Қайднома

Қидирув

Дилшод Ҳамроев: «Юлдузлик касали»… Йўқ, бу иллат биздан йироқ»

Дилшод Ҳамроев: «Юлдузлик касали»… Йўқ, бу иллат биздан йироқ»

  10.02.2018 03:45
  0
  1178
Дилшод Ҳамроев: «Юлдузлик касали»… Йўқ, бу иллат биздан йироқ»

Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги зафарли иштироки ҳамон халқимиз томонидан кенг муҳокама қилиняпти, жойларда байрам шукуҳи давом этяпти.

Мухлисларимизнинг шундай катта ғалабаларни жуда-жуда соғинишгани Осиё чемпионларини тантанали кутиб олиш маросимидаёқ яққол кўзга ташланди.

Ярим тун ва ҳаво ҳарорати -10 даража бўлишига қарамай, Тошкент халқаро аэропорти ҳар қачонгидан-да гавжумлашди.

Очиғи, яқин орада қачон бундай воқелик кузатилганини эслай олмадик. Футболчилар дабдабали кутиб олишга ҳар томонлама ҳақли эдилар. Ҳукумат даражасида қаратилган эътибор эса қувончли лаҳзаларнинг юқори чўққиси бўлди.

Энг муҳими, Осиё чемпионати қаҳрамонлари буёғига ўз устиларида ишлашдан тўхтамасинлар. 2011 йили Мексикада ўтган жаҳон чемпионати чорак финалига чиқиб, ўзига яраша тарих яратган ўсмирлар терма жамоамиз вакилларининг кейинги йўллари унча равон чиқмагани барчамизга маълум, албатта.

Олимпия терма жамоамиз дарвозабони Дилшод Ҳамроев билан суҳбат чоғи айни мавзуга атрофлича тўхталдик.

- Осиё чемпионатидаги муваффақиятли иштирокимиз халқимизга байрам кайфиятини улашганидан хурсандмиз, - дея сўз бошлади Дилшод. - Дарҳақиқат, юртдошларимиз катта ғалабаларни соғиниб қолишган экан. Албатта, ютуқ ўз-ўзидан келгани йўқ. Бунинг замирида кучли эътибор, яратиб берилган шароитлар турибди.

Хитой сафари олдидан ҳам бизга катта далда беришган, ортга ғолиб сифатида қайтишимизга ишонишганди. Аввало, шу ишончни оқлаганимиздан хурсандмиз. Кутиб олиш маросими эса алоҳида мавзу. Очиғи, бундай тантанаворликни кутмагандик.

Мухлислар совуққа қарамай, ярим тунда жуда илиқ кутиб олишди. Аэропортдан то «Ўзбекистон» меҳмонхонасигача боргунча йўл четидаги оломонни кўриб, роса ҳайратландик. Ҳаммаси учун раҳмат.

- Мусобақа шахсан сизга нима берди? Илк ўйинда Қатар термасига имконият бой берилгач, гуруҳдан чиқолмаслик хавотири юзага келмадими?

- Яхшигина тажриба орттирганим аниқ. Ҳаяжон сезилгани йўқ. Аслида қатарликлар билан баҳсда ҳам мағлубиятга лойиқ ўйин намойиш этмагандик. Шунчаки, омадимиз келмади. Лекин рақиблардан устунлигимизни ҳис қилиб турдик ва «плей-офф»га чиқишимизга шубҳаланмадик.

Тўғриси, заррача хавотирга тушмадик. Чунки кейинги 2та ўйинда ғалаба қозониш билан хатони тўғрилаш мумкин эди. Энг қийин ўйин Хитой термасига қарши кечди. Зеро, у ҳар икки жамоанинг турнирдаги кейинги тақдирига ойдинлик киритарди.

Муҳими, мезбонлар босимига дош бериб, минимал устунликни сақлаб қолдик. Айнан шу ғалаба ҳам кучимизга куч қўшди.  

- Жанубий Корея ва Япония термалари дарвозасига 4тадан гол урилди. Очиғи, бунақасини ҳеч ким кутмаганди, ўзингларчи?

- Ҳар икки рақибни навбати билан обдон ўргандик. Японлар бизга нотаниш эмаслар. Уларни бир ойча олдин Таиланднинг Бурирам шаҳридаги халқаро турнир финалида пенальтилар серияси бўйича мағлуб этгандик. Яъни ўзига хос руҳий устунликка эга эдик.

Қолаверса, Умид Аҳмаджонов қўнғироқ қилиб, Актобедаги фожеада ҳаётдан кўз юмган ҳамюртларимиз ҳурмати ва хотираси учун ҳам майдонда икки ҳисса куч сарфлашимиз зарурлигини уқтирди. Биз эса айнан шундай қилдик ва енгил ғалабаларга эришдик.

- Осиё чемпионатидаги ғалаба сизларга қўшимча масъулият юклайди. «Юлдузлик касали»га учраб қолмайсизларми? Зеро, 2011 йили Мексикада ўтказилган жаҳон чемпионатида қатнашган футболчиларимизда шундай ҳолат кузатилганди.

- Ҳа, бу зафар ва эътибор барчамизга масъулият юклайди. Энди ҳар бир қадамимизни ўйлаб босишимиз шарт. «Юлдузлик касали» биздан йироқ. Бу ҳақда ўйлашга ҳам фурсат йўқ.

Ишонтириб айтаманки, Осиё чемпиони мақоми бизга фақат қўшимча куч бағишлайди. Яъни ўз устимизда икки ҳисса кўпроқ ишлаб, янги марраларни забт этишга ҳаракат қиламиз. Қисқаси, Хитойдаги муваффақият катта йўлнинг бошланиши, холос.

- Дилшод, энди озгина ўз ҳақингизда маълумот берсангиз - футбол машғулотларини неча ёшда бошлагансиз, биринчи мураббийингиз ким?

- Эсимда, футбол тўгарарига илк марта борганимда, 2-синфда ўқирдим. Кейинроқ машғулотларни профессионал даражада давом эттирганман. Ақлимни танибманки, оиламизда футбол муҳити ҳукмрон.

Шунинг учун  бошқа спорт турини танлай олмасдим ҳам. Акам Шерали Жўраев бир неча йилки, «Қизилқум» шарафини ҳимоя қилмоқда. Айнан унга эргашиб, футболга бош суққанман. Илк қадамларни эса Зарафшон шаҳрида ташладим. Яъни профессионал фаолиятни «Прогресс» клубида бошлаганман.

Миллионлар ўйини бўйича дастлабки сабоқларни Виктор Константинович Пужалин ва Виктор Иванович Тунякиндан олганман. Бугунги кунда Игнатий Нестеров, Мануэль Нойер, Андре тер Штеген каби дарвозабонларга ҳавасим баланд.

Улар иштирокидаги ўйинларни мунтазам кузатиб бораман ва табиийки, нималарнидир ўзлаштиришга ҳаракат қиламан.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz