футболидаги ўз роли ҳақида: «Роналду ва Месси ҳисобида совринлар кўп, аммо улар мен каби 1000та гол уришмаган. Шу иккиси ва Неймар - замонамизнинг энг яхши ўйинчилари.

Неймарда Мессидан ўзиб кетиш имконияти бор, бироқ Марадона улардан устун. Мен эса, ёлғон камтарликни йиғиштириб айтганда, Марадонадан ҳам кучлироқман. Жаҳон футболи тарихида биргина Пеледан орқадаман, холос.

Барча даврларнинг кучли 5 нафар футболчиси тартиби қуйидагича: Пеле, Ромарио, Марадона, Роналдо, Зидан».

Шахсий фикрлари ҳақида: «Худо менга айрим аҳмоқона гапларни айтишни тақиқлаб қўйса ёки лоақал бу борада огоҳлантирса эди...».

Бойлик етарли, бахтчи?

«МЮ» кетма-кет иккинчи марта дунё бўйича йилнинг энг сердаромад клуби мақомини олди. Айтиш жоиз, 2006-2016 йиллар оралиғида даромад бобида битта жамоа - «Реал» етакчилик қилганди.

Умуман, консалтинг ва аудит соҳаси билан шуғулланувчи машҳур халқаро компания - Deloitte 21 йилдан буён футбол клублари даромадига асосланган Football Money League рейтингини шакллантириб келмоқда.

Охирги ҳисоботда мавсум-2016|2017 якунлари инобатга олинган.

Рейтинг етакчиси «МЮ»нинг даромади 676,3 млн. еврога тенг. Ваҳоланки, йил давомида фунт стерлингнинг қиймати бироз тушди. Компания таҳлилчиларинг таъкидлашларича, бунда «қизил иблислар»нинг ЕЛдаги ғалабалари катта роль ўйнаган.

Зеро, жамоа бу турнир орқали 44,5 млн. евро топди. Натижада «Реал» (674,6 млн. евро) яна 2-ўрин билан кифояланди. Тўғри, ўртадаги фарқ катта эмас - атиги 1,7 млн. евро.

3-ўриндаги «Барселона»нинг даромади эса Англия клубиникидан деярли 30 «лимон» кам - 648,3 млн. евро. Кучли бешликда  «Бавария» (587,8 млн. евро) ва «Манчестер Сити» (527,7 млн. евро) бор.

Мавсум-2016|2017нинг энг сердаромад 20та клуби

1. «МЮ» (Англия) - 676,3 млн. евро

2. «Реал» (Испания) - 674,6 млн. евро

3. «Барселона» (Испания) - 648,3 млн. евро

4. «Бавария» (Германия) - 587,8 млн. евро

5. «Манчестер Сити» (Англия) - 527,7 млн. евро

6. «Арсенал» (Англия) - 487,6 млн. евро

7. «ПСЖ» (Франция) - 486,2 млн. евро

8. «Челси» (Англия) - 428 млн. евро

9. «Ливерпуль» (Англия) - 424,2 млн. евро

10. «Ювентус» (Италия) - 405,7 млн. евро

11. «Тоттенхэм» (Англия) - 355,6 млн. евро

12. «Боруссия» Д. (Германия) - 332,6 млн. евро

13. «Атлетико» (Испания) - 272,5 млн. евро

14. «Лестер» (Англия) - 271,1 млн. евро

15. «Интер» (Италия) - 262,1 млн. евро

16. «Шальке» (Германия) - 230,2 млн. евро

17. «Вест Хэм» (Англия) - 213,3 млн. евро

18. «Саутгемптон» (Англия) - 212,1 млн. евро

19. «Наполи» (Италия) - 200,7 млн. евро

20. «Эвертон» (Англия) - 199,2 млн. евро

*** 20та энг сердаромад клубнинг 10таси Англия чемпионати вакилидир. Италия, Испания ва Германиядан 3тадан жамоа бор. Яна бир клуб Франция биринчилиги иштирокчиси.

*** 20та клубнинг жами даромади йил давомида 6 фоиз ошиб, рекорд даражага етди - 7,9 млрд. евро.

*** Мутахассисларнинг тахминларига кўра, мавсум-2017|2018да энг сердаромад клубларнинг жами улуши 8 млрд. евродан ошади.

*** Даромаднинг катта қисми (45 фоизи)ни телеҳуқуқлар сотуви улуши ташкил қилди.

*** «Милан» 191,7 млн. евро билан чекланиб, тарихда илк марта топ-20га киролмади.

*** Ҳозирги рейтингнинг юқори 20 поғонасида 3та клуб янги - «Саутгемптон», «Эвертон» ва «Наполи».

*** Football Money League рейтингида «Реал» ва «МЮ»дан бошқа жамоа 1-ўринга чиқмаган.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz