Қайднома

Қидирув

Александр Лобанов хонадонидан репортаж

Александр Лобанов хонадонидан репортаж

  17.02.2018 03:41
  0
  1373
Александр Лобанов хонадонидан репортаж

Маълумки, оила жамиятнинг биринчи ва муҳим бўғини ҳисобланади. Жамият шу  кичик бўғинлардан ташкил топади. Бошқача эътироф этсак, оила - тирик вужудлар  иттифоқи.

Ҳар бир тирик вужуд эса алоҳида бир олам. Зеро, бу ёруғ дунёда бир-бирини айнан такрорлайдиган кишилар йўқ. Шу маънода айтсак, оилаларнинг ҳам бир-бирига ўхшамаслиги ўз-ўзидан аён. Бахтли оила - аҳил-иноқ жамият гарови. Чунончи, бахтли ота-оналар шундай фарзандларни улғайтирадилар.

Умуман, оилавий муносабатлар нисбатан мустақил ҳолат саналади ва бунга ҳеч ким сабабсиз аралашолмайди. Оиланинг муқаддас ва дахлсиз эканлиги маъноси ҳам шу. Рамзий маънода ифода қилсак, оила ўзига хос кичик бир мухтор давлатдир.

Хуллас, бугун футболдан четга чиқмаган ҳолда, бахтиёр оилалардан бири ҳақида ҳикоя қилишни лозим топдик. Аниқроғи, яқинда ижодий гуруҳимиз Ўзбекистон миллий жамоаси ҳамда «Пахтакор» клуби дарвозабони Александр Лобанов хонадонида меҳмон бўлди.

- Мана, бир зумда 2018 йилнинг иккинчи ойи ҳам яримлаб қолди. Айтингчи, 2017 йил сиз ва оилангиз учун қандай келдию, янги мавсумдан нималар кутяпсиз?

Александр Лобанов: - Жаҳон чемпионатига чиқолмаганимизни айтмаганда, 2017 йил самарали бўлди. Дейлик, «Пахтакор» билан бронза медалини ютдик.

Ваҳоланки, биринчи даврада аҳволимиз жуда оғир эди ва якунда совриндорлар қаторига киришимизга ҳеч ким ишонмаган бўлса керак.

Мана, янги раҳбарият «Пахтакор»ни аввалги ҳолатига қайтаришни кўзламоқда, кенг кўламли ишларнинг дастлабки самаралари кўзга ташланди ҳам. Демак, 2018 йил давомида катта муваффақиятларни тантана қилишдан умидвормиз.  

Ирина Лобанова (рафиқаси): - Оиламиз унча катта эмас - мен, Саша ва ўғлимиз. Янги йилни зўр кайфиятда кутиб олдик ва умид қиламанки, ҳаммаси шундай давом этади.   

- Қизиқ, бошидаёқ дарвозабонликни танлаганмисиз ёки...?

Александр Лобанов: - Футбол тўгарагига борганимда 9 ёшда эдим. Тушунарлики, кимнинг қайси позиция­да ўйнаши кейинроқ аниқланади. Яъни мураббийлар ҳар бир боланинг қобилиятига қараб, хулоса чиқаришади. Тўғри, ўзим бошидан дарвозабонликка алоҳида қизиққанман.

Мураббийим вақтида дарвозабон сифатида ўйнагани учунми, мендаги қизиқиш ва интилишга бефарқ қарамаганди. Аслида дарвозабонлар машғулотларда бошқа чизиқ вакилларига нисбатан кўпроқ тер тўкишади. Ўйинда эса бошқача - биз кўпроқ дам оламиз, футболчилар эса тинмай югуришади (кулади).

Аммо кипер зиммасидаги масъулият катта, барибир. Кўп ҳолларда натижа айнан бизнинг нечоғли ҳаракатланишимизга боғлиқ. Масалан, ярим ҳимоячи хатосини ҳимоячи тўғрилаши мумкин. Ҳимоячи хатога йўл қўйса-чи?

Ҳужумчи ва дарвозабон ўртасидаги яккама-якка вазиятда рақибингиз 70-80 фоиз устунликка эга бўлади. Хуллас, дарвозабонга «ярим жамоа» нисбати бежиз берилмаган. Ахир биз гол қўйиб юбормасак, жамоамиз камида бир очко олиши муқаррар.

- Футболчининг рафиқаси бўлишнинг осон ва қийин томонлари бор, албатта. Масалан, турмуш ўртоғингиз ўйнаётган пайт ўзингизни қандай ҳис қиласиз?

Ирина Лобанова: - Очиғи, бундай пайт ўйинни стадионда томоша қилиш жуда қийин. Айтайлик, мухлислар баъзан номақбул луқма ташлашлари мумкин. Ўзи улар гоҳида ошириб юборишади. Аслида ҳеч бир футболчи майдонга ютқазиш учун тушмайди.

Лекин футболда ҳар доим сиз ўйлаган ўйин ва натижа кузатилавермайди. Тўғриси, сўнгги вақтларда Сашанинг ўйинини уйда, телевизор орқали кўряпман, холос. Шунда ҳам 90 дақиқа бир жойда жим ўтиролмайман.

Бир зумда бошқа каналга оламан ёки телевизорни ўчириб қўя қоламан. Лекин тезда ичим қизиб, яна футбол томошасига қайтаман. Қисқаси, узоқ масофадан бўлсада, турмуш ўртоғимни руҳан қўллаб-қувватлашга интиламан.

- Умуман, иккингиз қандай танишгансизлар?

Ирина Лобанова: - Ижтимоий тармоқ орқали. Саша ўша пайт Қозоғистонда ўйнарди. Бир неча ой ёзишиб турдик, кейин Саша Тошкентга қайтди. Шу-шу дўстона муносабатларимиз илиқлашиб, оила қурдик.

Александр Лобанов: - Менга Иринанинг аввало, кенг қамровли фикрлаши, дунёқараши маъқул келди. Ташқи кўриниш иккинчи масала. Ира айтганидек, ижтимоий тармоқда  дўстлашдик, Тошкентга қайтганимнинг эртаси куниёқ юзма-юз кўришдик. Аниқ эсимда, илк марта 20 декабрда учрашгандик. Балки шунинг учун бўлса керак, Янги йил байрамини доимо ўзгача нишонлаймиз.

Ирина Лобанова: - Саша ҳар сафар гул кўтариб келарди. Бирор марта гулсиз қарши олганини эслолмайман. Мана, ҳозир бахтли оила бекасиман, тақдиримдан асло нолимайман.

Александр Лобанов: - Ўғлимиз Артём 3 ёшда, лекин ҳозирдан футболга меҳри баланд. Ўйинчоқлари орасида тўпни алоҳида яхши кўради. Уйимизда ҳаттоки, футбол дарвозаси ҳам бор. Артём билан доим машғулот ўтказаман. Тўғри, бу Иринага ёқмайди - жароҳатланишидан қўрқади.

Агар охиригача футболга меҳри сўнмаса, шуғулланиши учун имконият яратиб бераман, албатта. Лекин футболга мажбуран йўналтирмайман. Зеро, бу ўйин мураккаб спорт тури эканлигини яхши биламан. Хусусан, дарвозабонга ҳар томондан босим кучли. Айниқса, мухлислар талаби катта.

Яхшиямки, оғир вазиятларда оилам яқиндан ёрдам беради, руҳан қўллаб-қувватлайди. Айнан рафиқам ва ўғлим ёнида майдондаги ёқимсиз ҳолатларни тезроқ унутаман. Бўш вақт топилгани ҳамоно бирга сайрга ҳам чиқамиз.

Ирина Лобанова: - Сашанинг гапларига кичик эътироз бор. У уйда ҳам фақат футболни ўйлайди, барибир. Ҳаттоки, таътил пайти ҳам. Телевизорда нуқул футболга оид кўрсатувлар, ўйинларни томоша қилади. Демоқчиманки, гоҳида уйда биз ҳам яшашимиз эсидан чиқиб қолади (кулади).

- Характер нуқтаи назаридан ўзингизга қандай таъриф берасиз?

Александр Лобанов: - Афсуски, босиқ эмасман, жуда тез ёниб кетаман. Мен ҳақимдаги гап-сўзларга тезда муносабат билдиришим боиси шу...

Ирина Лобанова: - Лекин Сашанинг ижобий хислатлари ҳам кўп. Биринчи галда, ўзига нисбатан ғоят талабчан. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, машғулотлардан қолмайди. Шундай пайтлар ҳам бўлган - иситмаси 40 даражага чиққанига парво қилмай, сумкасини олиб машғулотга кетган. Муҳими, жуда оилапарвар. 

Александр Лобанов: - Ортга назар ташласам, биттагина ўйинда асосий жамоа билан бирга бўлмабман. Ўшанда ҳаттоки, оёқ босолмагандим. Тумов ёки бошқа кичик сабаблар мен учун баҳона эмас.

Бундай ҳолатда албатта, жамоа шифокорлари ёнига бораман ва майдонга тушмасамда, йигитлар билан бирга бўламан. Лоақал уларни руҳан қўллаб-қувватлаб тураман-ку.

- Футболдан ташқари, нималарга алоҳида қизиқасиз?

Александр Лобанов: - Техникага. Қайсидир жиҳоз бузилса, уни мустақил  тузатишга уринаман. Автомобилларга ҳам бефарқ эмасман. Шунингдек, футболкалар коллекциясига алоҳида битта хона ажратганман. Футболкалар орасида ниҳоятда қадрлилари ҳам бор.

Мисол учун, 2012 йили «Пахтакор»да фойдаланган формамни алоҳида сақлайман. Зеро, унда биринчи марта Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Коллекциямда испаниялик Йеста футболкаси ҳам бор. У билан ОЧЛ доирасидаги ўйинда форма алмашгандик. Яна африкалик ҳужумчи Экоконинг футболкаси ҳам алоҳида ўрин тутади.

Уни БААнинг «Ал-Айн» жамоасига қарши кечган сафар учрашувидан сўнг олганман. Ўшанда Экоко минг уринмасин, дарвозамга гол уролмаган ва якунда форма алмаштиришни сўраганди. Россия терма жамоаси дарвозабони, яқин дўстим - Владимир Габулов футболкасига ҳам эгаман.

У «Анжи»да ўйнаган вақт БАА йиғинидаги ўртоқлик учрашувида форма алмашгандик. «Анжи» таркибида Роберто Карлос ҳам ўйнарди. Адашмасам, учрашувда ғалаба қозонгандик ёки дуранг натижа қайд этилганди. Азиз Ҳайдаровнинг футболкаси ҳам жуда  қадрли. Азиз билан болаликдан дўстмиз, бир мураббий қўл остида шуғулланганмиз.

Азиз Ибрагимов ҳам биз билан бирга таҳсил олган. Хуллас, «Ал-Шабаб»га қарши кечган ўртоқлик ўйинидан кейин Азизнинг ўзи футболкасини берганди. Қизиғи, ўшанда «Ал-Шабаб» мағлубиятга учраганди.

Шунингдек, Москванинг «Локомотив» клуби футболкасини Виталий Денисовдан олганман. Энг асосийси - Ўзбекистон миллий жамоаси футболчилари дастхати туширилган футболка. У хонанинг қоқ марказидан жой олган. 

Ирина Лобанова: - Саша мактабда аъло баҳоларга ўқиган. Айниқса, аниқ фанларни яхши ўзлаштирган. Ҳар ҳолда, магистрлик дипломини ёзаётганимда, химия бўйича катта ёрдам берганди.

- Фаолиятингиз давомидаги энг эсда қоларли ўйин...?

Александр Лобанов: - Миллий жамоадаги дебютимни ҳеч қачон унутмасам керак. «Пахтакор» стадионида нисбатан кучсиз рақибга қарши майдонга тушган бўлсакда, вужудимни ҳаяжон қамраб олганди. Энг мураккаби сифатида эса ўтган йили «Локомотив» майдонида бўлган учрашувни тилга оламан. Рақиб кучли босим ўтказганига қарамай, ғалаба қозонгандик.

- Футболимизда бошланган ислоҳотларга муносабатингиз қандай?

Александр Лобанов: - Катта ўсиш кузатилса керак. Янги раҳбарият енг шимариб ишга киришди ва ислоҳотлар самара келтиришига ишонаман. Суперлига ўйинлари анча шиддатли кечишини ҳозирдан тахмин қилиш мумкин.

Хусусан, чемпионлик учун кураш кескинлашади. Биз ҳам шунга яраша тайёргарлик олиб бордик. Ўйлайманки, хорижда ўтказилган йиғинлар ўз самарасини беради. Қолаверса, таркибимиз ҳам янада кучайтирилди.

Ички чемпионатимизда тўп сурадиган маҳоратли футболчилар билан бирга, савияли легионерлар сафимизни тўлдиришди. Бир сўз билан айтганда, мавсумдан умидимиз катта.

Камолиддин АЛИМОВ ёзиб олди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz