Қайднома

Қидирув

Суперлига жамоаларининг янги мавсум тараддуди қандай ўтмоқда?

Суперлига жамоаларининг янги мавсум тараддуди қандай ўтмоқда?

  12.02.2018 14:38
  0
  151
Суперлига жамоаларининг янги мавсум тараддуди қандай ўтмоқда?

«Локомотив»

Амалдаги чемпион ОЧЛ старти арафасида ўз таркибига қўшиб олган футболчиларни кенг оммага таништирди. Тадбир уч қисмдан иборат бўлди. Дастлаб клуб раҳбарлари ва мураббийлар тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот беришди.

Тўлабек Акрамов («Локомотив» бош директор ўринбосари): - Барчани янги мавсум старти билан табриклайман. «Локомотив» - амалдаги чемпион ва кубок соҳиби. Бу жамоа зиммасига қўшимча масъулият юклайди. Мақсадимиз - чемпионлик ва кубокни ҳимоя қилиш. Шунингдек, ОЧЛда имкон қадар узоқроққа боришимиз керак. Ўйлайманки, жамоамиз бу йил халқаро мусобақада ҳам муваффақиятли қатнашади. Зеро, таркибга кучли ва барчага таниш футболчиларни қўшиб олдик. Рашидов ва Каримов ҳақида ортиқча гапиришга ҳожат йўқ. Шунингдек, Ҳусниддин Ғофуровни юртимизга қайтардик. Бу футболчи ҳозирча миллий чемпионатимизда ўйнамаган ва ўйлайманки, янги мавсумда ўзини кўрсатади. Жанубий кореялик Чо Сук Жаэ, бразилиялик Нивалдо ва АГМКдан таклиф этилган Игор Йеличга ҳам катта умид боғлаяпмиз.

Жамоамиз янги титул ҳомий - «Ориент Финанс Банк» логотипи туширилган либосда майдонга тушади. Шунингдек, Alskom суғурта компанияси билан ҳам манфаатли шартнома туздик. Тушунмовчилик келиб чиқмаслиги учун айтишим керак, ОЧЛ доирасидаги дастлабки тур ўйинини эски либосда ўтказамиз. Чунки янгиси ҳали тўлиқ тайёр эмас.

Мирко Йеличич («Локомотив» мураббийи): - ОЧЛда олдимизга қўйилган энг минимал вазифа - гуруҳдан чиқиш. Янги футболчиларнинг жамоамизга мослашишлари учун бироз вақт керак. Ўйлайманки, улар ўйинимизни кучайтиришади. Умуман, мавсумга тайёрмиз. Хусусан, Рашидовнинг жисмоний ҳолатидан мамнунман. Тўғри, у маълум муддат амалиётсиз қолди. Лекин ҳозир муаммо сезмаяпти. Йелични қайси позицияда ўйнатаман? Биласиз, Махарадзе 2 мавсумдан буён узлуксиз ўйнамоқда. Айнан унингдек таянч зонаси ва ҳимоя марказида ўйнайдиган футболчига муҳтож эдик. Йелич шундай сифатларга эга ўйинчи.

Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - БАА йиғини жуда самарали кечди. Ўйлаган режаларимиз асосида яхши тайёргарлик кўрдик. Ўйлайманки, таркибимиз жуда рақобатдош. Бу футболчиларни бир дақиқа ҳам бўшашмасликка ундайди.

Тадбирнинг кейинги қисмида «темирйўлчилар» сафига қўшилган янги футболчиларга «Локомотив» либослари тантанали равишда топширилди. Демак, Нивалдо 6-рақам, Сардор Рашидов 27-рақам, Шерзод Каримов 8-рақам, Игор Йелич 88-рақам, Чо Сук Жаэ 99-рақам, Ҳусниддин Ғофуров эса 19-рақам остида майдонга тушади.

Нивалдо: - «Локомотив» ўз олдига юқори мақсадларни қўядиган клуб. Айни шу жиҳат жамоа сафига қўшилишимда муҳим аҳамият касб этди. Фаолиятимни таянч ярим ҳимоячиси сифатида бошлаганман. Аммо кейинчалик Россия биринчи дивизионида ҳужумга сурилганман. Ўзимни айнан ҳужумкор футболчи сифатида эркин ҳис этаман. Бразилияда хусусий клубим борлиги ҳақиқат. Бу клубни ташкил этишдан асосий мақсадим - ёш иқтидорларга кўмаклашиш. Биласиз, Бразилияда футболни жуда севишади, бу спорт турига муҳаббат юқори. Шу боис, ўз қишлоғимдаги ёшлар учун клуб тузганман. Яқинда жамоамдан 3-4 нафар йигит профессионал футболга қадам қўйди. 5 баллик тизимда ўзимга неча баҳо қўяман? 10 балл (кулади). Бразилиялик футболчилар орасида Неймар 10 баллга лойиқ. Мен эса унинг даражасига чиқишни истайман.

Сардор Рашидов: - «Локомотив»га ўтганимдан хурсандман. «Темирйўлчилар» сафига янги ютуқларни қўлга киритиш илинжида қўшилдим. Ўйлайманки, ОЧЛда ҳам муносиб иштирок этамиз. «Ренн» жамоаси? Тўғри, бу клубда собиқ устозим Лямуши ишламоқда. Бу борада у билан суҳбатлашдим. Франция жамоасига ўтиш-ўтмаслигим ёзда ҳал бўлади. Лямуши мени «Ренн»да кўрмоқчи, аммо ёзги трансферлар бозори вақтигача сабр қилиш керак. Осиёдан Европага йўл олмоқчи эдим? Ҳа, лекин Ўзбекистонга қайтишни орқага ташланган қадам, деб ҳисобламайман. Араб футболидан кўра, ўзимизники кучлироқ. Бу аниқ. Қайси тарафдан орқага қадам ташладим? Фақат моддий томондан. Чунки араб футболи фақат пул масаласида кучли. Ўйин сифати бўйича бизнинг футбол устун.

Шерзод Каримов: - «Пахтакор» билан шартномам ниҳоясига етгач, «Локомотив» таклиф билан чиқди. Бунинг учун раҳмат. Ўйлайманки, «темирйўлчилар» билан катта ютуқларни қўлга киритаман. Арвеладзе ва Йеличич ўртасидаги фарқ? «Локомотив»да кўпроқ «пас» орқали ўйнаш талаб этилади. Комбинацион футбол устувор. Шота Арвеладзе эса асосан стандарт вазиятларга таянади.

Игор Йелич: - Нега айнан «Локомотив»ни танладим? Чунки бу Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаси. АГМК ва «Локо»нинг асосий фарқи? Биринчиси - «Локо» ОЧЛда ўйнайди. Шунингдек, ўз олдига доим катта вазифаларни қўяди.

Чо Сук Жаэ: - «Локомотив» нафақат Ўзбекистон, балки Осиёнинг энг яхши жамоаларидан бири. Клуб таклифи мени қизиқтириб қўйди. Корея ва Ўзбекистон футболида ўртасида катта фарқ йўқ, менимча. Тўғри, бизда асосан жисмоний куч муҳим саналади. Лекин Ўзбекистонда ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратишларини биламан.

Ҳусниддин Ғофуров: - Сербиядаги фаолиятим тугади ва «Локомотив» таклифига кўра, ўзбек футболига қайтдим. Сербияда кўпроқ кучга таянган футбол ўйналади. Ўзбекистонда эса тўп билан муомалага эътибор кучли. Умумий қараганда, катта фарқ йўқ.

Айтиш жоиз, «Локомотив» кеча ОЧЛ 1-тури доирасида «Ал-Ваҳда» (БАА) клубини қабул қилди.

«Насаф»

Қаршиликлар ОЧЛ стартидан олдин «Шўртан» билан назорат учрашуви ўтказишди. Тўғри, бу ўйинда асосан ўтган йили ўринбосарлар ва қуйи лигада тўп суришган футболчилар майдонга тушишди. 1:1 ҳисобида якунланган ўйинда «Насаф»нинг голи Бобур Абдухолиқов номига ёзилди.

«Насаф»: 1. Умид Эргашев (65. Машҳур Муҳаммаджонов, 46), 4. Мақсуд Каримов, 8. Сирожиддин Қўзиев, 9. Дилшод Хушбаков, 18. Дилшод Саитов, 27. Ислом Рашидхонов, 31. Сайдулло Раҳматов (34. Шерзод Насруллаев, 59), 33. Илҳом Алижонов, 38. Акмал Мозговой (2. Сардор Саъдуллаев, 46), 42. Нажмиддин Нормуродов, 45. Бобур Абдухолиқов (23. Худоёрхон Саъдуллаев, 46).                       

«Шўртан»: 16. Акмал Раҳимов, 4. Сирожиддин Раҳматуллаев (18. Асил Мирзаёров, 51), 6. Акром Баҳромов, 9. Жасур Холтўраев (8. Муҳаммад Абдураҳмонов, 77), 11. Шерзод Темиров, 17. Отабек Нарзуллаев, 19. Холмурод Холмуродов (5. Шербек Эшмуродов, 69), 21. Олим Каримов, 22. Нурали Падаров, 23. Фарҳод Намозов, 25. Шамсиддин Саъдуллаев.

Шундан сўнг «аждарлар» «Динамо»га қарши майдонга тушиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бу учрашувда Драган Черан «покер» қайд этди, яна бир голга янги легионер - Славко Лукич муаллифлик қилди.

«Насаф» бугун Эрон пойтахти - Теҳронда ОЧЛ 1-тур учрашувини ўтказади. Жамоа аъзолари 11 февраль куни эрта тонгда Тошкент-Истанбул-Теҳрон ҳаво йўналиши орқали форслар диёрига жўнаб кетишди. Клуб делегацияси 34 кишидан иборат, шундан 20 нафари футболчи.

«Пахтакор»

«Шерлар» тайёргарлик жараёни доирасида «Металлург» билан 2 бора куч синашишди. Бўлимлари 35 дақиқадан давом этган биринчи ўйинда Акмал Шораҳмедов урган ягона гол «Пахтакор» ғалабасини таъминлади.

«Пахтакор»: Элдор Суюнов, Фаррух Сайфиев, Марко Симич, Шерзод Аъзамов, Акмал Шораҳмедов, Ростин Гриффитс, Дилшод Раҳматуллаев, Жалолиддин Машарипов, Жамшид Искандеров, Тиаго Безерра, Исмоил Гонсалвеш.

Иккинчи учрашув эса голларга бой бўлди. Дастлаб бекободликлар Пуришкин ва Сатторовнинг голлари эвазига олдинга чиқиб олишди. Шундан сўнг тўлиқ ташаббусга эришган «Пахтакор» рақиб дарвозасини 7 марта ишғол қилди. Жасур Ҳакимов «хет-трик» ва Собит Синдаров «дубль» қайд этган бўлса, Камолиддин Тожиев ҳамда Азим Аҳмедов 1тадан гол уришди. Ўйин 7:3 ҳисобида тугади.

«Пахтакор»: Александр Лобанов, Владимир Козак, Егор Кримец, Камолиддин Тожиев, Станислав Андреев, Азим Аҳмедов, Акбар Исматуллаев, Достон Иброҳимов, Собит Синдаров, Баҳром Абдураҳимов, Жасур Ҳакимов (Жаҳонгир Аҳмадов, 58).

«Пахтакор»нинг иккинчи хориж йиғини БААда олиб борилади. Жамоа 13 февраль куни яна битта назорат ўйинида майдонга тушади ва 15-санада Дубайга жўнаб кетади.

«Бунёдкор»

Суперлига ҳакамлар назоратчиси Александр Попов клуб қароргоҳида мураббийлар ва футболчилар учун ФИФАнинг янги ўйин қоидалари бўйича семинар ўтказди. Яъни Суперлиганинг янги мавсумидан кучга кирадиган қоидалар хусусида атрофлича тушунча берилди. «Бунёдкор» вакиллари шундан сўнг БААнинг Дубай шаҳрига йўл олишди. Аниқроғи, «қалдир-ғочлар» 8-20 февраль кунлари «Жебел Али» мажмуасида шуғулланадилар. Миржалол Қосимов ушбу йиғин мобайнида 4та назорат учрашуви ташкиллашни режалаштирган. БАА йиғинида қуйидаги футболчилар иштирок этишади:

Дарвозабонлар - Муроджон Зуҳуров, Суҳроб Султонов

Ҳимоячилар - Акром Комилов, Анвар Ғофуров, Рустам Ашурматов, Ислом Қобилов, Мирғиёс Сулаймонов, Дилшод Аҳмадалиев, Абдулла Абдуллаев

Ярим ҳимоячилар - Жавлон Иброҳимов, Даврон Умиров, Миржамол Қосимов, Хуршид Ғиёсов, Сардор Собирхўжаев, Артём Гобелок, Расул Йўлдошев, Санжар Қодирқулов, Достон Ҳамдамов, Шоҳруҳ Гадоев, Фаррух Икромов, Мурод Тошматов

Ҳужумчилар - Шаҳзод Нурматов, Филипп Райевац, Миржаҳон Мираҳматов.

Жамоанинг Дубайдаги дастлабки назорат ўйини Хитой Суперлигаси вакили «Чунцин Лифан»га қарши кечди ва унда ҳисоб очилмади. Ушбу клуб 2017 йилги мавсумни 10-поғонада якунлаган. Жамоани португалиялик машҳур мутахассис Паулу Бенту бошқармоқда.

«Бунёдкор»: Суҳроб Султонов, Дилшод Аҳмадалиев, Анвар Ғофуров, Ислом Қобилов, Шоҳруҳ Гадоев, Жавлон Иброҳимов, Сардор Собирхўжаев, Расул Йўлдошев, Санжар Қодирқулов, Мурод Тошматов, Шаҳзод Нурматов.

Захирадан майдонга тушганлар: Рустам Ашурматов, Хуршид Ғиёсов, Акром Комилов, Филипп Райевац, Достон Ҳамдамов, Артём Гобелок, Дарвон Умиров, Фаррух Икромов, Абдулла Абдуллаев.

«Навбаҳор»

Наманган жамоаси Тошкентдаги йиғини доирасида «Оқ-тепа»га қарши майдонга тушиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. «Навбаҳор» голларига Азамат Алланиёзов (2та) ва Аюбхон Нўъмонов муаллифлик қилишди.

«Навбаҳор»: Акбар Тўраев, Авазбек Маматхўжаев, Томислав Пажович, Дарко Станоевич, Илҳом Бойдедаев, Ойбек Қиличев, Остон Ўрунов, Аюбхон Нўъмонов, Аъзам Алиев, Беҳруз Содиллаев, Азамат Алланиёзов.

Захирадан майдонга тушганлар: Илья Гаврилов, Азизбек Турғунбоев, Дилшод Жабборов, Зоҳир Пиримов, Яннис Линда, Шоҳзамон Хайруллаев.

Шанба куни Илҳом Мўминжонов жамоаси «Сўғдиёна» билан ҳам куч синашди. Натижа - 0:0. Таркибда ўзгаришлар йўқ эмас. Жумладан, «Пахтакор»даги ўйинлари билан танилган маҳоратли ҳимоячи Даврон Ҳошимов «Навбаҳор»га ўтди. Мавсумлар оралиғида «Қўқон-1912» машғулотларида қатнашган ҳимоячи билан дарҳол бир йиллик шартнома тузилди.

7 февраль куни Наманган шаҳридаги «Марказий» стадиони анжуманлар залида «Навбаҳор» мутасаддилари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унинг якунида жамоа олдига янги мавсумда 3-ўрин учун курашиш вазифаси қўйилди.

«Бухоро»

Мураббийлар штабининг маълум қилишича, жамоа сафига сербиялик футболчи қўшилиши мумкин. 1992 йили таваллуд топган Марко Клисура бунгача Сербия олий лигаси иштирокчиси «Бачка Паланка» жамоасида ўйнаган. Transfermarkt.ru сайти маълумотларига кўра, Клисуранинг 2017 йил 30 декабрь ҳолатидаги трансфер баҳоси 200 минг еврога тенг. Шунингдек, Баҳодир Насимов «Бухоро» кўригида бўлиб турибди. Томонлар келиша олишса, ҳужумчи мавсумни Бухорода бошлайди. Яна бир янги футболчи - туркманистонлик Арсланмурат Аманов. Тўғри, у билан ҳам ҳали расман шартнома тузилган эмас. Азиз Ибрагимов эса шартнома остига имзо чекишга улгурди. Унга мувофиқ, ярим ҳимоячи бир йил давомида бухороликлар шарафини ҳимоя қилади. Эслатма, ўтган мавсум Латвиянинг «Спартак» клубида ўйнаган Ибрагимов мамлакат чемпиони мақомини қўлга киритганди.

Бухороликлар «Қизилқум»га қарши кечган назорат учрашувида 2:0 ҳисобида устун келишди. Голларга Шаҳбоз Эркинов ва Сардор Сулаймонов муаллифлик қилишди.

«Бухоро»: Асилбек Омонов, Эргаш Исмоилов, Артём Филипосян, Шавкат Муллажонов, Сергей Русецкий, Жавоҳир Қаҳрамонов, Шавкат Саломов, Санъат Шихов, Саламат Қутибоев, Баҳриддин Ваҳобов, Шаҳбоз Эркинов.

Захирадан майдонга тушганлар: Акмал Турсунбоев, Шоҳжаҳон Насимов, Сардор Сулаймонов, Акобир Тўраев, Роббим Ҳасанов, Арсланмурат Аманов, Нозим Умуров, Бобур Омонов, Тоҳир Шамсиддинов.

Бухороликлар ҳафта охирида «Андижон»га қарши майдонга тушиб, 4:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Голлар муаллифлари - Шаҳбоз Эркинов, Арсланмурат Аманов, Шаҳбоз Эркинов, Баҳодир Насимов (пен.).

«Бухоро» (биринчи бўлим): Акмал Турсунбоев, Эргаш Исмоилов, Артём Филипосян, Шавкат Муллажонов, Сергей Русецкий, Санъат Шихов, Шавкат Саломов, Саламат Қутибоев, Арсланмурат Аманов, Акобир Тўраев, Шаҳбоз Эркинов.

«Бухоро» (иккинчи бўлим): Шоҳжаҳон Насимов, Артём Филипосян, Тоҳир Шамсиддинов, Бобур Омонов, Раҳматулло Бердимуродов, Роббим Ҳасанов, Нозим Умуров, Жавоҳир Қаҳрамонов, Баҳриддин Ваҳобов, Баҳодир Насимов, Сардор Сулаймонов.

АГМК

Олмалиқ жамоаси Анталияда давом этаётган иккинчи йиғинидан ўрин олган илк назорат учрашувида «Сегед 2011» билан куч синашди. АГМК бош мураббийи Виктор Кумиков бу учрашувда машғулотларда иштирок этаётган барча футболчиларга имконият берди. Тўп назорати ва ҳужум ташкил этиш бобида АГМК футболчилари фаоллик кўрсатишди, бироқ илк 45 дақиқаликда ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимда эса жамоалар 1тадан гол урди. Дастлаб, 78-дақиқада украиналик ҳакам Вадим Чемиртанга нисбатан ишлатилган қўполлик учун пенальти белгилагач, жабрланувчининг ўзи имкониятдан унумли фойдаланди. Орадан 4 дақиқа ўтиб, рақиб жамоа бурчак тўпидан сўнг  Низомиддин Зиёвуддинов дарвозасини ишғол қилди.

АГМКнинг навбатдаги назорат ўйини «Нефтехимик»ка қарши кечди. Топкапе спорт мажмуасида ташкиллаштирилган бу учрашувда жамоа сафида шуғулланаётган 16 нафар футболчи ҳам иштирок этди. Хавфли вазиятлар яратиш борасида катта устунликка эришган АГМК футболчилари бу сафар ҳам улардан фойдаланиш масаласида оқсашди. Рақиб эса саноқли ҳужумларидан унумли фойдаланди. 33-дақиқада голкипердан қайтган тўпни дарвозага йўллашган нижнекамсликлар 75-дақиқасида пенальтидан иккинчи голни уришди.

Украинанинг «Заря»си билан бўлган баҳсда ҳам Кумиков 16 нафар футболчини амалда синаб кўрди. Айтганча, бу жамоалар январда ҳам ўртоқлик ўйинида майдонга тушган ва унда луганскликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонгандилар. Бу галги тўқнашувнинг 8-дақиқасидаёқ ҳисоб очилди. Роман Абдулов жарима майдони ичида рақибга нисбатан қўполлик ишлатгани боис, пенальти белгиланди ва «Заря» имкониятни қўлдан чиқармади. 39-дақиқада ҳакам энди АГМК фойдасига пенальти берди. Бироқ Музаффар Музаффаров «Заря» кипери Лунинни доғда қолдиролмади. Олмалиқликлар иккинчи бўлимни рақибга нисбатан фаолроқ бошлашди ва бу 75-дақиқада самара берди. Қанотдан жарима майдонига ёриб кирган Ғуломҳайдар Ғуломов дарвозанинг узоқ бурчагини нишонга олди. Якуний ҳисоб - 1:1.

АГМК режага кўра, 14 февраль куни Харьковнинг «Гелиос» жамоасига қарши майдонга тушади. 15 февраль куни эса Туркманистон чемпиони - «Олтин Аср» спарринг-рақиб вазифасини ўтайди. Охирги назорат ўйини 17 февралга белгиланган. Шу куни Грузия чемпионати вакили «Рустави» билан куч синашилади.

«ҚўҚон-1912»

Жамоа кўригида бўлиб турган бир қатор футболчилар билан шартнома расмийлаштирилди. Хусусан, Ғиёс Комилов, Игорь Таран, Музаффар Абдуллаев, Ўткир Юсупов ҳамда Дарко Гожкович янги мавсумда «Қўқон-1912» шарафини ҳимоя қиладилар. Клуб мухлислари Осиё чемпиони Жавоҳир Сиддиқовнинг тақдири билан қизиқишмоқда. Жавоҳир ва «Қўқон-1912» ўртасида шартнома бор. Умуман, Осиё чемпионатидан сўнг бироз ҳордиқ чиқарган футболчи машғулотларга ҳам киришди.

«Металлург»

Бекобод жамоаси таркибига яна 2 нафар янги футболчи қўшилди. Жумладан, ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида ижара келишуви асосида «Нефтчи» шарафини ҳимоя қилган Достон Турсунов Осиё чемпионатидаги ёрқин ғалабадан кейин қадрдон жамоасига қайтди. Ҳимоячи айнан «Металлург»даги ўйинлари орқали Ўзбекистон олимпия жамоаси мураббийлари назарига тушганди. Осиё чемпионати-2018нинг яна бир ғолиби Аббос Отахонов ҳам «Металлург» сафига қўшилди. «Пахтакор» тизимида улғайиб, ўтган мавсум «Навбаҳор»да ўйнаган Аббос билан 1 йиллик шартнома расмийлаштирилди. Охирги маълумотларга кўра, «Металлург» раҳбарияти «Пахтакор»дан 3 нафар футболчини ижара келишуви бўйича олган. Яъни Забиҳилло Ўринбоев, Суҳроб Нуруллаев ва Акбар Исматуллаев янги мавсумни Бекобод клубида бошлашади.

Аввалги ҳафта Ўрта Чирчиқ туманидаги «Дўстлик» стадионида «Металлург» ва «Қизилқум» ўртасида назорат учрашуви ташкиллаштирилди. Қизиқарли ва тенг курашлар остида кечган ўйинда муроса кўчаси танланди - 2:2. Бекобод жамоаси голларига Ислом Исоқжонов ва Жасур Ҳасанов муаллифлик қилишди.

«Металлург»: Никита Рибкин, Аброр Ҳусинов, Аббос Отахонов, Шерзод Файзиев, Дилёрбек Эрматов, Павел Смоляченко, Ихтиёр Тошпўлатов, Муҳаммад Исаев, Ислом Исоқжонов, Жасур Ҳасанов, Павел Пуришкин.

Захирадан майдонга тушганлар: Зафар Сафоев, Аброр Тошқўзиев, Алишер Зиёвуддинов, Нодир Мавлонов, Зоҳид Абдуллаев, Акбар Исматуллаев, Соҳибжамол Давлатжонов, Шаҳзод Шайманов, Суҳроб Нуруллаев, Худойшукур Сатторов, Андрей Шипилов, Дониёр Ҳошимов.

Жамоа шунингдек, «Пахтакор» билан 2 марта баҳслашиб, 0:1 ва 3:7 ҳисобларида енгилди.

«ҚизилҚум»

Навоийликлар Тошкентдаги йиғин доирасида «Металлург» билан назорат ўйини ўтказиб, 2:2 ҳисобига кўнишди. «Қизилқум» голларига Эркин Бойдуллаев ва Гужа Григолашвили муаллифлик қилишди.

«Қизилқум»: Евгений Черемисин, Гужа Григолашвили, Эркин Бойдуллаев, Нодирхон Камолов, Файзулла Қамбаров, Шерали Жўраев, Дониёр Усмонов, Гиорги Квесиешвили, Неманья Йованович, Хушнид Авилов, Алишер Юсупов.

Захирадан майдонга тушганлар: Эркин Жабборов, Рустам Аъзамов, Сергей Прохоров, Миржалол Қосимов, Акмал Рустамов, Феруз Бобоқулов, Ҳумоюн Абдуалимов.

«СўҒдиёна»

Жиззах жамоаси Тошкент йиғинини давом эттирмоқда. Мураббийлар штаби «Қизилқум»га қарши назорат учрашувидан сўнг футболчиларга қисқа муддатли таътил беришганди. Шундан сўнг жамоа яна Тошкентда йиғилди ва тайёргарликнинг охирги босқичига киришди. Мураббийлар Иззат Ғаниев, Шерзод Жалилов, Аркадий Галперен, Нодир Йўлдошев билан дўстона  хайрлашди. Машғулотларга эса Андрей Сидоров ва Дониёр Ҳасанов («Қўқон-1912»), Жаҳонгир Абдўмўминов («Металлург»), Шоҳруз Норхонов («Бунёдкор»), Миркомил Локаев («Динамо») ва Жамшид Юсупов («Пахтакор») қўшилишди. Жиззахликлар 10 февраль куни «Навбаҳор» билан куч синашишди. Бу ўйинда ҳисоб очилмади - 0:0.

«Сўғдиёна»: Ширинбой Абдуллаев, Акмал Холмуродов, Шоҳруҳ Холматов, Фарҳод Мираҳматов, Элёр Орипов, Жаҳонгир Абдумўминов, Умид Қодиров, Дониёр Ҳасанов, Шоҳруз Норхонов, Сардор Азимов, Азамат Исроилов.

Захирадан майдонга тушганлар: Дилшод Ҳамроев, Иззатилла Абдуллаев, Дониёр Одилов, Миркомил Локаев, Сардор Қулматов, Андрей Сидоров, Жамшид Юсупов, Орифхўжа Абдухолиқов, Исмоил Жасурхўжа.

«Сўғдиёна»нинг кейинги рақиблари ҳам тайин: «Сурхон» (14 февраль) «Металлург» (17 февраль), «Истиқлол», Тожикистон (20 февраль) ва «Қўқон-1912» (21 февраль).

«Нефтчи»

Фарғона жамоаси Суперлига баҳсларига тайёргарлик жараёнининг сўнгги босқичига киришмоқда. «Ҳоким кубоги» турнири якунлангач, футболчилар Фарғона шаҳрида тиббий кўрикдан ўтдилар. Сергей Ковшов бошчилигидаги «Нефтчи» шу тариқа 10 февраль куни Тошкентда йиғин бошлади. Фарғоналиклар пойтахтда 18 февралга қадар шуғулланишади. Йиғин доирасида 4та назорат ўйини ташкиллаш режалаштирилган. Шулардан дастлабкиси кеча Қибрайда «Навбаҳор»га қарши кечди. Кейинги ўйинлар санаси ва рақиблар ҳам маълум: 14 февраль - «Металлург», 15 февраль -«Бухоро» ва 17 февраль - «Қизилқум». «Нефтчи» вакиллари Фарғонага қайтгач, 20 февраль куни Қиргулида тўпланиб, «Насаф»га қарши кечадиган 1-тур ўйинига тайёргарликни давом эттиришади.

Таркиб ҳақида гапирсак, тажрибали ярим ҳимоячи Илҳом Юнусов яқинда фарғоналиклар сафига қўшилганди. Бироқ «Нефтчи» ихтиёрида маълум муддат шуғулланган 36 ёшли футболчи жамоа билан келишолмаган кўринади. Ҳар ҳолда, Юнусов «Динамо»га қайтиб, «Насаф»га қарши кечган назорат баҳсида майдонга тушди. «Қўқон-1912» ҳимоячиси Жалил Кимсанов эса фаолиятини «Нефтчи»да давом эттиради. У фарғоналиклар билан расман шартнома тузди.

Умуман, «Нефтчи» мураббийлари таркибни имкон қадар кучайтиришга уринмоқдалар. «Ҳоким кубоги»-2018да жамоа шарафини ҳимоя қилган Виталий Мирнийдан кейин сафга украиналик яна бир футболчи қўшилди. Мураббийлар ҳужум чизиғида тўп сурувчи бу легионерни пойтахтдаги назорат баҳсларида синаб кўришади. «Нефтчи» раҳбарияти Япония ва украиналик яна бир қатор футболчилар билан музокара олиб бормоқда. Кутилишича, Тошкент йиғинида яна 2 нафар легионер иштирок этади.

Охирги маълумотларга кўра, «Нефт-чи» бир кунда 11 нафар футболчи билан шартнома тузди. Булар - Фаррух Турдалиев, Элёр Мамасолиев, Суннатилла Эрматов, Отабек Аҳмаджонов, Аббос Махсталиев, Абдулазиз Юсупов, Шукурали Пўлатов, Авазбек Ўлмаcалиев, Аброр Исмоилов, Абдураҳмон Абдулҳақов, Даврон Маматов. Бунгача Ҳусниддин Ғофуров, Абдужамол Исроилов ҳамда Жалил Кимсанов шартнома остига имзо чекишганди.

«Андижон»

Жорий йилги мавсум якунида Суперлига йўлланмасини қўлга киритишни мақсад қилган жамоа раҳбарияти таркибни кучайтиришга астойдил ҳаракат қилмоқда. Championat.asia сайтида ёзилишича, андижонликлар яқинда «Шўртан»нинг 3 нафар футболчиси билан шартнома тузишди. Булар - Элдор Бойматов, Суннатилла Мамадалиев ҳамда Лазиз Убайдуллаев. Бундан ташқари, таркибга «Машъал»дан Аваз Агалиев ва «Бухоро»дан Алишер Саматов қўшилишди.

Элдор Сакаев бошқарувидаги «Андижон» аввалги ҳафта пойтахтдаги «Обод» стадионида Қозоғистоннинг «Махтаарал» жамоаси билан беллашди. Иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушган Маъруфжон Зокиржонов яратилган вазиятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди ва шу ягона гол жамоага ғалаба келтирди.

«Андижон»: Муҳиддин Худоёров, Артур Маматказин, Сирож Ҳамроев, Ислом Иномов, Миршоҳид Олимов, Маъруф Муродов, Суннат Абдуллажонов, Обид Ҳакимов, Иброҳим Отахонов, Элдор Бойматов, Алишер Абдувоҳидов.

Захирадан майдонга тушганлар: Алибек Туробов, Миржалол Ражабов, Зийнатилло Икромжонов, Маъруфжон Зокиржонов, Бахтиёр Қосимов, Усмонали Исмоналиев, Вусол Магерамов, Жаҳонгир Мақсудов.

Куни кеча «Обод»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Обид Ҳакимов ҳам «Андижон» машғулотларига қўшилди. Умуман, селекция ишлари тўхтагани йўқ ва мураббийлар номзод футболчилар билан музокара олиб боришмоқда. «Андижон»нинг кейинги назорат ўйини «Бухоро»га қарши кечди ва жамоа 0:4 ҳисобида имкониятни бой берди.

«Андижон»: Жавоҳир Қиличев, Ислом Иномов (Миршоҳид Олимов), Сирож Ҳамроев, Аваз Агалиев (Маъруф Зокиржонов), Алишер Саматов, Вусол Магерамов (Иброҳим Отахонов), Суннат Мамадалиев (Усмонали Исмоналиев), Обид Ҳакимов (Бахтиёр Қосимов), Маъруф Муродов (Жаҳонгир Мақсудов), Суннатилла Абдуллажонов, Алишер Абдувоҳидов (Кенжа Тўраев).

Клубларнинг расмий сайтларидаги маълумотлардан ҳам фойдаланилди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.