Қайднома

Қидирув

Ҳар бир амплуанинг 10 нафар энг қимматбаҳо футболчиси

Ҳар бир амплуанинг 10 нафар энг қимматбаҳо футболчиси

  13.02.2018 00:14
  0
  4574
Ҳар бир амплуанинг 10 нафар энг қимматбаҳо футболчиси

Transfermarkt.de (Германия) сайти маълумотлари бўйича тузилган таҳлилий рейтинга қарасак, футбол оламида ярим ҳимоячилар ва ҳужумчилар нархи анча баланд.

Тўғри, бой клублар охирги вақтларда ҳимоячиларга ҳам бинойидек сарфлашяпти, аммо олдинги чизиқ вакиллари трансфери анча қимматга тушади, барибир.

ЭНГ ҚИММАТБАҲО ДАРВОЗАБОНЛАР

Ҳужумчилар бу дарвозабонларни унча ёқтиришмайди. 24 ёшли Серхио Рико «Севилья» билан ЕЛда икки бора зафар қучишга улгурди, шунингдек, Испания термасида дебют қилди.

Бўйи 194 сантиметрга тенг кипер «Ливерпуль» эътиборига тушгач, севильяликлар ўртадаги шартнома муддатини дарҳол 2021 йилга қадар узайтиришди. Кепа Арисабалага «Реал» базасида тиббий кўрикдан ўтиб, шартнома остига имзо чекди.

Амалдаги чемпион «Атлетик»ка 20 млн. евро тўлайди («Атлетик» билан тузган шарномасида шунча товон пули белгиланган эди). Уго Льорис 2017 йили Франция миллий жамоаси дарвозасини энг кўп қўриқлаган киперга айланди (Фабьен Бартездан ўзиб кетди).

Дарвоқе, «Тоттенхэм» фахрийси 2012 йили «Лион» сафида Франция кубоги ва суперкубогини ютганди. Мануэль Нойер ўтган йилнинг сентябрида машғулот жараёнида чап оёғидан жароҳатланганди.

Шунга қарамай, рейтингга тушган ёши энг катта кипер Россия мундиалида иштирок этишига шубҳаланмаяпти. Эдерсон Мораес сентябрь ойида кўнгилсиз ҳолатни бошдан кечирди. «Манчестер Сити» - «Ливерпуль» ўйинида меҳмонлар ҳужумчиси Садио Мане голкипернинг юзига тепиб юборди.

Натижада уни 3 ўйинга дисквалификация қилишди, Эдерсон эса кейинги турдаёқ сафга қайтди, гарчи ёрилган бошини 8 чок тиккан бўлсаларда. Марк-Андре тер Штеген ЧЛ-2017|2018 гуруҳ босқичида омадли «сейв»лар бўйича энг юқори натижани қайд этди - 92,86 фоиз ҳолатда хавфни бартараф эди.

Немис кипери Испания чемпионатида ҳам қойилмақом даража ўйнамоқда. Ҳа, мавсум арафасида даниялик меъмор қиз - Даниэла Йеле билан никоҳдан ўтган тер Штеген ҳаётидаги катта ўзгаришдан ўзгача илҳом олмоқда, шекилли.

18 ёшли Жанлуижи Доннарумма «Милан» фанатлари нафратига учради, аммо бунда унинг агенти ҳиссаси кўпроқ бўлса керак. Давид де Хеа декабрь ойида «Арсенал»га қарши кечган ўйинда 14 марта «сейв» кўрсатиб, ижтимоий тармоқларни «портлатиб» юборди. Тибо Куртуа эса «Челси»да бош роллардан бирини бажармоқда.

«Атлетико»да унинг ўрнини эгаллаган Ян Облакнинг баҳоси қисқа вақт ичида 7 миллиондан 50 «лимон»га ошди. Зеро, у дастлабки 113та ўйиндан 60тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

Т|р.    Дарвозабон                            Ёши    Клуби                          Мамлакати      Трансфер нархи

1.        Ян Облак                                 25       «Атлетико»                Словения          50 млн. евро

           Тибо Куртуа                            25       «Челси»                      Бельгия             50 млн. евро

           Давид де Хеа                         27       «МЮ»                         Испания            50 млн. евро

4.        Жанлуижи Доннарумма        18       «Милан»                     Италия              40 млн. евро

           Марк-Андре тер Штеген       25       «Барселона»               Германия          40 млн. евро

           Эдерсон Мораес                    24       «Манчестер Сити»    Бразилия          35 млн. евро

           Мануэль Нойер                      31       «Бавария»                  Германия          35 млн. евро

8.        Уго Льорис                              31       «Тоттенхэм»               Франция           25 млн. евро

9.        Кепа Арисабалага                  23       «Атлетик»                  Испания            20 млн. евро

                Серхио Рико          24            «Севилья»             Испания 20 млн. евро

ЭНГ ҚИММАТБАҲО ҲИМОЯЧИЛАР

Ҳужумчиларнинг бу йигитларни ҳам унча хушламасликлари аниқ. Ахир гол уришларига кўпинча айнан шулар тўсқинлик қилишади. Серхи Роберто мавсум-2016|2017 якунига кўра, каталониялик энг яхши футболчи сифатида эътироф этилди.

У махсус сўровда ҳаттоки, Жерар Пикени ортда қолдирди. «Наполи» Италияда «Ювентус»нинг «гегемон»лигидан зерикди ва жорий мавсум бунга чек қўймоқчи. Неаполликлар орқа чизиқда айниқса, Калиду Кулибалига катта ишонч билан қарашмоқда. Аммо сенегаллик марказий ҳимоя аллақачон «Барселона» ва «Челси»дек грандларнинг эътибор марказига тушган.

Қолаверса, La Gazzetta dello Sportнинг маълумотларига кўра, «Манчестер Сити» Кулибали учун 65 млн. евро таклиф этишга ҳам улгурган. Кайл Уолкер - бу рўйхатдаги энг тажрибали ҳимоячи. «Тоттенхэм» либосида 229 марта майдонга тушган футболчи ёзда «Манчестер Сити» билан бирданига 5 йиллик шартнома тузди ва 2-рақамни олди.

«Шаҳарликлар»нинг бу трансфер йўлида нақ 51 млн. евро сарфлашганини ҳам айтиш жоиз. Самуэль Юмтити жароҳат туфайли анча вақт ўйнамаган бўлсада, L~Equipe нашри талқинидаги жаҳоннинг рамзий терма жамоасидан жой олди. Англия клублари ҳимоячи учун 56,3 млн. евро (шартномасида кўрсатилган товон пули миқдори) тўлашга тайёр, лекин каталонияликлар уни осонгина қўйиб юбормайдилар, албатта.

Бенжамин Менди аввалги мавсум «Монако»нинг Франция чемпионатида зафар қучишига катта ҳисса қўшди ва ўтган ёз АПЛга йўл олди - «Сити»га. Қимматбаҳо ҳимоячилар орасида энг ёши - Жошуа Киммих нафақат «Бавария» клуби, балки Германия миллий жамоасида ҳам фантастик даражада яхши ўйнамоқда.

Дейлик, у ЖЧ-2018 саралаши доирасидаги 10та ўйинда ҳам тўлиқ вақт тўп суриб, 9та голга ассистентлик қилди. Рафаэль Варан   «Реал»да турли даврларни бошдан ўтказмоқда: гоҳида бутун «Сантьяго Бернабеу»ни ҳайратга солади, баъзан эса таркибдан ҳам жой олмайди. Жон Стоунс - «Манчестер Сити»нинг элит рўйхатдаги 3-ҳимоячиси!

Балки «шаҳарликлар»нинг дадил одимлаётганлари сабаби ҳам шудир. «Реал» Дани Карвахални тарбиялаб, «Байер»га юборди, кейин 6,5 млн. евро тўлаганча Мадридга қайтарди. Чунончи, у Германияда 2013 йили энг яхши ҳимоячи мақомини олди. Карвахаль фақат майдон эмас, унинг четида ҳам жуда «ўткир».

Мисол учун, «Вильярреал»дан қабул қилинган мағлубиятдан сўнг шундай деди: «Футболчилар Зидан учун ўлишга ҳам тайёрлар. «Бунга ишонмайдиганлар Реал»дан даф бўлишсин».

«Ливерпуль» Виржиль ван Дейк трансферига 85 млн. евро тўлаб, уни энг қимматбаҳо ҳимоячига айлантирди. Голландиялик новча йигит эса бунга жавобан дебют ўйини (Англия кубогида «Эвертон»га қарши)даёқ гол уриб, «қизиллар»га ғалаба келтирди.

Т|р.    Ҳимоячи                                 Ёши    Клуби                          Мамлакати      Трансфер нархи

1.        Виржиль ван Дейк                26       «Ливерпуль»              Голландия        50 млн. евро

2.        Даниэль Карвахаль               26       «Реал»                        Испания            45 млн. евро

3.        Жон Стоунс                             23       «Манчестер Сити»    Англия               40 млн. евро

           Рафаэль Варан                       24       «Реал»                        Франция           40 млн. евро

           Жошуа Киммих                      22       «Бавария»                  Германия          40 млн. евро

           Бенжамин Менди                  23       «Манчестер Сити»    Франция           40 млн. евро

           Самуэль Юмтити                   24       «Барселона»               Франция           40 млн. евро

           Кайл Уолкер                           27       «Манчестер Сити»    Англия               40 млн. евро

           Калиду Кулибали                  26       «Наполи»                   Сенегал             40 млн. евро

                Серхи Роберто       25            «Барселона»          Испания 40 млн. евро

ЭНГ ҚИММАТБАҲО ЯРИМ ҲИМОЯЧИЛАР

Ҳужумчилар бу футболчиларни жуда қадрлашади, ахир уларни асосан айнан шу йигитлар зарба йўлига олиб чиқишади. Даниялик Кристиан Эриксен ўз мамлакатида кетма-кет 3-марта йилнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди.

У шунингдек, яқинда АПЛда 37-голини уриб, бу борада ватандоши, «Арсенал»нинг собиқ ҳужумчиси Никлас Бендтнердан ўзиб кетди. «Атлетико»нинг марказий ҳудудида топ-юлдузлар йўқ, аммо Коке ва Сауль жонкуярликда ҳеч кимдан қолишмайди.

Айтганча, улардан иккинчиси 16 ёшида «Фулхэм» сафига қўшилиши мумкин эди. Футболчи айни пайт тақдиридан хурсанд, яъни Англияга йўл олмаганидан. Исконинг «Реал» билан тузган шартномаси 2022 йилгача мўлжалланган ва унда катта миқдорда товон пули белгиланган - 700 млн. евро.

Муҳими, испан ярим ҳимоячиси Мадридда худди янги маҳбубаси - актриса Сара Саламо каби бахтли. Тони Кроос клубдоши Криштиану Роналду билан бирга Клублар ўртасидаги ЖЧда ғолиб чиқиш бўйича рекордчи саналади. Германиялик футболчи бу турнирда 4 марта шоҳсупага кўтарилган.

Дарвоқе, унинг айтишича, «Ре-ал» жорий мавсум энди Ла-лига якуни бўйича ЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш ҳақида ўйлаши лозим экан. Серхио Бускетс  яқинда Испания терма жамоасида юбилей - 100-ўйинини ўтказди. Тўғри, айримлар уни унча ёқтиришмайди, айниқса, «Барселона»нинг ашаддий рақиблари фанатлари - бунга футболчининг симуляцияга мойиллиги сабабдир.

Рўйхатдаги энг ёш хавбек - Деле Аллининг футболдаги асосий ютуқлари олдинда бўлса керак. Ҳар ҳолда, «Тоттенхэм» ярим ҳимоячиси энг сара клублар эътиборида турибди ва 80 миллионга тенг нарх унинг учун чегара эмас.

Эҳтимол, Коутиньо ҳақида ўқийвериш ҳамманинг жонига теккандир, аммо қимматбаҳолар рейтинги яна гапиришни тақозо этади. Мана, бразилиялик юлдуз «Барселона»да дебют қилди, трансфер баҳосининг қанчалик ошиши эса каталонияликлар сафидаги ўйинлари сифатига боғлиқ, албатта. Поль Погба фақат соч турмаги билангина ажралиб турмайди. Эҳтимол, у «МЮ»да «Ювентус»даги каби шиддатли парвозни қайд этмаётгандир, лекин шу ҳолатида ҳам чакки эмас. Кевин де Брюйне заргарона тўп узатишлари билан Андреа Пирло ва Уэсли Снейдерни эслатмоқда.

Бельгиялик футболчи барчасини қойилмақом даражада уддаламоқда - ҳужум ҳаракатларига қаратилган биринчи узатмани ҳам, охиргисини ҳам. Йил давомида унинг трансфер нархига 50 млн. евро қўшилганини алоҳида айтиш жоиз.

Т|р.    Ярим ҳимоячи                      Ёши    Клуби                          Мамлакати      Трансфер нархи

1.        Кевин де Брюйне                  26       «Манчестер Сити»    Бельгия             110 млн. евро

2.        Поль Погба                              24       «МЮ»                         Франция           90 млн. евро

           Филиппе Коутиньо                25       «Барселона»               Бразилия          90 млн. евро

4.        Деле Алли                              21       «Тоттенхэм»               Англия               80 млн. евро

           Серхио Бускетс                       29       «Барселона»               Испания            80 млн. евро

           Тони Кроос                             28       «Реал»                        Германия          80 млн. евро

7.        Иско                                        25       «Реал»                        Испания            75 млн. евро

8.        Сауль                                       23       «Атлетико»                Испания            70 млн. евро

           Коке                                        26       «Атлетико»                Испания            70 млн. евро

                Кристиан Эриксен               25            «Тоттенхэм»          Дания     70 млн. евро

ЭНГ ҚИММАТБАҲО ҲУЖУМЧИЛАР

Бу футболчиларни ёқтирмайдиганлар ҳам бор - дарвозабонлар ва ҳимоячилар. Луис Суарес - замонавий футболнинг энг жанжалкаш голеадорларидан бири. Ахир у ўйинлар давомида нақ 3 марта рақибларини тишлаб олган.

Тўғри, уругвайлик футболчи ЖЧдаги охирги «ҳунар»дан сўнг «қопағон»лик хислатини ташлади, аммо энди рақибларини гол воситасида тишлаяпти. Ромелу Лукаку худди улкан шкафдек, аммо фантастик жисмоний кўрсаткичларидан усталик билан фойдаланади.

Адолат юзасидан айтиш керак, охирги вақтларда бельгиялик баҳайбатнинг ишлари унча юришмаяпти. «Ювентус» 2015 йили «Палермо»га 32 млн. евро бериб, Пауло Дибалани ўзиники қилди. Мана, «кекса синьора» энди ўша тавваккал келишув ҳузурини кўрмоқда. Килиан Мбаппе охирги 12 ой давомида 86 млн. еврога қимматлашди.

Бу ушбу оралиқ учун трансфер бозорининг энг юқори кўрсаткичидир. 2017 йил якунлари бўйича Бельгия терма жамоасининг энг яхши футболчиси - Эден Азар ҳамон ўсишда давом этмоқда. Демакки, трансфер нархи янада кўтарилиши мумкин.

Жорий мавсум Антуан Гризманнга барқарорлик етишмаяпти ва «Атлетико» фанатлари ундан хурсанд эмаслар. Шунга қарамай, французга евроаренада қизиқиш катта. Дейлик, «Барселона» ва «МЮ» томонидан. Криштиану Роналду - охирги 2та «Олтин тўп» соҳиби. Агар у бироз ёшроқ бўлганидами, шубҳасиз, рейтингнинг 1-қаторида турарди.

Бироқ вақт ҳеч кимни аямайди. Тўғри, «Реал» етакчиси 32 ёшида ҳам чакки эмас. Гарри Кейннинг қойилмақом самарадорлиги унинг бозордаги нархига ҳам ижобий таъсир қилмоқда, албатта. Ахир йил давомида 55та гол урган йигитга бефарқ қараш мумкинми?

Яна бир неча йилдан кейин, яъни Лионель Месси фахрийликни тан олгач, футбол тахтига айнан Неймар кўтарилса, ажабмас. Ҳа, у ҳозирнинг ўзида расман дунё бўйича энг қимматбаҳо футболчи саналади. Аммо «Барселона» Лионель Мессини 222 миллион еврога сотмаса керак.

Умуман, рейтинг шартли нархлар асосида тузилган ва тахмин қилиш мумкинки, шайхлар аргентиналик даҳоча учун бозордаги баҳоси - 180 млн. евродан анча кўп сарфлашга мойил бўлсалар керак.

Т|р.    Ҳужумчи                          Ёши     Клуби                   Мамлакати     Трансфер нархи

1.        Лионель Месси                30         «Барселона»        Аргентина        180 млн. евро

2.        Неймар                             25         «ПСЖ»                  Бразилия          150 млн. евро

3.        Гарри Кейн                       24         «Тоттенхэм»         Англия              120 млн. евро

           Криштиану Роналду        32         «Реал»                  Португалия       120 млн. евро

5.        Антуан Гризманн             26         «Атлетико»          Франция           100 млн. евро

           Эден Азар                         27         «Челси»                Бельгия            100 млн. евро

7.        Килиан Мбаппе               19         «ПСЖ»                  Франция           90 млн. евро

8.        Пауло Дибала                  24         «Ювентус»           Аргентина        85 млн. евро

           Ромелу Лукаку                 24         «МЮ»                   Бельгия            85 млн. евро

    Луис Суарес           30      «Барселона»           Уругвай       85 млн. евро

Р.S.: рейтинглар transfermarkt.de маълумотлари асосида тузилган.

Абдуллохон Исроилхонов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz