Қайднома

Қидирув

Роналду ва Неймар: қайбири 26 ёшга қадар яхшироқ натижага эришган?

Роналду ва Неймар: қайбири 26 ёшга қадар яхшироқ натижага эришган?

  17.02.2018 00:26
  0
  4571
Роналду ва Неймар: қайбири 26 ёшга қадар яхшироқ натижага эришган?

Ҳа, португалиялик ва бразилиялик икки беназир юлдуз туғилган айёмини бир кунда нишонлайди.

Дарҳақиқат, ажойиб тақдир: замонамизнинг энг буюк футболчилари - Криштиану Роналду ва Неймар  бир санада дунё юзини кўришган - 5 февралда. Бу йил «ПСЖ» вакили 26 ёшга тўлди, «Реал» етакчиси эса 33га.

Футбол нуқтаи назаридан қарасак, ўртадаги фарқ нисбатан катта. Кўпчилик анчадан буён Роналду ва Лионель Мессидан кейин жаҳон футболи тахти айнан Неймарга насиб этишини таъкидламоқда.

Қизиқ, бразилияликнинг фаолияти португалиялик юлдузникига таққослаганда, қандай ривожланмоқда?

Хуллас, туғилган кун баҳонасида иккисининг 26 ёшгача босиб ўтган йўлини ўзаро солиштириб кўрсак, тарозу палласи қайси томонга оғаркин?

Дебют

Неймар. Бразилиялик футболчи профессионал даражадаги дебютини Роналдуга нисбатан бирозгина ёшроқ бўлган вақти нишонлаган.  Аниқроқ айтсак, у жонажон клуби - «Сантос» таркибида илк марта 17 ёшу 1 ойлигида кўриниш берди.

2009 йилнинг март ойидаги бу дебюти Сан-Паулу штати чемпионати доирасида «Оэсте» клубига қарши кечган ўйинга тўғри келганди. Неймар яна 2 ойдан сўнг Бразилия «А» сериясида ҳам илк марта майдонга тушди.

Роналду. Португалия футболи жавоҳири «Спортинг» таркибида илк марта 2002 йилнинг августида катта ўйин мазасини татиб кўрди. Ўшанда 17 ёшу 6 ойлик бўлган Криштиану Европа Чемпионлар Лигаси учинчи саралаш босқичида «Интер»га қарши кечган ўйин тугашига 3 дақиқача қолганида майдонга тушганди.

Диққатга сазовор томони, Роналду ўша йилнинг октябрида Португалия чемпионатидаги илк ўйинидаёқ «Морейренше» жамоаси дарвозасини 2 марта нишонга олганди.

Миллий чемпионатдаги из

Роналду. Португалия Примеросида атиги 1 мавсум (2002|2003 йиллар) ўйнаган бўлажак юлдуз чемпионат давомида «шерлар»нинг 25та ўйинида 3та гол урди. 2003 йилнинг августига келиб, «Спортинг» 18,5 ёшли иқтидорни «МЮ»га сотди.

Португалия клуби билан ўтказилган ўртоқлик ўйинида Криштиану шу қадар кучли таассурот қолдирадики, «қизил иблислар» юлдузлари Алекс Фергюсонни тезда уни харид қилишга кўндиришади.

Неймар.Бразилия футболининг бугунги бош юлдузи ватанида бироз кўпроқ ушланиб турди. «Сантос» ёш юлдузини «Барселона»га фақат 2013 йилнинг ёзида қўйиб юборди.

Неймар бу вақтда деярли 21,5 ёшга тўлганди. Қисқаси, у Европага йўл олишига қадар Бразилия миллий чемпионатида яхшигина статистикага эришди. Яъни «А» сериясида 103 марта майдонга тушиб, ўз ҳисобига 54та гол ёзиб қўйди.

Европа топ-лигаларидаги кўрсаткич

Неймар. Бразилиялик футболчи Испания Примеросида 25 ёшига қадар ўйнаб, ўтган ёзда «ПСЖ» сафига қўшилди. Хуллас, у «Барселона»да 4 мавсум тўп сурди.

Айтиш жоизки, бу даврда статистикаси ҳам чакки бўлмади: Примеронинг ўзида 68та гол (123та ўйинда). Неймар Франция лигасида самарадорликни янада оширди: 26 ёшга тўлишига қадар 17та ўйинда 18та гол урди.

Роналду. Португалияликнинг фаолияти Неймарникидан кескин фарқланади. Зеро, у Испания биринчилигига 24 ёшли пайти бош суқди.

Бунгача эса Англия премьер-лигасида 196та ўйин ўтказиб, 84та гол урганди. Ла-лигадаги дастлабки 2 мавсумига қарасак, «Реал» учун 63та ўйинда 66та гол ҳосил қилди.

Терма жамоадаги фаолият

Роналду. Объектив қараганда, Португалия термасида соврин ютиш қийин, ҳар ҳолда,  Бразилия миллий жамоаси билан зафар қучиш имконияти каттароқ, барибир. Ахир бразилияликларнинг умумий савиялари анча баланд.

Демак, Криштиану 26 ёшга тўлгунича ўз ватани миллий жамоаси либосини 80 марта кийиб, 26та гол уришдан ташқари, 20та самарали узатмани амалга оширди. У португаллар билан йирик турнирда ғалаба гаштини ҳам сурди, аммо Евро-2016 вақтида ёши 30дан ошганди.

Неймар. «ПСЖ» вакили айни пайтгача миллий жамоада 83та ўйин ўтказиб, ўз номига 53та гол ва 36та самарали узатмани ёзиб қўйишга улгурди.

Қолаверса, Неймарда Олимпиада-2016нинг олтин медали ҳам бор. Тўғри, Бразилияда ташкиллаштирилган ЖЧ-2014 у ва жамоаси учун катта хафагарчилик билан тугади.

Клубдаги совринлар масаласи

Неймар. Бразилия вакили клуб миқёсидаги илк совринларини «Сантос»да қўлга киритди. Яъни 2010 йили мамлакат кубогини боши узра баланд кўтарди ва кейинги мавсум Либертадорес кубоги соҳибига айланди.

«Барселона» формасини кийганидан кейин эса Испания чемпионатида 2 марта зафар қучди - 2015 ва 2016 йиллар. Шунингдек, кетма-кет 3 марта миллий кубок совриндори бўлди (2015-2017 йиллар).

Клуб футболидаги энг катта ютуқни 2015 йилнинг май ойида нишонлади. Хуллас, Неймар Европа Чемпионлар Лигасидаги ғалабани 23 ёшида нишонлади. Қолаверса, «Ювентус»га қарши кечган финал баҳсида гол ҳам урди.

Роналду. Португалиялик юлдуз ҳам 26 ёшига қадар бинойидек сов-ринлар коллекцияси яратди. Хусусан, аввалига «Манчестер Юнайтед» таркибида кетма-кет 3 марта (2007-2009 йиллар) Англия чемпиони бўлишдан ташқари, мамлакат кубоги (2004 йил) ва Лига кубоги (2006 ва 2009 йиллар)ни ютди.

2011 йили эса «Реал» таркибида Испания кубогида зафар қучди. Энг муҳими, Криштиану ҳам 23 ёшида Чемпионлар Лигаси ғолибига айланди.

Эсласангиз, «Манчестер Юнайтед» Москвада «Челси»га қарши кечган ЧЛ-2007|2008 финалида пенальтилар серияси бўйича устун келганди. Ўшанда ўйиннинг асосий вақтида манкунианлар томонидан урилган ягона голга айнан Роналду муаллифлик қилганини ҳам айтиш ўринли.

Фақат ЧЛ бўйича

Роналду. Португалиялик юлдуз 26 ёшга тўлгунича еврофутболнинг асосий турнирида 70 марта майдонга тушиб, 28та гол урди ва яна 15тасига ҳаммуаллифлик қилди. У шунинг баробарида бир қатор рекордларни янгилади.

Неймар. Унинг турнирга боғлиқ статистикаси нисбатан яхшироқ: 46та ўйин, 27та гол ва 24та самарали «пас». Демакки, 26 ёшгача бўлган даврни олсак, ЧЛда португалияликка нисбатан эффектлироқ ҳаракатланган.

Индивидуал совринлар

Роналду. 26 ёшли Криштиану бу борада устунроқ. У илк «Олтин тўп»ни 2008 йили қўлга киритди ва кейинги 3 мавсумда сўровда иккинчи бўлди (албатта, Мессидан кейин).

Португалиялик бундан ташқари, ФИФА талқини бўйича йилнинг энг яхши футболчиси мақомини олди, ЧЛ ва АПЛ (икки марта)нинг бош лауреатига айланди, «Олтин бутса» (2008 ва 2011 йиллар)га эга чиқди. Қисқаси, ўзининг бой коллекциясини яна бир қатор совринлар билан тўлдирди.

Неймар. Бразилиялик ҳозирча шахсий соврин масаласида асло мақтанолмайди. У «Олтин тўп» совринида атиги 2 марта (2015 ва 2017 йиллар) 3-ўринга лойиқ кўрилди. Неймарнинг кимлардан ортда қолгани эса барчага маълум - ўша Месси ва Роналду...

Трансфер нархи

Роналду. Криштиану 26 ёшига қадар 2 марта клуб алмаштирди. Уни «Спортинг»дан 19 млн. еврога сотиб олган «Манчестер Юнайтед» кейинчалик муносиб пуллади - «Реал» нақ 94 млн. евро берди. Оддий айтганда, 6 йил давомида футболчининг нархи деярли 5 баравар ошди.

Неймар. «Сантос»нинг «Барселона»дан айнан қанча олгани ҳамон мавҳум. Transfermarkt.де сайти маълумотларига кўра, каталонияликлар бразилиялик учун 88,2 млн. евро тўлашган.

Асосийси, улар 4 йилдан кейин Неймар трансфери учун «ПСЖ»дан 222 млн. евро ундиришди. Биласиз, бу жаҳон футболи рекорди саналади. Тўғри, Роналду харид қилинган ва сотилган вақтда бундай сумма хаёлнинг бир четига ҳам келмасди.

Йилдан-йилга...

Аслида Неймар ва Роналдунинг турли клублар ва турли турнирларга боғлиқ натижаларини ўзаро солиштириш унча тўғри эмас. Лекин бу қизиқ. Энди икки юлдузнинг йилдан-йилга Европа миллий чемпионатларида қандай ўйнаганига ҳам бирров назар соламиз.

Зеро, Неймар еврофутболга Испания лигаси орқали кириб келган бўлса, Роналду аксинча, Примерога 24 ёшидагина қадам қўйган. Бунгача эса «Манчестер Юнайтед» либосида 6 мавсум ўйнаб, ном қозониб улгурганди.

Лекин ҳар иккиси айнан испан диёрида маҳсулдорликни кескин оширди. Айтиш жоиз, Роналду ҳам, Неймар ҳам 25 ёшли даврда битта лига - Примерода тўп суришган.

Ўшанда португалиялик футболчи бразилияликка нисбатан икки ҳисса кўп гол урган, лекин Неймар самарали узатмалар сони бўйича анча олдинда. Яна бир жиҳат шуки, бразилиялик футболчи майдонда бетакрор Лионель Месси олдида тўп суриб, шу даражага етди - бундай иш ҳамманинг қўлидан ҳам келавермайди.

Умумий ҳисобда айтсак, Роналду 26 ёшга тўлгунича Англия ва Испания чемпионати доирасидаги 259та ўйинда 150та гол уриб, 68та самарали «пас» муаллифига айланганди.

Неймарнинг бу даврдаги статистикаси эса бироз паст: Примеро ва Лига 1да 140та ўйин, 86та гол ва 64та самарали узатма.

Вақт

Роналду

Неймар

22 ёш

«МЮ»: 34та ўйин, 17та гол,

15та самарали «пас»

«Барселона»: 26та ўйин, 9та гол,

10та самарали «пас»

23 ёш

«МЮ»: 34та ўйин, 31та гол,

7та самарали «пас»

 «Барселона»: 33та ўйин, 22та гол,

9та самарали «пас»

24 ёш

«МЮ»: 33та ўйин, 18та гол,

7та самарали «пас»

«Барселона»: 34та ўйин, 24та гол,

18та самарали «пас»

25 ёш

«Реал»: 29та ўйин, 26та гол,

10та самарали «пас»

«Барселона»: 30та ўйин, 13та гол,

15та самарали «пас»

26 ёш

«Реал»: 34та ўйин, 40та гол,

13та самарали «пас»

«ПСЖ»: 17та ўйин, 18та гол,

12та самарали «пас»

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz