Қайднома

Қидирув

Футбол юрти – Англияга саёҳат

Футбол юрти – Англияга саёҳат

  15.02.2018 00:27
  0
  507
Футбол юрти – Англияга саёҳат

Ҳозирга келиб Англияни бутун дунё футбол мамлакати сифатида билади. Хўш, бу юрт нималар ҳисобига бундайин эътирофга сазовор бўлди?

Sports.ru сайтидаги ҳамкасбларимиз бу саволга жавоб топиш мақсадида туманли ўлкага ташриф буюришди.

Ажабтовур музей

Агар футболда фақатгина ўйинчилар, мураббийлар ва жамоаларгагина совринлар тақдим этилибгина қолмай, шаҳарларга ҳам мукофотлар берилганида, у ҳолда Манчестер шак-шубҳасиз бундай шарафга муносиб деб топиларди.

Мазкур шаҳарда Миллий футбол музейи 5 йил аввал пайдо бўлганди. Бунга қадар Алан Ширернинг узуги, Пеленинг футболкаси ва «Уэмбли» макети каби антиқа буюмлар сақланган музей 2011 йилга келиб зарарга ишлай бошлади ва мазкур коллекция сайёҳлар учун анчагина қулай ҳисобланган Манчестерга кўчириб ўтказилди.

Бундан ташқари, шаҳар мэрияси музейнинг оёққа туриб олиши учун йилига 2 млн. фунт ажратишга қарор қилди. Мэрия ажратган маблағ нималарга сарф қилинаётганини кўриш учун Виктория вокзалида тушиб қолиш ва Тодд Стрит бўйлаб бир неча қадам ташлашнинг ўзи кифоя: бугунга келиб Манчестердаги футбол музейи бу - учта қаватда жойлашган муҳташам кўргазма, шунингдек, Гиггз ва Невиллнинг Cafe Football деб ном олган яна бир бизнесидир.

Албатта, ушбу масканга фақат осиёликларнинг аъло даражада тайёрланган таомлари ёки футбол афсоналари томонидан тақдим этилган ёғли пишириқларни истеъмол қилиш учунгина келишмайди.

Масалан, бу ерда премьер-лига тарихидаги энг бесўнақай ҳайкал - Майкл Жексонни томоша қилиш ҳам мумкин - уни қачонлардир «Фулхэм» хўжайини Муҳаммад ал Фаёд «Крейвен Коттеж» дарвозаси олдига ўрнаттириб қўйганди.

Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай музейда бўлгани каби, Тодд Стритда ҳам 1-рақам остида термаларнинг илк учрашуви сурати ўрин олган (Англиянинг Шотландияга қарши ўйини, 0:0), шунингдек, дастлабки жаҳон чемпионатидаги тўп, Англиянинг биринчи кубоги ва бугунги кунимизгача етиб келган илк медаль ҳам бор.

Кутилмаган экспонатлар орасида собиқ иттифоқ термасида тўп сурган «Динамо» ҳужумчиси Игорь Численко ҳамда Дидье Дрогбанинг либослари, 1927 йили ВВСнинг илк футбол радиошарҳи узатилгани радиокарнайни ҳам кўрасиз.

Қолаверса, музейда инглиз футбол маданиятининг турли деталларини ҳам учратиш мумкин. Диего Марадонанинг қўл билан рақиб дарвозасини забт этгандаги футболкаси билан бирга, 1985 йили 56 кишининг умрига зомин бўлган Брэдфорддаги ёнғин сурати ҳам бор - ушбу фожиа «Брэдфорд» - «Линкольн Сити» баҳсида юз берганди.

Ҳар қадамда учрайдиган қувончли ва қайғули, аламли ва кулгу уйғотувчи воқеалардан ҳикоя қилувчи экспонатларни эса музейнинг асосий капитали, дейиш мумкин. Масалан, биринчи қават тўрига яширилган интерактив автоматни қидириб топишда сизга Пиклз лақабли колли ёрдам беради.

Бу ит тарихидан жаҳон хабардор - айнан у 1966 йили «Англияни шармандаликдан сақлаб қолганди»: ЖЧ бошланишига 3 ой қолганида Вестминстер аббатлигидан мундиалнинг оригинал кубогини ўғирлаб кетишади. Пиклз ва унинг хўжа­йини Дэвид Корбетт эса уни Лондон жанубидан топиб олишади.

Корбетт мазкур топилма учун 6 минг фунт мукофот олади ва бу пулга янги уй харид қилади. Пиклзга эса ўша чемпионатда Англия ғолиб бўлганлиги муносабати билан ташкилланган банкетга таклифнома берилади.

«Шеффилд Юнайтед» академияси

Эшли Фойл - бу елкадор инсон қачонлардир Англия футболи пирамидасида «Честерфилд», «Бакстон» ва яна бир қанча жамоалар таркибида ўйнаган. Ҳозир эса «Шеффилд Юнайтед» академиясида 16 ёшлиларни шуғуллантиряпти.

Унинг ҳамроҳлигида «Юнайтед» базаси бўйлаб айланарканмиз, бу майдонларда қачонлардир Фил Жагелка, Кайл Уокер, Доминик Кэлверт-Льюин ва «Шеффилд»нинг премьер-лигагача етиб борган бошқа тарбияланувчилари тўп сурганини англаймиз.

- Академиямиз бюджети йилига тахминан 1,1 млн. фунт стерлингни ташкил этади ва ишончим комилки, «МЮ» фақат таксининг ўзига бир йилда шунча маблағ сарф қилади, - дейди Эш.

- Уокер сўзсиз бизнинг энг қимматли тарбияланувчиларимиздандир - унинг «Сити»га ўтиши бизга 50 млн. фойданинг 10 фоизини келтирди ва бюджетимизнинг яқин 5 йиллик харажатларини қоплашга эришдик.

«Шеффилд» академияси табиий майсали 4та майдондан иборат бўлиб, улар асосий таркиб ва академия томонидан тенг ўртага бўлинган, бу ерда футболчилар 15-16 ёшиданоқ тўп сура бошлашади.

Скаутлар эса Манчестердан Лидсгача, Барнслидан Донкастергача иқтидорларни излашади. Мақсад - иккинчи даражали меъёрда қолиш, яъни академия «Тоттенхэм», «Челси», «Арсенал» ва бош­қа йирик академиялар билан бир ўринда борсин.

- Ҳозирда бу академияда 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган тахминан 150га яқин бола шуғулланади ва уларнинг бир фоизигина премьер-лигагача етиб боради, - дейди Эш.

«Олд Траффорд»

Қайси клубга мухлислик қилманг, у хоҳ «Челси», «Бавария» ёки «Зенит» бўлсин, «Олд Траффорд» сизда ҳайратланарли таассурот уйғотиши аниқ.

Бир ҳаракат қилсангиз, кифоя, худди Уэйн Руни ҳозирнинг ўзидаёқ дриблингини амалга ошираётгандай, Роналду навбатдаги «хет-трик»ка эришаётгандай, Бекхэм жарима зарбасини голга айлантираётгандай туюлади.

Аммо энг аввало, сэр Алекс Фергюсоннинг кўзларига қараш керак: «МЮ» афсонаси сизни шимолий трибунага кириш жойида кутиб олади.

«Олд Траффорд» бўйлаб саёҳат 18 фунт туради ва бу пул эвазига сизни «МЮ» костюмидаги гид миллионлаб фактлардан хабардор қилади.

«Олд Траффорд»нинг 1910 йилдан кейин сақланиб қолган ва иккинчи жаҳон урушини бошидан ўтказган ягона қисми - ўйинчилар учун мўлжалланган эски туннель бўлиб, у ҳозирда трибуналардан бирининг остига беркитилган.

Хиллсбородан сўнг бу ерда янги кийим алмаштириш хоналари барпо этишди, тез ёрдам ва ёнғин хавфсизлиги хизмати машиналари эркинроқ ҳаракат қилишига имкон берувчи йўл қурилди.

Меҳмонларнинг кийим алмаштириш хонаси эса юлдузларнинг либослари ва суратлари билан безатилган - Дэвид Бекхэм («Милан» таркибида «МЮ»га қарши ўйнаган), Роналду (Манчестерга «Реал» билан бирга келган), Гиггз (термалар ўйинида инглизларга ют­қазган), Зидан ва Месси.

Бошқа яна кўплаб брендларда бўлгани каби, «Юнайтед»га ҳам журналистларнинг ҳожати йўқ. Клуб коммуникация бўлимида бор-йўғи 5 киши ишлайди, лекин медиа бўлимида 120 нафар ходим иш билан банд. «МЮ»нинг бирор-бир футболчисидан эксклюзив интервью олиш нореал нарса.

Бунинг ягона йўли - Chevrolet тақдимоти учун тайёрланган таклифномага эга бўлиш ва у ерда Матич ёки Блиндни кўриш, фотосессия, суратга олишдан кейин 3-4 оғиз сўз алмашиш.

Саёҳатнинг финал нуқтаси клубнинг чиройли қилиб безатилган музейи ҳисобланади. У Криштианунинг сурати ҳамда «МЮ»нинг ажойиб ғалабаларидан ҳикоя қилувчи роликдан иборат.

Алоҳида яна битта зал Мюнхен фожиасига бағишланган: Басби кичкинтойларининг ўлжалари, исмлари, футболкаларидан ташқари, у ерда даҳшатли видео ва газета саҳифалари бор.

Шеффилддаги полиция участкаси

Марк Робертс - 2018 йилнинг июнида ухламайдиганлардан бири. У 1993 йили Катта Манчестер полициясида ишли бўлди, сўнг узоқ йиллар терговчи лавозимида ишлади, кейин яна футболга қайтди.

Бир неча йил давомида «Олд Траффорд»даги мухлислар хавфсизлигига масъул бўлди, 2014 йили эса Шеффилдга кўчиб ўтди - Англиянинг 1-рақамли футбол полициячиси бўлиш учун.

Бугунга келиб, айнан у мамлакат ичкарисидан бошлаб, унинг ташқарисида ҳам фанатларнинг ўзини тутишига жавоб беради.

- Биз фанатларни 3 гуруҳга бўламиз: агрессив бўлмаганлар; ҳис-ҳаяжонга тез берилувчилар ва жуда ҳам агрессив фанатлар, - дейди Марк Робертс.

- Бундайлар тахминан 2000 нафар ва биз ҳар бирининг исм-шарифини биламиз. Тўғри, ҳозир айрим инглиз мухлислари Россиядаги мундиалга боришга қўрқишяпти, аммо биз мундиалда бирор-бир кўнгилсиз воқеа юз бермаслиги учун аллақачон рус полицияси билан ҳамкорликни бошлаб юборганмиз.

Биз ушбу юрт тартиб посбонларини жуда яхши биламиз, зеро Россия ва Англия жамоалари Чемпионлар Лигасида тез-тез ўзаро баҳс олиб боришади. Аммо ҳар бир мамлакат полициясининг ўз тактикси борлигини ҳам унутмаслик керак.

Британияда биз кўнгилсизликлар бошланишидан олдин унга чек қўйишга интиламиз. Францияда сал бошқача - у ерда тартибсизликлар бошлангач, бирор чора кўришга интилишади. Билишимча, руслар ҳам биздек ишлашади. Шу боис ҳамкорликда ишлашимиз осон кечяпти.

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

Чемпионлар давраси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.