Қайднома

Қидирув

Икром Алибоев: «Фаолиятимдаги энг чиройли голни урдим, ҳозирча…»

Икром Алибоев: «Фаолиятимдаги энг чиройли голни урдим, ҳозирча…»

  18.02.2018 03:35
  0
  1141
Икром Алибоев: «Фаолиятимдаги энг чиройли голни урдим, ҳозирча…»

Таркибини сезиларли даражада кучайтириб олган «Локомотив» клуби бу йилги ОЧЛ мавсумини йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлади.

«Темирйўлчилар» гуруҳ босқичининг 1-турида БААнинг «Ал-Ваҳда» жамоасини қабул қилиб, рақиб дарвозасига жавобсиз 5та тўп киритишди. Бу билан Ўзбекистон чемпионлари ОЧЛ гуруҳ босқичидаги ўзларининг энг йирик ғалабаларини такрорлашди.

2015 йилда ҳам «Локомотив» Қатарнинг «Ал-Садд» жамоасини худди шу ҳисобда таслим этганди. Ҳозиргача ОЧЛ гуруҳ босқичида «Локомотив»дан ташқари ҳеч бир клубимиз рақиб устидан 5та тўп фарқи билан ғолиб чиқмаганди. Очиғи, ҳисобнинг бундай кўриниш олишини меҳмонлардан кўра мезбонларнинг ўзлари ҳам кутишмаганди.

Зеро, амирлик футболчилар 15та ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келишаётган эди. Мирко Йеличич шогирдлари шу куни стадионга йиғилган мухлисларни голлар ёмғири билан сийлашди. Голлар ҳам бир-биридан чиройли кўринишда урилди.

Айниқса, учрашув қаҳрамонларидан бири Икром Алибоевнинг майдон марказидан туриб киритган тўпи ОЧЛ 1-турини том маънода безаб берди. Гол ҳақиқатан ҳам шедевр кўринишда эди.

Алибоев икки голи билан «Локомотив»­нинг ғалабасига ўзининг муносиб хиссасини қўшди. Биз учрашувдан сўнг истеъдодли ярим ҳимоячининг ўйин борасидаги фикрлари билан қизиқдик.

- Икром, ҳисобга қараб туриб, «Локомотив» осон ғалабага эришди, де-йиш мумкин. Аслида ҳам шундайми?

- Бошқаларни билмадиму, лекин мен осон ғалабага эришдик, демаган бўлардим. Сабаби, «Ал-Ваҳда» биринчи бўлимда жуда яхши ҳимояланди. Қарши ҳужумларда эса ўта хавфли кўринди. Бир-икки вазиятда бизга омад ҳам кулиб боқди.

Энди йирик ҳисобдаги ғалабамизнинг омили сифатида иккинчи бўлимда киритилган 3та тезкор голни айтган бўлардим. Қандайдир 6 дақиқа ичида киритилган 3 тўп меҳмонларни руҳан «синдириб» қўйди.

- «Ал-Ваҳда»дан бундай ўйин кутмагандинглар. Барибир, бироз бўлсада ҳадик бор эди, тўғрими?

- Албатта. «Ал-Ваҳда»дан кучлироқ ўйин кутгандик. Лекин ҳадик йўқ эди. Менимча, рақибларимиз ўз имкониятлари даражасида ўйин кўрсата олишмади.

- БАА клубининг 15та ўйиндан бери мағлубиятга учрамаётганидан хабарингиз бормиди? Рақиб жамоанинг бу статистикаси футболчиларда хавотирни оширдими?

- Ҳа, бу статистикадан хабаримиз бор эди. Аммо қайтараман, бизда хавотир йўқ эди. Сиз 15та ўйинда ютган бўлсангиз, у ғалабалар тарихда қолади. Ҳар тонгда эса янги кун бошланади. Ўн бешта ўйиндан иборат ғалабали серияни бузганимиздан хурсандмиз.

- Йирик ҳисобдаги ғалабанинг бош омили нимада бўлди? Бир томондан «Ал-Ваҳда»нинг ўзи ҳам бўш ўйини билан сизларга ёрдам бериб юбордими?

- Юқорида иккинчи бўлимда киритилган тезкор голлар йирик ҳисобдаги ғалабамизни таъминлаганини айтдим. Балки, рақиб жамоа таркибидаги етакчи легионерларнинг келмагани ҳам бизнинг фойдамизга хизмат қилгандир.

- Гуруҳнинг иккинчи ўйинини томоша қилдингизми? Энди «Локомотив»га асосий рақиб Эрон ва Қатар клублари бўладими?

- Ҳа, иккинчи баҳсни кузатдим. Иккала жамоа ҳам яхши шаклланган экан. Лекин ОЧЛ мусобақаси эндигина бошланди. Рақибларимиз ҳали ҳам 3та! Менимча, «Ал-Ваҳда»ни ўйиндан эрта чиқариб юбориш нотўғри. Ҳали улар ўз сўзларини айта олишади.

- «Локомотив»нинг йирик ҳисобдаги ғалабаси кейинги ўйинларда футболчиларнинг бироз бўлсада, хотиржамликка берилишига олиб келмайдими?

- Аксинча, бу ғалаба кучимизга куч қўшади, деб ўйлайман. Зеро, мавсумни шундай чиройли ғалаба билан бошлаш ҳамиша ёқимли бўлган.

- Учрашувда бир-биридан чиройли голлар урилди. Айниқса, майдон марказидан урган голингиз ОЧЛ 1-турининг безагига айланди. Ўйин давомида бундай имконият юзага келишини, яъни дарвозабоннинг ўз жойини ташлаб чиқиб кетишини кутганмидингиз?

- Икки хориж йиғинимиз давомида «Ал-Ваҳда» жамоаси иштирокидаги ўйинларни кўриб, таҳлил қилдик. Ўша биз томоша қилган ўйинларда дарвозабон кўп бор олдинга чиқиб кетишини пайқаб қолдим.

Гол бўлган вазиятда ҳам унинг жойини ташлаб, олдинга чиқиб турганини кўрдим. Ўша вазиятда ўнг томонда Сардор Рашидов ҳам бўм-бўш турган эди. Тўпни жамоадошимга узатсам ҳам бўларди. Лекин мен ҳеч ким кутмаган қарорни танладим ва у ўзини оқлади.

- Ҳозиргача бўлган фаолиятимдаги энг чиройли голимни урдим, дея оласизми?

- Айнан шундай. Бу ҳозиргача урган энг чиройли голим бўлди. Лекин мен бу билан тўхтамоқчи эмасман. Насиб қилса, мухлисларни яна шундай голларим билан хушнуд этаман.

- Шу услубда тўп киритган машҳур футболчиларни биласизми?

- Ҳа, биламан. Масалан, Дэвид Бекхэм, Хаби Алонсо, Уэйн Руни. Яқинда Мемфис Депай томонидан ҳам шу услубда урилган голни кўргандим.

- Кўпчилик мутахассислар ва ҳамкасбларимиз «Локомотив» бу йил ҳам Ўзбекистон чемпиони бўлади, деган тахминни билдира бошлашди.

Бунга «Ал-Ваҳда» билан ўйиндаги ғалаба эмас, шунчаки таркибнинг кучли эканлиги сабаб бўляпти. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

- Замонавий футболда олдиндан ҳеч нарса деб бўлмайди. Барчасини вақт кўрсатади. Нима бўлишидан қатъий назар, биз бу йил ҳам фақат ва фақат чемпионлик учун ўйнаймиз. Қаторасига учинчи маротаба ҳам Ўзбекистон чемпиони ва мамлакат кубоги соҳиби бўлиш учун астойдил ҳаракат қиламиз.

Таркибини кучайтириб олган «Пахтакор» ҳам, биз каби ОЧЛда ўйнаётган «Насаф» ҳам, қолаверса, ўтган йили совринсиз қолган «Бун­ёдкор» ҳам бу курашда осонликча таслим бўлмайди.

Бу жамоалар янги мавсумга катта умидлар билан тайёргарлик кўришяпти. Устига-устак бу йилги чемпионатимиз янгича тизимда ўтказилади. Бу ҳам Суперлигага бўлган қизиқишни оширяпти.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz