Қайднома

Қидирув

Асл сабаб ёхуд ЎФА президентининг илк матбуот анжумани ҳақида

Асл сабаб ёхуд ЎФА президентининг илк матбуот анжумани ҳақида

  10.02.2018 06:29
  0
  2159
Асл сабаб ёхуд ЎФА президентининг илк матбуот анжумани ҳақида

Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Ачилбай Раматов ташкилот раҳбари сифатида ўтказган илк матбуот анжуманида кўплаб саволларга жавоб берди. Ҳаттоки, ўртага ташланмаганларига ҳам.

ЎФА президентига бирор масалада савол беришга ҳожат қолмади, зеро, у шу вақтга қадар ҳеч қайси мутасадди томонидан айтилмаган барча муаммоларни очиқ-ойдин кўтарди.

Келишилган ўйинлар, нохолис ҳакамлик, болалар футболидаги иллатлар - ҳеч нима четда қолмади. Ажабланарлиси, буларга эътироз билдирадиган одам топилмади.

Аксинча, ҳамма маъқуллаб ўтирди. Ваҳоланки, шу вақтга қадар ўша «маъқулловчи»лар бирор марта бирор айбни тан олишмаган...

Келинг, энди битта ҳолатни аниқлаштириб олсак. Мана, Раматов келишилган ўйинлар борлиги ҳақида гапирди, мутасаддилар эса бош ирғаб ўтиришди. Ташкилот раҳбари нохолис ҳакамлик бўйича сўз очди ва бунисини бутун дунёга донғи кетган реферимиз ҳам маъқуллади.

Болалар футболига масъул саналганлар эса мураббийлар 300 минг сўмгина маош олишларини энди билгандек ҳайрон қолишди. Ваҳоланки, мажлисда ўзбек футболига у ёки бу лавозимда бошчилик қилиб келаётган барча мутасаддилар жам бўлишганди. Аммо ҳеч ким Раматовга қайсидир масалада эътироз билдиргани йўқ.

Энди ўйлаб кўрайлик, агар шу гапларни оддий журналист ёки мухлис айтганида, нима бўларди? Ёмон бўларди, жуда ёмон... Камида «Исботинг борми?» қабилида савол ташланарди. Ҳаттоки, туҳматчига чиқариб қўйишлари ҳеч гап эмасди. Қизиқ, бир йилгина олдин исбот талаб қилганлар нега энди барча танқидий фикрларга қўшилишмоқда?

Ўзбек футболида келишилган ўйинлар борлигини ҳар доим сезганмиз, билганмиз. Шунингдек, баъзи ҳакамлар ўзига яраша «ставка» асосида ишлашларию, «ўлпон» тўлашни истамаган клуб бошига қандай кунлар солиниши ҳақида ҳам бот-бот эшитганмиз. Аммо бало шундаки, ҳеч қачон қўлимизда исбот бўлмаган.

Ахир қинғир ишга қўл урган киши исботни тутқазиб қўярмиди? Йўқ, албатта. Раматов «майнавозчилик» сифатида баҳолаган «Пахтакор» - «Металлург» (3:2) ўйинида қандай воқеалар рўй берганини ҳаммамиз кўрганмиз. Аввалги мавсум «Пахтакор» - «Бунёдкор» (1:0) учрашувини бошқарган ҳакам дарвозага кирмаган тўпни гол ўрнида қабул қилганию, кейин қарорини ўзгартирганини ҳам кўрганмиз.

Журналистлар томонидан бу ҳақда қанчадан-қанча саволлар берилди. Аммо жавобини фақат энди эшитдик. Ҳайтовур, ЎФАнинг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов йиғилиши бор экан, акс ҳолда, ёпиқлик қозон ёпиқлигича қоларди. Нима, Раматовнинг гапларини маъқуллашган мутасаддилар ўша «ўйин»лардан бехабар эдиларми?

Журналистикага кириб келганимдан буён жуда кўп мажлисларда қатнашдим. Аммо 10 йил бадалида биринчи марта матбуот анжуманидан кўнглим тўлди, барча саволларга жавоб олдим. Ваҳоланки, лоақал 1та савол ҳам берганим йўқ. ЎФА президенти барча муаммоларни биздан яхшироқ билар экан, очиқ-ойдин очиб ташлади.

Раҳмат! Илгари бундай ёндашувни фақат орзу қилардик. Хўш, энди нима бўлади? Шунча гаплардан сўнг ижобий ўзгаришларни кўрамизми? Ёдингиздами, футболимизда илгари ҳам шунга ўхшаш воқелик кузатилганди.

Яъни Мираброр Усмонов юқорида тилга олинган «Пахтакор» - «Металлург» (3:2) ўйини ҳақида гапирган ва 2015 йилги мавсум якунига етганидан сўнг айбдорларга жазо тайинланишини айтганди. Бироқ...

Гапнинг қисқаси шуки, футболимизда муаммолар борлиги расман тан олинган экан, энди уларни бартараф этиш бўйича ишларни пайсалга солмаслик лозим. Келишилган ўйинлар ва нохолис ҳакамликни йўқотишнинг йўли битта - ҳуқуқ-тартибот органларини ишга солиш.

Акс ҳолда, «келишувчилар» бироз вақт четда писиб туришади-да, яна аввалги «карамшўрва»ни бошлаб юборишади. Келишилган ўйинда иштирок этиш жиноятми? Жиноят. Демак, жазосини олиши шарт.

Майли, шу вақтга қадар бўлган ишлар учун кимдир жавоб бермасин, розимиз. Аммо бундан кейин ҳушёр турайлик. Биласиз, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг шу кунга қадар жаҳон чемпионатига чиқолмаганига кўплаб сабаблар келтирганмиз: мураббий яхши эмас, футболчилар дангаса, ўртоқлик ўйинлари сифати паст ва ҳоказо...

У ёғини сўрасангиз, айбни болалар футболига тақаб, мундиал йўлланмаси бой берилганига шуни сабаб қилиб кўрсатганлар ҳам бор. Аммо олий ва биринчи лигадаги қинғирликлар сабаблар негизи эканлигини очиқ айтадиган киши топилмаётганди.

Ким ютишини қўя туринг, қандай ҳисоб қайд этилишию, кимлар гол уриши олдиндан аниқ туюлган ўйинда «тобланган» футболчилар жаҳон чемпионатига чиқа олишадими? Жавобини 20 йилдан буён кўряпмиз.

Ишонинг, бундай қинғирликларни бирданига йўқотиш мушкул. Балки анча камаяр, аммо учраб туради, барибир. Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас. Янгиланган ЎФА эса айнан шунга қарши кураш олдида турибди.

Бутун мавсум давомида биттагина келишилган ўйин бўлса ҳам, фош этилиши ва айбдор жазоланиши керак. Аслида ҳаммаси «битта-битта»дан бошланади. Вақтида бошини янчмасангиз, кейин ўз-ўзидан кўпайиб, урчиб кетиши ҳеч гап эмас...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz