Қайднома

Қидирув

Фақат ва яна фақат «Бунёдкор» футбол академияси ҳақида...

Фақат ва яна фақат «Бунёдкор» футбол академияси ҳақида...

  09.02.2018 21:17
  0
  1032
Фақат ва яна фақат «Бунёдкор» футбол академияси ҳақида...

Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига сафари чоғида ёш болакайлардан бирига кутилмаганда мамлакат Президенти билан суҳбатлашиш насиб қилиб қолди ва у орзуси «Бунёдкор» футбол академиясида тўп тепиш эканини айтди. Президент унинг орзусини рўёбга чиқарди ҳамда «Бунёдкор» академиясининг эшикларини очиб берди.

Фото: «Бунёдкор»

Миллионлар ўйини ривожи учун академиялар жуда зарур. Бунда фақатгина ном рол ўйнамайди, балки унда ишнинг қандай ташкил этилгани ҳам муҳим омиллардан биридир. «Бунёдкор» расмий сайти ўз академияси қандай фаолият кўрсатаётгани масаласидаги мақола билан чиқиш қилди.

Унда айтилишича, «Бунёдкор» футбол клуби ташкил топганига 12 йил вақт тўлган. Ўтган лавр ичида ҳукумат томонидан замонавий «Бунёдкор» стадиони фойдаланишга топширилган, келажакка пойдевор сифатида болалар футбол академияси ишга туширилган. Клуб 10 йил кетма-кет Чемпионлар Лигасида тўп сурди ва унда икки бор ярим финалгача етиб борди. 5 марта Ўзбекистон чемпиони, 4 бор мамлакат кубоги соҳиби ва бир марта Ўзбекистон Суперкубоги эгаси бўлди. Клуб академиясининг тарбияланувчилари 5 марта Ёшлар Лигаси ғолиблигини қўлга киритди.

Фото: «Бунёдкор»

Мақолада айтилишича, бу ютуқларнинг барчаси дастлабки 6 йилга тўғри келади. Бироқ сўнгги 4 йил давомида «Бунёдкор» ҳеч қандай совринга эга чиқа олмаган. Жамоанинг барча ютуқларида бевосита меҳнат қилган Миржалол Қосимов клубни тарк этганди. Бу 2014 йилнинг апрелига тўғри келади. Масаланинг субъэктив сабаблар эса тўлиқ очиқланмаган, айтилишича, ҳозирги кунга келиб иш яна жонланган.

Ўзгаришлар

Фото: «Бунёдкор»

Ўтган йилнинг майида клуб бош директори Бахтиёр Бобоев истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнини Мурод Алиев эгалалди. Унинг биринчи буйруғи эса ўзбек футболи афсонаси Миржалол Қосимовни бош мураббий этиб тайинлаш бўлди. Ўшанда вазият анча оғир эди. ОЧЛ гуруҳини сўнгги ўрин билан якунлаган жамоа, Ўзбекистон чемпионатида 13-поғонани эгаллаб турганди. Лушчан бошқарувида «қалдирғочлар» 8 та беллашувнинг 2 тасида зафар қучган, яна шунча ўйинда имконият бой берилганди. Мавсум аввалида Лушчан тўплаш мумкин бўлган максимал очколарнинг 33 фоизига эга чиққан бўлса, Қосимовда бу кўрсаткич 64 фоизни ташкил қилди. Аммо йўқотилган қимматли очколар ўрнини тўлдиришга имкон бўлмади ва «Бунёдкор» илк бор ОЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолди.

Бир қадам орқага, икки қадам олдинга

Асосий жамоамиз 3 йил мобайнида бир эмас, уч қадам орқага ташлаган бўлса-да, биз келажакка ишонч билан қараймиз. Муассисларимиз «Ўзбекнефтегаз» ва «Ўзтрангаз» ташкилотларининг доимий кўмаги бизга шижоат ва куч бағишлайди.

Ўтган йил Шуҳрат Мақсудовни ўринбосарлар учун олиб келдик ва тарбияланувчиларимиз Ёшлар лигаси ғолиблигини қўлга киритди. Мурод Отажонов бошқарувида 2000 йил тарбияланувчилари 2-лиганинг Тошкент минтақасида зафар қучди. Денис Коростиченко мураббийлик қилган 2001 йил тарбияланувчиларимиз эса Бухородаги Олий ва Биринчи Лига тайёрлов гуруҳи мусобақасида бош совринни қўлга киритди. Яъни, яқин захира ўз салоҳиятига эга экани кўринди.

Мурод Алиев, «Бунёдкор» бош директори

Фото: «Бунёдкор»

Академия

Ислом Каримов ташаббуси билан бунёд этилган ҳамда амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида фаолият юритаётган болалар-ўсмирлар футбол мактаби «Бунёдкор»нинг энг катта бойлигидир. Академияда фақат футбол машғулотлари билан чегараланиб қолинмайди, унда ёш футболчилар билимли ва зеҳнли бўлиб етишишлари учун махсус ўқув курслари ҳам ташкил этилган.

Фото: «Бунёдкор»

Буни амалга ошириш учун малакали кадрлар танлаб олинган. Академия тарбияланувчилари миллий, олимпия, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари сафида ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. 2015 йил Янги Зеландиядида бўлиб ўтган U20 Жаҳон Чемпионатида термамиз чорак финалгача етиб борди. Йил якунида Осиёнинг «Энг яхши ёш футболчиси» йўналишига танлаб олинган учала номзод ҳам «Бунёдкор» тарбияланувчилари эди: Достон Ҳамдамов, Элдор Шомуродов, Забиҳилло Ўринбоев. Бунақаси ҳали футболимиз тарихида бўлмаганди.

Бу эътироф бевосита академиямизга ҳам таалуқли эди ва тез орада бу ўз исботини топди. 2017 йилнинг ноябрь ойида Куала-Лумпур шаҳрида ОФК қитъадаги элит клублар мураббийлари форумини ўтказди. Форумда «Бунёдкор» футбол мактаби қитъадаги энг яхши 10 та академия қаторига кириши расман эътироф этилди.

Яқинда 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионлигини қўлга киритган терма жамоамиз миллионлаб юртдошларимизга олам-олам қувонч келтиришди. Қувонарлиси, бу таркибдагилардан 5 нафари — дарвозабон Дилшод Ҳамроев, ҳимоячилар Рустам Ашурматов, Акром Комилов, Ислом Қобилов, ярим ҳимоячи Достон Ҳамдамов бизнинг тарбияланувчилардир. Мусобақа ниҳоясига етганидан сўнг, мамлакат Президентининг «Агар адолат бўлса, коррупция бўлмаса нима бўлиши мумкинлигини кеча футбол кўрсатди», — деган фикрларига барча юртдошларимиз қаторида биз ҳам тўлалигича қўшиламиз ва шундай бўлишига ишонамиз. Бу — академия тарбияланувчиларини етиштириш борасида олиб бораётган фаолиятимизнингнинг энг устивор йўналиши ҳисобланади.

Мурод Алиев, «Бунёдкор» бош директори

Академия тарбияланувчилари нафақат Ўзбекистон, балки хорижда ҳам тўп сурмоқда. Сардор Рашидов Қатарнинг «Ал-Жаиш», БААнинг «Ал-Жазира» клубларида ўйнаб қайтди, Отабек Шукуров «Шаржа», Элдор Шомуродов Россиянинг «Ростов» клубида фаолият юритмоқда. Рустам Ашурматов, Акром Комилов, Ислом Қобилов, Достон Ҳамдамов, Миржамол Қосимов, Хуршид Ғиёсов, Нурилло Тўхтасиновлар асосий таркиб ўйинчисига айланган бўлса, ўтган мавсумда Дилшод Ҳамроев ва Сардор Азимов «Навбаҳор», Жавохир Қахрамонов ва Эргаш Исмоилов «Бухоро», Санжар Қодирқулов ва Жавоҳир Эсонқулов «Металлург» жамоалари ижарага берилди. Забиҳилло Ўринбоев «Пахтакор»га трансфер қилинди.

Фото: «Бунёдкор»

Янги ибора — маънавиятли футболчи

Академия тарбияланувчилари футбол билан биргаликда билимини ҳам кучайтиришга алоҳида эътибор қаратади. Улар маънавият ва маърифат, рус тили, инглиз тили, психология фанларидан сабоқ олиш билан бирга, акробатика ва сузиш бўйича махсус дастурларни ўзлаштирмоқда. «Бунёдкор» талаби шундай: фақат иқтидорли бўлишнинг ўзи кам, тарбияланувчилар ҳар томонлама билимли, зукко, тарбияли, умумий қилиб айтганда, маънавиятли ва маърифатли бўлиб етишиши шарт.

Фото: «Бунёдкор»

Авваллари ҳар бир йил учун 25 дан ортиқ футболчи академияга олинмагани сабаб, академияга унга кириш анча машаққатли ҳисобланган. Ҳозир эса йилда 75—80 нафар бола шуғулланмоқда. Асосий таркиб «А» гуруҳида жамланган бўлса, уларнинг қолган тенгдошларига ҳам имкон бериш мақсадида «B» ва «С» тижорат гуруҳлари ташкил этилган. Уларнинг ҳар бирига алоҳида мураббийлар бириктирилган. Энг муҳими, юқоридаги каби ўқув дарслари барчага баробар ўтказилади, бу борада ҳеч қандай чеклов йўқ.

Янгийўллик болакай орзуси «Бунёдкор» академиясида таҳсил олиш эканини билдиргани, биз учун ўзига хос шараф билан бирга, масъулият ҳам юклайди. Юртимизнинг қайси гўшасидан бўлмасин, футбол мактабимизда шуғулланишни истовчи ҳар бир болакай учун эшикларимиз очиқ. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, дейилади расмий сайтдаги хабарда.


Манба: fcbunyodkor.com


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz