Қайднома

Қидирув

Санжар Рашидов: «Насиб қилса, Эрондан очко билан қайтамиз»

Санжар Рашидов: «Насиб қилса, Эрондан очко билан қайтамиз»

  13.02.2018 13:25
  0
  1854
Санжар Рашидов: «Насиб қилса, Эрондан очко билан қайтамиз»

Бир неча йил давомида Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келган Санжар Рашидов янги мавсумни «Насаф» аъзоси сифатида бошлайди.

У қаршиликлар таркибида битта расмий ўйинда майдонга тушишга ҳам улгурди. Хабарингиз бор, Рашидовлар хонадонида уч ака-ука футболчилар вояга етишган. Сардор Рашидов БААнинг «Ал-Жазира»сини тарк этиб, Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан шартнома имзолаган бўлса, Саҳоб «Сўғдиёна»да қолди.

Санжарнинг Қарши клубига кўчиб ўтиши эса «Насаф» учун жуда ҳам яхши трансфер бўлди, дейиш мумкин. Боиси, бу футболчи ўтган мавсум «Сўғдиёна» таркибида 14та тўп киритишга эришганди.

Аутсайдер сафида ўйнаган 24 ёшли ярим ҳимоячи учун бу ажойиб кўрсаткич.

Биз «Насаф» ярим ҳимоячиси Санжар Рашидовни суҳбатга чорладик.

- Санжар, фаолиятингизни «Насаф»да давом эттиряпсиз. Умуман, бу трансфер қандай амалга ошди?

- Ўтган мавсум якунланганидан сўнг «Насаф» жамоасидан расмий таклиф бўлди. Ўша пайт «Сўғдиёна» билан амалдаги шартномам якунига етганди. Шу боис, ўзимни бошқа клубда синаб кўришга қарор қилдим. Бу ҳақда ўтган мавсумнинг иккинчи ярмидан кейин ўйлай бошлагандим. Умуман олганда, жамоани ўзгартириш фурсати етганди.

- «Сўғдиёна»да ўтказган йилларингиз ҳақида нима дея оласиз?

- Шахсан мен учун бир-биридан қизиқарли бўлган мавсумларни ўтказдим. Айнан шу клуб футболчи бўлиб етишишимга хизмат қилди. Жиззахдаги мураббийлар мени тарбиялашди. Фурсатдан фойдаланиб, клуб раҳбарияти, устозларим, футболчилар ва «Сўғдиёна» мухлисларига алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Улар менинг юрагимда қолишади.

- Кетиш осон бўлмагандир? Ҳар ҳолда, «Сўғдиёна» Суперлигада олиб қолинди. Бу ҳолат фикрингизни ўзгартирмадими?

- Ҳа, бир қарорга келиш жуда қийин бўлди. Лекин бу футбол, ана шундай кутилмаган ҳолатларга ҳам тайёр туриш керак. Шу ўринда «Сўғдиёна»нинг Суперлигада қолганидан ўзимда йўқ хурсанд бўлдим. Жиззахлик футбол мухлисларининг қувончи чексиз. Вилоятга катта футбол яна қайтариб берилди. Юқорида айтганимдек, «Насаф»да ўйнаб, футболчи сифатида яна ўсишга эришишим керак. Клуб ОЧЛда қатнашади. Бу эса мен учун айни муддао.

- «Насаф»дан ташқари яна таклифлар бўлдими? Ёки энг яхши вариант Қарши клубидан келиб тушдими?

- Танлаш учун вариантлар етарлича эди, лекин улар орасида «Насаф»дан бўлган чорлов анча қизиқарли эди.

- Бу қарорни қабул қилишда акангиз Сардор билан маслаҳатлашдингизми?

- Биринчи галда дадам билан маслаҳатлашдим. Отам «Ўғлим, ўзинг биласан», деганларидан кейин акамга мурожаат қилдим. Улар ҳеч қачон менинг зараримга ишлайдиган тавсия беришмаган.

- «Насаф» билан қанча муддатга шартнома имзоладингиз?

- Бир йил.

- Санжар, бизда асосан бир йиллик шартномалар урф бўлган. Бу ҳолатга муносабатингиз қандай? Футболчилар клубга ишонмайдими ёки тескариси?

- (кулиб) шу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман.

- «Насаф» ОЧЛ «плей-офф» бос­қичида ортиқча қийинчиликка дуч келмади. Бу ғалабанинг сири «Ал-Файсали»нинг кучсизлигидами ёки об-ҳаво асосий омил бўлиб хизмат қилдими?

- Шахсий фикримча, жамоадошларим ўша куни ажойиб футбол намо­йиш этишди. Футболчилар аъло даражада ҳаракат қилишди. Зиммаларига юклатилган вазифани сидқидилдан бажаришди.

Қолаверса, рақиб жамоани жиддий тарзда ўргангандик. Мураббийларимиз ҳам футболчиларни ўйинга жуда яхши тайёрлашди. Боз устига, омадимиз ҳам келди.

- Совуқда ўйнаш-чи?

- Иккала жамоага ҳам қийин бўлди. Лекин олимпия терма жамоамизнинг финалдаги шароити бизникидан анча мураккаб эди.

- Гуруҳдаги рақиблар ҳақида нима дея оласиз? «Насаф» ОЧЛнинг нимчорак финалига чиқа олармикан?

- Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, ҳар бир ўйин биз учун осон кечмайди. Боиси, гуруҳимиздаги рақиблар жуда кучли. Аммо биз ҳам шунга яраша тайёргарлик кўрдик.

Насиб қилса, гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалаймиз.

- «Насаф» жойлашган гуруҳдаги энг кучли жамоа сифатида қайси клубни айтган бўлардингиз?

- Фикримча, бу - «Ал-Садд».

- Жаҳон футболи юлдузи Хавига қарши кечадиган ўйинни сабрсизлик билан кутаётган бўлсангиз керак?

- Шубҳасиз! Болалигимдан унинг ўйинларига мухлис бўлиб келганман. «Барселона»нинг ҳар бир учрашувини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилганман.

- У билан ўйиндан кейин футболкаларни алмашишга ҳаракат қилиб кўрасизми?

- Албатта. Бу имкониятни қўлдан чиқармасликка интиламан. Лекин бу ўша ўйиндаги энг муҳим ҳолат бўлмайди. Биз кучли рақибни мағлуб этишга ҳаракат қиламиз.

Нафақат «Насаф», балки юртимизнинг кўплаб футбол мухлислари ҳам Хавининг Қаршига келишини интиқлик билан кутишяпти.

- «Насаф» сафига қўшилганингизга бир ойча бўлиб қолди. Таассуротлар қандай? Қаршида сизга ҳамма нарса маъқул келяптими ёки..?

- Таассуротлар бир олам. Бу ерда барча нарса футболчилар учун, ҳаммаси профессионал даражада йўлга қўйилган.

Фақат футбол ҳақида ўйлаб, меҳрни бериб ўйнашингиз керак. Жамоадаги ички муҳит ҳавас қиладиган даражада. Футболчилар бир-бири билан аҳил. Менга ёққан жиҳати шу бўлди. Чунки тотувликда гап кўп.

- 13 февраль куни (бугун) сизларни Теҳронда жиддий ўйин кутиб турибди. «Пирузи»га қарши кечадиган учрашувга тайёргарлик қандай кетяпти? Рақибни ўрганяпсизларми?

- Жиддий тарзда тайёрланяпмиз. Насиб қилса, Теҳрондан очко билан қайтмоқчимиз.

- «Пирузи»нинг кучли жиҳатлари нимада?

- Жамоавий савияли ўйин намойиш этади. Энг кучли жиҳати шу.

- «Озоди» стадионида қандай муҳит ҳукмрон бўлишини ҳозирданоқ ҳис қилаётган бўлсангиз керак?

- Ҳа, албатта. Эрон клуби учун ҳам бу биринчи ўйин. Устига-устак, «Пирузи» илк учрашувини ўз мухлислари кўз ўнгида ўтказади. Бир томондан, уларда ҳам босим бўлади.

- Шу кунгача бу стадионда ўйнаш сизга насиб қилмаганми?

- Йўқ. Афсонавий «Озоди»да тўп суриш ўзига яраша орзуларимдан бири.

- Рўзиқул Бердиевга ҳам шу ҳақда айтаётган бўлса керак?

- Мураббийимиз бу ҳолатга эътибор қаратмасликка чақиряпти. Ўйлашимча, ўйиннинг дастлабки 15 дақиқасидан сўнг ҳаяжон ва босим ортда қолади.

- Рақиб тўғрисида Эронда ўйнаёган Сервер Жепаровдан маълумот олиш мумкин...

- Бу ҳақда ҳеч нарса дея олмайман. Бир томондан, бу нотўғри бўлса керак. Интернетда «Пирузи» хусусида маълумотлар талайгина.

- Санжар, «Сўғдиёна»да умуман бошқача ўйин услуби танланарди. «Насаф»да Бердиев талаб этаётган футбол фалсафаси нимадан иборат?

- Бу борада бир нарсани айтишим мумкин. Рўзиқул аканинг тактикаси менга жуда мос келади. Бош мураббий футболчилардан фақат пас, яъни тўп узатишлар билан ўйнашни талаб қилади.

- Суперлигага қуръа ташланди. Илк турдаги рақиблар билан танишиб чиқдингизми?

- Ҳа, танишдим. Очиғи, бизга қайси жамоа тушишининг асло қизиғи йўқ.

Чунки Суперлигада кучсиз клубнинг ўзи бўлмаса керак. Ўтган йили омадсизликка учраганлар ҳам ўзлари учун тўғри хулоса чиқариб олган бўлсалар керак.

- Янги форматдаги чемпионатдан нималар кутяпсиз?

- Бир нарсани айтишим мумкинки, янги мавсум аввалгиларидан анча қизиқарли ўтади. ЎФА раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган янгиликлар, ўзгаришлар футболимизни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Бу фикрни жуда кўпчилик билдиряпти. Барча ҳаракатлар терма жамоамизнинг ЖЧ-2022 финал босқичига чиқиши учун қаратилган. Ички чемпионатни кучайтиришга эришмагунимизча мақсадга етиш қийин бўлаверади.

Шу боис, биринчи қадам сифатида олий лигамиз Суперлигага ўзгартирилди. Биринчи лига про-лига номи билан юритила бошланди.

Энг муҳими, бу номлар чемпионат савиясига ҳам монанд бўлсин. Айниқса, иккинчи босқичдаги ўйинлар кутилганиданда шиддатли кечса керак.

Турнир жадвалида 1-6-ўринларни банд этган клублар ўртасидаги ўйинлар 6 очко учун кечади. Чемпион ва бошқа сов­ринли поғоналар сўнгги турда аниқланса керак, деб ўйлаяпман.

- Акангиз Сардорнинг «Ал-Жазира»ни тарк этиб, «Локомотив»га ўтганига қандай муносабат билдирасиз? Оила аъзоларингиз бу трансферни қандай қабул қилишди?

- Шахсий фикрим, акам «Локомотив»га ўтиб, жуда тўғри иш қилди. Ҳеч кимга сир эмас, ҳозир бошқа жойларда трансфер ойнаси ёпилган.

Ёзгача ўзининг спорт формасини ушлаб туриши керак-ку! «Ал-Жазира»да мураббий бунга имконият бермаяпти. Оила аъзоларимиз акамнинг қарорини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди.

Шу боис, уйда мазкур масалани ортиқча муҳокама қилмадик. Ҳаммамиз унга ишонч билдирдик. Насиб қилса, Сардор акам мухлислар хоҳлагандек, Европада ўйнайди. Ўзининг энг катта орзуси ҳам шу!

- Балки хабарларда айтилганидек, ёзги трансферлар бозори чоғида Франциянинг «Ренн» клубига ўтар?

- Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Адашмасам, бу жамоада акамни жуда яхши танийдиган мутахассис Лямуши ишлаяпти.

Акам ушбу мутахассис қўл остида Қатарнинг «Ал-Жаиш» клубида тўп сурганди.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz