Қайднома

Қидирув

Энди бор умид «Локомотив» ва «Насаф»дан

Энди бор умид «Локомотив» ва «Насаф»дан

  12.02.2018 06:41
  0
  1063
Энди бор умид «Локомотив» ва «Насаф»дан

Бугун янги мавсумга старт берилади: у одатдагидек, Осиё Чемпионлар Лигаси билан бошланади. Бу йилги вазият ёмон эмас, ҳар ҳолда, икки клубимиз гуруҳ баҳсларида иштирок этади.

«Пахтакор»нинг мағлубияти тезроқ унутилиши ҳам айнан мана шу клубларимизга боғлиқ. Агар «Локомотив» ва «Насаф» гуруҳдан муваффақиятли ўта олишса, «Ал-Гарафа» - «Пахтакор» ўйинидаги нохуш кайфият ортда қоларди. Аммо шундай бўлармикан?

Ўтган мавсумлардаги кўнгилсизликлар такрорланмаслигига умид қилса бўладими? Келинг, шу ҳақда бир оз мулоҳаза юритайлик.

«Локомотив»нинг ОЧЛдаги энг яхши мавсуми икки йил аввалга тўғри келади. Ўшанда «темирйўлчилар» чорак финалга қадар етиб боришган ва ҳатто ярим финалга ҳам умид боғлагандилар.

Бироқ шу натижа ҳам «Локомотив» учун дуруст ҳисобланган. Ҳатто Мирко Йеличич шогирдлари бир бош баланд сакрагандек ҳам туюлгандилар. Бу фикр ўтган мавсум ўз тасдиғини топди - «Локомотив» гуруҳдан чиқишни уддалай олмади.

«Насаф»га келадиган бўлсак, қаршиликлар Чемпионлар Лигасида ҳар сафар гуруҳ босқичида қолиб кетишган. Рўзиқул Бердиев шогирдлари тўрт йилдан буён мусобақада иштирок этиб келишади, аммо «плей-офф» босқичини ҳозирча фақат орзу қилишлари мумкин.

Бу борада «Пахтакор» ва «Бунёдкор» қайд этган натижалар яхшироқ: «шерлар» икки, «қалдирғочлар» эса уч марта ярим финалга қадар етиб боришган. Аммо бу йил «Пахтакор» ҳам, «Бунёдкор» ҳам ОЧЛдан четда қолди. Хўш, «Локомотив» ва «Насаф» уларнинг ўрнини боса оладими?

Албатта, бу саволга тайинли жавоб бериш қийин. Балки Чемпионлар Лигасида ғолибликка даъвогар клуб ниҳоят биздан ҳам чиқар, балки йўқ.

Ҳозирдан бу ҳақда аниқ бир нарса айта олмаймиз. Аммо ўзбек футболи мухлиси ҳар доим умид билан яшаган ва бу йил ҳам истисно бўлмайди. Шуниси аниқки, ОЧЛнинг навбатдаги мавсуми муваффақиятли иштирок этиш учун ҳар қачонгидан қулай. Нима учун? Чунки клубларимизда молиявий муаммолар деярли йўқ.

«Локомотив»нинг бу борада аллақачон барқарорликка эришганини яхши биламиз. Боз устига, клубни уч йилдан буён Мирко Йеличич ва Андрей Микляевлар тандеми бош­қариб келмоқда. Бу эса, ниҳоят, натижа келтириши лозим. Жорий мавсум нафақат Осиё Чемпионлар Лигаси, балки Ўзбекистон чемпионатида ҳам кескин кураш кечади.

«Локомотив» раҳбарияти ва мураббийлар штаби буни жуда яхши билишади ва таркибни кучайтириш устида кўп иш олиб борилди. Энг катта янгилик эса ўтган ҳафта маълум қилинди - «темирйўлчилар» Сардор Рашидов билан бир йиллик шартнома имзолашди.

«Ал-Жазира»да ишлари юришмаган ҳужумкор ярим ҳимоячи собиқ клубидагилар адашганини айнан Чемпионлар Лигасида исботлашни исташи турган гап. Боз устига, «Локомотив» аввалги мавсумлардан фарқли ўлароқ, бу сафар таркибни нисбатан сақлаб қолишнинг уддасидан чиқди.

Масалан, «Пахтакор»­га кетиши гумон қилинган Икром Алибоев катта уринишлардан сўнг жамоасини алмаштирмасликка кўнди. Ижара муддати якунига етган Жалолиддин Машариповнинг ўрни эса Сардор Рашидов билан тўлдирилди. Шундай экан, душанба куни «Ал-Ваҳда»га қарши кечадиган ўйинда «Локомотив»дан фақат яхши натижа кутишга ҳақлимиз.

Шунингдек, «Насаф»да ҳам бу йил ишлар анча жойида. Юқорида қаршиликларнинг тўрт йилдан буён Чемпионлар Лигасида иштирок этишаётгани, аммо яхши натижа қайд эта олишмаётгани айтилганди. Бироқ шуни ҳам эътибордан қочирмаслик лозимки, «Насаф» бу вақт давомида молиявий жиҳатдан катта муаммоларга йўлиққанди.

У ёғини сўрасангиз, яқинда ҳам бу борада вазият анча кескин эди. Айнан шу сабабга кўра, қишда бир қатор етакчилар «Пахтакор»га ўтиб кетишди. Лекин муаммолар кўлами қанча кенг бўлмасин, ўзгаришлар ҳам шунга яраша бўлди.

Ҳозирги «Насаф» молиявий масалада қийналмаса керак, ҳар ҳолда, маош ва мукофот пулларидан қарздорлик тўлиқ узилган. Тўғри, жамоадан кетган футболчилар ўрнини тезда тўлдириш осонмас. Шунга қарамай, «Насаф»нинг бир устун жиҳати бор - жамоа ҳар доим ўз тарбияланувчиларига суяниши мумкин.

Хитойда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати эса бу иқтидорларнинг қай даражада катта кучга эга эканини исботлаб берди. Азиз Ғаниев ёрқин ўйини эвазига скаутлар эътиборига тушган бўлса, Одил Ҳамробеков қитъа биринчилигининг энг яхши футболчиси, деб топилди.

Мусобақа ташкилотчилари Одилга 20 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули топширишганини сиз ҳам кўрган бўлсангиз керак. Осиё чемпионатида умумий ҳисобда 368 футболчи қатнашган. Мана шунча ўйинчи орасидан энг яхши деб тан олиниш оддий натижа эмаслигини ҳаммамиз яхши тушуниб турибмиз.

Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида Бобур Абдухолиқов ва Дониёр Нарзуллаевларнинг ҳам порлаганини инобатга олсак, «Насаф»нинг қандай кучга эга эканини тушуниб олиш осонроқ бўлади.

Бу ёқда Осиё чемпионатида қатнашмаган Шароф Муҳиддинов ва Ислом Кенжабоев каби ўйинчилар ҳам бор. Келаси ҳафта «Пирузи»га қарши кечадиган баҳсда айнан шу футболчилар асосий фигурага айланишса, не ажаб.

Хуллас, шундай гаплар. Насиб қилса, душанбадан Осиё Чемпионлар Лигаси бошланади. Умид қиламизки, янги мавсум клубларимиз учун муваффақиятли ўтади. Ахир бунинг учун бизда ҳамма нарса бор, муҳими - энди шуни исботлай олсак бўлгани...

Умар БЕК


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz