Қайднома

Қидирув

Месси «Гном», Гаттузо - «Каркидон», Рибери - «чандиқ юз» ёхуд футболчиларнинг лақаблари ҳақида

Месси «Гном», Гаттузо - «Каркидон», Рибери - «чандиқ юз» ёхуд футболчиларнинг лақаблари ҳақида

  16.02.2018 06:41
  0
  2885
Месси «Гном», Гаттузо - «Каркидон», Рибери - «чандиқ юз» ёхуд футболчиларнинг лақаблари ҳақида

Сир эмаски, ҳаётнинг бошқа жабҳаларидаги каби футболчилар ҳам ўзаро мулоқот пайтида ихчам қисқартма - лақаблардан фойдаланишади.

Шунингдек, қайсидир касбдоши хусусида фикр билдириш чоғида ҳам тахаллусларга мурожаат қиладилар. Масалан, Анхель Ди Мария Месси ҳақида гапирганида «Гном» ёки «Карлик» ибораларини қўллаганди.

Луис Суарес эса қуруқ гап билан кифояланмай, Леога ўзининг гном тасвири туширилган пижамасини совға қилганди. Бу ажойиб хислатдан ҳеч ким бенасиб бўлмаган.

Ташқи кўриниши учун берилган лақаблар

Тахаллусларнинг энг йирик гуруҳи. Чунки, уларни ўйлаб топиш жуда осон. Месси «Гном» лақабига лойиқ кўрилганда унинг бўйи 140 см. эди. Широковга Кокорин канадалик Биберни эслатди.

Иньеста эса рангпар юзи учун «Каспер» тахаллусини олди. Торреснинг болаларга хос юз кўриниши «ал Ниньо» («Кичкинтой») лақабига лойиқ кўрилди. Оле-Гуннар Сульшерни рақиблари «Бола кўринишидаги қотил», Сантьяго Канисаресни эса «жаллод» деб аташарди.

Голландиялик Райцигер эса мухлислар ўртасида «Противогаз» номи билан машҳур. Англиялик касбдошларимиз Дан Петрес­ку сиймосида машҳур актёр Дэвид Духовнини кўрадилар.

Шу тариқа «Агент Малдер» лақаби пайдо бўлди. Рекоба ва Давид Сильва - «хитой», Рибери - «чандиқ юз», Хави Эрнандес - «Хэмфри Богард».

Айтганча, Хавида яна «Профи» ҳамда «Муаллим» тахаллуслари ҳам бор. «Сўйлоқ» лақаби эса Роналдо ва Роналдиньога тегишли эканини яхши биласиз.

Жониворлардан олинган лақаблар

Мессини «Гном»дан ташқари «Атом Бурга» деб ҳам аташади. Бўйи паст болаларни «Пьохо», яъни «Бурга» деб аташ Аргентинада одат тусига кирган. Масалан, ҳужумчи Клаудио Лопесни ҳам Эдгар Давидс билан Христо Стоичков ўзларининг уришқоқ кўппакка хос табиатлари туфайли «Питбуль» лақабига сазовор бўлишган.

Гаттузо - «Каркидон», Савиола - «Қуёнча», Жек Чарльтон ва Нванкво Кану - «Жирафа», Кевин Киган - «Сичқон», дароз Ян Коллер - «Дино», Ортега - «Хўтик», Пато эса - «Ўрдак».

Рақибларини чақиб оладиган зарбалари Игитага «Чаён» тахаллусини ҳадя этган бўлса, қора свитерни хуш кўрган Лев Яшин «Қора ўргимчак», афсонавий Эйсебио эса «Пантера» лақаби билан ном қозонишган.

Рақам ва ҳарфларда ифодаланган лақаблар

Баъзи тахаллуслар футболчи исм-шарифининг бош ҳарфлари ва рақамлари билан ифодаланади. Масалан, Тимошук - Т-44, Бистров - «34-тезюрар». Златко Заховичга тегишли «ZZ-Тор» машҳур рок-гуруҳини эслатади.

Буюк Эленио Эррера исм-шарифининг бош ҳарф­лари - «НН» билан аталади, марҳум Валерий Васильевич Лобановс­кий эса ВВЛ билан. Александр Шовковскийни яқинлари «Сашо» деб аташарди.

Кишининг табиатига оид лақаблар

Болалигида Роналду «йиғлоқи» лақаби билан машҳур эди. У доимо жамоадошлари билан тортишар, ҳатто тўпни узатмай қўйишгани учун йиғлаб, жанжаллашарди. «Телба» тахаллуси ҳам жуда кенг тарқалган: англиялик Пире, уругвайлик Абреу, колумбиялик Игита, аргентиналик Бьелса ва бошқа кўпгина футболчию мураббийлар шулар жумласидандир.

«Спартак» афсонаси Игорь Неттони нафақат узун бўйни, балки дўстларига пишиллаб гапириши учун ҳам «Ғоз» деб аташган. Пол Гаскойн эса ширакайф турмуш тарзи туфайли «Алкаш» номи билан танилган.

Исм-шарифидан олинган лақаблар

Бевосита футбол туфайли «туғилган» лақаблар. Одатда, машғулот ёки ўйин жараёнида мураббийлар ўз шогирдларини исми ёки фамилиясини қисқартириб чақиришади. «Шава» (Аршавин), «Шева» (Шевченко), «Керж» (Кержаков) каби тахаллуслар шу тариқа пайдо бўлган.

Радим, Сьеч, Бес, Пога, Кири, Тит, Алень... - бу атамалар қайси футболчиларга тегишли эканини дарров пайқаган бўлсангиз керак. Қисқартмага «гол» иборасини қўшиш лақабнинг жарангдорлигини оширади - Батигол, Габигол.

Француз тилидаги ҳақоратомуз лақаблардан таш­қари, Марко Матерацци ўз фамилиясидан олинган «Матрица» тахаллусига ҳам эга. Айрим исм-шарифларини бироз ўзгартириш ҳам қувноқ тахаллусларни бериши мумкин. Масалан, Набабкин - Кабабкин. Бу лақаб Лукас Подольскига манзур бўлиши аниқ - «Шаҳзода Польди» яқинда Кёльнда кабобхона очганди.

Испаниянинг жаҳон тождорига айланишида муносиб улуш қўшган Пике «Пикенбауэр» тахаллусига муносиб кўрилди. «Зизу» лақаби эса исм-шарифнинг қисқартмаси эмас. «Зиза» ёки «Зази» бўлганида бошқа гап эди. Зайниддиннинг дўстлари Яз ёки Зиз деб чақиришади.

Аниқланишича, унинг тўлиқ исми Зайниддин Язид экан. Эҳтимол, Зиз ибораси осонроқ талаффуз қилиш оқибатида «Зизу» кўринишини олгандир?

Туғилган жойига оид тахаллус

«Карпат Марадонаси» - Георги Хаджи, «Саҳро Марадонаси» - ал Овейран, «Осиё Марадонаси» - Али Карими, «Турк Марадонаси» - Ҳоқон Шукур, («Босфор буқаси» лақаби ҳам унга тегишли), «Москва Марадонаси» - Артём Дзюба, Павел Недвед - «Чехиялик замбарак», Марко ван Бастен - «Утрехт оққуши», Деннис Бергкамп - «Учмас Голланд» (у самолётда учишдан қўрқарди).

Эҳтиром маъносидаги тахаллуслар

Бундай лақабларга эришиш осон эмас. Чунки, улар кишининг қандайдир камчилигини тасдиқлаш учун эмас, аксинча, ижобий фазилатларини улуғлашга хизмат қилади.

Пеле, Контана, Далглиш, Киган - «қироллар», Кройфф -  «Учар голланд», Марадона - «Микеланжело», Роналдо - «Феномен», Беккенбауэр - «Кайзер» (немис монархларининг олий унвони худди римликлардаги «Цезарь» унвони каби).

Мостовойни Испанияда «Шоҳ» дея эъзозлашарди. Шунингдек, Шевченко ва Пьетро Верховод ҳам ўз вақтида Италияда шундай унвонга сазовор бўлишган. Футболнинг ўз императорлари (Тотти, Адриано) ва шаҳзодалари (Подольски, Франческоли, Редондо) мухлисларга яхши таниш.

Овчинниковнинг «Босс» тахаллуси эса ҳурмат-эҳтиром белгиси эмас, балки бошқа бир тахаллус - «Боцман»нинг қисқача кўринишидир.

Ҳа, футбол олами ўзининг майорлари, полковник ва ҳатто генераллари билан ҳам мақтана олади. Умуман, жарангдор унвонларга сазовор бўлиш ўзининг ноёб иқтидорини тасдиқлашнинг бир усули. Тўғри, сўнгги пайтларда қироллар, шоҳ ва кайзерлар кўринмай қолишди.

Месси ва Роналдудек камёб ўйинчилар ҳанузгача «Гном» ва «Пеналду» лақабларига қаноат қилиб келишмоқда. Ваҳоланки, уларни «Росариолик даҳо» ёки «Мадейралик афсунгар» дейилса, муболаға бўлмасди.

Кинояли ва ажабтовур лақаблар

«Аэроплан» Монтелла - голни нишонлаш услубига кўра, «Уйқудаги монстр» - Роман Павлюченко ўйин услубига кўра, «Каннибал Суарес» - фаолиятидаги тишлоғич табиатига кўра, «Спайс Бой Бекхэм» - рақифаси Виктория куйлаган гуруҳ шарафига.

Ота-ўғил Веронларга «ялмоғиз» ва «ялмоғизча» лақаби жуда мос тушган, «Шрек» ибораси Рунини англатади, «Трактор» эса афсонавий Хавьер Занеттига тааллуқли. Пуйоль билан Гаттузо «довюрак» тахаллуси билан танилган. Шунингдек, Карлесда «Пудель» лақаби ҳам йўқ эмас.

Жингалак юнгли беозор кучукча россиялик бир мураббийга ҳам тегишли. Бақакўз Озилни Германия терма жамоаси ва «Арсенал»дагилар «Немо» деб аташади.

Хавьер Эрнандесга нисбатан «Чичарито» билан биргаликда «нўхат» лақабини ҳам ишлатишади. Чунки унинг кўзлари нўхат рангида.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz