Қайднома

Қидирув

Христо Стоичков: «Энг кучли ҳужумчи - Ромарио»

Христо Стоичков: «Энг кучли ҳужумчи - Ромарио»

  15.02.2018 03:36
  0
  268
Христо Стоичков: «Энг кучли ҳужумчи - Ромарио»

«Олтин тўп» ва «Олтин бутса» соҳиби Христо Стоичков сhampionat.com сайти меҳмони бўлди. Суҳбат чоғида у бир қатор қизиқарли хотираларини эсга олди.

— Россия, Москвага келганингизга кўп бўлдими?

— Ўтган йилнинг декабрида ЖЧ-2018нинг қуръа ташлаш маросимига келгандим. Энди Афсоналар кубогида ўйнаш учун ташриф буюрдим. Умуман олганда, Россияга кўп келаман.

Бу ерда дўстларим бис­ёр. Станислав Черчесов, Карпин, Мостовой ва Онопколар шулар жумласидандир. Шунингдек, Гончаренко билан ҳам кўпдан буён танишман.

— У билан қачон танишгансиз?

— У БАТЭни бошқараётганида.

— Ўтган асрнинг 90-йилларида Испанияда бир қатор россияликлар ўйнашарди. Лекин ҳозир ундай эмас. Улар билан майдондаги қарама-қаршиликларни эслайсизми?

— Уларнинг кўпчилиги Россия футболи тарихини яратган ва Испания чемпионатида ўзига хос из қолдирган. Валерий Карпин «Сельта» ва «Валенсия»да ажойиб ўйинлар намо­йиш қилган.

Мостовой эса бир неча йил Вигода сардор бўлган. Онопко камтарона «Овьедо»да ҳам юқори савия­да ҳаракат қилган. Улар билан «Барселона»да ўйнаганимда кўп бор тўқнаш келганмиз.

Майдондаги қарама-қаршилик унинг ташқарисида илиқ муносабатда бўлишимизга тўсқинлик қилмаган.

— Ҳозир ҳам машқ қиласизми?

— Ҳар куни. Велосипед, гольф ва албатта, футбол ўйнаб тураман.

— Сиз Гвардиоланинг фаолиятини бошлаётганига гувоҳ бўлгансиз. Ўшанда ёш Пепнинг келажакда супермураббийга айланишини ҳис қилса бўлармиди?

— Ўзингиз футбол ўйнаётганингизда қайси жамоадошингизнинг яхши мураббий бўлиши ёки бўлмаслигини ҳис қила олмайсиз. Гвардиола «Барса»нинг асосий таркибига 18 ёшлигида келган.

Ўшанда у ўйинни ўқий олиши билан ажралиб турарди. «Барселона» тизими худди унинг учун яратилгандек эди. Куман, Надаль, Серхи, Нандо, Серна, Алесанко, Бегирис­тайн, Бакеро, Эйсебио, Ромарио, Стоичков, Лаудруп, Гойкоэчеа, Салинас каби футболчилар билан тўп суриб Пеп кўп нарсани ўзлаштирган бўлиши табиий.

— Гвардиола Йохан Круиффнинг ёқимтойи бўлганми?

— Йўқ. Йохан барчага бирдек қарарди ва ҳамма учун алоҳида вақт ажратарди. Жумладан, менга ҳам. Менинг «Олтин тўп»ни қўлга киритишимда Круиффнинг хизматлари беқиёс.

Унинг учун ҳар бир футболчи муҳим бўлган. Биргаликда биз ҳақиқий «дрим-тим»ни юзага келтиргандик.

— Ромарио билан қандай муносабатда эдингиз?

— Ромарио ҳақида турли гап-сўзлар юради. Лекин буларни уни билмайдиган инсонлар тарқатишган.

У билан бирга ўйнаш бахтига муяссар бўлганим учун ҳам шуни айтмоқчиман, ҳаётимда Ромариодан кучли ҳужумчи кўрмаганман.

Ромарио жаҳоннинг энг кучли марказий ҳужумчиси бўлган ва шундайлигича қолади. У қаерда ўйнамасин, натижа кўрсатган - ПСВда ҳам, «Барса»да ҳам, Бразилия терма жамоа­сида ҳам.

— У билан ҳамон алоқадамисиз?

— Албатта. У ҳозир Бразилияда депутат бўлди. Энди мэр бўлиш ниятида. Бир сўз билан айтганда, боши билан сиёсатга шўнғиган.

Аммо бу ишларни у нафақат обрў учун, балки одамларга яхши бўлиши учун қилмоқда. Уни билганим туфайли ҳам шундай деяпман.

— «Барса»даги энг яқин дўстингиз ким бўлган?

— Бутун жамоа. Агар вазият бошқача бўлганида, биз бундай натижа қайд этолмасдик. Тўғри, ким биландир кўпроқ, ким биландир озроқ мулоқот қилардим.

Лекин кийиниш хонаси ва майдонда бир тану бир жон бўлганмиз. Шу боис ҳам ҳозирда қўнғироқлашиб, учрашиб турамиз.

— Круифф давридаги «Барса» кучли бўлганми ёки Гвардиола давридагисими?

— Ҳар кимнинг ўз фикри бўлади. Мен «Барса» одамиман. Шундай экан, у даврдаги ёки бошқа даврдаги жамоа кучли бўлган, дея олмайман. Бунинг иложи йўқ.

— Футбол агенти Шандор Варганинг айтишича, сиз Саудия Арабистонида иккита ўйинда майдонга тушиш учун ярим миллион АҚШ доллари олган экансиз. Бу Стоичков фаолиятидаги энг енгил гонорарми?

— Мен ҳеч қачон пуллар ҳақида гапирмаганман. Саудиядан таклиф олганимда эса уни ишга солганман.

«Ал-Наср» жамоаси сафида иккита ўйин ўтказиб, битта гол урганман, Осиё кубогини қўлга киритганмиз. Барча мамнун бўлган (кулади).

— Нима учун ван Гал билан ишлай олмагансиз?

— У сиз учун ван Гал, мен учун эса ван Мал (Mal сўзи испанчадан ўгирилганда «ёмон», «нотўғри» маъносини англатади).

— Нима учун?

— Диктаторлик хусусиятига эга, ёқимсиз инсон.

— Сиз уришмаган мураббийлар ҳам борми?

— Ҳаммаси. Фақат биттасидан ташқари барчаси билан ажойиб ишлаганман.

— Жозе Моуриньо «Барса»га борганида қандай бўлган?

— Камтар йигит эди. Ўшанда мураббийлик соҳасига энди кириб келаётганди. Мана, кўриб турганингиздек, шу даражагача етди.

— Шундай бўлишини 20 йил олдин тахмин қилиш мумкинмиди?

— Ундан катта мураббий чиқишига ишонардим.

—  Круифф билан жанжаллашганмисиз?

— Журналистлар билмай туриб кўп нарсани ёзишаверади. Иш жараёнида тортишувлар бўлиб туради. Пашшадан фил ясаш ярамайди. Агар майдонда бўлсам, тинчман. Борди-ю, захирада қолиб кетсам, асабийлашаман.

Шунга ўхшаш вазиятларда тортишувлар бўлган.

Шуни унутмаслик лозимки, Круифф мени Болгариядан чақириб, шу даражага етишимга ўзининг катта ҳиссасини қўшган. Юқорида айтганимдек, «Олтин тўп»ни қўлга киритишимда ҳам унинг меҳнатлари  ётибди.

ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz