Қайднома

Қидирув

Максимилан Фомин: «Уммон варианти маъқулроқ кўринди»

Максимилан Фомин: «Уммон варианти маъқулроқ кўринди»

  11.02.2018 03:34
  0
  932
Максимилан Фомин: «Уммон варианти маъқулроқ кўринди»

Етарли тажрибага эга ҳимоячи Максимилан Фомин фаолиятини яна Уммон чемпионатида давом эттиради. Билсангиз керак, у аввал ҳам бу юртда тўп сурган.

Аниқроғи, ўтган йилнинг айнан шу пайти «Саҳам» клуби билан шартнома тузганди. Фомин кейинчалик, яъни августда Малайзияга кўчиб ўтиб, маҳаллий биринчи лига вакили «Перлис» жамоаси сафига қўшилди.

Мана, ҳимоячи аввалги ҳафта Уммоннинг бошқа бир клуби - «Соҳар» билан келишувга эришди. Бу жамоа Уммон Супер-лигаси 13-туридан сўнг 14та иштирокчи орасида 9-ўринни банд этиб турибди. Ҳисобида 15 очко бор. Эътиборлиси, 8-поғонадаги «Саҳам» (Фоминнинг собиқ жамоаси) ҳам шунча очкога эга.

Турнир жадвали пешқадами - «Ал-Сувайқ» эса нақ 34 очко тўплашга улгурган. Хуллас, Фомин янги шартнома остига имзо чеккан куннинг ўзида у билан боғланиб, махсус интервью олдик.

- Максимилиан, яна Уммонда ўйнаш варианти қандай юзага келди?

- Ҳаммаси оддий: январь ойида «Соҳар» клуби президенти қўнғироқ қилиб, шартнома таклиф этди. Унинг бандларини ўрганиб чиққач, ижобий жавоб бердим. Ўтган йили бу клуб ўйнайдиган шаҳарга яқин жойда тўп сургандим.

Хуллас, «Соҳар» вакиллари «Саҳам» таркибидаги ҳаракатларимга бефарқ қарашмаган, шекилли. 

- Бандлари маъқул келган шартнома ҳақида батафсилроқ маълумот бера оласизми?

- Келишув қисқа муддат - ярим йилга мўлжалланди. Агар ҳаммаси жойида бўлса, уни автоматик равишда узайтирамиз. Айни пайт Уммон Супер-лигаси биринчи давраси ортда қолди.

Қисқаси, мавсум охиригача шу клуб шарафини ҳимоя қиламан. Менга 93-рақамли футболкани беришди.

- Олдингизда бошқа вариантлар ҳам бормиди? Уммон жамоаси таклифи айнан нимаси билан қизиқиш уйғотди?

- Аслида чорловлар етарли эди. Мисол учун, Қувайт клубларига ҳам чақиришди. Лекин Уммон футболи ва унинг савиясини яқиндан билганим учун бошқа таклифларга жиддий қарамадим.

Тўғри, орада салоҳиятимни Қувайт чемпионатида синаб кўришни истадим. Чунки бу жуда қизиқ туюлди, аммо  якунда таниш ўлкага боришни маъқул кўрдим.

- Нима, ўзимиздаги жамоалардан таклиф тушмадими?

- Афсуски, йўқ. Ҳар ҳолда, жиддий таклифлар бўлмади. Шу сабабли ҳам, яна ўзим яқиндан биладиган чемпионатни танладим.

Агар бироз кутганимда, вақтдан ютқазишим аниқ эди. Ахир янги жамоага мослашишда тайёргарлик жараёни муҳим ҳисобланади.

- Уммон чемпионати савия бобида бизникидан сезиларли даражада кучсиз эмасми?

- Шубҳасиз, ўртада катта фарқ бор. Бизнинг чемпионатимиз анча устун, албатта. Лекин Уммон футболи қайсидир жиҳатлари бўйича олдинда. Масалан, чемпионат ўйинлари трансляцияси масаласида.

Дейлик, бир вақтнинг ўзида тур доирасидаги 3та ўйин жонли трансляция қилинади. Шунингдек, маҳаллий матбуот ўйинларни кенг кўламда ёритиб боради. Таҳлилий кўрсатувлар ҳам кўп.

- Умуман, футбол Уммонда ҳам биринчи рақамли спорт турими? Маҳаллий аҳоли нимага кўпроқ қизиқади? Мухлисларнинг стадионларга ташрифи қониқарлими?

- Ўйлашимча, футбол биринчи рақамли спорт саналмаса керак. Ҳарқалай, стадионларда чинакам «аншлаг» кузатилмайди, ҳисоб. Лекин янги клубим мухлис тўплаш масаласида Уммон футболи етакчиларидан биридир.

Яъни энг кўп мухлис айнан «Соҳар»нинг уй ўйинларига ташриф буюради.

- Уммон биринчилигида савияли легионерлар ҳам борми?

- Айни пайт бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга эмасман. Ўтган йилги кузатишларим асносида гапирсам, савияли хорижликлар кўп. Чемпионлик учун кураш олиб борадиган жамоалар таркибида Лотин Америкаси ва Африкадан келган футболчиларни кўриш мумкин.

- Ҳозир қаерда яшаяпсиз - меҳмонхонадами ёки клуб базасида?

- Уммон футболида база тушунчасининг ўзи йўқ. Маҳаллий футболчилар шахсий уйларида яшашади. Легионерларни эса алоҳида турар-жой билан таъминлашади. Қисқаси, ҳамма ўйин арафасида меҳмонхонада тўпланади.

- Клуб бош мураббийи билан гаплашиб олдингизми, муносабатларингиз қандай?

- «Соҳар»ни малакали, ўз ишини севадиган мутахассис бошқармоқда. Яхши суҳбатдош. Биринчи куниёқ ўзаро чиқишиб кетдик. Умид қиламанки, охиригача шундай бўлади.

Бош мураббий ва унинг ёрдамчиси уммонлик. Жисмоний тайёргарликка жавобгар ҳамда дарвозабонлар билан ишлайдиган мураббийлар эса Тунисдан. 

- Тил масаласида қийналмаяпсизми? 

- Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Аксарият футболчилар инглиз тилини билишади. Мураббий билан ҳам айнан инглизчада мулоқот қиляпман.

Ишонмаслигингиз мумкин, аммо араб тилида ҳам оз-моз гаплаша бошладим. Асосан футбол терминларини ўзлаштиряпман. Умуман олганда, футбол тили ҳар жойда бир хил.

- «Соҳар»да бошқа легионерлар ҳам борми?

- Ҳа, Африкадан 3 нафар футболчи келган - иккиси Кот-д~Ивуар, бири Гвинеядан. 

- Ёш футболчиларимизнинг Осиё чемпионатидаги ўйинларини кузатдингизми?

- Ҳа, ғалабадан бениҳоя хурсандман. Ўзбекистонда чемпионликни қандай нишонлашганини интернет орқали кўрдим. Йигитлар бунга ҳар томонлама ҳақли ўйнадилар.

Шахсан Президентимизнинг эътиборлари ва футболчиларга кўрсатган ғамхўрликларини кўриб, худди ўзим чемпион бўлгандек қувондим.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz