Қайднома

Қидирув

Хоқон Чалханоглу: «Таслим бўлиш мумкин эмас»

Хоқон Чалханоглу: «Таслим бўлиш мумкин эмас»

  12.02.2018 03:32
  0
  591
Хоқон Чалханоглу: «Таслим бўлиш мумкин эмас»

«Милан» ярим ҳимоячиси Ҳоқон Чалханоглу Италия кубоги ярим финали доирасида «Лацио»га қарши кечган илк ўйин (0:0) арафасида TRT Spor Italya телеканали учун махсус интервью беришга рози бўлди.

Муҳими, туркиялик футболчи барча саволлар юзасидан дангал ва очиқ-ойдин фикр билдирди.

- Ҳоқон, Италияга келишдан олдин Германия чемпионатида тўп сургансиз. Айтингчи, «А» серияси кучлими ёки Бундеслига?

- Икки мусобақа ўртасида катта тафовут бор. Италия чемпионатида ёши улуғроқ, тажрибали футболчилар кўп. Шунингдек, жамоалар йиғинчоқ футбол тарафдори.

Шу сабабли самарали ҳужум ташкил этиш, рақиб ҳимоясидаги заиф нуқталарни топиш анча мушкул. Бундеслигада эса ҳужумкор ва томошабоп услуб ҳукмрон. Умуман, шахсан менга ҳар икки чемпионат бирдек ёқади.

- Жамоа бошқарувига Женарро Гаттузо тайинлангач, ўйинингиз анча яхшиланди. Сиз учун мослашиш жараёни ортда қолганини таъкидлаш мумкинми?

- Ҳа, ўзимни анча эркин ҳис қиляпман. Тўғри, дастлабки ойларда қи-йинчилик сезилди. Зеро, ҳаттоки, жамоадошлар билан бемалол гаплашолмасдим.

Яъни тил билмаслик муаммоси қийнади. Мана, итальянчани нисбатан ўзлаштириб олдим, энди ҳаммаси жойида. Муҳими, ҳам мураббийлар, ҳам футболчилар билан яхши муносабатдаман. Хуллас, Миланда роҳатланиб яшаяпман.

- Монтелла ва Гаттузонинг мураббийлик маҳоратига қандай баҳо берасиз?

- Амалдаги бош мураббий ҳар бир футболчига алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг кўнглига йўл топишга уринмоқда. Гаттузо жамоа менталитетини ўзгартириш ниятида.

Бу йўлда бор куч ва малакасини ишга солаётгани машғулотлар жараёнида яққол кўзга ташланмоқда. Биздан майдонда 100 фоиз фидойилик кўрсатишни талаб қилади. Унинг иштиёқи ва қатъияти ўйинчиларга қувват бағишламоқда, албатта.

- Вақтида Гаттузо сизни ўз жамоасида кўрмоқчи эмаслиги ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Бу нечоғли ҳақиқат?

- Илк марта кўришганимиздаёқ у мени алоҳида огоҳлантирди: «Қария, сенда битта муаммо бор. Бу жисмоний ҳолатинг билан боғлиқ эмас. Сендан фақат миянгни беҳуда фикрлардан тозалашни сўрайман. Бу масалада алоҳида шуғулланамиз». Дарҳақиқат, кейинчалик жуда кўп мулоқот қилдик.

Устоз билан самимий гаплашиш муҳим аҳамиятга эга. Мана, менда ўз салоҳиятимга нисбатан ишонч кучайди, аввалига машғулотларда, кейинроқ захирадан майдонга тушиб, имкониятларим чакки эмаслигини намойиш этдим. Буларнинг барчасига Гаттузонинг саъй-ҳаракатлари эвазига эришдим.

Жисмоний ҳолатим ҳам яхшиланди. Шундай экан, му-раббийдан беҳад миннатдорман. Демоқ-чиманки, ўша миш-мишлар асоссиз эди.

- Энди жамоа ҳақида: «Милан» ўтган йили ёзги трансферлар мавсумида фаол қатнашди. Бироқ таркиб анча кучайтирилганига қарамай, натижа унча яхши эмас...

- Очиғи, бу саволга жавоб беролмайман. Жамоамиз рисоладагидек шаклланган, таркиб жуда кучли. Балки бир-биримизни тўлиқ тушунишимиз учун маълум муддат кетгандир...

Мана, айни пайт 2 ой аввалгидан кўра, анча мазмунли ўйнаяпмиз, аста-секин аҳил жамоага айланяпмиз. Умид қиламанки, ўйинимиз сифати ҳали янада яхшиланади.

Тўғри, ЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш имкониятини деярли йўқотдик. Буни яхши тушуниб турибмиз. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, таслим бўлиш мумкин эмас. Шиддатни оширсак, эҳтимол, яна имконият туғилар ҳали...

- Ўзингизни гранд жамоа сафида ўйнаётгандек ҳис этяпсизми? «Милан» ўртамиёна мақомига кўникиб қолмадими?

- «Милан» сафида не-не буюк афсоналар тўп суришгани ҳаммага маълум. Очиғи, қизил-қора рангли либосни кийган пайт бутун вужудимни ажиб бир фахрланиш туйғуси эгаллаб олади. Омадсизлик эса жамоа учун вақтинчалик ҳолат.

Умуман, бу ерда узоқ вақт тўп суришни истайман. Ахир «Милан» Европа футболи тарихини яратган. Женнаро Гаттузо билан ҳамкорлик янада мароқли. Чунки у ўша ёрқин тарихнинг бир бўлаги. Албатта, Гаттузо даражасига чиқиш орзусидаман.

- «Галатасарой» ва «Фенербахче» клублари сизни мавсум охирига қадар ижара келишуви асосида таклиф қилишга урингани ҳақидаги хабарлар бутун қиш бўйи тингани йўқ.

- Бу миш-мишлар қаердан чиққанини билмайман. Ҳа, жиддий клублар эътиборига тушганингни эшитиш ёқимли. Бироқ расман ҳеч қандай таклиф олмадим. Қолаверса, «Милан» сафига яқинда қўшилдим.

Вазифам - ижара бўйича кетиш эмас, балки шу жамоада ўзимни кўрсатиб, ишончни оқлаш. Боз устига, бу ердаги шарт-шароитлар мени тўла қониқтирмоқда.

- Сўнгги савол: Туркия терма жамоасининг ЖЧ-2018 саралашидаги омадсизлиги аламидан қутулиш жараёни қандай ўтди?

- Биз келажак ҳақида бош қотиришимиз лозим. Зеро, Евро-2020га ҳам оз фурсат қолди. Туркия термаси бу мусобақада қатнашиши шарт. Асосийси, мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун имкониятларимиз ҳам, вақт ҳам етарли.

Иқтидорли ёшларни бирлаштирган навқирон жамоа ва тажрибали мураббий (Мирча Луческу)га эгамиз. Афсуски, Россия мундиалидан четда қолдик.

Тан оламан, Исландия термасидан қабул қилинган мағлубият мени ҳанузгача қийнамоқда. Аммо илож йўқ - тарихни ортга қайтариб бўлмайди.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz