Қайднома

Қидирув

Немис нафаси ёхуд «Реал»нинг янги бош мураббийи ким бўлади

Немис нафаси ёхуд «Реал»нинг янги бош мураббийи ким бўлади

  12.02.2018 00:14
  0
  2294
Немис нафаси ёхуд «Реал»нинг янги бош мураббийи ким бўлади

Испания пойтахтининг бош аренаси - «Сантьяго Бернабеу»да жорий мавсум шодон ҳайқириқлар, чин юлдузлар шарафига янграйдиган қўшиқлардан кўра, ҳуштакбозлик ва эътирозга тўла нолалар кўпроқ эшитилмоқда.

Бунинг ажабланадиган томони йўқ: Зайниддин Зидан томонидан шакллантирган, аниқроғи, «тузатилган» «Реал»га кўз тегди.

Ҳа, «Қироллик клуби» ЧЛ гуруҳ босқичида ўз кучини кўрсатди, аммо миллий чемпионатда жуда кўп очко йўқотиб, асосий рақиб «Барселона»ни анча олдинга ўтказиб юборди.

Умуман, «Мадрид»»нинг ишлари жойида эмаслигини турнир жадвалига қараб, яққол сезиш мумкин. Умумий вазиятга холис баҳо берган Тони Крооснинг гаплари кўп нарсадан далолат: немис ярим ҳимоячиси «Реал» учун жорий мавсум  кучли тўртликдан жой олиш юксак натижа бўлишини таъкидлади.

Ёдингиздами, «Реал» азалий рақиб - «Барселона»дан ўз уйида шармандали тарзда мағлубиятга учрагач (0:4), бош мураббий Рафаэль Бенитесга чиқиш эшиклари кўрсатилганди. Ваҳоланки, жамоа ўшанда асосий «душмани»дан 5 очко ортда қолаётганди, холос.

Мана, Зидан ҳам «Эль-класико»да  йирик ҳисоб (0:3)ли  мағлубиятни тан олди. Боз устига, икки жамоа очколари ўртасидаги фарқ мисли кўрилмаган даражада катталашди.

Клуб президенти Флорентино Перес бундай муваффақиятсизликка узоқ тоқат қилолмаслигини инобатга олиб айтсак, франциялик мураббийнинг курсиси қимирлай бошлагани тайин.

Эҳтимолки, Перес жаноблари муносиб номзод топиш жараёнига старт бергандир. Хуллас, қўйидаги мақола «Реал Мадрид»ни бошқаришга номзод бўлишга муносиб мутахассислар ҳақида.

Йоахим ЛЁВ

2006 йили ўз мухлислари қаршисида ЖЧ бронза медалини қўлга киритган Германия терма жамоасини ўша мундиалдан сўнг қабул қилиб олган Йоахим Лёв «Реал» президенти рўйхатига тушган номзодлар орасида фаворитдир. «Қироллик клуби» соҳибининг фикрига қўшилмасликнинг иложи йўқ.

Зеро, ўз уйида «бронза» билан кифояланган бундестим шундан буён муваффақиятли одимламоқда. Бошқача айтсак, немислар Лёв раҳбарлигида 11 йилки, барқарор тўп суришмоқда. Жамоа барча йирик турнирларда фаворитлар сафидан жой олмоқда ва натижаси ҳам чакки эмас: Евро-2008 - кумуш медаль, ЖЧ-2010, Евро-2012 ва Евро-2016 - бронза медали, ниҳоят, ЖЧ-2014 - олтин медаль.

Немис мутахассисининг Германия футбол иттифоқи билан тузган амалдаги шартномаси 2020 йили ниҳоясига етади. Юргеннинг ўзи Россия мундиалидан кейин ўз салоҳиятини клуб футболида синаб кўришни режалаштираётганини бир неча марта рўй-рост таъкидлади.

Эътиборлиси, Лёв бир сафар жумладан, шундай деганди: «Менга Испания Ла-лигаси, иштирокчи жамоаларнинг ўйин фалсафаси кўпроқ ёқади». Шундай экан, Йоахим балки  Юпп Хайнкес ва Бренд Шустердан кейин «Реал» тарихидаги учинчи немис мураббийига айланар. Ҳар ҳолда, унинг бу борадаги имкониятлари чакки эмас.

Номзоднинг плюс жиҳатлари: барқарорлик, профессионаллик, юксак нуфуз, ғолиблик руҳияти.

Номзоднинг минус жиҳатлари: Германия футбол иттифоқи билан шартномаси. Келишувни муддатидан аввал бекор қилиш маълум қийинчиликлар туғдириши мумкин. Лекин Переснинг тамойилига кўра, маблағ ёрдамида бартараф этиш имкони бор масала муаммо саналмайди!

Юрген КЛОПП

Мадрид футбол муҳитига немис нафасини фақат Йоахим Лёв эмас, Юрген Клопп ҳам бемалол олиб кириши мумкин.

«Боруссия» Д. клубини Бундеслигада 2 марта шоҳсупага етаклаган ва шогирдлари билан ЧЛ финалига чиққан эҳтиросли мутахассис кейинчалик «Ливерпуль» бошқарувини қўлга олди ва мана, клубни АПЛ грандлари сафига қайтариш йўлида астойдил ишламоқда.

У маълум ижобий ўзгаришларни амалга оширишга улгурди ҳам. Ҳозирда «қизиллар» ижросидаги ўйин кенг жамоатчиликни бефарқ қолдирмаяпти.

Диққатга сазовор томони, ЧЛнинг 2012|2013 йиллар мавсуми ярим финалида «Реал» олдига айнан Клоппнинг шижоатли дружинаси тўсиқ қўйганди. Юрген кейинчалик «қизиллар»ни ЕЛ ҳал қилувчи ўйинига олиб чиқди, уларни ЧЛга қайтарди.

Тўғри, тиниб-тинчимас мураббий ҳозирча халқаро сов-рин ютгани йўқ. У Мадридда бу бўшлиқни тўлдириш учун кенг имконияга эга бўлиши, шубҳасиз. Албатта, аввало, Пересга маъқул келиши керак.

Номзоднинг плюс жиҳатлари: жонкуярлик, кучли эҳтирос, «газ»ни охиригача босиш, «портловчи» эффект. Клопп зерикарли ўйинга асло тоқат қилолмайди. Энг муҳими, жонли ўйин услуби завқ баробарида самара келтиришини ҳам таъминлайди.

Номзоднинг минус жиҳатлари: Табиий характери. Айтишларича, Юрген жамоанинг ички ишларига тез-тез аралашиб турадиган президент билан ишлашни ёқтирмайди. Перес эса ҳаммасига «бош» суқишни хуш кўрадиганлар тоифасидан.

Томас ТУХЕЛЬ

Испаниянинг амалдаги чемпиони бош мураббийи ролига номзод германиялик мутахассислар хусусида гап очилганида, Томас Тухелни ҳам алоҳида тилга олиш керак. «Боруссия» Д. клуби собиқ устози Бундеслиганинг кумуш ва бронза медаллари, шунингдек Германия кубогини қўлга киритди.

2017 йилнинг май ойида эса дортмундликлар билан хайрлашди ва ҳозирги кунгача ишсиз юрибди. «Бавария» Карло Анчелоттини истеъфога чиқаргач, Мюнхенда айнан Тухель иш бошлаши хусусида гап-сўзлар авжига чиқди.

Бироқ ҳаммаси оддий миш-мишлигича қолди. Немис матбуотида ёзилишича, гранд жамоа мутасаддилари мураббийнинг малакасига сира шубҳа қилишмаган. Аммо уларни Томаснинг инжиқ табиати ўйлантириб қўйган.

Дарвоқе, «Боруссия» Д. раҳбарияти ҳам ёш ва шижоатли мураббий билан шу масалада келишолмаганди.

Номзоднинг плюс жиҳатлари: навқирон, ҳужумкор услуб, ёшлар билан самарали ишлаш услуби.

Номзоднинг минус жиҳатлари: «вайсақи», ҳаттоки, раҳбарият фаолиятига ҳам аралашишдан тап тортмайдиган мураббий. Шуларни ҳисобга олсак, Тухелнинг Пе-ресга маъқул келишига ишониш қийин.

Антонио КОНТЕ

Ўз юртида мақтовга арзийдиган даражада фаолият юритган италиялик мутахассиснинг Лондондаги айни ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди асло.

Ҳа, Антонио Конте АПЛнинг амалдаги чемпион мураббийи мақомида. Аммо унинг жамоаси жорий мавсум барқарорликдан жуда узоқ, шунингдек, турнир жадвали пешқадами «Манчестер Сити»дан ҳам.

Оддий ифода этганда, «аристократлар» юксак унвонни ҳимоя қилиш имкониятини бой беришди, ҳисоб. Боз устига, ЧЛ қуръаси «кўклар»ни ҳозирги пайт фантастик футбол кўрсатаётган «Барселона»га рўбарў қилди.

Лекин Антонио Конте юқори малакага эга ва энг мураккаб вазиятлардан ғайритабиий усуллар эвазига чиқиб кетиш қобилиятидан ҳали жудо бўлган эмас.

У шунинг баробарида ҳеч қачон қўл кўтармайдиган мураббийлар тоифасидан - сўнгги лаҳзаларгача муваффақиятга интилади. Айни шу фазилати Перес эътиборини тортишда муҳим аҳамият касб этиши тайин.

Номзоднинг плюс жиҳатлари: кучли иштиёқ, ғалабага элтадиган йўлни топа олиш қобилияти, юлдузли таркибни ишонч билан бошқариш маҳорати.

Номзоднинг минус жиҳатлари: ўжар табиат, мутлақ ҳукмронликни хуш кўриши. Табиийки, бундай хислатлар жаноб Пересга сира маъқул эмас.

Маурисио ПОЧЕТТИНО

Охирги хабарлар оқимига қарасак, «Тоттенхэм» устози «Реал»ни бошқариш учун бош номзодлар қаторида турибди. Уни ҳеч иккиланмай Йоахим Лёв билан тенг даражада кўриш мумкин.

Умуман, аргентиналик мутахассис «Сантьяго Бернабеу»нинг муносиб вакилига айланиш учун ўзига хос устун жиҳатларга эга. «Эспаньол» афсонаси эканлигининг ўзиёқ «Қироллик клуби» соҳибини алоҳида қизиқтириши табиий ҳол.

Ҳар ҳолда, «Барселона»ни ашаддий рақиб сифатида қабул қилиш Почеттинонинг қон-қонига сингиб кетган. Унинг ўзи яқинда Каталония бош жамоасини асло бошқармаслигини алоҳида таъкидлади.

45 ёшли мутахассис нисбатан камтарин «Тоттенхэм» билан АПЛда совриндорлар учлигига кириш йўлида самарали иш олиб бормоқда. Дейлик, клубда бир қатор юксак маҳорат соҳибларини кашф этди, малакали мураббий сифатида танилди.

Тахмин қилиш мумкинки, Перес унинг Мадридга кўчиб ўтишини таъминлашда ортиқча қийналмаса керак. Зеро, Лондонда чекланган имкониятлардан рисоладагидек самара чиқараётган мутахассис «Қироллик клуби»да ўзи истаганидек фаолият юритиши мумкин.

Номзоднинг плюс жиҳатлари: испан тилида сўзлашиши, «Барселона»нинг ашаддий рақиб ўрнида кўриши, жамоада ажойиб ички муҳитни шакллантира олиш қобилияти.

Номзоднинг минус жиҳатлари: машҳур юлдузлар билан ишлаш масаласида тажрибасининг камлиги, мураббийлик соҳасида ҳали совринларга эга бўлмагани.

Шу пайтгача ОАВда чоп этилган мақолалардан хулоса чиқарсак, Зайниддин Зидан мавсумни хотиржам якунлаши мумкин, агарда ЧЛда «ПСЖ» тўсиғини бартараф этиб, имкон қадар узоқроққа борса.

Лекин инқироз жараёни давом этадиган бўлса, Флорентино Перес кескин ўзгаришга вақтлироқ қўл уриши ҳам ҳеч гап эмас.

Чунки у мураббийларнинг аввалги хизматларига қараб, иш тутадиган президентлар тоифасига кирмайди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz