Қайднома

Қидирув

Бенжамен Менди: «Жароҳат» клуби аъзосига айландим»

Бенжамен Менди: «Жароҳат» клуби аъзосига айландим»

  14.02.2018 03:35
  0
  547
Бенжамен Менди: «Жароҳат» клуби аъзосига айландим»

Бенжамен Менди «Манчестер Сити»га жорий мавсум аввалида ўтганди. Тез орада у клуб фанатларининг ёқимтойига айланди.

Эсингизда бўлса, «шаҳарликлар» футболчи учун «Монако»га 50 миллион фунт стерлингдан кўпроқ тўлашганди.

Франциялик футболчи «Сити»га ўтганидан сўнг клуб спорт директори Чики Бегиристайн қуйидагиларни айтиб ўтганди:

- Бенжамен қанот ҳимоячилари учун керак бўлган барча хусусиятларга эга футболчи. Ёш бўлишига қарамай, катта тажрибага эга. У жаҳоннинг энг яхши қанот ҳимоячилари сирасига киради. Биз унинг номзодини кўпдан буён ўрганиб чиқаётгандик. Унинг «Манчестер Сити»га ўтганидан хурсандмиз.

Ўз ўрнида Бенжамин Менди ҳам «Монако»дан Англия клубига ўтганидан хурсандлигини яширмади.

- «Манчестер Сити» сафига қўшилганимдан мамнунман. Бу Европанинг етакчи клубларидан биридир. Гвардиола ҳужумкор футбол тарафдори. Ишончим комил, биз юқори мараларни забт этамиз. Хориж жамоасида ўйнашни истардим. Гвардиола эса қарор қабул қилишимда катта роль ўйнади. 

Бу ердалигимдан фахрланаман. Жаҳоннинг энг яхши чап қанот ҳимоячиси бўла оламанми? Нимага бўлмас эканман? Агар тинимсиз меҳнат қилсам ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бу мавсумдаги мақсадимиз? «Сити» билан икки-учта сов­ринни қўлга киритиш.

Бенжамен фақат Пеп Гвардиола билан ишлашни орзу қилган.

- Қайсидир вақт уни кетишдан тўхтатиб турдик. Кейин яна бир мавсум қолса керак деб ўйладик. Лекин Бенжамен «Йўқ, Вадим, мен «Сити»га ўтиб Гвардиола билан бирга ишламоқчиман», деб жавоб берди.

У агар «Челси» бўлганида қолиши мумкин эди. Бироқ Гвардиола билан ишлаш имкониятини йўққа чиқармоқчи эмасди», — деганди «Монако» раҳбари Вадим Васильев L~Equipe наш­рига берган интервьюсида.

Менди «шаҳарликлар» сафига қўшилиши билан майдонга тушмади. Чунки унинг жароҳат билан боғлиқ муаммолари бор эди. Лекин даволанганидан сўнг «Сити»нинг чап қанот ҳимоясида «қирол»га айланди.

«Кристал Пэлас» (5:0)га қарши кечган уй учрашувида Менди рақиб футболчисига нисбатан қўпол ўйнади. Бунинг учун у нафақат сариқ карточка ишлади, балки жароҳат ҳам орттириб олди. Натижада биринчи бўлимдаёқ ўз ўрнини бошқа футболчига бўшатиб беришга мажбур бўлди.

Хосеп Гвардиола шогирдининг жароҳати жиддий эмас, деб ўйлаганди. Бироқ 23 ёшли футболчи жарроҳлик столига ётди ва тўққиз ой майдонга туша олмаслиги аниқ бўлди. Ушбу жароҳат туфайли нафақат мавсумни, балки Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатини ҳам ўтказиб юбориши мумкин.

«Йигитлар, ёмон хабар. Бир неча ойга «Жароҳат» деб номланган клуб аъзосига айландим. Бироқ муддатидан олдин сафга қайтишга ҳаракат қиламан», - деб ёзганди Менди «Твиттер»даги саҳифасида.

Пеп Гвардиола Бенжаменга жамоа Чемпионлар Лигасининг ярим финалига чиқишига ваъда берди. Бу билан у Мендининг руҳини кўтармоқчи бўлди.

«Текширувлар натижасидан сўнг Пеп билан учрашдим. Унга «Сити»нинг Чемпионлар Лигаси ярим финалига чиқишига ваъда берса, операция қилдиришимни айтдим»,-деганди Менди The Times нашрига берган интервьюсида.

«Ҳимояланаётганимда, одатда, чап оёғимни қўяман. Чунки, ўнг оёғимга нисбатан кучлироқ. Жароҳат олган вазиятда эса умримда биринчи бор ўнг оёғимни қўйгандим. Эртаси куни Гвардиола ҳақиқатан ҳам жароҳат олганимни сўради.

Мен эса унчалик жиддий эмаслигини айтдим. Чунки у пайтда аниқ ташхисни билмасдим. Кейин Гвардиола «Тўхтаб тур, нима учун чап эмас ўнг оёғингни қўйдинг?»,-деб сўраб қолди»,-деганди Менди.

Айни пайт Менди апрель ойида майдонга қайтишга умид қилмоқда.

А.ЭШОНХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

Чемпионлар давраси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.